Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:51

Мигрантлар ҳимоячиси, ўзбекистонлик Валентина Чупик Шереметьевода ФСБ томонидан ушланди


Валентина Чупик
Валентина Чупик

25 сентярбь, тунгги соат иккиларда Арманистондан учиб келган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Шереметьево аэропортида ушлаб қолинди. Озодликка Телеграм орқали юборган қисқа хабарида мигрантлар ҳимоячиси ФСБ унинг қочқинлик мақомини бекор қилгани ва 2051 йилгача Россияга киришга тақиқ қўйганини билдирди.

Арманистонга хизмат сафарига бориб, қайтаётган таниқли юрист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Шереметьево аэропортида ушлаб қолинди.

Бу ҳақда Телеграм орқали Озодликка хабар берган ҳуқуқ фаоли ФСБ у ҳозирда Шереметьево аэропортининг махсус ушлаб туриш жойида эканини маълум қилди.

Менга Россияга киришга рухсат берилмади. Қочқинлик мақомидан маҳрум қилиб, ФСБ қарори билан 2051 йилгача киришга тақиқ қўйшибди. Ҳозир Шереметьево аэропортининг “F” терминалидаги махсус ҳибсхонасида ўтирибман. Мени қаерга олиб кетишлари номаълум, чунки ҳужжатларни олиб қўйишди”, деб ёзди Валентина Чупик.

Узоқ йиллардан бери Россия Ички ишлар ходимларининг ноқонуний ҳатти ҳаракатларига қарши курашган ва асосан меҳнат муҳожирлари ҳимояси билан шуғулланиб келган Валентина Валентиновна Озодликка унга тақдим этилган ҳужжатлар нусхасини ҳам юборди. Бу ҳужжатлардан тақиқ ташаббусчиси Россия Ички ишлар вазирлиги экани англашилади.

Валентина Чупикка Шереметьево аэропортида тақдим этилган ҳужжат
Валентина Чупикка Шереметьево аэропортида тақдим этилган ҳужжат

Унинг ҳамкасблари Озодлик сўровига ҳозирча Валентина Чупик билан алоқа узилганини айтишди.

Юрист Александр Ким Россия махсус кучлар шу тариқа унинг фаолияти учун ўч олишаётганини тахмин қилди:

- У чегарада ҳибсга олингани ҳақида хабар бериб, ҳужжатлар фотосини юборди ва кейин у билан алоқа йўқолди. Ўйлайманки, ҳозир у махсус ҳибсхонада сақланмоқда. Менимча, улар Чупикни депортация қилишга тайёрламоқда. Агарда у Ўзбекистонга юборилса, сўзсиз, қийноқларга солиниши мумкин, чунки Россияда у қочқинлик мақомида юрганди. Валентина Чупикни зудлик билан хавфсиз учинчи мамлакатлардан бирига эвакуация қилиш керак! – деди Александр Ким.

Озодликка маълум бўлишича, Чупик "Қочқинлар тўғрисида" ги қонуннинг 9 -моддасининг 2 банди ("қочқин деб тан олиш учун қасддан ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш") асосида қочқинлик мақомидан маҳрум қилинди.

Асли тошкентлик Валентина Чупик Москвада анча йиллардан буён асосан ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган.

Аввалига “Тонг Жаҳони” ташкилоти, охирги йилларда эса махсус тузилган юристлар гуруҳи таркибида Валентина Валентиновна полиция ва бошқа давлат органлари бедодлигига қарши бутун Россия бўйлаб фаолият юритаётган ёрдам ташкилотини бошқариб келаётган эди.

Бундан бир неча йил олдин Валентина Чупик ҳуқуқшунослик бўйича докторлик диссертациясини ёқлаган.

Россияда сиёсий фаоллар ва мухолифатчиларга нисбатан бошланиб кетган қатағонлар манзарасида охирги йилларда мигрантлар ҳимояси билан шуғулланиб келган бир қанча ҳуқуқ фаоли Россия ФСБси ва Ички ишлар органлари ташаббуси билан қочқинлик мақомидан маҳрум этилди.

Жумладан, МДҲ Муҳожирлар федерацияси бошлиғи,“Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” (Таджикские трудовые мигранты) ҳаракати раҳбари Каромат Шарипов Россия ҳукумати қарори билан гражданликдан маҳрум этилиб, Тожикистонга депортация қилинган эди. Фуқаролигини тиклай олмаган Шарипов бин неча йилдан кейин Душанбеда вафот этди.

Яна бир тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Каримжон Ёров унга бошланган босим ва очилган жиноят иши туфайли Россияни тарк этишга мажбур бўлганди.

Каромат Шариповни гражданликдан маҳрум этган Москва вилоятининг Люберци шаҳар прокуратураси Москвада фаолият юритаётган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси, “Ёрдам” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевни ҳам фуқароликдан маҳрум қилиш талаби билан судга мурожаат қилгани тўғрисида Озодлик хабар қилганди.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи олти ойида деярли 99 минг чет эл ватандоши Россияга киритилмаган.

Валентина Чупик 2006 йилда Ўзбекистондаги Андижон воқеаларидан кейин ва махсус хизматлар таҳдиди ортидан Россияга кўчиб ўтган. 2009 йилда Чупик Россияда қочқин мақомини олди. Москвада у "Тонг Жаҳони" инсон ҳуқуқлари ташкилотини тузди, у ноқонуний полиция ҳибсга олиш ва депортация қилиш, иш ҳақини тўламаслик ва ишчи мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида бепул юридик ёрдам ташкил қилди.

XS
SM
MD
LG