Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:45

Тошкентда қурилаётган йўл ўтказгич тўсинлари қулагани бўйича жиноят иши очилди


Ўзбекистон транспорт прокуратураси Тошкент халқаро аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг 5 та тўсини қулаб тушгани ҳолати юзасидан 3 нафар мансабдорга жиноят иши очилганини маълум қилди. Ҳодиса сабабли юзага келган зарар қарийб 2,8 млрд сўм деб баҳоланган.

“Жорий йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Бобур кўчасидан И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи ва Содиқ Толипов кўчасига чиқиш ва тушишига имкон берувчи йўл ўтказгични қайта қуриш объектида узунлиги 42 метрлик 5 дона балкалар қулаб тушган ва 2 млрд 760 млн сўмлик зарар етказилган”, дейилади прокуратура хабарида.

Гумонланувчилар процессуал тартибда ушлангани, жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати ҳодиса “эҳтиётсизлик оқибатида” содир бўлгани ҳақида изоҳ берганди.

Пойтахт марказида қурилаётган иншоотда рўй берган ушбу нохуш ҳодиса ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга сабаб бўлди.

“Янги даврда қурилган кўприкларнинг остиданам, устиданам ўтишга қўрқаман. Ер усти метросига нисбатан фобиям ҳалиям йўқолмаган. Лойиҳа қандай тузилади ва ясалади, буюртмачи ким, пудратчи, субпудратчи, етказиб берувчилар ким – биламан. Билмаганимда, балки шу қўрқувлар бўлмасмиди”, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов қурилиш жараёнида арматура ва цементдан “уриб қолингани” эҳтимолини баён қилди.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса асл айбдорларнинг жазосиз қолишидан хавотир билдирди.

“Мен мана шу қурувчиларнинг бошлиқлари қурган 400 млн долларлик сув омбори ёрилиб, икки давлатни сув босганида ҳам ҳеч нарса бўлмаганини кўрган бир ўзбекистонликман, ҳар ҳолда. Дарвоқе, бир нарса аниқ бўларкан лекин: шу қурилишнинг сояки раҳбари фавқулодда ҳолат юзасидан ташкил этиладиган ҳукумат комиссиясига раис этиб тайинланади. Шўримиз қурсин”, деб ёзди журналист.

XS
SM
MD
LG