Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:02

"Портловчи қурилма": Ўзбекистонликлар газ ҳисоблагични танлаш имкони йўқлигидан норози


Ўзбекистондаги 3.5 миллиондан ошиқ хонадонга фақат "Texnopark" МЧЖ газ ҳисоблагичларини ўрнатиш Шавкат Мирзиëев қарорлари асосида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистондаги 3.5 миллиондан ошиқ хонадонга фақат "Texnopark" МЧЖ газ ҳисоблагичларини ўрнатиш Шавкат Мирзиëев қарорлари асосида амалга оширилмоқда.

Андижонда янги ўрнатилган “ақлли газ ҳисоблагич”нинг портлаши ортидан ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар ўзларига танлов имконияти берилмаганидан норозилик билдиришмоқда.

24 сентябрь куни Андижон шаҳридаги хонадонлардан бирида ўрнатилган “ақлли газ ҳисоблагич” икки соат ўтиб-ўтмай, портлаб кетгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Бахтли тасодиф туфайли ҳодисада ҳеч ким талафот кўрмаган.

Портлаган газ ҳисоблагични Тошкент шаҳар ҳокимига қарашли Texnopark МЧЖ ишлаб чиқарган. Уни истеъмолчи хонадонига давлатга қарашли “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўрнатган.

Портлаш сабабларини ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ҳозирча унинг расмий хулосаси жамоатчиликка очиқланмади.

2 октябрь куни Озодлик бу эътирозлар¸ қолаверса¸ уларга ишлаб чиқарувчи¸ ўрнатувчи томон¸ шунингдек¸ истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга масъул агентлик мулозими жавобини ўрганди.

Кескин эътирозлар

Андижонда “ақлли газ ҳисоблагич”нинг портлаши жорий ҳафта ижтимоий тармоқлардаги фаол ўзбекистонликлар қизғин муҳокама қилаëтган бош мавзулардан бирига айланди.

Президент қарори билан келаси йил 1 августига қадар 3.5 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик уйига айни шундай газ ҳисоблагич ўрнатилади ва оқибатда 3.5 миллион ўзбекистонлик уйи Андижондаги каби эҳтимолий портлаш саҳнасига айланиши мумкин. Шу эҳтимолдан чўчиëтган ўзбекистонликлар газ ҳисоблагични ишлаб чиқарганни ҳам¸ ўрнатганни ҳам жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.

Айни пайтда¸ ўзбекистонликларни у жараëнда ўзларига танлов имкони берилмагани жунбушга солмоқда.

Ижтимоий тармоқда кенг танилган Troll.uz канали фаоллари “Ҳудудгазтаъминот” матбуот котиби Меҳрибон Маметова билан тортишувда 3.5 миллион ўзбекистонлик истеъмолчини мажбуран Жаҳонгир Ортиқхўжаев бренди сотаëтган газ ҳисоблагичга ўтказишга норозилик билдирди.

Агар биз ҳуқуқий давлатда яшаганимизда эди¸бизнинг хоҳишимизга қарши битта фирманинг ҳисоблагичларини ўрнатишмас эди”¸ деб ëзди муҳокама қатнашчиларидан бири.

Аксар истеъмолчилар ўз уйига потенциал бомба ўрнатилишини истамаслиги ва Андижондаги портлашдан сўнг бу лойиҳа ижросини тўхтатиб¸ Texnopark ҳисоблагичларини мустақил техник экспертизадан ўрнатишни талаб қилмоқда.

Давлат буюртмачиси – «Ҳудудгазтаъминот” изоҳи

Ўзбекистонликларни ëппасига табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими (русча қисқартмаси АСКУГ)га ўтказиш лойиҳаси буюртмачиси давлатга қарашли “Ҳудудгазтаъминот” AЖ.

Бу лойиҳа доирасидаги 3.5 миллион донадан ортиқ “ақлли газ ҳисоблагич”ни Тошкентдаги Texnopark МЧЖси “ишлаб чиқармоқда”¸ уларни истеъмолчилар уйига “Ҳудудгазтаъминот” ходимлари ўрнатмоқда.

Андижондаги портлашдан кейин ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда қатнашаëтган “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот котиби Меҳрибон Маметова 2 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда бу эътирозларни рад қилди.

-Ишчи гуруҳ ишлаяпти. Синовларни ўтказяпмиз. Ҳозир биз томондан¸ ишлаб чиқарувчи томонидан¸ экспертлар ўрганяпти. Гуруҳ хулосасини яқинда эълон қиламиз. Республика бўйича бугунгача 400 мингта газ ҳисоблагич қўйдик. Бирорта бунақа ҳолат бўлмади¸ бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки у ерда ҳимоя клапани¸ давлениени бир текис қиладиган ускуналариям бор. Бу жуда замонавий счëтчиклар.Сифати жуда зўр. Ишлаб чиқарувчи 5 йиллик гарантия берган. Бирор нарса бўлса¸ ишлаб чиқарувчи тузатиб беради¸ деди Маметова.

Ҳозирча ишчи гуруҳ таркиби жамоатчиликка очиқланмади¸ унинг таркибида мустақил мутахассислар бор-йўқлигига оид аниқ маълумот йўқ.

“Ҳудудгазтаъмонот” матбуот котиби қиш мавсуми бошланиши билан газ босимидаги беқарорлик ортидан бундай портлашлар кўпайиши ҳақидаги хавотирларни рад қилишга уринди.

Мулозимга кўра¸ газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараëнида газ босимидаги ўзгаришлар¸ истеъмолчи жойлашган ландшафт каби жиҳатлар ҳам ҳисобга олинган.

Газ ҳисоблагичлар сифатининг “жуда баланд” эканини таъкидлаган “Ҳудудгазтаъминот” мулозими¸ уларнинг дунëда газ ҳисоблагич бўйича энг етакчи компаниялардан бири Pietro Fiorentini билан ҳамкорлик маҳсули эканини алоҳида таъкидлади.

Меҳрибон Маметова Pietro Fiorentini ишлаб чиқарган газ ҳисоблагичлар¸ Ўзбекистонда 2017 йилги пилот лойиҳа давомида синовдан ўтганини қўшимча қилди.

Ишлаб чиқарувчи – Texnopark изоҳи

2 октябрь куни Озодлик Андижонда портлаган ақлли газ ҳисоблагич ишлаб чиқарувчиси Texnopark МЧЖ расмий сайтида бош директор Сарвар Ахадовники деб тақдим этилган телефон рақамига қўнғироқ қилди.

“Ахадовнинг қурилиш ҳудудида экани”ни билдирган МЧЖ вакили¸ Андижондаги портлаш юзасидан бораëтган суриштирувда ўз вакиллари қатнашаëтганини тасдиқлади.

Комиссия экспертлари ҳали портлашнинг ишлаб чиқарувчи ëки ўрнатувчи айби билан бўлганини аниқлаштиргани йўқ. Аниқ хулосага келингандан кейин¸ расмий баëнот берилади".

Ўзбекистонликлар хонадонига ўрнатилаëтган 3.5 миллиондан ошиқ газ ҳисоблагич¸ “Ҳудудгазтаъминот” расмийси таъкидича¸ Италиянинг дунëга машҳур Pietro Fiorentini компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилмоқда. Texnopark МЧЖ ишлаб чиқараëтган газ ҳисоблагичлар сифати учун Италия компанияси ҳам кафолат берадими¸ деган саволга МЧЖ вакили¸ "йўқ" деб жавоб берди.

Бизда уларнинг оборудованиелари ўрнатилган. Ишлаб чиқараëтган бренд ўзимизнинг Osten бренди. Маҳсулот бизники”.

Texnopark МЧЖ Osten бренди билан ишлаб чиқараëтган газ ҳисоблагич¸ Ўзбекистондаги шундай қурилмалар ишлаб чиқарувчилар давлат реестрига 2020 йилнинг 26 февраль куни киритилган. Орадан бир ой ўтиб¸ 3¸5 миллион ҳисоблагич ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмаси айнан шу МЧЖга берилган.

Узоқ муддат давомида кенг кўлами синовдан ўтмаган Osten брендидаги газ ҳисоблагичларнинг хавфсизлиги истеъмолчида жиддий хавотир уйғотмоқда. Бу хавотирларга қандай жавоб берасиз?”¸ деган саволга Texnopark мулозими унга жавоб бериш ваколатига эга эмаслигини айтиш билан чекланди.

Истеъмолчини ўз уйига потенциал“портловчи қурилма” ўрнатиш босимидан ким ҳимоя қилади?

2 октябрь куни Озодлик бу саволга жавоб топиш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилди.

Агентликнинг Озодлик гаплашган мутахассисига кўра¸ газ ҳисоблагич портлаган андижонлик истеъмолчи хонадонига янги қурилма ўрнатилган.

Айни пайтда агентлик мутахассиси¸ 3.5 миллиондан ошиқ истеъмолчининг нима учун рисоладагидай техник синовдан ўтмаган Texnopark МЧЖ газ ҳисоблагичини олишга мажбурланаëтгани ҳақидаги саволга “тегишли ваколатли органлар” масъуллигини айтиш билан чекланди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга асосан¸ истеъмолчига етказиб берилаëтган ҳар қандай товар техник регламентлар¸ техник қоидаларга мос бўлиши керак. Биз газ ҳисоблагичлар сотиб олиш бўйича давлат тендерида иштирок этмаганмиз. Истеъмолчининг товар тўғрисида¸ ишлаб чиқарувчи тўғрисида тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи бор. Истеъмолчи бу борада маълумот сўраб таъминотчига мурожаат қилишга ҳақли. Ўрнатилаëтган газ ҳисоблагичларга сертификат берган ваколатли органлар ҳам истеъмолчининг бу саволларига жавоб беришга масъул”.

Ҳозиргача ўзбекистонликларни ëппасига Тошкент шаҳар ҳокими¸ Ўзбекистондаги энг йирик Акфа/Артел корпорацияси эгаси¸ президент Мирзиëевга яқин кўрилган Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли Osten брендидаги газ ҳисоблагичларга ўтказиш лойиҳаси юзасидан кун тартибига тушган саволларга "ваколатли давлат органлари"дан бирортаси жавоб берган эмас.

Хориж молия тизимларидан давлат кафолати билан олинадиган қарз ҳисобига амалга оширилаëтган бу лойиҳанинг бирламчи қиймати¸ Озодликдаги ҳужжатларга кўра¸ 555 миллион АҚШ долларига тенг.

XS
SM
MD
LG