Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:08

“Қадимий Бухоро” қиëфаси бузилиб¸ Умумжаҳон мероси мақомига доғ тушиши мумкин


Президент Шавкат Мирзиëев махсус қарор билан Бухорога хориж сайëҳларини кўпроқ жалб этиш мақсадида эски шаҳар қисмида “Қадимий Бухоро” номли замонавий марказ қуришга топшириқ берди. Лойиҳа сармоядори сифатида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов номи ҳам тилга олинган бу қарор ижроси устида иш бошланиши билан Бухородаги юзга яқин хонадон ота-боболари қурган ҳовлиларнинг бузилиш¸ қадимий Бухоро эса¸ хорижликларни чорловчи ўзига хослигидан ажраш таҳдиди остида қолди.

Озодлик ҳозирлаган уч қисмлик суриштирувда таклиф этилган ҳозирги шаклда амалга оширилса¸ бу лойиҳанинг оддий бухороликлар ҳаëтига таъсири¸ шаҳарнинг тарихий қиëфасига киритадиган ўзгаришлари¸ ҳамда Ўзбекистон туризм саноатига киритиши мумкин ҳиссаси ўрганилди.

Тарихий марказ – ЮНЕСКО ҳимоятида

Бухоро - Ипак йўли бўйида жойлашган 2000 минг йилдан қадимроқ тарихга эга¸ ўрта асрларда шаклланган маданий қиëфасини деярли асл ҳолида сақлаб қолган шаҳар.
ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси маркази

1993 йили Маориф¸ илм-фан ва маданият бўйича БМТ бошқармаси – ЮНЕСКО (UNESCO) Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ва шаҳардаги қатор тарихий обидаларни Умумжаҳон мероси рўйхатига киритган.

Қадимий Бухоронинг ҳозирги кўриниши.
Қадимий Бухоронинг ҳозирги кўриниши.

Бу рўйхатга киритилган обида ва шаҳарларни сақлаб қолиш¸ консервация ва реставрация қилишга Умумжаҳон мероси жамғармасидан маблағ ажратилади¸ бу жараëнга улар мутахассислари жалб қилинади.

ЮНЕСКО Бухоро тарихий марказини “ Ипак йўли бўйида жойлашган 2000 минг йилдан қадимроқ тарихга эга¸ ўрта асрларда шаклланган маданий қиëфасини деярли асл ҳолида сақлаб қолган шаҳар деб таъриф қилади.

10-асрда қурилган обидаларини сақлаб қолган Бухоронинг 216 гектарлик тарихий қисми Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлса¸ унга туташ 339 гектарлик ҳудуд ЮНЕСКО томонидан буфер зона деб эътироф этилган.

Харитада ЮНЕСКО рўйхатига киритилган тарихий ҳудуд қизил доира ичига¸ буфер зона эса¸ сариқ доира ичига олинган.
Харитада ЮНЕСКО рўйхатига киритилган тарихий ҳудуд қизил доира ичига¸ буфер зона эса¸ сариқ доира ичига олинган.

Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилишга оид 1972 йилги халқаро конвенцияни ратификация қилган давлат сифатида Ўзбекистон¸ ЮНЕСКО томонидан белгиланган тарихий ҳудуд ва буфер зонада бирор таъмир ëки қурилиш қилишдан олдин¸ ЮНЕСКОнинг Парижда жойлашган Умумжаҳон мероси маркази билан мувофиқлаштириши лозим.

Президент томонидан тасдиқланган лойиҳада¸ Бухоронинг ЮНЕСКО муҳофазасидаги тарихий қисмида жойлашган Шаҳристон бозорини бузиб¸ ўрнида икки қаватлик янги бозор қуриш¸ шунингдек¸ буфер зонадаги 10 гектарлик ҳудудда сайëҳлик маркази барпо қилиш кўзда тутилган.

Умумжаҳон мероси қўмитаси билан маслаҳатлашувсиз унинг ҳимоясидаги тарихий обидаларни таъмирлаш¸ улар ëнида қурилиш қилишнинг оқибати жиддий
ЮНЕСКО расмийси

Буфер зонадаги бу марказда¸ ЎзА агентлигининг ëзишича¸1,2 гектар майдонни ўз ичига олувчи Бухоро тарихи давлат музейи қурилади. "Ушбу музей қурилишига бюджет маблағлари ҳисобидан 68,3 миллиард сўм сарфланиши мўлжалланмоқда. Музей қурилиб, ишга туширилса, “Арк” қўрғонида сақланаётган ноёб экспонатлар у ерга кўчирилади"¸ деб ëзди расмий агентлик 10 март кунги хабарида.

ЮНЕСКОнинг хабари йўқ!

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мутасаддилари “Қадимий Бухоро” лойиҳасининг ЮНЕСКО билан муҳокама қилиниб¸ улар билан мувофиқлаштирилаëтганини иддао қилдилар.

Аммо 2 июнь куни Озодлик билан суҳбатда Умумажаҳон мероси марказининг Осиë бўлими раҳбари Фенг Жинг (Feng Jing) “Қадимий Бухоро” лойиҳасини биринчи марта эшитиб турганини эътироф қилди:

- Бунақа вазиятда¸ Умумжаҳон мероси бўйича қабул қилинган халқаро қонун – 1972 йилги конвенция асосида иш кўрилади. Бу ҳужжатда эса¸ қилинадиган қоида ва процедуралар¸ амалий йўриқномалар аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Бу келишувнинг амалий йўриқнома қисмида, агар аъзо давлат тарихий обидаларга тегишли бирор лойиҳани амалга оширмоқчи бўлса¸ ҳукуматлараро қарор чиқарувчи орган - Умумжаҳон мероси қўмитасини хабардор қилиши лозим¸ дейилади. Биз ана шу қўмитанинг котибиятимиз¸ лекин “Қадимий Бухоро” лойиҳасига оид хабарни сиздан эшитиб турибман. Ҳозирча бизга лойиҳага оид аниқ ҳужжатлар жўнатилгани йўқ¸ деди ЮНЕСКО расмийси.

Айни пайтда Фенг Жинг¸ Тошкентда ЮНЕСКО ваколатхонаси борлиги ва ўзбек расмийларининг мазкур ваколатхона ходимлари билан “Қадимий Бухоро” лойиҳасини муҳокама қилган-қилмаганидан хабари йўқлигини қўшимча қилди.

Маданият вазирлиги: ЮНЕСКО розилигини олмасдан бирор бинога тегилмайди!

Президент қарорига мувофиқ¸ “Қадимий Бухоро” лойиҳасини шаҳарнинг қадимий қисмини ўз ҳимоясига олган ЮНЕСКО билан мувофиқлаштириш Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси зиммасига юклатилган.

Буфер зонадаги сайëҳлик маркази бухороликлар орасида Водакачка номи билан танилган мазкур темир минора орқасидаги маҳаллаларни бузиш ҳисобига қурилиши мумкин.
Буфер зонадаги сайëҳлик маркази бухороликлар орасида Водакачка номи билан танилган мазкур темир минора орқасидаги маҳаллаларни бузиш ҳисобига қурилиши мумкин.

Бу бошқарма мутахассисларидан бири¸ вазирликнинг ЮНЕСКО қонун-қоидаларидан яхши хабари борлигини билдирди.

“Биз Бухоронинг қадимий қисмида ҳам¸ эски шаҳарда ҳам исталган қурилишни ўзимизча қилишимиз мумкин¸ ҳеч ким буни тақиқлаган эмас. Лекин бундай қилсак¸ ЮНЕСКО шаҳарни Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқариб ташлайди. Сайëҳларни кўпайтирамиз¸ деб янги қурилишлар қилиб¸ бу рўйхатдан чиқарилсак¸ Бухорога ким келади кейин? Шунинг учун биз бу лойиҳани¸ айниқса¸ тарихий шаҳар ичидаги Шаҳристон бозорини бузиб¸ янгидан қуришни ЮНЕСКО билан маслаҳатлашаяпмиз. Яқинда ЮНЕСКО экспертлари Ўзбекистонга келади¸ уларнинг талаб ва таклифлари¸ албатта¸ инобатга олинади. Лойиҳани улар маъқулламаса¸ уни ўзгартиришга тўғри келади”¸ деди Маданият вазирлиги расмийси.

Маданият вазирлиги расмийси¸ “Қадимий Бухоро” лойиҳаси тафсилотларини муҳокама қилиш учун жорий ой ЮНЕСКО экспертлар гуруҳининг Ўзбекистонга келиши кутилаëтганини билдирди. ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси маркази расмийси эса¸ ўз идорасидан бирор гуруҳнинг яқин ойларда Ўзбекистонга сафар қилиш режасидан хабари йўқлигини айтди.

Тарихий шаҳар ва буфер зонада қурилиш қилиш мумкинми?

ЮНЕСКО мутасаддиси¸ дунëнинг 67 давлати ҳудудида жойлашган 220 дан ошиқ тарихий обида Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ва бу давлат ҳукуматлариобидаларни таъмирлаш¸ улар ëнидаги буфер зоналарда бузилиш-қурилиш ҳуқуқига эгалигини эътироф қилди.

Аммо¸ мутахассисга кўра¸ бундай таъмир ва янги лойиҳалар¸ Умумжаҳон мероси маркази билан 1972 йилги конвенция шартларига мос амалга оширилиши лозим:

- Буфер зонада янги қурилиш қилиш мумкин¸ лекин унинг тарихий обидаларга таъсири жиддий ўрганиб чиқилганидан сўнг. Бундай қурилиш бошлашдан олдин унинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги ва таъсири кўлами тадқиқ этилади. Агар бундай қурилишлар тарихий обидаларга таъсир кўрсатмаса¸ уларни амалга ошириш мумкин. Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган шаҳарлар музлатилган ҳудуд эмас¸ бу жойларда тарихий обидаларни сақлаб қолиш ва янги қурилишлар қилиш муаммоси ҳамиша мавжуд. Қурилиш лойиҳасини ҳукумат Умумжаҳон мероси марказига жўнатиши лозим¸ сўнгра бу лойиҳани Тарихий обида ва шаҳарлар бўйича халқаро кенгаш экспертлари синчиклаб ўрганиб чиқади. Кейин биз лойиҳа бўйича ўз муносабат ва шарҳимизни берамиз. Агар қурилиш лойиҳаси тарихий обидаларга зиëн етказмайди¸ деб хулоса қилсак¸ бу лойиҳа амалга оширилиши мумкин¸ деди ЮНЕСКО расмийси.

Унга кўра¸ агар ЮНЕСКО тасдиқғидан ўтмаган таъмир ëки қурилиш лойиҳалари амалга оширилса¸ БМТ ташкилоти таъмирланган обида ëки қурилиш қилинган тарихий шаҳарни Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқариб юборишга қадар бўлган чораларни қўллаши мумкин.

Бухоро бошига Шаҳрисабз куни тушмайдими?

Озодлик билан суҳбатда ЮНЕСКО мутасаддиси Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистондаги яна бир шаҳар – Шаҳрисабзда амалга оширилган қурилиш лойиҳасидаги хатоликлардан хулоса чиқарганига умид билдирди.

2014 йили бошланган лойиҳа оқибатида ЮНЕСКО маданий мерослари рўйхатига киритилган икки маҳалла ўрнини кенг хиёбон, автомобиллар тўхтаб туриш жойи ҳамда узун савдо маркази эгаллади.¸ тарихий шаҳарда чархпалак аттракциони¸ кенгуру ҳайкаллари пайдо бўлди.

Ўзи билан мутлақ мувофиқлаштирилмаган бундай лойиҳа ижросидан сўнг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси маркази¸ Шаҳрисабзнинг тарихий қисмига “тузатиб бўлмас зарар етказилгани”ни дан бонг урди.

Шаҳрисабзнинг “мислсиз халқаро қиймати йўқ қилинган-қилинмаганини” аниқлаш учун шаҳарга ўз экспертларини юборган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси июль ойида Польшанинг Краков шаҳрида ўтказиладиган йиллик йиғинида Шаҳрисабзни Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқариш-чиқаришмаслик масаласида қарор чиқаради.

XS
SM
MD
LG