Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:02

Мажбурий карантинда ушлаб турилган “Адабиёт” газетаси муҳарририда коронавирус аниқланган


Бахтиёр Карим 26 июнь куни Озодлик билан суҳбатда "сиёсий мақсадларда" карантинда ушлаб турилгани, карантин давомида касаллик юқтиришидан хавотирда эканини айтганди.
Бахтиёр Карим 26 июнь куни Озодлик билан суҳбатда "сиёсий мақсадларда" карантинда ушлаб турилгани, карантин давомида касаллик юқтиришидан хавотирда эканини айтганди.

Ўзбекистонда "Ҳақиқат ва тараққиёт"социал-демократик партиясини тузиш ташаббускорлардан бири, "Адабиёт" газетаси бош муҳаррири, 61 ёшли Бахтиёр Каримда коронавирус аниқланган. 4 июль куни Озодлик билан суҳбатда журналист касалликни мажбурий карантин даврида юқтирган бўлишини айтди. Бахтиёр Карим бир ҳафта аввал сиёсий мақсадларда карантинда ушлаб турилгани, карантин давомида касаллик юқтиришидан хавотирда эканини Озодликка айтганди.

"Адабиёт" газетаси бош муҳаррири, 61 ёшли Бахтиёр Карим карантинга олинганидан бир ой ўтиб, 3 июль куни унда коронавирус аниқланган.

Бу хабарни журналистнинг ўзи 4 июль куни Озодликка тасдиқлади: Кеча айтишди коронавирус аниқланди деб. Бир кун аввал анализ олиб кетишганди. Ҳозир мени карантин зонасидан ТошМИга ўтказишди. Аҳволим қониқарли, нафас бўғилиши йўқ, ҳозирча, - дейди Бахтиёр Карим.

6 июнь куни ўғлининг ишхонасидан коронавирус чиққанидан сўнг Бахтиёр Каримни оилавий равишда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманининг Ўртасарой қишлоғида қурилган карантин жамлоғига олиб кетишганди.

Лагерга ётқизилганидан 11 кун ўтгач, 17 июнда уни оиласидан ажратиб, Тошкентнинг Нукус кўчасидаги вақтинча Covid-карантин лагерига айлантирилган Тери, таносил касалликлари клиникасига жойлаштиришди.

Бахтиёр Карим 26 июнь куни Озодлик билан суҳбатда "сиёсий мақсадларда" карантинда ушлаб турилгани, карантин давомида касаллик юқтиришидан хавотирда эканини айтганди.

- Хавотир бор эди ва хавотирларим тўғри чиқди. Бу ерда соғ одам касал бўлиб чиқиши мумкин, дегандим. Бир ойлик карантин даврида беш марта анализ топширдим. Ҳаммаси манфий чиққан, оҳиргиси мусбат чиқди. Демак, касалликни карантин пайти юқтирганман, - дейди Бахтиёр Карим.

Бахтиёр Карим янги ташкил қилинаётган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясида координатор экани, ташкилий масалаларда партия билан боғлиқ аксар сўзлашмаларни ўзи олиб боришини айтган.

Янги партия тузиш ташаббусчиларидан яна бири, иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов 26 июнь куни Озодлик билан суҳбатда Бахтиёр Каримнинг карантинда муддатидан ортиқ ушлаб турилиши унинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрни билдирганди.

“Албатта сиёсий сабаб бор. Чунки биз шу кунда вилоятларда, туманларда партиянинг ташкилий гуруҳларини шакллантириш устида иш олиб боряпмиз. Янги партиянинг ташаббусчилар гуруҳи аъзоси Бахтиёр Карим бизнинг мувофиқлаштирувчимиз, телефон марказимиз эди. Шундай деб эълон қилганмиз ва партияга қизиққанлар ҳаммаси билан алоқани у қилиши керак эди”.

Профессор Хидирназар Аллақулов май ойида Ўзбекистонда янги партияга зарурат борлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда қилган чиқишларида гапирган ва шундан сўнг Озодлик уни суҳбатга тортган эди.

Ҳур фикр минбарига айланишга улгурган "Адабиёт" ва унинг муҳаррири

Бахтиёр Карим муҳаррирлик қилаётган “Адабиёт” газетаси ташкил топганига шу кунларда уч йил тўлди. Газетхонлар фикрича, "Адабиёт" ҳур фикр минбарига айланишга улгурди.

Масалан, Жамол Камолнинг 2018 йилда чоп этилган “Фикрсизлик фожиаси” мақоласи “Ўзбекистон 25 йил давомида бир одамнинг ақли билангина яшади, қолганларга фақат қарсак чалиш ҳуқуқи берилди холос”, деган сўзлар билан бошланган эди.

Газета расмий матбуот ҳатто номини тилга олишга қўрқадиган муаллифлардан буюртма асосида таҳлилий мақолалар қабул қилиб чоп эта бошлади. Шукрулло, Жамол Камол, Гулчеҳра Нуруллаева, Темур Пўлатов, Жаҳонгир Муҳаммад мақолалари ўқувчиларда айниқса кучли таассурот уйғотди.

“Албатта, бу юқорига ёқмасди, айниқса Хайриддин Султон жанобларига. Шунинг учун улар 2018 йили газетанинг бир сонини мусодара қилдилар. Тошкент босмахоналари шартнома тузмай қўйгач, ноилож вилоятларга бориб газетани чоп этишга мажбур бўляпман”, деди Бахтиёр Карим Озодликка.

Бахтиёр Карим 1959 йили Марғилонда туғилган. Миллий Университет филология факультетини 1982 йили тугатган. "Фан ва турмуш"," Ёш куч", "Шарқ юлдузи" журналларида хизмат қилган. Ҳозирда "Адабиёт" газетаси бош муҳаррири.

XS
SM
MD
LG