Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:37

"Биринчи марта Тошкент бутунлай расво бўлди". Марказий Осиё пойтахтларида совуқ ва зулмат


“Ёқасанми ёки йўқ?”. Чирчиқда бир аёл шу гапни айтиб, электр тармоқлари ходимининг бўйнига пичоқ тирагани камерага тушди. "Истасангиз сўйиб ташланг", деб жавоб беради ходим компаниянинг диспетчерлик хизмати хонасига ёпирилиб келган норози одамлар олдида.

Озодликнинг минтақа бўйича шарҳловчиси Крис Риклтоннинг ёзишича, пойтахт Тошкентдан атиги бир соатлик масофада жойлашган Чирчиқ шаҳрида 35 ёшли аёлнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ушбу ҳолат сўнгги 15 йилдаги энг кучли совуқни бошидан кечирган, электр ва газ узилишларидан азият чеккан, чорасиз аҳоли кайфиятини акс эттиради.

Аҳоли билан бевосита ишлайдиган ходимлар одамлар норозилигига кўпроқ гувоҳ бўлади. Аммо бу каби ҳолатлар олдини олиши керак бўлган юқори турувчи амалдорлар қиш енгилроқ келишига умид қилиб, унга тайёргарлик кўрмайди.

Электр таъминотидаги узилишлар минтақа аҳолисининг аксарияти учун янгилик эмас – Марказий Осиёнинг аксарият қишлоқларида энг совуқ ойларда кун бўйи ёки узоқ вақт электр шундоқ ҳам йўқ.

Ҳарорат пасайгани сайин қишлоқ аҳолиси кўпроқ кўмир ёқишга, таппи ёқишга мажбур. Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари аҳолисигина тизимли энергия танқислигини сезмай келаётганди.

Бу йил қиш бошқача келди: Тошкентдаги кўп қаватли уйлар бир неча кун давомида электр ва иссиқлик қолмоқда, Тожикистон пойтахти Душанбе аҳолиси ҳам оғир қийинчиликларга дучор бўлган.

Мирзиёевнинг “ишонган” бизнесменидан “ноинсоф” ҳокимгача: Ортиқхўжаев нимаси билан ёдда қолади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:19 0:00

“Биринчи марта пойтахт бутунлай расво бўлди”, дейди Карнеги жамғармаси ходими Темур Умаров Ўзбекистондаги энергетика инқирози ҳақида.

"Бу муҳим, чунки пойтахт аҳолиси бизнес ва сиёсий элита билан энг яқин алоқада. Демак, айнан пойтахтларда ҳукуматларнинг обрўсига путур етади", дейди Умаров.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида сўнгги 10 кун ичида ҳаво ҳарорати баъзи жойларда Цельсий бўйича минус 30 даражагача пасайди. Тошкент ва Тожикистон пойтахти Душанбеда бу вақтда мунтазам равишда минус 20 даража ва ундан паст ҳарорат кузатилди.

Катта танқислик

Кўпчилик учун бу қиш 2007-2008 йиллар қишини эслатди, ўшанда ҳам қиш оғир келган эди.

Афтидан, ҳеч ким бу ҳол тағин қайтарилишини ўйламаган.

Аммо Ўзбекистонда газнинг мисли кўрилмаган тақчиллиги 2022 йилнинг ноябрь ойидаёқ яққол кўзга ташланди, ўшанда об-ҳаво ҳам одатдан ташқари совуқ бўлиб, ҳукумат ёқилғи қуйиш шохобчаларини ёпишга ва газ билан ишлайдиган саноат объектларини ухлатишга мажбур бўлди.

Танқислик Душанбе иситиш станцияси ишини ҳам оғирлаштирди, сўнгги йилларда станция учун газ Ўзбекистондан келаётганди. Тожикистондаги бу каби тармоқларда таъминот ҳеч қачон мўл‑кўл бўлмаган. Ҳозир мамлакат электр энергиясини Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига экспорт қилмоқда, бу вилоятда ҳозир электр танқислиги энг кучли сезилмоқда.

Душанбедаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Саидмурод Муродов сўнгги 3-4 йил давомида ўзи яшайдиган уйнинг иссиқлик таъминотида муаммолар борлигидан шикоят қилади.

“Уйда болалар бор, ҳамма касал. Иссиқлик тармоқларига қўнғироқ қилдик, улар тез орада ҳаво исиши, яъни уйларда ҳам илиқ бўлишини айтишди”, дейди Муродов «Озодлик» радиоси Тожик хизматига.

“Нима учун уйлар исиши учун ташқарида ҳаво илишини кутишимиз керак? Керак бўлса, 2-3 минг имзо йиғиб, президентга мурожаат қиламиз”.

Айни пайтда Душанбе шаҳар сув бошқармаси вакили қишки мавсумга пухта тайёргарлик кўрилганини айтмоқда.

«Кутилмаганда қаттиқ совуқ келишини ҳеч ким олдиндан билмасди», – дейди бошқарма вакили Меҳрожиддин Бобораҳимов қувурлар музлаши сув таъминотини узиб қўйгани ҳақидаги саволларга жавоб берар экан.

Қудратли ҳоким айбдорми?

Марказий Осиёнинг 3 миллионга яқин аҳолиси бўлган Тошкентда одамлар кўчада ўчоқда овқат пиширгани хабар қилинди.

Расмийлар таъкидлашича, шаҳарнинг бешдан бир қисмидан кўпроғи узоқ вақтдан бери электр ва газ тақчиллигини бошдан кечирмоқда.

Ўтган ҳафтада Миллий гвардия ва армия одамлар исиниб чой ичиши учун махсус иситилган чодирлар ўрнатишга ёрдам берди.

Бироқ Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бепул палов тарқатиш ташаббуси анча кеч бўлиб чиқди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 январь куни Ортиқхўжаев ва энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев дохил бир неча юқори лавозимли энергетика мулозимларини шаҳарни қишга тайёрламагани учун ишдан олди.

Мирзиёев Ортиқхўжаевни "ноинсоф" деб атади ва уни “қуруқ гапларда” айблади.

2016 йилда мамлакатнинг биринчи раҳбари Ислом Каримов вафотидан бери Мирзиёев бошқаруви давридаги энг кўзга кўринган сиёсатчилардан бири бўлган Ортиқхўжаевнинг кетиши кутилмаган бўлди.

Сиёсатда тажрибаси бўлмаган бадавлат тадбиркор 2018 йилда Тошкентга ҳоким қилиб тайинланганда президент уни инвестиция жалб қилишга энг мос одам деб ҳисоблаган эди.

Ортиқхўжаев шаҳарнинг тарихий мавзеларидаги бинолар бузилиб, қурилишлар қилингани ва икки журналистга таҳдид қилгани эсда қоларли можаро бўлган.

Таниқли тошкентлик блогер Никита Макаренко Озодлик радиосига берган интервьюсида Ортиқхўжаев давридаги жадал қурилиш Тошкентнинг энергетика инқирозини чуқурлаштирганини, чунки мавжуд “инфратузилма [янги ўзгаришларни] кўтара олмаслигини” таъкидлади.

Макаренконинг айтишича, Тошкентдаги қаҳратон қиш унинг мэр сифатидаги даврига нуқта қўйди.

Яна бир тошкентлик журналист Алексей Волосевичнинг таъкидлашича, бу аҳоли орасида келиб чиқиши мумкин бўлган “норозилик кайфияти” олдини олиш учун қилинган.

"У Мирзиёевнинг ўнг қўли", – дейди Волосевич Ортиқхўжаев ҳақида. – Бу ишлар бежизга эмас. Ҳозир норозилик шу қадарки, у шундай қилишга мажбур бўлди».

Номаълум қаҳрамонлар

Ортиқхўжаев ва бошқа амалдорлар совуқ учун айбдор ҳисобланган бўлса, унинг кўринмас қаҳрамонлари эса Душанбеда оловранг нимча кийиб ишлаётган кўча фарроши Гулруҳсор Боева каби одамлардир.

Ойига тахминан 120 доллар маош оладиган Гулруҳзорнинг куни эрта тонгда пойтахт яқинидаги Ваҳдат шаҳридаги уйидан бошланади. Бу ерда у болалари ва илгари Россияда меҳнат муҳожири бўлган эри билан яшайди.

"Осон эмас албатта, бошқа нима қила оласиз? – дейди Боева, йўл четидаги дарахтлар устидаги қорни тўкиб, уларни йўл четига сурар экан. – Мен бу ишимдан розиман."

Минтақада об-ҳаво исий бошлаган бўлса ҳам, нолдан паст ҳарорат кейинги ҳафтада ҳам давом этиши кутилмоқда.

Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг электр тармоқлари 19 январь куни тармоқ ускуналари ёниб кетиши олдини олиш учун яқин кунларда шаҳарнинг айрим қисмларида электр таъминотида режали тарзда узилишлар режалаштирилганини тасдиқлади.

Марказий Осиёдаги энг ёпиқ давлат ва дунёдаги тўртинчи йирик газ захирасига эга Туркманистонда ҳам совуқ туфайли ёқилғи ва электр таъминотида катта узилишлар бўлди.

Ҳукумат муаммони расман тан олмаган бўлса‑да, «Озодлик» радиосининг Туркман хизмати шу ҳафта бинолар орасида жойлашган новвойхоналар электрдан узиб қўйилгани ҳақида маълумот олди.

Форум

XS
SM
MD
LG