Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

Бухоронинг UNESCO ҳимоясидаги ҳудудида кафе қуриш режаси норозиликка сабаб бўлмоқда


Қурилиши режаланган кафе тасвири.
Қурилиши режаланган кафе тасвири.

Бухоролик 34 яшар ресторатор Саиджон Мақсудов Бухоронинг Баҳоуддин Нақшбанд ва Меҳтар Анбар кўчалари кесишмасида кафе қуришга шаҳар ҳокимидан изн олди.

Бу кафе қурилиши маданият арбоблари ва маҳаллий блогерларнинг жиддий танқидига нишон бўлди.

Бу режага эътироз билдираëтганлар¸ UNESCO ҳимоясидаги ҳудудда ҳар қандай янги қурилиш тақиқлангани ва қурилажак кафе беш асрлик Нодир Девонбеги мадрасаси ландшафтини бузишини айтмоқда.

Хусусан¸ асли бухоролик блогер Умид Ғафуров ҳозир боғ бўлиб турган бу саҳндаги дарахтлар кесилишидан ҳам хавотир билдирди. Ресторатор Мақсудовнинг ўзи Озодлик билан 30 июль кунги суҳбатда “кафе енгил конструкцияли қурилма эканлиги” ва қадимий обидадан 7 метр узоқда қурилишини таъкидлади.

Бухоролик 34 яшар ресторатор Саиджон Мақсудов
Бухоролик 34 яшар ресторатор Саиджон Мақсудов

Франциянинг Париж шаҳридаги “Бухоро” ва “Калинка” ресторанларини яратганини таъкидлаган Мақсудов “Бухородаги кафенинг миллий колоритига уйғун бўлишини” айтиб¸ кафенинг дизайнерлар яратган тасвирларини Озодликка тақдим қилди.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда¸ бу ер участкаси 2018 йилнинг 26 августидаги 2702-рақамли ҳоким қарори билан тадбиркорга қонунан берилганини айтди.

Ҳоким қарори Озодликда мавжуд.

Қарорда “Ўзбекистон президентининг 2017 йил 19 майдаги ПК-2980 сонли Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори ижросини таъминлаш мақсади кўзлангани айтилади.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги мулозимига кўра¸ айни кўчада Мақсудовнинг ота ҳовлиси бўлган:

- Шу кўчада Мақсудовнинг ота ҳовлиси бор эди. Бу ҳовли давлат эхтиëжи учун олиб қўйилган эди. Ўрнига ўрин қилиб 120 кв.метр ер участкаси берилди. Лекин бу участкага кўп қаватли уй қура олмайди. Обидаларга зарар бермаслиги кераклииги ҳам тушунтирилди¸ дейди мулозим.

Ресторатор Мақсудов Озодлик билан суҳбатда бу ерда қаҳвахона ва туристик ахборот маркази ташкил қилинишини айтади:

- Энг муҳими- туристлар учун ҳожатхона бўлади. Биласиз¸ Бухорода бу қандай муаммо¸ дейди тадбиркор.

Бухоролик 34 яшар ресторатор Саиджон Мақсудов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:47 0:00
Бевосита линк

Дарахтлар кесиладими?

Блогер Умид Ғафуров эътирозига кўра¸ Нодир Девонбеги мадрасаси ортидаги боғ умумий манзаранинг ажралмас қисми ва бу дарахтларнинг кесилиб ўрнига “шубҳали кафе” қурилиши мақсадга мувофиқ эмас. Ғафуровга кўра¸ кафе биноси учун қазиладиган ертўла қадимий обидага зарар келтириши мумкин.

Ресторатор Саиджон Мақсудов Озодлик билан суҳбатда “биронта дарахт кесилмаслиги ва ертўла қазилмаслигига ваъда берди:

- Икки йил курашдим шу ер участкани олиш учун. Мен худди блогер Ғафуров сингари Бухоро фарзандиман. Қадимий дарахтларни кесадиган даражада ëвуз эмасман. Парижда ресторан очган одам нега ўз юртида очолмайди¸ дейди суҳбатдош.

Асли каби қолсин...

Бухоро ҳақидаги туркум картиналари муаллифи¸ таниқли рассом Вячеслав Охунов Озодлик билан суҳбатда Нодир Девонбеги ортидаги майдон асли каби қолиши зарурлигини билдирди:

- Девонбеги мадрасаси ортидаги дарахтзор умумий манзаранинг бир қисми. Уни “гўзаллаштириш”га умуман ҳожат йўқ. Каримов даврида шаклланган эртаксимон¸ ҳар-ҳил бачкана аркалардан иборат эклектик китчни тиқиштиришнинг умуман кераги йўқ. Бу ҳуснбузар қурилмаслиги керак. Агар ресторатор ватанпарвар бўлса¸ Бухоро марказидан узоқда ободончилик ишларини олиб борсин¸ дейди рассом.

Бухоро вилоят Маданият бошқармаси ходимининг Озодликка айтишича¸ айни жойда 15 йил олдин ҳам қандайдир емакхона мавжуд бўлган.

- Совет давридаги кафе эди. 15 йил олдин бузиб ташланди. Дарахтзор хиëбон бўлиб турибди. Олдинроқ Гулнора Каримова шу ерда кўп қаватли меҳмонхона қурмоқчи эди. Аммо МХХ раиси Рустам Иноятов қаршилик қилиб сақлаб қолган бу жойни. Кўп қаватлик бино тепасидан туриб президентга суиқасд қилиш мумкин¸ деган важ келтиришган. ЮНЕСКО бу жойга баландлиги 2 метрдан ошмаган қурилма қуришга қарши эмас¸ дейди мулозим.

Рассом Вячеслав Охунов аввалига кичкина деб иддао қилинган кафенинг “ўсиб¸ тарвақайлаб” кетишидан хавотир билдирди:

-Тўхтатиш керак ҳали бошланмасдан. Олдин бир қават қуради. Кейин устига яна бир қават¸ тагига подвал кавлайди. Ëнида шашликхона. Бундай ҳолатни кўп кўрдик¸ дейди рассом.

Кафе қурилиши режаланган жойнинг бугунги кўриниши
Кафе қурилиши режаланган жойнинг бугунги кўриниши

Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев 2018 йиили Озодлик мухбири билан суҳбатда мамлакат бўйича 259 та объект жиддий тарзда шикастлангани ва буларнинг кўпига уларга ëндош қилиб қурилаëтган иншоотлар зарар берганини айтган эди.

Ортида кафе қурилиши мўлжалланаëтган Нодир Девонбеги мадрасаси Лаби ҳовуз ансамблининг бир қисми сифатида 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Дунë маданий мероси рўйхатига киритилган. Мадраса 1622 йилда Имомқулихоннинг вазири¸ ўзбек уруғларининг қудратли вакили сифатида тарихда қолган Нодир Девонбеги тарафидан қурилган.

XS
SM
MD
LG