Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Бишкекда қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг олдига адвокатлари қўйилмаяпти


Журналист Бобомурод Абдуллаев.
Журналист Бобомурод Абдуллаев.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳибсга олинган ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг олдига ҳимоячилари киритилмаяпти. Бу ҳақда Озодликка унинг адвокатларидан бири Наталья Котик маълум қилди.

Адвокатга кўра, у икки кундан бери Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўз мижози – Бобомурод Абдуллаев билан учрашишга муваффақ бўлолмаяпти.

14 кунлик карантинни баҳона қилишяпти. 11 август куни менга: “Бугун камераларни дезинфекция қилишяпти, эртага соат 9.30 да келиб учрашишингиз мумкин”, дейишганди. Бугун айтилган вақтда келсам, “карантин туфайли сизни учраштиролмаймиз”, дейишди. Бобомурод касал эмас, мен ҳам касал эмасман. 10 август куни 5 соат унинг ёнида бўлганман. Қизиғи, карантин қоидаси фақат Б. Абдуллаевга тегишли эмиш. Агар бевосита кўришишнинг имкони бўлмаса, ўртада ойнаси бўлган хонада ҳам учрашишимиз мумкин эди-ку ахир?..” деди МХДҚ масъуллари қароридан ҳайронлигини яширмаган адвокат Н. Котик.

Наталья Котик айни пайтда Б. Абдуллаевнинг бошқа адвокатлари билан маслаҳатлашган ҳолда, МХДҚ масъулларининг хатти-ҳаракати юзасидан Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий марказга шикоят қилиш ниятида эканини қўшимча қилди. Бундан ташқари, ҳимоячилар ўз фаолиятларига МХДҚ томонидан тўсқинлик қилинаётгани юзасидан тегишли идораларга ҳам шикоят йўлламоқчилар.

Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинганди. Қўмита журналистнинг Ўзбекистон сўровига кўра ушланганини билдирган.

10 август куни Бишкекнинг Биринчи май суди Б. Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган. Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида ушлаб туриладиган бўлган.

Душанба кунги суд олдидан Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзининг ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган. Айни пайтда “Қора мерган”нинг Телеграм тармоғидаги аккаунти Б. Абдуллаев қўлга олинганидан кейин ҳам фаолият кўрсатишда давом этмоқда.

Озодликнинг қирғиз хизмати маълумотига кўра, Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш”) ва 159-моддасида (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш”) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Маълумотларга кўра, журналист Б. Абдуллаев Қирғизистонга шу йил февралида Марказий Осиёдаги Америка университети таклифи билан 4 ойлик ўқишга келган. Аммо коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб қолгани учун у ўқишини давом эттириш учун Европага учиб кетолмай қолган.

Аввалроқ Б. Абдуллаев YouTube видеопорталидаги ўз каналида айрим блогер ва ёзувчилар уни “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган киши ўлароқ гумон қилаётганларини, бироқ ўзининг у одам эмаслигини таъкидлаб, чиқиш қилган.

Эслатиб ўтамиз, журналист Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган. Шундан сўнг у 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумон қилиниб, судланган. Маҳкама давомида Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларнинг аксарияти муаллифи эканини тан олган, бироқ ўзи ёзган мақолаларда давлат тўнтаришига чақириқ бўлганини рад этган. Шу билан бирга, судда журналистга нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилгани қайд этилган.

Прокурор Б.Абдуллаевга 5 йиллик қамоқ жазоси сўраган. Бироқ 2018 йил 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган маҳкамада журналист Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- моддаси, 1- қисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинланган ҳамда суд залидан озод қилинган. Журналистнинг ҳибсда сақланган 221 кун эътиборга олиниб, судда бу муддат белгиланган жазо муддатидан чиқариб ташлаган.

Бобомурод Абдуллаевнинг суд залидан озод қилиниши қатор нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТнинг Матбуот эркинлиги бўйича вакили, Amnesty International , CPJ ва бошқа инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан олқишлаган.

XS
SM
MD
LG