Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:06

Ўқув йили бошланишига 5 кун қолди. Қишлоқ ва туман мактаблари ҳануз қўлювгич, пирометр ва медкабинет учун маблағ тополмаётир


Андижон вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бири 9 сентябрь куни синов тариқасида дарслар бошланди, ўқувчилар COVID-19 фильтридан ўтмоқда.
Андижон вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бири 9 сентябрь куни синов тариқасида дарслар бошланди, ўқувчилар COVID-19 фильтридан ўтмоқда.

Умумтаълим мактабларининг бу йилги ўқув йили учун очилиши, уларнинг махсус "COVID-19 фильтр" гуруҳлари ва камида 2 та махсус медкабинетни тайёрлашига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Мактаб ўқитувчиси ва раҳбарларидан олинган маълумотга кўра, улардан 1 нафардан ҳамшира, санитар, ИИВ, Миллий гвардия ходими иборат "COVID-19 фильтр" гуруҳи ҳамда кичик мактабларда камида 1 та, йирикларида эса 3 та махсус хонани тайёрлаш талаб қилинмоқда.

Қўйилган талабга кўра, хоналардан бири тиббий кўрик, яна бири изолятор хонаси бўлиши лозим. Йирик мактабларда 3 тадан ётоқ ўрни бўлган камида 2 та изолятор хонасини тайёрлаш кўзда тутилган. Ҳар 30 ўқувчига бир қўлювгич бўлиши шарт.

Қишлоқ ва туманлардаги айрим мактаблар, махсус хоналарни тиббий жиҳоз ва зарур дори-дармон билан таъминлаш учун ҳануз ҳокимлик маблағ ажратишини кутаётгани маълум бўлди. Уларнинг аксарида пирометр, дезинфекция воситаси қуйиладиган дозатор ёки пульверизаторлар умуман йўқ.

9 сентябрь куни айнан маблағ масаласида баёнот берган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, маҳаллий органларни зарур бўлмаган бошқа сарф-ҳаражатларни тўхтатиб, мактаб учун маблағ ажратишга чақирди.

Халқ таълими вазири мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари 14 сентябрь куни очилиши мумкинлиги ҳақида 25 август куни маълум қилган эди.

Бу ўринда, мактабларда коронавирусга чалинган ўқувчи ва ўқитувчиларни остонадаёқ аниқлаб, тегишли чораларни кўра оладиган махсус гуруҳ - "COVID-19 фильтр" гуруҳи тайёр бўлиши шарт.

Озодлик 9 сентябрь куни гаплашган Тошкент ва вилоятлардаги бир неча йирик шаҳар мактабларида фильтр гуруҳлари тайёрлиги ҳақида маълумот олди. Аммо, махсус изолятор хоналари учун жиҳозлар ва ўқувчилар иссиғини ўлчайдиган пирометр ёки дезинфекция воситаси қуйиладиган дозаторлар, сепиладиган пульверизаторлар ҳануз етарли эмас.

Жумладан, Тошкентнинг Юнусобод туманида, 2 минг ўқувчи ўқийдиган умумий ўрта таълим мактабларидан бирида ишлайдиган мусиқа ўқитувчисига кўра, 9 сентябрга келиб мактаб очилишга қарийб тайёр бўлган:

“Битта медкабинет бор эди, у ерда ҳамшира билан психолог ўтирарди. Шуни ёнига яна битта хона қўшилди – изолятор. Ичида 2 та кушеткаси бор, медикамент, стол-стуллар тайёр қилинди. Мактабни эшиклариниям ажратдик, ленталар қўйиб, кичкина синфлар алоҳида эшик, ўрталари алоҳида, юқори синфлар алоҳида эшикдан кирадиган қилдик. Энди ҳозир бу хоналарни жиҳозлаш қолган, кейин ҳамма залларгаям дозаторлар қўйилмади ҳали. Гороно (Тошкент шаҳар халқ таълими бўлими – таҳр.) ҳокимиятдан маблағ ажратилади, деган”.

Шунингдек, Зарафшон шаҳридаги 1 минг 700 ўқувчиси бўлган мактабда ишлайдиган ўқитувчи ҳам "COVID-19 фильтр" қарийб тайёрлигини айтди:

“3 та хона ажратилди бизда. Олдин битта медкабинетда битта ҳамшира ўтирарди. Ҳозир, ўша кабинет ёнидаги 2 та омборхонани изолятор қилишди. 3 та хонада 3 тадан 9 та кушетка қилинди. У хоналарни атрофи ленталар билан тўсилди, ўзини алоҳида эшиги бор. Жиҳозларни шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармасидан олиб келишди, йиғилишда айтишди шунақа деб. Инструкция билан бошланғич ва юқори синфларни эшигиниям ажратдик, синфхоналарга сануголок (санитария гигиена буюмлари турадиган ва қўл ювиладиган бурчак – таҳр.) қилдик. Лекин, буни синф раҳбарлари ўзини ҳисобидан қилдик, қолгани давлат ҳисобидан”.

Озодлик гаплашган ўқитувчилар ва мактаб раҳбарларига кўра, йирик шаҳарлар ва пойтахтларда очилишга қарийб ҳозир бўлган мактаблар, қишлоқ ва туманларда ҳануз тайёр эмас.

Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Нурафшон қишлоғида жойлашган – 280 ўқувчи ўқийдиган 58-умумтаълим мактаби директори Аҳад Ашуровга кўра, унинг мактабида тайёргарлик битмаган.

Директорга кўра, вазирликдан берилган кўрсатмага биноан, мактабга келаётган ўқувчиларни тегишли кўрикдан ўтказиш учун 4 кишилик махсус гуруҳ мактаб дарвозасига қўйилиши лозим:

“Битта ҳамшира, битта санитар, битта ИИВ ва битта Миллий гвардия аскари эшикни олдида туриши керак, дейишди. Улар кириб-чиқаётган ўқувчиларни текширади. Мактаб биносида битта оддий медкабинет, битта карантин хонаси бўлиши керак. Биз хоналарни ажратдик, мактаб ҳисобидаги бор пул билан таъмирлаб қўйдик. Лекин жиҳозлар йўқ. Туман ҳокимияти қилиб берамиз, деган. Кутяпмиз”.

Унинг айтишича, ҳар бир мактабда 30 ўқувчига бир дона қўлювгич бўлиши шарт, ҳозир унинг мактабида буни олиш учун ҳам етарли маблағ йўқ:

“Бизнинг мактаб 1998 йилда ишга тушган ва ўшанда буён бирор марта таъмирланмаган. Ҳали ковид фильтрдан ташқари, таъмир муаммоси, қишда иситиш тизими муаммолари бор. Лекин, бизнинг мактабда Чугуртма маҳалла фуқаролар йиғинининг болалари қатнайди, аксар ота-оналар анъанавий таълим турини танлаган – очилишимиз керак энди”.

Директорнинг айтишича, мактабда тайёргарлик битганидан сўнг, Санитария эпидеомилогия осойишталик агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бошқармалари, шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари вакилларидан иборат махсус гуруҳ мактабни назоратдан ўтказади.

Мактаб тайёр деб топилгач, ўқитувчилар коронавирус учун тест топширади ва сўнгра, мактаб жойлашган ҳудуддаги эпидемиологик вазият болаларнинг ўқишга қатнашига монеълик қилмаган тақдирда, мактабнинг очилишига қарор қилинади.

9 сентябрь куни, айнан шу масалада чиқиш қилган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, 14 сентябрдан очилиши айтилган мактабларнинг тақдири маҳаллий ҳокимлик органлари ажратадиган эътибор ва маблағга қараб қолганини тан олди.

Телеграм тармоғидаги саҳифасида берган баёнотида вазир, Ўзбекистонда мактаблар очилиши бўйича қарорни фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари қабул қилишини билдирди:

“Маҳаллий депутатлар мактаб очишдан аввал уни пирометр, дозатор (ёки пульверизатор), антисептик ва дезинфекция воситалари билан таъминлаш учун маблағлар ажратилгани, мактабларга етарли воситалар етказиб берилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина кенгашда ушбу мактаб фаолиятини бошлаш бўйича қарор қабул қилиши мумкин”.

Вазирга кўра, агар мактаб тайёр деб топилмаса, у ҳолда ўқувчилар ўша ҳудудда очилишга тайёр бўлган бошқа мактабларга қатнайди ёки 14 сентябрдан теледарслар орқали масофавий таълим олишга мажбур бўлади.

Айни пайтда вазир, ҳозирга келиб маҳаллий бюджет маблағларини тақсимлаш ваколати берилган Маҳаллий кенгашларни, биринчи галда мактабга эътибор қаратишга чақирди:

«Албатта, маҳаллий бюджетда маблағлар етарли бўлмаган шароитда, қайсидир бошқа харажатларни қисқартириб, уни бу йўналишларга сарфлаш бўйича қарор қабул қилиш ваколати ҳам айнан маҳаллий кенгашларда. Масалан, туман марказини ободонлаштириш учун маблағ ажратиш муҳимми ёки мактабларга антисептик воситаларни сотиб олиб беришми деган саволга маҳаллий кенгаш депутатлари жавоб топишларига тўғри келади”.

Халқ таълими вазирлиги берган маълумотга кўра, 2020-2021 ўқув йилига келиб, мамлакатдаги жами умумтаълим мактаблари сони 9942 тага етган, уларнинг қарийб 72,75 фоизи (7233 та мактаб) қишлоқда жойлашган.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, 25 август куни, Telegram тармоғи орқали мактабларда ўқиш 14 сентябрдан бошланиши мумкинлигини билдирган эди.

Ўшанда вазир, бу йил умумтаълим мактабларидаги ўқишга 3 та сценарий асосида ҳозирлик кўрилганини билдирган:

1) анъанавий мактабни очиш,

2) онлайн мактаб орқали ўқитиш,

3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий, ҳам онлайн.

Вазир, бу ўқув йили олдидан, таклиф қилинган сценарийлар бўйича, ота-оналар фикрини ўрганиш учун сўров эълон қилинганини билдирган ва уларни сўровда фаол қатнашишга чорлаган.

Озодлик 9 сентябрь куни гаплашган мактаб ўқитувчилари ҳамда раҳбарларига кўра, қишлоқ ва туманларда ота-оналарнинг аксари анъанавий таълим турини танламоқда – яъни, болаларини мактабга жўнатиш истагини билдирмоқда. Боиси, қишлоқларда масофавий таълим учун етарли маблағ ва сифатли Интернет алоқаси йўқ.

Аммо, Озодликка маълум бўлишича, айнан туман ва қишлоқларда мактаблар пандемия шароитида ўқувчиларни қабул қилишга ҳануз тайёр эмас.

XS
SM
MD
LG