Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:00

"Тумов плюс коронавирус инфекцияси"?Тошкентда болалар орасида ЎРВИ, Наманганда қизамиқ авж олди


Тошкент шаҳрида ёш болалар орасида ўткир респиратор касалликлар, Наманган вилоятида эса қизамиқ авж олган.

Ижтимоий тармоқларда пойтахт Тошкент ва Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохоналарида бемор кўплигидан жой етишмаётгани айтилади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш расмийлари Тошкентда ЎРВИ, Наманганда қизамиқ кўпайиши ортидан шу ҳудудлардаги шифохоналарга юкламалар ортганини тан олган.

Наманганда 255 болада қизамиқ

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига кўра, ҳозирда Наманганда уч ёшгача бўлган 255 нафар бола қизамиқдан даволанмоқда.

Йил бошидан бери вилоятда бу касалликка чалиниш билан боғлиқ 735 та ҳолат қайд этилган.

2022 йил давомида бутун республика бўйлаб қизамиққа чалиниш бўйича атиги 8 та ҳолат кузатилган эди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳам Наманган вилоятида қизамиққа чалинган болалар сони кескин ошиб кетаётганлиги тўғрисидаги хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қўмитага кўра, ҳозирда қизамиқдан даволанаётган 255 нафар беморнинг 62 фоизи 1 ёшгача болалар, 25 фоизи эса 1-3 ёшдаги болалардир.

OzodNazar: Заҳарланишга дорининг алоқаси йўқ деган вазирлик Антиструминни тақиқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:47 0:00

"Оддий тумов эмас"

Айни пайтда Тошкентда ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ пандемик вазият юзага келган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирувида пойтахтда ЎРВИга чалиниш ҳолати даврий мавсумдан кўплиги айтилган, лекин касалланганлар сони келтирилмаган.

Тошкент Тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев фикрича, пойтахтда болалар орасида тарқалган касаллик оддий тумов ёки респиратор касалликка ўхшамайди.

“Ким қандай касал бўлган бўлса батафсил ёзишяпти, бу яхши. Лекин, тиббиётда шунча йил ишлаб ўткир респиратор касалликлар ёки тумовни бундай намоён бўлаётганини мен кўрмаганман. Буни бошқа докторлар ҳам айтяпти. Ҳамкасблар, инфекционистлар билан гаплашиб тураман, амалиётчилар, профессорлар билан гаплашсам, улар тумов билан COVID инфекцияси биргаликда намоён бўлаётган бўлса керак, деб айтишяпти. Тумов плюс COVID инфекцияси, деган нарсани тасдиқлаш учун ётган беморларни яхшилаб илмий текшириш керак, қонини текшириб, қайси вирус ҳозир айланиб юрибди, шуни аниқлаш керак. Ҳозирча на Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва на олимлар биронта хулоса бергани йўқ. Балки беморларнинг қонини текширишаётгандир, бир ой ичида мана бунақа комбинацияда, деб айтишса керак. Бу оддий тумов ёки респиратор касалликка ўхшамаяпти”, -дейди Ибодуллаев Озодлик билан суҳбатда.

COVID-19 беморлари учун ташкил этилган Зангиота 1 шифохонаси.
COVID-19 беморлари учун ташкил этилган Зангиота 1 шифохонаси.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, 23 ноябрь куни Тошкентда ЎРВИ билан боғлиқ вазият бўйича вазирликда шошилинч мажлис ўтказилган.

Мажлисда уч йил аввал COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Тошкентдаги Зангиота-1 шифохонасида касалликка чалинган болалар учун ажратилган ўринлар сонини 300 тадан 500 тага ошириш ҳақида қарор олинган.

Шунингдек, сўнгги кунларда аҳолидан ҳароратнинг кўтарилиши, йўтал белгилари билан чақирувлар сони ортгани сабабли “103” хизматига эрталаб соат 06:00 дан 14:00 гача пойтахт шифохоналарида захирада бўлган 40 та автомашина қўшимча ажратилган.

Ўткир респиратор касалликлар – ҳаво-томчи орқали юқиб, нафас йўлларининг турли қисмлари яллиғланиши ва интоксикация синдроми билан кечадиган вирусли хасталиклар гуруҳидир.

Вазирлик сайтида келтирилишича, ЎРВИ болаларда юқумли касалликлар умумий сонининг 90 фоизини ташкил этиб, уларнинг барчаси мавсумий характерга эга.

Яъни, бу хасталиклар йилнинг бошқа даврларига нисбатан айнан куз-қиш мавсумида кўп учрайди. Бу гуруҳга бир неча касалликлар, хусусан, вирусли – грипп, парагрипп, аденовирус, ротавирус, энтеровирус, шунингдек, бактериал– пневмококк, менингококк, стафилококк кабилар киради.

Тошкентда COVID-19 ваҳимаси

Ўткир респиратор касалликлар клиник белгилари коронавирус билан ўхшашлиги сабаб аҳоли орасида миллионлаб одамлар ёстиғини қуритган уч йил аввалги вирус яна қайтгани ҳақида миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлмоқда.

“Кичкина болалар орасида COVID тарқалган, яхшигина. Ҳудди ўша симптом, COVID бу. Ҳозир укамни яқин ўртоғини фариштадай қизи, 3 ёшли қизи Зангиота касалхонасида комада ётибди. Ўттизинчида боғчага борган, ниманидир "подцепит" қилиб келган . Ҳозир Зангиотада докторлар ҳеч нарса қилолмаяпти. Ҳуллас, COVID тарқаган. Эҳтиёт бўлинглар. Менинг ўғлим ҳам бўлди, зўрға оёққа тиклаб олдик”, - дейди пойтахтликлардан бири Телеграм- каналида тарқалган аудиоёзувда.

Тошкентдаги баъзи мактабларда болалардан ниқоб тақиш ва масофаланиш сўралмоқда.

“Маска, уч метр масофа сақлансин, болалар муздай нарса ичмасин деб қаттиқ огохлантириляпти. Ҳозир Юнусободдаги детский больница тўлиб кетган, кўпчилигида пневмония дейиляпти. Оғир ётганлари ҳам бор экан. COVID бошқача кўринишда қайтиб келди дейишяпти. Болаларда кўп бўляпти экан”, - дейди тошкентлик муаллим.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати расмийлари COVID қайтгани ҳақидаги гап-сўзлар ўринсиз эканини таъкидлашди.

“Бутун дунёда бўляпти бу, ўткир респиратор касалликлар кўпайган, ноябрь ойида шунақа бўлиб олади. COVID эмас бу, беморларнинг барчасидан коронавирусга ҳам таҳлиллар олиняпти”, - деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг исми очиқланмаслигини сўраган ходими.

Хитойда ўткир респиратор касалликлар кўпайган.
Хитойда ўткир респиратор касалликлар кўпайган.

Хитойдаги номаълум пневмония ўчоғи

Ўзбекистонда ЎРВИ кўпайгани ҳақидаги хабар Хитойда эпидемиологик ҳолат борасида хавотир кучайган паллада ўртага чиқмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойдан мамлакат шимолида болалар орасида тарқала бошлаган ва келиб чиқиши номаълум пневмония ўчоғи ҳақида барча мавжуд маълумотларни сўради.

Сўнгги кунларда Хитойдаги оммавий ахборот воситалари шифохоналар тўлиб кетгани ҳақида хабар беришди. Мамлакат шимолидаги кўпгина мактабларда дарслар бекор қилинган, чунки нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ҳам пневмония билан касалланган.

Хитой ҳукумати жорий мавсумда тумов ва нафас йўли яллиғланиши касаллиги ҳолатлари кўпайгани ва бу анти-ковид чораларининг бекор қилингани билан боғлиқ эканини айтган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, октябрь ойидан буён Хитой шимолида "гриппга ўхшаш касалликлар" ўтган уч йилдаги шу даврга нисбатан ошган.

"Ушбу ўсишларнинг баъзилари мавсумда тарихан кузатилганидан эртароқ, аммо бошқа мамлакатларда бўлгани каби, COVID-19 чекловлари олиб ташланганини ҳисобга олсак, кутилмаган хол эмас", дейилади баёнотда.

“Одамлар у ёқдан бу ёққа учяпти, миграция кучайган. Вирусни четдан, жумладан, Хитойдан келганини назардан соқит қилиб бўлмайди. Буни ўрганиш керак”, - дейди профессор Зарифбой Ибодуллаев.

ЖССТ Хитойди янги ёки ғайриоддий патогенлар топилмаганини яна бир бор таъкидлади.

Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси вакили Ми Фенг якшанба куни ўткир респиратор касалликларнинг кўпайиши бир вақтнинг ўзида бир неча турдаги патогенларнинг, хусусан, гриппнинг тарқалиши билан боғлиқлигини айтди.

ЖССТ "вазиятни яқиндан кузатиб бориши ва Хитой расмий идоралари билан яқин алоқада эканлигини" айтмоқда ва аҳолидан инфекциянинг тарқалиш хавфини камайтириш учун чоралар кўришга, ниқоб тақишга чақирмоқда.

Ўзбекистонда уч йил аввал тарқалган коронавирусдан, расмий рақамларга кўра, 622 киши вафот этган.

Аммо мутахассислар ҳақиқий рақамлар ўзбек расмийлари келтирган рақамлардан бир неча баравар кўп бўлиши мумкинлигини айтишган.

"Болаларни эмлаш муҳим"

Наманган вилоятида қизамиққа чалинган болалар сони кескин ошмоқда.

Уларнинг 235 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 20 нафари эса Бешкапа болалар сиҳатгоҳида. Мазкур икки шифохонада ҳозирда мос равишда 5 та ва 80 та захира бемор ўрни мавжуд.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти март ойида Ўзбекистонда қизамиқ кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

“Авваллари аниқ режа бўйича келинлар ўз фарзандларини иммунизация, вакцинацияга олиб чиққан, қизамиққа қарши, қизилчага қарши вакциналар бўлган. Ҳозир олиб боришмаяпти. Қизамиқ шунақа касалликки, дейлик, ўттизта бола шунга қарши эмланган бўлса, орасида битта эмланмай қолгани бўлса дарров юқади. Одамларда ҳам айб бор, эмлаш масаласига жиддий қарашмайди”, - дейди Тошкент Тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев.

Айни пайтда қўшни Қозоғистонда йил бошидан буён 17 мингдан ортиқ қизамиқ касаллиги қайд этилган бўлиб, шу ойнинг 6 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Азҳар Гиният маълум қилди.

Қозоғистонда қизамиққа чалинганларнинг 82 фоиздан ортиғи болалар бўлиб, аксарияти эмланмаганлиги аниқланган.

ЖССТ маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 110 000 одам қизамиқдан вафот этади.

Қизамиқ вирусли касаллик бўлиб, аввалига бурун оқади, аксиртиради ва тана ҳароратини кўтаради.

Бир неча кун ўтиб, юздан бошланадиган тошма бутун танага тарқайди.

Тадқиқотлар кўрсатишича, қизамиқ тана иммун тизимига қақшатқич зарба беради ва унинг келгусидаги инфекцияларга қаршилик кўрсатиш қобилиятини йилларча заифлаштириб қўяди.

Қизамиқ вируси "иммунитет амнезияси"га сабаб бўлади, яъни у қачонлардир таниб йўқ қила оладиган инфекцияларни таний олмай қолади.

Қизамиқ, шунингдек, иммунитетни чақалоқ ҳолатига қайтариб қўяди. Натижада у янги инфекцияларга қарши самарали кураша олмай қолади.

Аксар одамлар тузалиб кетади, аммо касаллик ўзидан бир умрга етарли асорат қолдиради. Ўпкада зотилжам ва мияда энцефалитга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG