Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:57

OzodSuhbat: “Адабиёт”газетасининг сохта сони чиққанига ҳозирча биронта ҳам идора муносабат билдирмади


"Адабиёт" газетасининг 2020 йил, 24 июлда чоп этилган сони. Газета бош муҳаррири Бахтиёр Каримнинг айтишича, унинг бу сонга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
"Адабиёт" газетасининг 2020 йил, 24 июлда чоп этилган сони. Газета бош муҳаррири Бахтиёр Каримнинг айтишича, унинг бу сонга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

“Адабиёт” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Каримнинг Озодликка айтишича, 27 июль, душанба кечгача ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларидан биронтаси газетанинг сохта сони чоп этилганига қизиқиш билдирмади.

24 июлда "Адабиёт" газетасининг сохта сони чиққани тўғрисида Бахтиёр Карим ижтимоий тармоқлар орқали 26 июлда хабар қилган эди.

“Адабиёт”газетасининг сохта сони чиққанига биронта ҳам идора муносабат билдирмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:21 0:00
Бевосита линк

Бахтиёр Каримнинг 27 июлда Озодликка айтишича, газетанинг сохта сони одатдагидай газета қоғозига эмас, балки сифатли офсет қоғозига босилган. Сохта газетада унинг икки минг нусхада босилгани кўрсатилган.

- “Адабиёт” газетаси таҳририяти бир кишидан – бош муҳаррирдангина иборат. Шунинг учун мен карантин лагерларида сақланган кунларимда ўз ваколатларимни бировга берган эмасман, чунки ваколатларимни қабул қиладиган одамнинг ўзи йўқ, - деди Бахтиёр Карим.

Бош муҳаррирнинг айтишича, газетанинг сохта сонини чиқарганлар унинг почтасини бузиб кирган бўлиши мумкин. Чунки сохта сонда унинг почтасида ўз навбатини кутиб турган материаллар ҳам чоп этилган.

Бахтиёр Каримнинг фикрича, газетанинг сохта сонини чиқаришдан асосий мақсад “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясини тузишга уринаётган профессор Хидирназар Аллақуловни ёмонотлиқ қилишдир:

- Хидирназар Аллақулов ҳақида “Профессорнинг найранглари” деган сарлавҳа остида фельетоннамо нарса босилган. Бундан ташқари журналист Жаҳонгир Муҳаммад ҳақида ҳам фельетон босилган.

Бош муҳаррирнинг Озодликка билдиришича, газетанинг сохта сонини чиқарган номаълум шахслар устидан у тегишли идораларга шикоят аризалари ёзиб тайёрлаб қўйган, улар эрта-индин адресатларга топширилади.

  • Бахтиёр Карим муҳаррирлик қилаётган “Адабиёт” газетаси ташкил топганига шу кунларда уч йил тўлди. Газетхонлар фикрича, "Адабиёт" ҳур фикр минбарига айланишга улгурди.
  • Масалан, Жамол Камолнинг 2018 йилда чоп этилган “Фикрсизлик фожиаси” мақоласи “Ўзбекистон 25 йил давомида бир одамнинг ақли билангина яшади, қолганларга фақат қарсак чалиш ҳуқуқи берилди холос”, деган сўзлар билан бошланган эди.
  • Газета расмий матбуот ҳатто номини тилга олишга қўрқадиган муаллифлардан буюртма асосида таҳлилий мақолалар қабул қилиб чоп эта бошлади. Шукрулло, Жамол Камол, Гулчеҳра Нуруллаева, Темур Пўлатов, Жаҳонгир Муҳаммад мақолалари ўқувчиларда айниқса кучли таассурот уйғотди.
  • “Албатта, бу юқорига ёқмасди, айниқса Хайриддин Султон жанобларига. Шунинг учун улар 2018 йили газетанинг бир сонини мусодара қилдилар. Тошкент босмахоналари шартнома тузмай қўйгач, ноилож вилоятларга бориб газетани чоп этишга мажбур бўляпман”, деган эди Бахтиёр Карим Озодликка.
  • Бахтиёр Карим 1959 йили Марғилонда туғилган. Миллий Университет филология факультетини 1982 йили тугатган. "Фан ва турмуш"," Ёш куч", "Шарқ юлдузи" журналларида хизмат қилган. Ҳозирда "Адабиёт" газетаси бош муҳаррири.

XS
SM
MD
LG