Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:34

Ўзбекистон Қирғизистоннинг икки талабини бажарди, Қирғизистон Ўзбекистон қўйган талаблар устида бош қотирмоқда


1 июнь куни Боткен вилоятидаги “Чечме” ўтказиш пунктида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов учрашган эди.
1 июнь куни Боткен вилоятидаги “Чечме” ўтказиш пунктида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов учрашган эди.

Сўхда 31 май куни содир этилган низо ортидан ўтказилган Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати ўртасидаги музокараларда Тошкент Бишкекдан учта муаммони ҳал этишни сўради.

Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўновнинг 4 июнь куни қирғиз парламентида айтишича, Қирғизистон Ўзбекистондан икки муаммони ҳал қилишни илтимос қилган. Ўзбекистон бу муаммони музокаралар чоғидаёқ ҳал қилиб берган.

Расмийнинг айтишича, Қирғизистон Ўзбекистоннинг уч илтимоси юзасидан ҳозирда бош қотирмоқда.

Сўх можароси юзасидан 4 июнь куни қирғиз парламентига ҳисобот берган Бош вазир ўринбосари Қубатбек Бўрўнов ўзбек-қирғиз чегарасидаги сўнгги низодан кейинги икки томонлама учрашувда Ўзбекистон кун тартибига уч масалани қўйганини айтди:

“Учрашувда Ўзбекистон томони бизга уч масалани қўйди. Биринчиси - Риштон туманидаги “Қайтмас” постини очиб бериш бўйича. Иккинчиси - яйлов, учинчиси – Тўқтўғул сув омбори ёки Сирдарёдан суғориш даврида сув олиш масаласи”.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади. 2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.

1 июнь куни сўхликлар билан шахсан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов қирғиз расмийлари билан Сўх-Риштон йўлини очиш тўғрисида гаплашганини айтган ва уларга йўл масаласида талаб қўйганини билдирган эди.

Қубатбек Бўрўновга кўра, Сўх-Риштон йўли бўйича Ўзбекистонга “Бугун-эрта очиб берамиз деган ваъда берилмади”.

“Бу масалани сизлар билан бирга ишлаб, икки давлатнинг комиссиялари доирасида кўриб берамиз, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига ҳам аъзо эканимизни инобатга олиб кўриб чиқамиз” дедик - деди Қубатбек Бўрўнов.

Унга кўра, икки давлат ўртасида можорага сабаб бўлиб келган яйловлар масаласида Қирғизистоннинг Боткен ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти раҳбарларига топшириқ берилди. Улар масалани ўрганиб, яйловлардан ҳамкорликда фойдаланиш режасини тақдим этишлари лозим. Шундан кейин бу масала ҳукумат даражасида муҳокама қилинади.

Қубатбек Бўрўров суғориш мавсумида Тўқтўғул сув омбори ёки Сирдарёдан Ўзбекистон қишлоқларига сув бериш масаласи ҳам ҳозирча ҳал этилмаганини таъкидлади.

-Ўзбекистонга сув масаласини имкониятга қараб кўриб чиқамиз, деган жавоб қайтардик, - деди Бош вазир ўринбосари.

Қирғизистон ҳам музокаралар чоғида Ўзбекистондан икки муаммони ҳал қилишни илтимос қилган. Ўзбекистон бу муаммони музокаралар чоғидаёқ ҳал қилиб берган.

“Биринчиси – чегараларни аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини тезлаштириш. Бунга рози бўлишди. Иккинчиси – Сўх тумани атрофидаги Қирғизистоннинг икки қишлоғига сув чиқмай қолган экан. Масала жойида ҳал этилиб, қишлоқларимизга сув берилди. Жанжалнинг сабаби бўлган Чашма булоғи сувини қўшни томон ўзига буриб олган экан. У аввалги ҳолига келтирилди”.

31 майда Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистонинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи ўртасидаги булоқ суви талашидан келиб чиққан жанжал ортидан 1 июнь куни Боткен вилоятидаги “Чечме” ўтказиш пунктида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов учрашган эди.

Сўзлашув натижасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати чегарадаги сўнгги воқеани ҳамкорилкда тергов қилиш ва айбдорларни жазога тортишга келишиб олган.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.Ўзбекистон томонидан 187 ва Қирғизистон томонидан 25 одам турли жароҳат олган.

XS
SM
MD
LG