Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Тарбияланувчилари жинсий зўрланган Марғилондаги етимхона ёпилмоқда


Марғилон шаҳридаги 1-сон Меҳрибонлик уйи
Марғилон шаҳридаги 1-сон Меҳрибонлик уйи

Тарбияланувчиларни жинсий зўрлаш, ҳомиладор бўлиб қолган қизларни боласини туширишга мажбурлаш ва хайрия маблағларини талон-торож қилиш сингари можаролар марказида қолган Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи ёпилишга тушган.

Меҳрибонлик уйининг исми ошкор этилишини истамаган раҳбар ходимларидан бири Озодликка бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирининг буйруғи чиққанини айтди.

Унга кўра, буйруқ асосида ярим етимларни оиласига қайтариш, чин етимларни эса, Қўқондаги Меҳрибонлик уйига кўчириш бошланган.

Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси мулозими Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи ёпилаётганини Озодликка тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, "бу ишга қаровсиз қолган болаларни тарбиялашнинг шакл ва методларини такомиллаштириш мақсадида қўл урилмоқда".

Икки йил аввал Марғилондаги Меҳрибонлик уйида ҳимоясиз вояга етмаган қизлар фоҳишаликка мажбурлангани ва улардан жинсий хизмат кўрсатишда фойдаланилгани билан боғлиқ жиноят ўртага чиққач, етимхона раҳбари доҳил ўндан зиёд ходим ўта оғир жиноятларда айбланиб, жавобгарликка тортилган эди.

Меҳрибонлик уйининг исми ошкор этилишини истамаган янги раҳбар ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, эндиликда ушбу муассаса ёпилишга тушган.

У ердаги 117 нафар тарбияланувчининг тақдири эса муаллақ қолмоқда.

"Икки йил олдинги ўша воқеа қора тамға бўлиб қолди-да барибир, шунга Халқ таълими вазирининг буйруғи чиққан, ёпишяпти. Эллик нафар ярим етим бор, бизда. Отаси бор онаси йўқ, ёки тескариси. Шуларни оилаларга чиқариш масаласини кўряпмиз. Улар эса боласини олгиси йўқ. 23 чин етим бор, уларни Қўқондаги етимхонага ўтказамиз, десак у ерда жой йўқ. Яна кам таъминланганлар, ногиронлиги борларнинг фарзандлари ҳам бор, уларнинг тақдири ҳам муаллақ бўлиб турибди", - дейди Меҳрибонлик уйи раҳбар ходимларидан бири.

Марғилондаги Меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси Шермуҳаммад Деҳқонов етимхонанинг ёпилиши ўнлаб болани давлат имтиёзларидан маҳрум қилиб, кўчага улоқтириши мумкинлигидан ташвиш билдиради.

"Қўқонда иккита етимхона бор эди. Биттаси ёпилдию тарбияланувчилари бозорда исириқ тутатиб юрганини кўрганмиз. Ҳозир билишимча, Марғилондаги етимхонани ёпиб, болаларни оилаларга тарқатиб юборишмоқчи, бинони мактаб ёки касалхона қилишмоқчи. Менинг ўзим шу етимхонада 1-синфдалигимдан тарбияланганман. Ўзбекистонда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси қатор имтиёзларга эга. Квартира берилади, умумий баллдан 36 олса, бюджетга ўқишга қабул қилинади. Менинг ўзим ҳам ҳозир студентман. Ҳозир бу болалар бу ердан чиқиб кетса имтиёзсиз қолади, квартира ҳам ололмайди, ўқишга ҳам киролмайди, кўчада қолади", - дейди Шермуҳаммад Деҳқонов.

Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармасининг Меҳрибонлик уйлари бўйича масъул ходими Восит Каримов Марғилондаги 1-сон Меҳрибонлик уйи ёпилаётганини Озодликка тасдиқлади.

Мулозим бу ёпилишга икки йил аввал етимхонада юз берган воқеаларнинг алоқаси йўқлигини айтди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг қаровсиз қолган болаларни тарбиялашнинг шакл ва методларини такомиллаштириш мақсадида 2008 йилда қабул қилинган 104-сон қарорига мувофиқ бу ишга қўл уриляпти.

"Қабул қилинган янги низомга кўра, бизда бу ёғига Меҳрибонлик уйлари бўлмайди. Болаларни иложи борича оиласига қайтарамиз. Умуман, ота-онаси бўлмаган болалар учун Қўқонда "Болалар шаҳарчаси" ташкил этилади. У ерда болалар алоҳида оилаларга бўлинган ҳолда, алоҳида уйларда яшашади. Ҳамма бола бир жойда ётиб-турадиган етимхона деган тушунча бўлмайди бизда. Эртага қийналмасин, "етимхонадан чиққан" деган тушунча билан яшамасин, деб шу иш қилиняпти", - дейди Восит Каримов.

Аммо Марғилондаги Меҳрибонлик уйининг ёпилиш санаси, Восит Каримовга кўра, аниқ эмас.

"Оилаларга қайтариш чоралари кўриляпти. Лекин бу Меҳрибонлик уйи эрта ёки индинга ёпилади, дегани эмас", - деди Каримов.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ногиронлик уйлари, мактаб ҳамда боғчаларда болалар калтаклангани, айрим боғчалар тунги исловотхонага айлантирилгани ҳоллари ўртага чиқди.

Зўрлаш ва таҳқирлашлар

Марғилондаги 1-сон Меҳрибонлик уйида энг шов-шувли воқеа 2018 йилда содир бўлди.

2018 йилнинг бошида ушбу етимхонада ҳимоясиз болалар таҳқирлангани, зўрлангани ва ҳомиладор қизчалар боласини туширишга мажбурлангани, етимларга ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилган хайрия маблағлари талон-торож қилингани ҳолатлари юзасидан жиноят иши очилиб, жами 16 шахс ўта оғир жиноятларда айбланди.

Меҳрибонлик уйи раҳбари ҳамда муовини, ҳисобчиси ва ўндан зиёд тарбиячи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 115-моддаси (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш) 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) сингари жаъми 10 га яқин моддаларида кўзда тутилган жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 йилдан 10 йилгача муддатга қамалди.

Ўзбекистон таълим-тарбия масканларида бундай қонунбузарликлар фақат Марғилондаги Меҳрибонлик уйида фош этилгани йўқ.

Марғилондаги ҳодисадан олдин Озодлик Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги болалар боғчаларида тунги пайтларда қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш фаолияти юритганлик ҳолатлари акс этган видеотасвирларни эълон қилган эди.

Видеолавҳада Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги боғчаларнинг кечқурунлари фоҳишахонага айлангани акс этган.

Боғча: Кундузи қийноқхона, кечаси ишратхона
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00

2016 йил ноябрь ойида хавфсизлик камерасига тушиб қолган тасвирларда боғча қоровуллари болалар дам оладиган хонани пул эвазига жинсий хизмат кўрсатадиган аëлларга бергани кўринади.

Видеотасвирлар Озодликда эълон қилингач, боғча раҳбарлари лавозимидан олиниб, жиноят иши қўзғатилган эди.

XS
SM
MD
LG