Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Сурхондарёда туман ҳокими таҳқирлаган фермер ўзини осди


Сурхондарёнинг Денов тумани Беруний қишлоғидаги фермер хўжалиги раҳбари Шерали Бекназаров 14 октябрь куни ўз уйи подъездида осилган ҳолда топилди.

Қариндошлари ва маҳалладошлари Озодликка 61 ёшли фермернинг пахта заводига белгиланган нормада пахтани топширмагани учун тазйиққа олиниши ортидан жонига қасд қилганини айтди.

Ўзини осган 61 ёшли фермер Шерали Бекназаров Сурхондарёнинг Денов тумани Беруний қишлоғида 15 октябрь куни дафн этилди.

Қариндошлари ва деновлик бошқа фермерларнинг Озодликка айтишларича, ўлимидан олдин Денов тумани пахта пунктида ўтказилган пахта йиғим-теримига бағишланган мажлисда туман ҳокими Бекназаровни кунлик пахта топшириш режасини бажармаган бошқа ҳамкасблари қаторида ҳақорат аралаш қаттиқ койиган.

Таъқибга олиниш эҳтимоли мавжудлигидан чўчиб шахси сир тутилишини сўраган маҳаллий фермерлардан бири бу ҳақда Озодликка шундай деди:

- Мен ҳам шу мажлисда бор эдим. Ўша куни йиғилишда турғизиб, ҳаммани олдида изза қилди. Уйингдан пиёланггача тортиб оламиз, деб камситди. Бизда мажлисларда пахта планини бажармаётган фермерлар қандай сиқувга олинишини билсангиз керак, ҳозир фермерларга аввалги йиллардагидан босим ўн чандон кўп бўляпти. Шерали ака чидай олмаган, заифлик қилиб уйини подъездига ўзини осган.

Фермер - пахта тазйиқи қурбони

Ўз жонига қасд қилган 61 ёшли фермер Шерали Бекназаров​ рафиқаси ва 23 ёшли ўғли билан Денов тумани Беруний қишлоғидаги икки қаватли уйдаги икки хонали квартирада яшаган.

Марҳум Бекназаровнинг исми сир қолишини истаган яқин қариндоши Озодликка 14 октябрь куни бўлган воқеани сўзлаб берди:

- Кечқурун мажлисдан анча тушкун ҳолда келдилар. Ҳамма нарсани айтмадилар, лекин кўринишидан ёмон қилишган. Ҳоким ҳаммани олдида ҳақорат қилган, таҳқирлаган, "керак бўлса кўчада қолдираман, ҳамма нарсангни тортиб оламан" деган, ерга урган. Гаплашиб бўлганимиздан сўнг "энди бориб ухланглар", деди. Эрталаб домни подъездида осилган ҳолда кўрдик.

Сурхондарёдаги масъул идоралар вакиллари олдинига фермер ўз жонига қасд қилганини рад этишга уринди.

Денов тумани ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалалари бўйича муовини Шаймамат Шерқобулов фермер хўжалиги раҳбари ўлимидан хабари борлиги, лекин у ўзини осмаганини айтди.

- Хабаримиз бор, ҳозир пахта билан бўлиб, бу билан шуғулланишга вақт ҳам бўлмаяпти. Ўлганини эшитдик, лекин билишимча у ўзи ўлган, жонга қасд қилиш бўлмаган у ерда, - деди Шаймамат Шерқобулов.

Денов тумани ҳокими муовини мажлисларда режани бажармаган фермерларга нисбатан "қаттиққўллик" бўлишини тасдиқлади, лекин 14 октябрь кунги мажлисда нима бўлганини эслай олмаслигини айтди

-Ўша кунги мажлисни тўғриси эслай олмаяпман. Лекин, бу фермер пахта бўйича орқада эди. Мажлисларда фермерлардан план талаб қилинади, қаттиққўллик бўлади-да, лекин ўзини осадиган даражада бўлмайди, - деди Денов тумани ҳокимининг муовини.

Озодлик фермернинг ўз жонига қасд қилгани юзасидан Денов тумани ҳокими Улуғбек Қосимовнинг ўзидан изоҳ ололмади.

Қосимовнинг ёрдамчиси ҳоким пахта даласида эканини айтди.

Денов туман ички ишлар бўлимидагилар фермер ўзини осгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишди.

Жойлардан олинаётган хабарларга қараганда, бу йил пахта кеч етишгани ва эрта совуқ тушгани боис фермер хўжаликлари бошлиқлари қаттиқ босим остида қолган.

Бош вазир Абдулла Арипов ҳар куни ўтказаётган селектор йиғинларида бу йилги пахта йиғим-теримида сусткашликка йўл қўйган 100 дан ортиқ фермер хўжалиги ва туман раҳбарларига интизомий чора кўрилган.

Ўзбекистонда ҳокимдан гап эшитган фермерларнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақда Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Шу йил июнида Қашқадарё вилояти Миришкор туманида фермерлик қилган 50 яшар фермер Шерали Давронов 18 июнь кечқурун ўз жонига қасд қилди.

Озодликка келган бу хабарни тасдиқлаган ички ишлар мулозимига кўра, Шерали Давронов уй айвонининг тўсинига ўзини осган.

Фермернинг яқинлари ўша куни туман ҳокими уни буғдой режасини бажармагани учун мажлисда уриб ҳақорат қилганидан сўнг уйга келиб ўз жонига суиқасд қилганини айтганди.

Ўтган йил Қашқадарё вилояти Косон туманида фермерлик қилиб келган Ўктам Эшмуродов даласидаги шийпонда ўзини осган.

43 яшар фермер буғдой режасини бажара олмагани учун ҳокимдан калтак еганидан сўнг ўзини ўлдиргани ҳақда унинг яқинлари Озодликка маълум қилган эди.

Уч йил олдин Андижон вилояти Избоскан туманида фермерлик қилган 29 ёшли Нодирбек Ҳайдаров туман ҳокими ва прокурори ўтказган мажлисдан чиқиб, ўзини осиб қўйган эди.

Озодлик манбаларига кўра, ҳоким ва прокурор фермерни буғдой режасини бажармагани учун қаттиқ койиган ва у мажлисдан чиқиб, қишлоқ хўжалиги бўлими ҳожатхонасида ўз жонига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG