Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:02

Бобомурод Абдуллаевнинг рафиқаси турмуш ўртоғининг Тошкентга топширилган бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқда


Бишкек суди ўтган ҳафта Бобомурод Абдуллаевни 2020 йил 8 сентябригача ҳибсда сақлаш қарорини чиқарган.
Бишкек суди ўтган ҳафта Бобомурод Абдуллаевни 2020 йил 8 сентябригача ҳибсда сақлаш қарорини чиқарган.

Бишкекда ҳибсга олинган ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг рафиқаси Қутлиқиз Балхибоева Озодлик билан суҳбатда эрининг Бишкек расмийлари томонидан махфий равишда Ўзбекистонга топширилган бўлиши мумкинлигидан ташвишга тушиб қолганини айтди.

Бир ҳафтадан бери турмуш ўртоғимнинг ёнига адвокатлари қўйилмаяпти. Бу менда: “Бобомурод ими-жимида Ўзбекистонга бериб юборилган бўлиши мумкин”, деган хавотирни уйғотди. Уни икки ҳафтада Бишкекка қайтариш шарт билан Тошкент махсус хизматларига топширган бўлишлари мумкин. Худо кўрсатмасин, мабодо бу кўнгилсиз шубҳам тўғри бўлса, эрим у ёқда, ўтган сафар бўлганидек, шафқатсиз қийноқларга тутилиши аниқ. Агар Бобомурод Ўзбекистонга бериб юборилмаган бўлса, нега эримни адвокатларига узоқдан бўлса ҳам, ўзлари айтганидек, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда кўрсатишмаяпти?” дея савол ташлади Қ. Балхибоева.

Ўзбекистонлик журналистнинг турмуш ўртоғи 17 августдан эътиборан бутун Марказий Осиё мамлакатларида ҳаво ҳароратининг пасайгани ҳам ташвишини янада орттирганини қайд этди.

Бобомурод 2017 йили Тошкентда ҳибсга олинган пайтда қийноққа тутилганидан кейин бир даста касаллик орттириб олган. Бишкекда қўлга олинишидан аввал ҳам бел оғриғидан (грижа), юрак оғриғидан ва уйқусизликдан шикоят қилаётганди. Уч йил аввал орттирган бу дардлари ҳаво совиганидан кейин янаям кучаяди. Тергов ҳибсхонасида эса шароит қанақалигини ҳеч ким билмайди. Адвокатларга Бобомурод билан учрашиб, ҳеч бўлмаганда иссиқ кийим бериб қўйишларига рухсат этилиши керак, агар у Тошкентга топширилмаган бўлса, агар Қирғизистон чиндан ҳам инсон ҳуқуқларига озгина риоя қиладиган мамлакат бўлса”, деган Қ. Балхибоева турмуш ўртоғи Германияга ўқишга кетгунигача ҳам (2019 йил, ноябрь) Тошкентда доимий таъқиб остида яшаганини қўшимча қилди.

Суҳбатдошга кўра, модомики Бобомуроднинг ёнига ҳеч ким қўйилмаётган экан, айбдор ёки айбсизлиги аниқлангунига қадар, уни ўзи яшаётган хонадонда “уй қамоғи”да тутиб туриш ҳам мумкин эди.

Қирғизистонни “Марказий Осиёдаги энг демократик ўлка” дейишарди. Аммо ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг ўлимидан кейин бу гапларга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай ўтирибман”, деди журналистнинг рафиқаси.

Унинг талабига кўра, турмуш ўртоғининг олдига зудлик билан адвокатларидан ҳеч бўлмаганда бир нафари ҳамда шифокор киритилиши лозим.

Бобомурод Абдуллаевнинг олдига адвокатлари қўйилмаётгани ҳақида Озодлик бундан бир ҳафта муқаддам хабар қилган.

Бу орада журналистнинг адвокатлари МХДҚ тергов ҳибсхонасида сақланаётгани айтилаётган ўз мижози билан ҳалигача учраштирилмаганларини тасдиқладилар.

Бизга айтишларича, унинг ёнига овқат олиб кираётган фельдшерларгина қўйилаётган экан”, деди адвокат Наталья Котик 18 август куни “Озодлик” радиосига.

Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинганди. МХДҚ журналистнинг Ўзбекистон сўровига кўра ушланганини билдирган.

10 август куни Бишкекнинг Биринчи май суди Б. Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган. Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида ушлаб туриладиган бўлган.

Саккиз кун аввалги суд олдидан Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган, бироқ ўзининг бу тахаллус остида мақолалар ёзганини қатъиян рад этган.

Айни пайтда, қайд этиш жоизки, Б. Абдуллаев қўлга олинганидан бери “Қора мерган”нинг Телеграм тармоғидаги аккаунтида олтита мақола ёйинланди. Мазкур мақолаларнинг сўнггиси 17 август куни чоп қилинган.

Маълумотларга кўра, журналист Бобомурод Абдуллаев Қирғизистонга шу йил февралида Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган, бунга қадар эса у Германияда таҳсил олган. Аммо коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб қолгани учун у ўқишини давом эттириш учун Бишкекдан Европага учиб кетолмай қолган.

Айтилишича, Б.Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш”) ва 159-моддасида (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг қўлга олиниши ортидан “Чегарасиз мухбирлар” (RSF), Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now, Norwegian Helsinki Committee (NHC), Human Rights Watch (HRW) ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) каби нуфузли ташкилотлар расмий Бишкекни ўзбекистонлик журналистни зудлик билан озод қилишга чақирганлар.

Бу каби чақириққа АҚШ Давлат департаменти ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм ҳам қўшилган.

XS
SM
MD
LG