Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:04

Мактабларнинг тўртдан бири очилди. Врачлар ўқувчиларнинг вирус ташувчига айланишидан огоҳлантирмоқда (ВИДЕО)


7 сентябрь куни мамлакат бўйлаб 329 мактаб синов тариқасида очилгани эълон қилинган.
7 сентябрь куни мамлакат бўйлаб 329 мактаб синов тариқасида очилгани эълон қилинган.

14 сентябрда Ўзбекистон мактабларида янги ўқув йили бошланди. Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатдаги 10 мингга яқин мактабдан 2635тасида ўқиш анъанавий тарзда, қолганларида онлайн-мактаб шаклида олиб борилади.

Жойлардан келаётган хабарларга қараганда, ўқув йили арафасида ўтказилган Covid-тестлари ўқитувчилар орасида вирус юқтирганлар кўплигини кўрсатган.

Айрим врачлар, аҳоли касалликка қарши эмланмагунча, мактабларни умуман очмаслик деган фикрни билдирмоқда.

Ўқитувчилар Covid-тест топширди

Қашқадарё вилоят, Косон туманидаги мактаблардан бирининг бошланғич синф ўқитувчиси Назокат (фамилияси айтилишини истамади) 14 сентябрь куни у ишлайдиган мактабда 70 га яқин ўқитувчи ишлашини, улардан 32 нафарининг тести мусбат чиққанини билдирди.

Ўша 32 ўқитувчи орасида Назокат ҳам бор. Озодлик саволларига жавоб берар экан, у йўталиб турди. Назокатнинг айтишича, унинг коронавирус юқтириб олгани 5 сентябрда маълум бўлган. У ўша куни Санитария-эпидемиолоник осойишталик марказидан келган тест натижаларига оид ҳужжатни ўз кўзи билан кўрган.

Ўқув йили арафасида бутун мамлакат ўқитувчиларидан Covid-тестлари олинаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, Андижон вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 25 минг нафар ўқитувчиси касалликка тест топширган, уларнинг 52 нафари инфекция юқтириб олгани аниқланган.

28 августдан 4 сентябргача Бўстон туман мактабларининг 1070 ўқитувчисидан Covid-19 тестини ўтказиш учун суртма олингани, 28-29 август кунлари суртма олинган 978 ўқитувчидан 14 нафарининг тести мусбат чиққани ҳақда Озодлик хабар қилган эди.

Куни кеча Озодликка Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги мактаблардан биридан (қайси мактаб эканлиги Озодликка маълум) келган хабарга қараганда, коронавирусга тест топширган ўқитувчилардан 32 нафари натижаси мусбат чиққан. Бу хабарни жўнатган ўқитувчи касалга чалинганлар рўйхатини ҳам илова қилди.

Косонлик бошланғич синф ўқитувчиси Назокат шу кунда уй карантинида, у даволанаяпти. Айтишича, карантин муддати тугагач, яна тест топширади ва соғайгани маълум бўлса, ишга қўйилади.

Covid-тест топширмаганлар ҳам бор

Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидаги 5-сонли сил ва нафас олиш органларининг сурункали касалликлари хавфи бўлган болалар учун санаторий типидаги ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси – мактаб-интернетда, тарбиячилардан бирининг 14 сентябрда Озодликка билдиришича, ҳаммаси бўлиб 100 га яқин ходим ишлайди. Улардан 30 нафари ўқитувчи ва тарбиячилардир. Бироқ бу контингент ҳали Covid-тести топширган эмас.

ССВнинг 2 кун олдинги баёноти

12 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги пандемия шароитида ўқитувчи ва ўқувчилар соғлиғини ҳимоя қилиш учун мактаб ўқитувчиларидан оммавий равишда COVID-19 учун тест олинаётганини билдирди.

"11 сентябрь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўрта таълим мактабларининг жами 486 521 нафар ўқитувчиларнинг 275 616 нафари (56,6 фоизи) махсус лаборатория усулида коронавирус инфекциясига текширувдан ўтказилди. Уларнинг аксариятида касаллик симптомсиз ва енгил шаклда кечаётгани кўринмоқда", деб хабар қилди вазирлик.

Врач: Хавф ўқитувчилардан эмас, ўқувчилардан

Ўқувчиларда касаллик аломатлари билинмаслиги мумкин, бироқ улар вирус ташувчилар сифатида оиласи учун хавфли. Бу фикрни ўзини “бирламчи бўғинда ишлайдиган врач Ҳусан” (фамилияси яхши талаффуз қилинмагани учун тушунилмади) деб таништирган поликлиника врачи ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеомонологида билдирди.

Ўзбекистонлик врач мактаблар фақат онлайн ишлаши лозимлиги тўғрисида гапирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:34 0:00

5.34 дақиқали видеочиқиши давомида коронавирусга қарши курашнинг бир қатор муҳим жиҳатларига тўхталган врач мактабларнинг очилиши билан боғлиқ масала юзасидан бундай дейди:

"Мактабларда ўқишни анъанавий бошласак, болалар вирусларни ташувчан бўлгани учун улар ота-онасига юқтиради, натижада касаллик ҳолатлари кескин ортиб кетади. Чунки 30 та бола битта хонада тўпланади ва ёпиқ хонада вирус концентрацияси кўпайиб кетиб, икки соатда ҳаммасига юқади. Шунинг учун мактаблар фақат онлайн ишлаши лозим".

Бу фикр акс этган видеони кўрган андижонлик врач Отабек Аҳлиддинов Озодлик саволига жавобан бундай ёзди:

Муаммо шундаки, ёшларда ва мактаб ўқувчиларида касаллик симптомсиз ёки енгил ўтиб кетади, шу сабабдан мактаб ўқувчилари ўзлари оғир касал бўлмасада, касаллик тарқатувчи ролини ўйнайди ва уйда ўтирган қариялар билан сурункали касали борларнинг касаллик юқтириш эҳтимоли жуда ошиб кетади. Хуллас¸ уйда мактаб ўқувчиси бор оилада¸ албатта ¸касаллик ривожланиши 100%”.

Ҳукумат қарор қабул қилиш масъулиятини маҳаллий расмийларга ташлади

Мамлакатдаги 10 мингга яқин мактабдан 2635 тасидагина ўқишни анъанавий тарзда, қолганларида таълимни онлайн-мактаб шаклида олиб боришга қарор қилингани ҳукуматнинг врачлар ташвишини тушунаётгани деб қабул қилиш мумкин.

Халқ таълими вазирлигининг 9 сентябрда билдиришича, мактабларни очиш тўғрисида фақат маҳаллий кенгашлар қарор қабул қилади. Бунда мактабларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ва санитария эпидемиология ва осойишталик маркази хулосалари эътиборга олинади.

Масалан, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг 14 сентябрда хабар қилишича, “Санитария-эпидемиология осойишталик марказлари, тиббиёт бирлашмаларининг хулосалари, ўқитувчилардан олинган тест натижалари ҳамда халқ депутатлари туман кенгашларининг тегишли қарорларига кўра, вилоятнинг 9 та ҳудудидаги 38 та умумтаълим муассасаларида жорий йилнинг 14 сентябридан босқичма-босқич анъанавий тарзда дарслар бошланди”.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG