Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:30

"Ботир алюминий"нинг қайтиши. Нафақат бизнес, сиёсат ҳам


Ботир Раҳимов ва Диëра Усмонова. Инстаграм.
Ботир Раҳимов ва Диëра Усмонова. Инстаграм.

Тошкентдаги “Пахтакор” футбол клуби ва “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг собиқ эгаси, “Ботир алюминий” номи билан танилган Ботир Раҳимов ўтган ҳафта тошкентлик амалдор тўйида кўриниш берган.

2010 йилда Ўзбекистонда бир муддат ҳибсга олинган 55 яшар Раҳимов сўнгги 10 йилда Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда яшаб келган.

Раҳимов 2000- йиллар бошида Жиззахдаги вольфрам конига эгалик қилган, айни пайтда алюминий бизнеси билан ҳам шуғуллангани боис МДҲ давлатларида "Ботир алюминий" номи билан танилган.

Ўзбекистондаги бизнесидан узоқлашган Раҳимов бу орада президент Шавкат Мирзиёевнинг оиласига яқинлашди.

2017 йилда Ботир Раҳимов ва Диёра Усмонова жуфтлиги ўғил фарзандли бўлишганини эълон қилган. Ундан бир йил аввал "Пахтакор"нинг собиқ хўжайинига турмушга чиққан Диёра Усмонова Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёеванинг жиянидир.

Унинг биринчи турмуш ўртоғи, миллиардер Алишер Усмоновнинг жияни Бобур Усмонов 2013 йил Тошкентдаги автоҳалокатда вафот этган эди.

Диëра Усмонова
Диëра Усмонова


Раҳимов билан Тошкентдаги тўйда кўришганини айтган мулозимнинг Озодликка билдиришича, Раҳимов ҳозирда оиласи билан Тошкентда яшамоқда ва унинг тадбиркорлик фаолиятига “яшил чироқ ëқилган”.

Раҳимов ва унинг хотини Диëра Усмонова 2020 йилнинг октябрида Тошкентда, президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева тақдим қилган “Мендирман Жалолиддин” фильмининг тақдимот маросимида кўриниш берган эди.

"Мендирман Жалолиддин" сериали тақдимоти
"Мендирман Жалолиддин" сериали тақдимоти

Озодликда Ботир Раҳимовнинг Ўзбекистон президент куëви Ойбек Турсунов билан бирга тушган сурати мавжуд.

Ботир Раҳимов ва Ойбек Турсунов
Ботир Раҳимов ва Ойбек Турсунов

Озодлик суҳбатлашган Тошкент ҳукумати мулозимига кўра, Каримов даврида мол- мулки хатланиб, исталмаган шахсга айланган бу шубҳали тадбиркорга нафақат бизнесга йўл очилган, балки президент сайловларида “ўзига хос сиёсий рол” ҳам берилган бўлиши мумкин.

"Элчига ўлим йўқ"

Мулозим¸Ботир Раҳимов мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан “биринчи оила илтимосига кўра” “элчи” мақомида учрашиб, муроса таклифини етказганлигини айтди.

Муҳаммад Солиҳ
Муҳаммад Солиҳ

Озодлик бу иддао юзасидан Туркияда яшаётган Муҳаммад Солиҳ билан боғланди.

“Эрк” демократик партияси лидери ҳақиқатан ҳам жорий йилнинг февраль ойида орасида Ботир Раҳимов бўлган гуруҳ билан учрашганлигини тасдиқлади. Унга кўра¸ “Раҳимов бир неча марта учрашиш таклифини билдирган, аммо рад жавоби олган”.

“Буларнинг ростдан ҳам Ўзбекистон ҳукуматини тамсил қилишини тасдиқловчи хабар келганидан кейингина мен учрашувга рози бўлдим. Сиëсат муроса санъати эканлигини билганим ҳолда, мен ўз сиëсий талабларимни ëзма баëн қилиб, мактуб тарзида Раҳимовнинг қўлига бердим. Раҳимов буни Ўзбекистон биринчи раҳбарига етказишга ваъда берди. Мактуб адресатга етказилди, деб ўйлайман. Лекин мен илгари сурган муросали талаблар бажарилмади.”

Uzbekistan
Uzbekistan


Озодлик кўрган мактуб “Яхшилик сари” деб номланади.

Мактубда мухолифат лидери ҳукуматга учта ишни қилиш юзасидан ваъда беради.

1. Мухолифат сайловнинг тинч ўтиши ва ўлкадаги ижтимоий барқароликни мустаҳкамлашга “баҳолиқудрат ëрдам беради”

2. Ўзбекистонга инвестиция киритиши мумкин бўлган“Ғарб ва Шарқ ўлкаларидан сармоя манбаларини рағбатлантириш, ўлка саноатини янги технология билан такомиллаштириш учун” мухолифат салоҳияти сафарбар қилинади.

3. “Муҳаммад Солиҳ ўзининг сиëсий нуфузидан фойдаланиб¸ Ўзбекистон президентининг дунë сиëсатида сўз соҳиби бўлиши учун унга юксак савияда дастак беради”.


Мактубда бу хизматлар “ҳеч қандай мансаб ëки моддий бадал эвазига эмас¸ балки “миллатнинг ниҳоят шарафли бир келажак сари юра бошлаши учун чин дилдан қилиниши” таъкидланади.
Шу билан бирга, “Эрк” лидери имзо қўйган бу мактубда “минимал шартлар” қисми бор. Шартлар иккита:

1. Муҳаммад Солиҳга қўйилган бутун айблар бекор қилинади. Реабилитация қилиниб, ватандошлиги қайтарилади. Ватанига қайтиши таъминланади.

2. “Эрк” партияси фаолиятига расман рухсат берилади.


Муҳаммад Солиҳнинг Озодликка айтишича, мактуб юборилганидан буён ўтган икки ой мобайнида “Эрк” партияси илгари сурган биронта ҳам талаб бажарилмаган.


Аммо Озодлик суҳбатлашган мулозимнинг таъбирича, Каримов даврида урилган ва криминал дунëга алоқаси борлиги айтиладиган Ботир Раҳимов “мухолифат истеҳкомига кириб, ëрлиқ олиб чиққан элчи” ўлароқ амалдаги ҳокимият назарига тушди.

Биринчи хоним жиянига уйланган миллионер

Ўзбекистоннинг энг бой одамларидан бири сифатида билинган Ботир Икромжон ўғли Раҳимов Қўқонда дунëга келган.

2006 йилда Ўзбекистон ва Россия чоп этиладиган "Элита Обшества" журналига берган интервьюсида Раҳимовнинг ўзи Тошкент четида ўртаҳол ва кўп болали оилада вояга етгани, отаси милиционер, онаси эса мактаб ўқитувчиси бўлганини айтган. Оилада беш қиз, икки ўғил бўлганликларини айтган Раҳимов акаси Бахтиёр Раҳимовни ўзининг асосий ва энг ишончли бизнес ҳамкори деб атаган.

2010 йилда Каримовнинг "бизда олигархлар бўлмайди" деган баёноти ортидан маҳаллий бойларга қарши бошланиб кетган кампанияда акаси Бахтиёр Раҳимовнинг ҳам ҳибсга олингани хабар қилинган.

Сentrasia.ru нашри Ботир Раҳимов 2000- йиллар бошида Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримовага ярим миллион долларлик «Майбах» русумли автомобил совға қилгани ҳақида ёзган.

Ботир Раҳимов "Капиталбанк", суғурта компанияси, рангли метал қазиб чиқарадиган конни ҳам ўз ичига олган қатор ширкатлардан иборат "Капитал" ҳолдинги соҳиби ҳисобланади.

Раҳимовнинг асосий активи бўлган "Капиталбанк" 2001 йилда Ўзбекистоннинг 9 - йирик банки ҳисобланган. Банк активлари ҳажми 2009 йил июнь ҳолатига 205 миллион долларни ташкил этган.

2010 йил баҳорида ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Раҳимовни ҳибсга олгани хабар қилинган. Ҳибс тафсилотлари ҳозиргача маълум эмас.

Раҳимовнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан "Капиталбанк"да ҳам кенг кўламли тафтиш ўтказилган.

Швеция прокуратураси маълумотларига кўра, 2012 йил февралида Стромсунд шаҳарчасида ўзбекистонлик имомга ўқ узганликда айбланган Юрий Жуковскийга Шенген визасини олиши учун Ботир Раҳимов президенти бўлган Тошкентнинг “Пахтакор” футбол жамоаси бош директори Рустам Кўпайсинов расмий илтимоснома ёзиб берган.

2016 йилда Ботир Раҳимов Ўзбекистон президентининг хотини Зироат Мирзиёеванинг жияни¸миллиардер Алишер Усмоновнинг автоҳалокатда ўлган жиянининг беваси Диëра Усмоновага уйланади.

Eltuz нашрида эълон қилинган коллаж
Eltuz нашрида эълон қилинган коллаж

Раҳимов ва Усмонова жуфтлиги 2020 йил кузида Ўзбекистонга бутунлай қайтган.

2020 йил ноябрида Диёра Усмонова ўзининг Инстаграм саҳифасида нима учун Ботир Раҳимовни танлагани ҳақида ёзган.

“Биз кўп нарсани бошимиздан ўтказдик. Масалан, мен барча принципларим, қўрқув, эътиқод ва қоидаларимни босиб ўтдим. Ўзим қоралаган кўп ишларни қилдим, албатта, мен бизни қабул қила олмаётганларни тушунаман. Бошқачасига мумкин бўлмагани учун шундай қилдим. Бир-биримизсиз яшашга куч топа олмадик. Кейин эса бу тақдир эканини тушундик ва юрак амрига бўйсуниб, тақдиримизни қабул қилдик», деб ёзган Ўзбекистон биринчи хонимининг жияни.

Каримов вафоти ортидан муқаддам жиноий авторитет сифатида танилган ишбилармонларнинг сиёсий тадбирлардаги иштирокига қўйилган тақиқ бекор бўлди.

Улардан энг машҳури - Салим Абдувалиев президент сайловлари куни Шавкат Мирзиёев сурати туширилган футболкани кийиб суратга тушди. Орадан кўп ўтмай, унинг президент Мирзиёев билан қўл бериб сўрашгани акс этган сурат эълон қилинди. Мирзиёев президент этиб сайланганидан кўп ўтмай, 2017 йил январида Абдувалиев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

2016 йил сентябрида Мирзиёев вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланганидан кўп ўтмай, қидирувга берилган АҚШ санкциялари рўйхатидаги тадбиркор - Ғафур Раҳимов Ўзбекистонга қайтган эди.

XS
SM
MD
LG