Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:47

Пойтахт шифохоналарида жой етишмаслиги сабаб болалар йўлак ва стулларга ётқизилмоқда (ВИДЕО)


Юнусободдаги 1-болалар шифохонасидаги ҳолат.
Юнусободдаги 1-болалар шифохонасидаги ҳолат.

Қишда гриппга чалинган ва шамоллаганлар сони кўпайиши ортидан Тошкент шаҳридаги болалар касалхоналарида жой етишмаслиги оқибатида беморлар йўлакларга жойлаштирилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларининг айтишларича, расман 2,5 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган пойтахтда фақат бештагина болалар шифохонаси бор ва улардаги ўринлар сони 1267 та билан чекланади.

Озодликка шикоят қилган бемор болаларнинг ота-оналарига кўра, айрим шифохоналарда ҳатто стулларга ҳам болалар ётқизилаётгани ортидан ўтириш учун стул ҳам қолмаган.

Пойтахт шифохоналарида жой етишмаслиги сабаб болалар йўлак ва стулларга ётқизилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00


"Миллиардлаб долларга Сити қурилаётган Тошкентда, наҳотки битта касалхона қуриш учун пул топилмаса?"

Озодлик суҳбатлашган бемор болалардан бирининг онаси Юнусобод туманидаги 1-болалар шифохонасидаги манзарани мана бу тарзда тасвирлади:

“Бемор чақалоқлар,ёш болалар оқиб келмоқда шифохонага, лекин шифохонада энди стул ҳам қолмаган. Оналар ҳам: “Болам тузалиб кетса бўлди, бир дона стул топиб беринг”, деб йиғлаб, интизор бўлиб туришибди. Касалхона йўлаклари совуқ, болалар учун мўлжалланган каравотларда оналар болалари билан мажбуран тиқилиб ётишибди. Беморларнинг буюмлари ерда ёки каравотнинг остида. Бу ерга келган чақалоқлар, болалар тузалиш ўрнига¸ баттар касал бўлишади-ку”.

Бемор бола онаси: Наҳотки турли-туман ситилар ўрнига шифохона қуришнинг иложи бўлмаса?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

Суҳбатдош ўз сўзи исботи учун қатор фотосуратларни илова қилар экан: “Тошкентда турли-туман Ситилар қурилаяпти, иморатлар қурилаяпти. Наҳотки ҳеч бўлмаганда яна биттагина шифохона қуриш мумкин бўлмаса?” деб савол қўяди.

"Болалар шифохоналарида ўринлар етарли эмас"

Озодлик мухбири пойтахтлик бемор болалар ота-оналари ўртага қўйган савол жавобини Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармасидан қидирди.

“Ҳа, бу гап рост, қиш мавсумида беморларнинг кўпайиши ортидан шифохоналарда бемор болаларни йўлакларга ҳам ётқизишга тўғри келаяпти. Бунга вилоятдан Тошкентга меҳмонга келган ёки пойтахтда вақтинча яшаётган одамларнинг мурожаат қилаётганлари ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки бемор болалар учун прописканинг аҳамияти йўқ, улар қаердан келган бўлса ҳам¸ қабул қилишга мажбурмиз. Ундан кейин 3-болалар шифохонасида таъмирлаш ишлари кетаётгани учун 135 койка-ўрин ишламай турибди”, деди Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассисларидан бири.

Мутахассис бугунги кунда Тошкентда фақатгина бешта болалар шифохонаси ишлаëтгани, улардан тўрттаси соматик шифохона ва биттаси жарроҳлик шифохонаси эканини айтди. Маълум бўлишича, Тошкент шаҳри бўйича болалар касалхоналарида 1267 та ўрин бор.

"Икки йилдан бери ҳеч бўлмаганда битта касалхона қуриш учун уриниб келаяпмиз"

Мутахассиснинг айтишича, Тошкент шифохоналарида болалар учун ўринлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилинмоқда, лекин бу 2.5 миллион аҳоли яшайдиган шаҳар учун денгиздан бир томчи, холос. Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Тошкентда яна бир нечта болалар шифохонасини қуриш таклифи эса йиллардан бери эътиборсиз қолиб келмоқда.

“Масалан¸ жарроҳлик клиникасида ҳам педиатрия бўлими йўқ. Бугунги кунда биз у ерда 25 та ўрин очдик. 4-касалхонада 50 та, бундан ташқари 2-юқумли касалликлар клиникасидаги 100 ўринни 50 тасини соматик касалликлари учун, 50 тасини қизамиқ учун ажратдик. Аммо касалхоналар сонини кўпайтирмасак, аҳвол яхшиланмайди. Бугунги кунда раҳбаримиз бу масалада Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашди. Икки йилдан бери Тошкентда болалар учун катта шифохона қуриш таклифини киритиб келамиз. Чунки Тошкентда сўнгги ўн йилликларда шифохона қурилмади. Сергели туманида ҳам кейинги йилларда аҳоли жуда кўпайиб бормоқда. Бу туманга ҳам ихтисослашган боллар шифохонасини қуриш таклифини ҳам киритганмиз”, деди мутахассис.

Айни пайтда мутахассис¸ пойтахтдаги болалар шифохоналари моддий-техник базаси вилоятлардагидан кўра яхшироқ бўлишига қарамай¸ куз ва қишда кўпаядиган мавсумий касалликларга чалинган беморларни таъминлашга ожизлик қилишини қўшиб ўтди.

Ҳамма жойда битта манзарами?

Озодлик радиоси 16 январь куни Тошкент вилоят, Тошкент туман Тиббиëт бирлашмасига қарашли Шошилинч болалар бўлимида ҳам жой етишмаётганидан бемор болалар коридорда ëтиб даволанаётгани ҳақида ёзган эди.

Бемор болаларнинг коридорда ëтишга мажбурлигини тан олган касалхона врачи ва тиббиëт бирлашмаси расмийси¸ 10 ўринли Шошилинч болалар бўлимига ҳозирда бир кунда 100 нафаргача касал бола олиб келинаëтгани¸ уларга нормал палата шароити қилиб беришга имкон йўқлигини билдирган.

Бу каби ва бошқа муаммолар нафақат Тошкентдаги, балки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги касалхоналарда ҳам мунтазам кузатилади.

Жумладан, 2 январь куни Сурхондарёнинг Ангор туман марказий касалхонасида электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолаётгани, натижада шифокорлар ёки қариндошлари қурилмани қўли билан сиқиб, беморларга кислород беришга мажбур бўлаётгани ҳақида Озодлик маълум қилган.​

Ўзбекистон бўйлаб грипп эпидемияси кенг тарқалган жорий мавсумда болалар касалхоналарида жой етишмаëтгани бўйича шикоятларга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан жўяли изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Вазирлик матбуот хизмати ходими¸ муаммо мавжудлигини тан олган ҳолда¸ бу ҳақда изоҳ бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG