Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:03

Январь воқеалари. Қозоғистонни ларзага солган намойиш ва зўравонликлар силсиласи

2 январь куни Қозоғистон ғарбида жойлашган Жанаўзен шаҳрида ёқилғи нархининг икки бараварга ошишидан норозилар бошлаган акция мамлакат бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди.

Ёнилғи нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари манзарасида Қозоғистон ҳукумати истеъфога чиқарилди, Нурсултон Назарбоев истеъфога кетди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев илтимосига кўра, КХШТ ҳарбийлари Қозоғистонга киритилди. Мамлакатда "антитеррор" тадбирлари бошланди.

Жанаўзенда норозилик

Қозоғистоннинг Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳарчасида суюлтирилган газ қимматлагани ортидан намойишга чиққан норозиларга ҳукумат жавоб қайтарди.

Энергетика вазирлиги ва вилоят ҳокимияти жавобида газ нархи ўсиб бораётгани оқибатида нарх пасайтирлмаслиги қайд этилди.

2 ноябрда намойиш ўтказган норозилар суюлтирилган газнинг бир литри нархини 50 тангага туширишни талаб қилган эди. 31 декабрь куни шаҳарда суюлтирилган газнинг 1 литри 100 тангадан, 1 январдан эса 120 тангадан сотила бошланганди. Бунга қадар эса газ баҳоси 60 танга атрофида бўлган.

Жанаўзен аҳолиси 2020 йилнинг январь ойида ҳам газ баҳосини арзонлатиш талаби билан намойиш ўтказган эди.

Олмаотада полиция намойишчиларга қарши яна кўздан ёш сиздирувчи газ ва гранаталарни қўллади​

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги “Олтин ўрда” бозори ҳудудида 5 январь куни эрталаб полиция махсус отряди намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ҳамда ёруғлик-шовқин гранаталарини қўллади, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Маҳаллий вақт билан соат 8 ларга яқин бозор атрофида йўллар тўсилиб, жамоат транспорти қатнови тўхтатилган. Эрталаб у ерда нарх-наво қимматлашганига қарши норозилик билдиргани чиққан 200 чоғли намойишчи бор эди.

“Бизга ойига 80 минг танга маош тўлашади. Одам каби яшашга етмайди бу. Озиқ-овқат қиммат”, деган Озодлик мухбирига намойишчилардан бири.

Шундан сўнг намойишчилар кўча бўйлаб Қалқаман туманига йўналишганида уларнинг йўлини полиция махсус бўлинмалари тўсиб чиққан. Кучишлатар ходимлар намойишчиларни тарқатиш учун ёруғлик-шовқин гранаталари, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлар қўллаганлар.

Граната ва снарядлардан бир нечтаси Райимберди шоҳкўчаси ёқасидаги турар-жой бинолари ёнида портлаб, квартиралар ойналарига зарар етказган. Шунингдек, кўча бўйлаб жойлашган полиция будкалари ҳам шикастланган. Намойишчилар эрталаб Райимбек шоҳкўчасидан Мамишули шоҳкўчаси томонга юрганлар.

Сешанба оқшомидан бошлаб шаҳарнинг турли ҳудудларида ҳукуматга қарши намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган. Тунги воқеалардан сўнг Олмаотада жамоат транспорти ишламаяпти – бу фавқулодда ҳолат доирасида жорий этилган чоралардан биридир. Президент Қасим-Жўмарт Тоқаев Олмаота шаҳри ва Манғистов вилоятида 5 январь соат 1:30 дан 19 январгача фавқулодда ҳолат эълон қилган. Олмаота ва Нур-Султонда сешанба оқшомидан бери мобил интернет ишламаётгани айтилмоқда.

4 январь куни кечқурун Тоқаев фуқаровий ва ҳарбий муассасалар хизмат биноларига ҳужум қилишга чақириқлар қонунга зидлиги ҳақида огоҳлантирган. “Ҳокимият қуламайди, аммо бизга можаро эмас, балки ўзаро ишонч ва мулоқот керак”, деган Тоқаев.

Президент Республика майдонида полиция намойишчиларга қарши махсус воситалардан фойдаланганидан сўнг баёнот билан чиққан. Кечаси майдондан ёруғлик-шовқин гранаталари портлаши саси эшитилиб турган.

ИИВ намойишларни тарқатиш чоғида қўлга олинган ва жабрланганлар сони ҳақида маълумот берганича йўқ. 5 январь куни эрталаб Олмаота ҳокими Бақитжан Сағинтаев шаҳарда вазият расмийлар назоратига ўтганини билдирган. Ҳокимга кўра, ҳуқуқ-тартибот кучлари томонидан “вазиятни барқарорлаштириш, хавфсизлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”.

Қўшни Қозоғистонда норозилик тўлқини авж олган паллада Ўзбекистон президенти таътилга чиқди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 5 январидан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан. Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати Мирзиёев ўтган йили ҳам айнан январь ойида қисқа муддатли таътилда бўлганини эслатган.

Ўзбекистон президентининг таътилга кетиши қўшни Қозоғистонда аҳоли орасида ҳукуматга нисбатан норозилик тўлқини кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келди. Норозилик чиқишлари ортидан 5 январь тонгида Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев ҳукумат истеъфосини қабул қилгани тўғрисида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Қозоғистон ғарбида суюлтирилган газ нархини пасайтириш талаби билан бошланган оммавий норозилик чиқишлари кейинроқ мамлакат бўйлаб ёйила бошлаган ва Тошкент вилоятига ёндош бўлган Туркистон вилоятига ҳам етиб келган.

Норозилик чиқишларининг учинчи куни расмийлар суюлтирилган газ нархини талаб қилинган даражагача пасайтиришга рози бўлганлар, бироқ намойишчилар эндиликда сиёсий талаблар чиқа бошлашган.

Қозоғистон президенти мамлакатдаги вазият юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказди

Нур-Султондаги Ақўрда саройи
Нур-Султондаги Ақўрда саройи

Қозоғистон президенти Қасим-Жўмарт Тоқаев 5 январь куни “мамлакатдаги ижтимоий вазият” юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказди, дея маълумот тарқатди Ақўрда сайти.

Президентга кўра, бош вазир Асқар Мамин ўз хоҳиши билан истеъфо аризасини ёзган. Қозоғистон Конституциясига биноан, бош вазир истеъфога чиққан тақдирда бутун ҳукуматнинг ваколатлари тугатилади.

Тоқаев “ижро ҳокимиятининг асосий вазифаларидан бири – инфляцияни жиловлаш”ни уддалай олмаганини ва бу вазифани ҳали тўлиқ шаклланмаган янги вазирлар маҳкамасига топширилишини маълум қилган.

Президент Манғистов вилоятига йўлланган ҳукумат комиссияси, кучишлатар тузилмалар ҳамда вилоят акими “вазиятни барқарорлаштириш” бўйича ўз вазифаларини бажарди, деб ҳисоблайди. Бироқ Манғистов вилоятидаги фаоллар ушбу комиссия кимлар билан учрашганидан бехабар эканликларини айтишмоқда, 3 январь куни эса намойишчилар музокара қилгани борган вилоят ҳокими Нурлан Ноғаевни майдондан қувиб солганлар.

Тоқаев “суюлтирилган газ нархлари ошиши билан боғлиқ норозилик вазияти аввало ҳукумат, хусусан, энергетика вазирлиги ҳамда “Қазмунайгаз” ва “Қазақгаз” ширкатлари айби билан юзага келган”ини урғулаган.

Президент фикрича, “фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилганидан сўнг Олмаотада ва Манғистов вилоятида вазият секин-аста ўнгланмоқда”. У бу борада “асосий масъулият ИИВ, Тез ҳаракат қилувчи кучлар ҳамда Миллий гварди зиммасига тушган”ини ва улар “ўз вазифасини муваффақиятли адо этаётганини” билдирган.

Президентнинг мазкур баёноти намойишлар куч билан бостирилаётгани манзарасида эълон қилинган: ИИВ маълумотига кўра, 5 январга ўтар кечаси қарийб 200 киши қўлга олинган. Тасдиқланмаган хабарларда эса полиция бўлимларига келтирилганлар сони анча кўплиги айтилмоқда.

Нарх икки карра қимматлашувига ва алал-оқибат оммавий намойишларга олиб келган суюлтирилган газни биржа орқали сотиш қарорига тўхталаркан, президент Тоқаев “суюлтирилган газ савдосини ташкил қилиш ва ўтказиш қоидалари ишлаб чиқилмаган”ини қайд этган.

“Электрон савдолар чоғида нархлар кўтарилишини чеклаш механизмлари назарда тутилмаган. Натижада энергетика вазирлиги ошиғич чора кўриш ва электрон савдоларни тўхтатиб туришга имкон топа олмаган”, деган президент.

Шу билан бирга, Тоқаев “ҳеч ким ҳамиша ўз зарарига сотмайди”, дея урғулаган.

Пировардида президент суюлтирилган газ, бензин ва дизель ёқилғиси нархлари 180 кун давомида давлат томонидан тартибга солиш, ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари давлат назоратига олиш, “Жисмоний шахсларни банкрот деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ва яна бир қатор “қўшимча кўрсатмалар” берган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG