Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:01

Янги партия тузаётган Хидирназар Аллақулов Андижонда сўроқ қилинмоқда. Фарзандлари жаримага тортилди


Хидирназар Аллақулов
Хидирназар Аллақулов

27 февраль, куннинг иккинчи ярмида Андижон вилоят, Булоқбоши туман ИИБда профессор Аллақуловни сўроқ қилиш жараёни бошланди.

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси ташаббускори Хидирназар Аллақулов Андижон вилоятига Тошкентдан 26 февраль куни тушдан сўнг олиб кетилган эди.

26 февраль куни пойтахтдаги тўйхоналардан бирида "Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси тарафдорларининг Таъсис қурултойи ўтказилиши режалаштирилган эди.

Андижон вилояти Булоқбоши тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғи Сарвар Сиддиқовдан олинган маълумотга қараганда, Хидирназар Аллақулов маҳаллий фуқаролардан бирининг шахсига оид маълумотларни Интернет тармоғида оммага унинг рухсатисиз эълон қилганликда айбланмоқда.

Хидирназар Аллақуловнинг қилмиши дастлаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддаси 1-қисми (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан, сўнгра Жиноят кодексининг 141-моддаси прим 1-қисми (Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш) билан малакаланганига оид маълумотлар бор.

Аммо Озодлик бу иддаони асословчи расмий ҳужжатга эга эмас.

Яқинларидан олинган маълумотга қараганда, сиёсий фаол ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

27 февраль куни Булоқбоши тумани ИИБда сўроқ қилинаётган партия ташаббускори Хидирназар Аллақулов дастлаб ишга гувоҳ, сўнг ҳуқуқбузар тариқасида жалб қилинган.

Тергов органи уни кейинчалик тан жароҳати етказишда айбламасликлари учун Андижон вилояти суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказган. Аллақуловнинг тортиб олинган мобил телефони унинг ўғли Шаҳзодга қайтариб берилган.

Хабарларга қараганда, тушдан сўнг сўроқ жараёнлари бошланган, савол-жавоблар тўла видеотасвирга олинмоқда.

Сўроқ жараёнларида адвокат иштирок этмаяпти. Бу эса Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқий нормаларга тўла зиддир.

ИИБ олдида Аллақулов яқинларининг айтишича, уларнинг машинаси жиддий шикастланди. Сиёсий фаолнинг яқинлари бир неча соатдан бери Булоқбоши тумани ИИБда ўз яқинини кутиб ўтираркан, улар водийга миниб борган машина жиддий техник шикаст кўрди. Яқин атрофдан ўтаётган от машина устига бехосдан сакраб, автоуловга жиддий зарар етказди.

От эгаси бу ҳодисани ақлсиз жониворнинг асовлиги билан изоҳлашга уринмоқда. Сиёсий фаолнинг шундоғам асаби таранг яқинлари ҳодисадан ҳайратда. “Фикру хаёлим отамнинг тақдири билан банд, машинани ўйлаётганим ҳам йўқ” деди Шаҳзод Аллақулов.

Тошкентда Аллақуловлар оиласига нисбатан маҳкамалар бошланиб кетди

Тошкентнинг Юнусобод туманида истиқомат қиладиган сиёсий фаол Хидирназар Аллақуловнинг хонадонига уюштирилган Миллий гвардия ва ИИБ ходимларининг босқинидан хавотирланиб, бу ерга келган Нилуфар Аллақулова ва унинг турмуш ўртоғи Акром Бозоров ҳамда уларнинг фарзанди Шаҳриёр Тожиевлар Юнусобод тумани ИИБга олиб кетилди.

Юнусобод тумани маъмурий суди жамоат тартибини бузиб, отасига кўмак беришга уринганликда айбланган Нилуфар Аллақуловани базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, куёв Акром Бозоровни 3 баравари ҳамда невара Шаҳриёрни 5 баравар миқдорида жаримага тортди.

27 февраль куни 20 яшар Шаҳриёр Тожиев мия чайқалиши, юз-пешона гематомаси билан шифохонага мурожаат қилди. У ўзини милиция ходимлари томонидан дўппосланганини иддао қилмоқда.

“Аслида жамоат тартибини ҳам бузганимз йўқ. Милиция ходимлари бизни уриб, тепиб ташлашди. Синглимни оёғидан ерга судраб тепишди. Сўнг Юнусобод ГОМга олиб бориб, тергов қилишди. Ўзларининг зўравонлигини яшириш мақсадида бизга зуғум ўтказишди” дейишмоқда Аллақуловлар оиласи вакиллари.

Сиёсий фаол хонадонига босқин

26 февралда Ҳақиқат ва Тараққиёт социал демократик партияси ташаббускори, профессор Хидирназар Аллақуловнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги уйига Миллий гвардиянинг 30 чоғли ҳарбийлари томонидан босқин уюштирилди.

Бу ҳақда Хидирназар Аллақулов Facebook ва Youtube ижтимоий тармоқларида онлайн трансляция орқали маълум қилди.

Лавҳадан кўринишича, бир неча миллий гвардия либосидаги ҳарбийлар хонадон эшигини тепиб, қўнғироқни тинимсиз босишмоқда. Орада бир марта эшикни очган Хидирназар Аллақуловни олиб кетишмоқчи бўлишади ва профессор куч билан ўз уйи эшигини ёпиб олишга эришгани кўринади.

Маълум бўлишича, 26 февраль куни пойтахт тўйхоналаридан бирида Ҳақиқат ва Тараққиёт социал демократик партияси тарафдорларининг Таъсис қурултойи ўтказилиши режалаштирилган эди. Бу борада барча ижтимоий тармоқлар орқали эълон берилган, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус ваколатхонларига пойтахтдаги Оқсарой тўйхонасида ўтказиладиган қурултойга таклифнома тарқатилганди.

Таклиф қилинганлар тўйхонага кира олишмади

Қурултойга таклиф қилинган “Эрк” демократик партияси фаоли Санжарали Имомовга кўра, Оқсарой тўйхонаси таъмир баҳонаси билан ёпилган, ҳатто унга ёндош ҳудуд темир девор билан ўралган.

Ҳолбуки, профессор партия қурултойини ўтказиш даврида жамоат хавфсизлигини сақлашни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қонуний муддатларда мурожаатлар қилган.

“Келганимизда тушундикки, Қурултойга нисбатан қаттиқ қаршилик бўлган. Ҳатто тўйхона ёпиб ташланган.Аллақуловнинг ўзи эса йўқ эди. Бу ерга чақирилган-чақирилмаган меҳмонлар келишган, кимлардир йиғилган одамларни тарқатишга уринаётганди. Кейин Аллақуловнинг уйига боришга ҳаракат қилдик, билдикки, у Андижонга олиб кетилган экан”, деди Санжарали Имомов.

Қўрқув фактори

Озодликка берган сўнгги интервьюси чоғида профессор Аллақулов: “Ишимиз жадаллашига одамлардаги қўрқув жуда катта ҳалақит беряпти. Ўзбекистон мустақилликка эришган йили туғилганлар 30 га кирди. Ақли мустақиллик даврида тўлганлар қирққа кириб қолди. Шунча вақт ичида ёшлар зомбига, манқуртга айлантирилди. Шундай сиёсат юритилди. Бутун аҳоли, шу жумладан, ёшлар қўрқувда ушлаб келинди. Иккинчидан, бир умр қўрқувда яшаган катталар ўз болаларини ҳам сиёсатга аралашишдан қайтаряпти”, - деганди.

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси ташаббускори Хидирназар Аллақуловнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ хабарлар ижтимоий тармоқларни портлатаркан, ўзбек медиа сегментининг расмий қисмида бу ҳодиса ҳақида ҳозиргача бирор жумла материал чоп қилингани йўқ.

65 яшар профессор Хидирназар Аллақулов Термиз давлат университетининг собиқ ректори, иқтисодиёт фанлари доктори.

XS
SM
MD
LG