Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

Косонда уч нафар МИБ ходими ва ҳайдовчи газ портлашидан ҳалок бўлди


Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган автомашиналарнинг портлаши кўп кузатиладиган ҳодиса
Ўзбекистонда газ баллони ўрнатилган автомашиналарнинг портлаши кўп кузатиладиган ҳодиса

Қашқадарё вилояти Косон туманида 22 ноябрь куни “Спарк” автомобили портлаб кетиши натижасида уч нафар МИБ ходими ва ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлди.

Газ ҳидини сезгандан сўнг, машинани тўхтатиб, тушиб қолган аёлни портлаш тўлқини беш метр масофага учириб юборган ва у оғир тан жароҳатлари олган.

Портлаган автомобилнинг ёнаётган баллони қарама-қарши томондан келаётган юк автомобилининг устига тушиб, унга ортилган тахталарни ёндириб юборди.

Мутахассис автомобилга газ ўрнатиш фаолияти билан махсус лицензияга эга бўлмаганлар шуғулланаётгани кўпайгани боис шундай фожиалар бўлаётганини айтмоқда.

Косон тумани марказида 22 ноябр куни Спарк автомобили портлади. Автомобилнинг ичида бўлган уч нафар МИБнинг Косон тумани ходими ва ҳайдовчи ҳалок бўлди.

Портлашдан бир дақиқа аввал машинадан тушиб қолган аёл оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.

Исми сир қолишини сўраган косонликлардан бирининг айтишича, воқеа унинг кўз ўнгида содир бўлган:

“Кўчада турган эдим. Мендан чамаси 50 метрлар жойда бир Спарк келиб тўхтади. Ундан бир аёл тушди. Машина беш-ўн метр юрмай, шунақа кучли портладики, унинг тўлқини ҳалиги аёлни улоқтириб юборди. Машинанинг ёнаётган бир ғилдираги рўпарадан келаётган юк мошинасининг устига бориб тушди. Мошина тахта ортган экан, у ҳам чап бераман деб ағдарилиб кетди ва у ҳам ёна бошлади. Кейин пожарний келди, ўтни ўчиришди. Машинадаги тўрт киши ўлиб бўлган эди. Уларнинг учтаси МИБ ходимлари экан. Юк машинасининг ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи ҳам жароҳат олган экан, уларни касалхонага олиб кетишди”.

Косон тумани МИБнинг ўзини таништирмаган ходими Озодликка уч нафар ходим ҳалок бўлганини тасдиқлади:

“Касбдошларимиз Р.А., Ш,Б. ва А.Б. ўша куни ҳудудда ишни тугатиб ишхонага қайтишда таксига ўтиришган. Уларнинг икки нафари чироқчилик ва бир нафари деҳқонободлик йигитлар эди. Ҳозирча бизга номаълум сабабга кўра, машина йўлда портлаб кетган. Кеча уларнинг жанозаси бўлди”.

Қарши шаҳар шошилинч тиббий ёрдам касалхонасининг исми сир қолишини сўраган врачларидан бири воқеада жабр кўрган аёлнинг сўзларидан иқтибос келтирди. Унга кўра, ИИБ терговчилари аёл ва бошқа жароҳат олганларни жабрланганлар рўйхатига киритмаган:

“Жабрланган аёлнинг айтишича, у машина салонида газ ҳидини сезгандан сўнг, ҳайдовчини бу ҳақда бир неча марта огоҳлантирган, лекин у эътибор қилманг, деб ҳайдаб кетаверган. Аёл машинани тўхтатинг, деб бақирганидан сўнг, у тўхтаган. Аёл тушиб қолгандан сўнг ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган. Лекин 5-6 метр юрмай машина портлаган. Аммо аёлни ҳеч ким сўроқ ҳам қилмади, нима бўлди деб сўрамади ҳам”.

Ўзбекистонда метан газ бензинга нисбатан икки баравар арзон бўлгани сабабли одам ташувчи транспортнинг аксарияти метан ёки пропан газда ишлайди.

Айниқса, метан газдаги автотранспортларнинг портлаб кетиш ҳолатлари мамлакатда кўп кузатилади.

Тошкентдаги автомобилларга газ ўрнатиш корхоналаридан бирининг исми сир қолиши сўраган раҳбарига кўра, Спарк автомобилига ҳам метан ёки пропан газ баллонларини ўрнатишга рухсат берилган. "Бироқ, - дейди корхона раҳбари, сўнгги пайтда махсус лицензияга эга бўлмаган фирмаларнинг бу ишга киришиши ана шундай фожиавий ҳолатларга сабаб бўлмоқда".

“Спарк”нинг багажига ўрнатилади. Баллонлар ҳам, унга керакли қисмлар ҳаммаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади. Гап баллонларни қандай ўрнатиб, қандай эксплутация қилишда. Ҳар бир баллоннинг синов муддати бор, вақти-вақтида тест қилиб туриш керак. Ҳозир махсус рухсатномага эга бўлмаган ташкилотлар ҳам бу иш билан шуғулланяпти. Бу жуда ёмон. Вазирлар Маҳкамасининг 326-қарори бор. Бундай ташкилотлар аккредациядан ўтган ва унда лаборатория бўлиши шарт. Бунда йлабораторияларда юқори босимдаги компрессорлари билан синовдан ўтказилиши шарт. Афсуски, ҳамма жойда ҳам бундай лабораториялар йўқ, лекин уриб ишлаб, баллонларни қўйиб ётишибди".

Косон тумани ИИБнинг ўзини таништирмаган мулозими ҳодиса юзасидан жиноят иши очилгани ва прокуратура назоратига олинганини айтди.

XS
SM
MD
LG