Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:43

Қиш бошланмай туриб қарийб 20 ўлим. Бироқ ҳеч ким товон талаб қилмайди


Жаноза - иллюстратив сурат
Жаноза - иллюстратив сурат

30 ноябрь тонгида Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги хонадонлардан бирида газ портлаши натижасида икки киши ҳалок бўлди ва яна икки киши жароҳатланди.

25 ноябрда Сирдарё вилоят, Ховос туманида бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан ҳалок бўлди.

Бундан ташқари, ниҳоясига етган кузнинг сўнгги икки ойида, камида 12 киши газ йўқлиги ёки босими пастлиги туфайли қўлбола печка ёқиш оқибатида ис газидан ҳалок бўлди.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшунослар фикрича, бу қурбонлар учун яқинларининг товон пули ундириш эҳтимоли деярли йўқ даражада: шу пайтгача Ўзбекистонда бундай прецедент қайд этилган эмас.

Янгийўлда икки ўлим

30 ноябрь, эрталаб соат 7:42 да Тошкент вилояти Янгийўл тумани Қирариқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Истиқлол кўчаси, 80- уйда газ портлаб, ёнғин юз берди ва уйнинг бир қисми қулаб тушди.

ФВВнинг хабар қилишича, натижада оиланинг икки аъзоси ҳалок бўлган, яна икки аъзоси оғир тан жароҳати олган. Янгийўл туман расмийлари, хусусан, газ таъминоти корхонасидан қўшимча маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Бироқ Сирдарё вилоят, Ховос туман газ таъминоти идораси раҳбари Нуриддинхон Каримхонович 25 ноябрь кунги фожиа юзасидан Озодликнинг баъзи саволларига жавоб берди.

Ховосда тўрт ўлим

25 ноябрь, соат 12:35да юз берган бу фожиада вафот этганларнинг уч нафари ёши ҳали 10 га ҳам тўлмаган болалар бўлган. 31 ёшли уй бекаси ва унинг 9 яшар ўғли воқеа жойида ҳалок бўлган. 7 ва 3 ёшли икки ўғил касалхонада 26 ноябрда ўзига келмай вафот этган.

Бош прокуратура бир оиланинг 4 аъзоси ис газидан заҳарлангани юзасидан терговга қадар текширув бошланганини 26 ноябрда билдирди.

Ховос туман газ таъминоти идораси раҳбари Нуриддинхон Каримхонович Озодликнинг “бу фожиада тумангазнинг айби бор, деб ҳисоблайсизми”, деган саволига “Бу воқеада бизнинг айбимиз йўқ, бор деб ҳисобласам ҳам бўладию лекин...” деб жавоб берди.

Бу гапдан кейин Ховосгаз раҳбари фожиа сабабини тушунтиришга уриниб, бундай деди:

“Оила кўп қаватли уйнинг бешинчи қаватида яшаган, кичкина бир ҳаммом қилган экан, ўша ерга бир печка қуришган, нормалний горелка қўйишган, лекин мўриси йўқ, газ плитанинг устидаги тешиклар ҳам латта билан ёпиб қўйилган, натижада ис гази хонадан чиқиб кетмаган”.

Ховосдаги фожиа тафсилотларига доир дастлабки хабарларда газ босими туфайли хонадон қўлбола печка билан иситилгани айтилган. Бироқ Ховосгаз раҳбари газ босими пастлигини инкор қилди. Марҳумларнинг яқинларига товон пули тўлаш ҳақида Озодлик саволни беришни бошлаши биланоқ газ таъминоти корхонаси бошлиғи билан алоқа узилиб қолди ва кейин уланиб бўлмади.

"Марҳумларнинг яқинларидан мурожаат тушмади"

Ховос туман Халқ қабулхонаси мутахассиси Муножот Жулбекова Озодликнинг 25 ноябрдаги фожиа билан боғлиқ саволларига жавоб берди. Жулбекованинг фикрича, бир оиланинг тўрт аъзоси ўлими билан тугаган фожиага дабдурустдан тумангазни айбдор дейиш адолатдан бўлмайди:

“Тумангазнинг жавобгарлиги тўғрисида, агар бундай фожиа кенг кўламли бўлса, гапириш мумкин бўларди. Бу ерда гап, менингча, оиланинг ўз хавфсизлиги учун ўз масъулияти билан боғлиқ. Лекин барибир вазиятни тўлиқ ўрганмай туриб, бир нарса деёлмайман”.

Муножот Жулбекованинг айтишича, туман Халқ қабулхонаси ФВВ туман бўлими ва бошқа тегишли ташкилотлар билан биргаликда куз-қиш мавсумига тайёргарликни текшириб чиққан, хавфсизлиги талабга жавоб бермайдиган хонадонлар огоҳлантирилган.

Ховос туман халқ қабулхонаси мутахассисининг айтишича, фожиа юз берган оиланинг омон қолган аъзолари бир марталик моддий ёрдам олиши мумкин.

“Ёрдам олиш учун оиладан мурожаат бўлиши керак. Мурожаат тушгани йўқ. Биз ўзимиз ёрдам беролмаймиз, чунки фондимиз йўқ. Ҳокимият орқали, хайрия ташкилотлари орқали ёрдам кўрсатилишини таъминлаймиз. Агар оила фуқаролар йиғинига мурожаат қилса, МФЙ маълумотнома беради, ҳақиқатан ҳам шундай фожиа бўлди, деб. МФЙ раиси сўровнома билан чиқса, бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин. Ёки суғурта қилинган бўлса, суғуртасини олиши мумкин”.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот котиби Шерали Сатторовнинг Озодликка билдиришича, яқини ўлими учун товон пули ундирилганига оид бирорта ҳам воқеадан унинг хабари йўқ.

“Айни пайтда Самарқандда бир тадбиркор иссиқхонасидаги экинини совуқ уриб кетгани учун энергия билан таъминловчи корхонадан 1 миллиард сўмдан ортиқ ундириб олди”, - деди Шерали Сатторов.

Федерация матбуот котиби энергия манбаларини етказиб берувчи монополист корхоналар ҳеч қачон айбини бўйнига олмаслигини, истеъмолчи улар олдида ҳар доим ожиз қилишини, ўлим учун товон ундириш у ёқда турсин, “газ босиминг паст” деб, таъминотчини алмаштириш имкони йўқлигига эътибор қаратди.

Шерали Сатторовнинг айтишича, ўлим учун товон ундиришга ёрдам сўраб, шу пайтгача бирор фуқаро Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилганига оид маълумоти йўқлигини билдирди. Матбуот котиби яна бир муҳим нарсани айтди: “Агар фуқаро ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, судга бизнинг жамият орқали мурожаат қилса, давлат божи тўламайди”.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида бирорта ҳам фуқаронинг ўлим учун у ёки бу ташкилотдан товон пули ундирганини эслай олмади:

"Муаммо илдизи мавжуд қонунларнинг ижросига бориб тақалади. Газ етказиб бериш тўғрисида истеъмолчи билан шартнома тузилади. Унда етказиб берувчи барча мажбуриятларни зиммасига олади. Бироқ бажармайди. Нега бажармаяпсан, деб фуқаро талаб қилолмайди, тагига етолмайди. Ҳамма гап шунда".

Ҳуқуқшуноснинг фикрича, газ етказиб берувчи корхона айби билан ҳалок бўлган яқини учун товон пули ундиришга асос бўла оладиган қатор қонунлар бор, бироқ у қонунларнинг ишлаши учун фуқароларнинг ўзлари ҳам ҳаракат қилиши лозим:

“Одамлар уялиш, тортиниш, андиша деган нарсаларни бир четга суриб, ўз ҳуқуқлари учун курашишга ҳаракат қилиши, курашишга ўрганиши керак”.

ЮНИСЕФнинг “2019/2020: Ўзбекистондаги болалар аҳволи таҳлили” ҳисоботига кўра, 2018 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 11,4 фоизи миллий камбағаллик даражасида яшаган. Халқаро ташкилот ҳисоботида мамлакатдаги камбағал оилаларнинг 52 фоизи ижтимоий ҳимоя тизимидан ҳеч қандай ёрдам олмаслиги айтилган.

Мана шундай шароитда, Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича, электр энергияси ва газ таъминотининг ўта абгор қолаётгани аҳолининг ҳимоясиз қатлами саломатлиги ва ҳаётига таҳдид бўлиб қолмоқда.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган бўлса¸ ​"Ўзтрансгаз” ширкати¸ 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб ўлгани, 54 одамнинг эса жабрланганини билдирган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG