Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:48

Фарғоналик фермер дала шийпонида ўзини осди


Буғдой ва буғдойзор
Буғдой ва буғдойзор

Фарғона вилоят, Учкўприк туманининг Султонобод қишлоғида яшаган фермер 42 яшар Акмалжон Отабеков 9 июль куни ўз дала шийпонида осилган ҳолда топилди.

Марҳум яқинларига кўра, Акмалжон ўзини осишдан аввал дала шийпони эшигини ичкаридан қулфлаб олган ва укасига қўнғироқ қилиб, чақиртирган.

Марҳумни яқиндан билган фермер, унинг ўз жонига қасд қилишига ҳокимлик томонидан режадан ортиқ буғдой топширишга мажбурлагани сабаб бўлганини иддао қилмоқда.

Учкўприк тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари туманда бирорта фермерга бундай мажбурият юкланмаганини, фермернинг ўлимидан эса мутлақо хабари йўқлигини айтди.

Учкўприк тумани ИИБнинг ўзини таништирмаган мулозими Акмалжон Отабековнинг ўлимини тасдиқлади:

“Ҳа, ўзини осиб қўйибди, дейишяпти. Лекин бу ҳақда маълумотим йўқ. Бу иш билан туман прокуратураси шуғулланяпти”.

Акмалжон Отабековни яхши танийдиган, исми сир қолишини сўраган учкўприклик фермерлардан бирининг айтишича, воқеа 9 июль куни эрталаб марҳумнинг даласида содир бўлган:

Эшикни ичкаридан қулфлаб, ўзини осиб қўйган экан.

“Укасининг айтишича, Акмалжон эрталаб соат 8 да тезда далага етиб кел, комиссия келармиш деб қўнғироқ қилган. Укаси борса дала шийпони ичидаги уйга кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб, ўзини осиб қўйган экан. Тезда арқонни кесиб тушириб олса аллақачон жони чиққан экан. Бир хат ҳам ёзиб қолдирган дейишади, лекин у хат ҳозир кимнинг қўлида, билмайман”.

Фермернинг иддао қилишича, бир-икки кун аввал туман ҳокими режадан ортиқ яна беш тонна буғдой топширасан деб босим қилаётганини Акмалжонга айтган:

Ҳокимлик яна қўшимча беш тонна буғдой талаб қилаётган экан.

"Акмалжоннинг ери сув таъминоти жуда ҳам қийин бўлган “Обод ўлка” чўл ҳудудида жойлашган. 26 гектар ери бор. Шартномаси 51,5 тонна буғдой топшириш эди. У 51,6 қилиб бажарган. Ҳокимлик яна қўшимча беш тонна буғдой талаб қилаётган экан. Ўзи чўл ҳудудда ғалла етиштириш жуда қийин, яна бунинг устига қўшимча ғалла сўраш ҳокимлик учун янгилик эмас. Вилоят учун, республика учун беш тонна, ўн тонна қўшиб бер деб эзиб юборишади.”

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир фермернинг айтишича, Акмалжон ва бошқа фермерлар шу пайтгача ўтган йили кластерга сотган пахтасининг пулини ололмаган:

Биринчи, республикани режаси, вилоятни режаси, туманни режаси ва ҳокимнинг ўзини режаси.

“Ҳақиқатан, ҳоким жуда қийнаворди. Фермернинг кўз тиккани шу буғдой эди. Чунки кластер ҳали ҳам аксарият фермернинг пахта пулини бермаган. Мана, қўшни Бувайда тумани режадан ортиқ 200 тонна топширган, холос. Бизнинг туман минг тоннадан ошиқ топширса ҳам, яна фермерларни қўймаяпти. Ҳозир бизда асосий режадан ташқари яна тўртта “режа” бор. Биринчи, республикани режаси, вилоятни режаси, туманни режаси ва ҳокимнинг ўзини режаси. Мисол учун 100 тонна шартномадаги режа бўлса, қўшимча “режа”лар билан 150 тоннага бориб қоляпти, шунда ҳам қийнаяптида”.

Учкўприк тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Азизжон Эрматов 10 июль куни Озодлик билан суҳбатда, бир кун олдин фермернинг ўзини осганлиги воқеасидан мутлақо хабари йўқлигини айтди:

“Йўқ, йўқ, йўқ, унақа воқеа содир бўлмади. Мени умуман хабарим йўқ, ҳозир сиздан эшитиб турибман”.

Азизжон Эрматов фермернинг ўзини осишига ортиқча буғдой топширишга мажбурлангани сабаб бўлиши ҳақидаги иддаоларга бундай деб жавоб берди:

“Учкўприк тумани буғдой планини вилоятда иккинчи ёки учинчи бўлиб, бошида бажарган. Бизда буғдой мўл-кўл бўлди. Пландан ортиғи фермерларнинг ўзларига, ишчиларига қолган. Бирорта фермернинг режасидан ортиқ буғдойи олинмаган”

42 яшар Акмалжон Отабековнинг 11-синфда ўқийдиган бир ўғли етим қолди.

Озодлик хабар топган фермерлар суиқасди

Ўзбекистонда ҳукумат режасини бажариш босими¸ бор буғдойини ўриб олиш ортидан фермерларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари тез-тез учраб туради.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида 29 ёшли фермер 2019 йил 24 апрель куни ўз уйи молхонасида ўзини осган эди.

Беруний тумани ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган ходими фермернинг ери рухсатсиз экин эккани учун олиб қўйилганини тасдиқлаган эди.

Сурхондарёнинг Денов тумани Беруний қишлоғидаги фермер хўжалиги раҳбари Шерали Бекназаров 2018 йилнинг 14 октябрь куни ўз уйи подъездида осилган ҳолда топилди.

Қариндошлари ва маҳалладошлари Озодликка 61 ёшли фермернинг пахта заводига белгиланган нормада пахтани топширмагани учун тазйиққа олиниши ортидан жонига қасд қилганини айтди.

Озодлик ​Қашқадарё вилояти Миришкор туманинининг Калта қишлоғида яшаган 50 яшар фермер Шерали Давроновнинг 18 июнь куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берганди.

2017 йилнинг июнида Қашқадарё вилояти Косон туманида фермерлик қилиб келган Ўктам Эшмуродов даласидаги шийпонда ўзини осган эди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган суиқасд тафсилотларига яқин косонликлар иддаосича, 43 яшар фермер буғдой режасини бажара олмагани учун ҳокимдан калтак еганидан сўнг ўзини ўлдирган.

Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Чўнбоғиш Қутбиддин” фермер хўжалиги бошлиғи Ҳусниддин Ражабов ҳам ўтган йилнинг 21 июнь куни ўзини осиб қўйган эди. Избосканлик фермерларга кўра, Ражабов режадан орттирган ва ишчиларига тақсимлаш ниятида олиб қўйган буғдойини туман ҳокими тортиб олгандан сўнг, ўз жонига қасд қилган.

2015 йили Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.

Ундан олдин, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томонидан ҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осганди.

2013 йилда Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак хуружидан вафот этган эди.

XS
SM
MD
LG