Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:45

"Ортиқхўжаев кетди - свет ҳали келгани йўқ" - тармоқлар Тошкент ҳокимининг истеъфоси ҳақида


Жаҳонгир Ортиқхўжаев Озодликнинг манфаатлар тўқнашувига доир қатор суриштирувлари марказида бўлган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев Озодликнинг манфаатлар тўқнашувига доир қатор суриштирувлари марказида бўлган.

Тошкент шаҳрининг зиддиятли ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кутилмаган истеъфоси ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли муносабатларни келтириб чиқарди. Ўзбекистонни ўз забтига олган энергетика инқирози манзарасида ишдан олинган тадбиркор ҳокимнинг кейинги тақдири номаълум қолаётир.

16 январь куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган энергия таъминотига доир йиғилишда Тошкент шаҳрини 2018 йилдан бери бошқариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимдан бўшатилгани очиқланди.

Истеъфога пойтахт ҳокимининг қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани, фақат ёлғон маълумот бериб, пастга тушмагани сабаб ўлароқ кўрсатилди.

Ижтимоий тармоқ бу борада икки қутбга бўлингани кузатилди. Бир гуруҳ фаоллар “монополист-ҳоким”, “мулозим-корчалон”нинг ишдан олинишини хушхабар, дея қабул қилди.

“Тошкон озод бўлди!” дея хитоб қилди журналист Хуршид Далиев ҳоким ишдан кетгани ҳақида хабар ёйинларкан.

Журналист ва блогер Никита Макаренко фикрича, Ортиқхўжаев замонавий Тошкент тарихидаги энг ёмон раҳбардир. Қайд этилишича, унинг даврида пойтахт ерлари, яшил ҳудуд ва хиёбонлар хомталаш этилди; коррупция ва лобби мисли кўрилмаган даражада қулоч ёзди; матбуотга нафрат ва таҳдид муҳити юзага келди; шаҳар инфратузилмаси, электр, газ ва иситиш тизими путурдан кетди.

Кўп сонли фойдаланувчилар собиқ ҳоким даврида дарахткушлик авж олганини ёдга олди.

“Ортиқхўжаевга ачиниб, йиғламсираб, унинг тарафини олиб ўтирибдией айрим гумроҳлар! Унинг узун қўли ҳар биримизнинг чўнтагимизга етганди, ҲАР БИРИМИЗНИНГ! У албатта қусиши керак ҳар бир тешигидан”, деб ёзди “Kun.uz” нашри мухбири Шуҳрат Шокиржонов шахсий блогида.

Иккинчи қутбдаги фойдаланувчилар эса Ортиқхўжаевни “шоҳ учун қурбон қилинган тўра” дея таърифлади.

“Жоҳанинг (Ж.Ортиқхўжаевнинг халқ орасидаги лақаби – таҳр.) айби кўп, очкўзлиги бор гап, лекин энергетик инқирозда уни айби йўқ эди”, деб фикр билдирди тармоқ фаоли Шуҳрат Эгамбердиев.

“Собиқ ҳокимнинг монополистлиги ҳам, маъмурий кучидан фойдаланиб деярли барча иқтисодий соҳаларга кириб, бюджетдан роса пул ишлагани ҳам ҳақиқат. Аммо мамлакатдаги энергетик инқирозга худди битта у – бутун бюрократ тўралар ичида тадбиркорликдан чиққан ягона ҳоким энг катта айбдордек кўрсатилаётгани қизиқ. Газни сотаётганлар, электр соҳасида ўғриликлар қилаётган амалдорлар Ортиқхўжаевнинг олдида ҳеч ким эмасми?” дея танга ортига назарга ташлашга даъват қилди блогер Мусанниф Адҳам.

Фойдаланувчилардан бирининг фикрича, раҳбарият бутун мамлакатдаги энергетик бўҳронни Ортиқхўжаев гарданига юклаб, ўзлари сувдан қуруқ чиқмоқчи. Бу сирада пойтахт раҳбарининг намойишкорона танқид билан ишдан олинишини блогер Зафарбек Солижонов “популизм” деб атаган бўлса, Анвар Абдулла “Муқимий театрида қўйилган эскирган мотивдаги арзон пьеса” деб баҳолаган.

“Девонаи Ҳақгўй” тахаллуси билан блог юритадиган муаллиф Ортиқхўжаев ишдан кетганига хурсанд бўлмаган маъқул, чунки бу билан энергетика муаммолари ҳал бўлмайди деб ҳисоблайди.

“Вилоятларда газ-свет муаммоси оддий ҳолга айланиб қолган. Лекин бунақа ҳолнинг пойтахтда содир бўлиши давлатнинг анча кучдан қолганини англатади. Натижада, одамларда норозилик кайфияти кўтарилиб кетди. Чунки одамлар табиатнинг озгина инжиқлигида қандай аҳволга тушиши мумкинлигини кўриб бўлишди. Шундай вазиятда кимдир айбдор қилиб кўрсатилиб, халқнинг кўзича унга кескин чоралар кўрсатилган бўлиб туриши керак эди (болани овутган каби)”, деб ёзди у.

Журналист Инобат Аҳадовага кўра, сўнгги ҳодисалар Ортиқхўжаев ҳукуматдан, ҳукумат эса ундан етарлича фойдаланиб бўлганига ишора қилаётгандек.

Би-Би-Си журналисти Ибрат Сафо тадбиркор-ҳокимни ишдан олиш учун келтирилган важларни савол остига олиб жумладан бундай ёзди: “Ортиқхўжаев рухсатсиз 250 объект қурдириб, энергия тизимига керагидан ошиқ босим пайдо қилганмиш. Ортиқхўжаевнинг коррупцион схемалари экани даъво этилган ишлар бўйича халқаро терговларни (хусусан, Кристиан Ласлеттникини) биз 3-4 йил аввал икир-чикир формулалари билан чоп қилганимизда, ҳукумат қайрилиб ҳам қарамаганди”.

Тармоқларда Ортиқхўжаев “қўли очиқ тужжор”, “бепул ош тарқатадиган мужик” ўлароқ васф этилган постлар ҳам талайгина эканини кўриш мумкин.
“Дарвоқе, ҳоким кетди - свет ҳали келгани йўқ… Тонировкага рухсат бериб, ош тарқатиб, ҳокимни бўшатиб чалғитган билан энергия таъминоти тизими коррупция аралашмасдан янгиланмагунча, Ўзбекистон гази (ва умуман, энергоресурслари) биринчи навбатда Ўзбекистоннинг манфаатига хизмат қилмагунча одамлар рози бўлмайди… Бу энди Ортиқхўжаевлардан анча юқоридаги масала", деб ёзди Даврон Кабулов.

ZIMISTON-UZ. 12-қисм: Мирзиёев энергетик коллапсда кимлар айбдорлигини айтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:31 0:00

Тарихчи олим Шуҳрат Барлос ҳам эса собиқ мулозимга бундай таъриф берган: “Зўр бизнесмен. Ушлаганини юлиб оладиган ишбилармон. Уддабурон тужжор эди. Бутун шаҳарга бепул ош тарқатган мужик эди. Тошкентда биринчи осмонўпар бинолар қурдирган, ўрисларга “бор ишингни қил тушунмасанг переводчик олиб кел мен ЎЗБЕК тилида гапираман”, деган дангал эркак эди. Вақтинча ҳоким ролини ўйнаб берди. Катта кет дегандан сўнг, индамай кетган йигит эди”.

Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ҳокимларни тийиб турадиган тизим ишламас экан, келди-кетдилар аҳамиятсиз эканига эътибор қаратган.

“Энди ким келиши унчалик катта аҳамиятга эга эмас. У қандай шахс бўлишидан қатъи назар, унинг ҳаракатлари ва ваколатини тийиб турадиган механизм, жавобгарлик/ҳисобот йўналиши (пастга) бўлмагунча, қизиқ эмас”, дея хулоса ясайди иқтисодчи.

Форум

XS
SM
MD
LG