Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:31

Фарғона прокуратураси "притонга айлантирилган" Меҳрибонлик уйини тафтиш қилмоқда


Фарғона ҳуқуқ-тартибот идоралари Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида етимларга ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилган хайр-эҳсон пуллари талон-тарож қилингани, болалар уйи тарбияланувчилари жинсий ва жисмоний эксплуатация қилингани юзасидан тергов бошлади. Озодликка Фарғонадаги бир неча манбадан келган бу хабарни вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари тасдиқлади.

Озодликнинг аниқлашича, болалар уйининг бошлиғи Камолиддин Орипов ҳамда қаровули қамоққа олинган. Ориповнинг икки муовини, бош ҳисобчи ва ўнга яқин тарбиячи ишдан олиниб, улар устидан ҳам жиноят иши очилган.

Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Меҳрибонлик уйи раҳбари ўз танишлари ва қариндошларини ишга олиш орқали давлат мулки ва болалар уйи тарбияланувчилари учун ажратилган миллионлаб сўм пулни талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

- Болалар уйининг бир қанча раҳбар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси, (Давлат мулкини талон-тарож қилиш) ва 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши очилди, - деди Фарғона ҳуқуқ-тартибот идраларида ишловчи мулозим.

Бундан ташқари терговчилар Меҳрибонлик уйида вояга етмаган қизлар фоҳишаликка жалб этилгани ва улардан жинсий хизмат кўрсатишда фойдаланилгани ҳақидаги даъволарни ҳам ўрганмоқда.

- Меҳрибонлик уйини притонга айлантиришган. Етимларга деб берилган миллионлаб ҳайр-эҳсон пуллар ўмарилган. Ҳозир бу бўйича прокуратура тергов олиб бормоқда, - деди Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозим.

Меҳрибонлик уйи техник ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда туман прокуратураси терговчилари болалар уйи тарбиячилари ва тарбияланувчиларини бирма-бир сўроқ қилаётгани, айримлари гинеколог текширувидан ўтказилганини айтди.

- Болалар уйини жинсий хизмат кўрсатадиган фоҳишахонага айлантирган ва ёш қизлардан фоҳиша сифатида фойдаланган, дейиляпти. Шунинг учун, қизлар бирма-бир сўроқ қилинмоқда. Бокиралигини текшириш учун гинеколог текширувидан ҳам ўтказишмоқда, ёш-ёш қизлар бокира чиқмабди, - деди Меҳрибонлик уйи ходими.

Болалар уйининг қаровули ҳам ҳибсга олинган.

-У Болалар уйига келган одамларни бошлиқни буйруғи билан киритиб турган. Ҳозир у СИЗОда, - деди Меҳрибонлик уйидаги аҳволдан хабари борлигини айтган марғилонликлардан бири.

Марғилон туман прокуратураси расмийси Озодлик билан суҳбатда 1-сонли Меҳрибонлик уйида тафтиш ўтказилаётгани, айрим мансабдорларга нисбатан жиноят иши очилганини тасдиқлади, лекин тергов сири важидан бу ҳақда маълумот беролмаслигини айтди.

Марғилон Халқ таълими бўлими маъсул ходимига кўра, ҳозир Меҳрибонлик уйига янги раҳбар тайинланган, янги тарбиячилар ишга олинган.

- Ҳозир у ердаги аҳволни ўнглашга ҳаракат қиляпмиз. Янги директор тайинланди. Янги тарбиячиларни ишга олдик. Ҳозир болалар уйидаги вазиятни тўлиқ назоратимизга олганмиз, - деди Марғилон Халқ таълими бўлими маъсул ходими.

Ўзбекистон таълим-тарбия масканларида қонунбузарликлар илк бор фош этилаётгани йўқ.

Шу йилнинг феврал ойида Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги болалар боғчаларида тунги пайтларда қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш фаолияти юритганлик ҳолатлари акс этган висдеотасвирларни Озодлик эълон қилган эди.

Боғча: Кундузи қийноқхона, кечаси ишратхона
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00

Видеолавҳада Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги боғчаларнинг кечқурунлари фоҳишахонага айлангани акс этган.

Унда¸ хусусан¸ боғча қоровуллари болалар дам оладиган хонани пул эвазига жинсий хизмат кўрсатадиган аëлларга бергани ҳам кўрсатилади.

Видеотасвирлар Озодликда эълон қилингач, боғча раҳбарлари лавозимидан олиниб, жиноят иши қўзғатилган эди.

XS
SM
MD
LG