Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:45

UZ/Коронавирус: Карантин 15 июнгача узайтирилди, "Яшил ҳудуд"ларда тўйларга рухсат берилади


Бухоро яна коронавирусли ҳудудга айланди.
Бухоро яна коронавирусли ҳудудга айланди.

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

- 30 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 3513, тузалганлар 3 минг кишига яқин, 14 бемор вафот этди.

- Россиядан 60 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтмоқчи, хориждаги ватандошлар қўшимча чартер рейс талаб қилмоқда, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга грант берди.

- Вилоятлар эпидемиологик вазиятга кўра қизил, сариқ ва яшил зоналарга ажратилди. Ҳар 3 зонада ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

- Тожикистонда ҳайит намози ўқилмайдиган бўлди, Франция, Италия ва Грецияда соҳиллар очилди, Трамп вирус олдини олиш учун безгакка қарши дори ичмоқда.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунёда 4 миллион 809 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 318 мингдан ошиқ, тузалганлар 1 миллион 791 мингдан ошиқ.

Яна тўрт фура ҳайдовчисида коронавирус аниқланди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 27 май куни 2 нафар Россиядан, 28 май куни 1 нафар Қозоғистон ва яна 1 нафари Сирдарё вилоятиги «Гулистон» чегара пости орқали мамлакатга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида коронавирус аниқланган.

Бундан олдин Озодлик Россияга помидор олиб бориб қайтган ўзбекистонлик ҳайдовчи 22 май куни Қозоғистон-Ўзбекистон чегараси постидаги текширувда коронавирус аниқланганига қарамай, шериги билан Избоскан тумани (Андижон вилояти)даги уйигача етиб боргани ҳақида хабар қилган эди.

Бу эса кириб келиши билан ҳар бир фура ҳайдовчисини карантинга олиш лозиммасмиди?, деган саволларни ўртага чиқарди.

Ўзбекистонда ССВ маълумотига кўра, 2020 йил 30 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 кишига кўпайиб, 3513 нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 2 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари эса Наманган вилоятидан — жами 8 нафар аҳоли орасида қайд этилган.

Мамлакатда ҳозирга қадар 14 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.

Шаҳар ва туманларнинг карантин даражаси қайта кўриб чиқилди

Ўзбекистоннинг туман ва шаҳарлари кесимида карантин даражасини қайта кўриб чиқди. Тошкент шаҳри «сариқ» ҳудудлигича қолди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги хабар берди.

Тошкент

Шаҳарнинг барча туманлари «сариқ»: Мирзо Улуғбек тумани, Миробод тумани, Олмазор тумани, Сергели тумани, Учтепа тумани, Яшнобод тумани, Чилонзор тумани, Шайхонтоҳур тумани, Юнусобод тумани, Яккасарой тумани.

Тошкент вилояти

  • «Қизил» ҳудуд: Бекобод шаҳри, Нурафшон шаҳри, Янгийўл шаҳри, Оққўрғон тумани, Зангиота тумани, Қибрай тумани, Паркент тумани, Янгийўл тумани, Тошкент тумани, Юқори Чирчиқ тумани.
  • «Сариқ» ҳудуд: Ангрен шаҳри, Чирчиқ шаҳри, Бекобод тумани, Қуйи Чирчиқ тумани, Ўрта Чирчиқ тумани, Чиноз тумани.
  • «Яшил» ҳудуд: Олмалиқ шаҳри, Оҳангарон шаҳри, Оҳангарон тумани, Бўстонлиқ тумани, Бўка тумани, Пискент тумани.

Қорақалпоғистон Республикаси

  • «Қизил» ҳудуд: Қўнғирот тумани, Тахтакўпир тумани.
  • «Сариқ» ҳудуд: Нукус шаҳри.
  • «Яшил» ҳудуд: Амударё тумани, Беруний тумани, Қонликўл тумани, Қораўзак тумани, Кегейли тумани, Мўйноқ тумани, Нукус тумани, Тўрткўл тумани, Хўжайли тумани, Чимбой тумани, Шуманай тумани, Элликқалъа тумани, Тахиатош тумани, Бўзатов тумани.

Андижон

  • «Қизил» ҳудуд: Андижон шаҳри, Андижон тумани.
  • «Яшил» ҳудуд: Хонобод шаҳри, Балиқчи тумани, Бўз тумани, Булоқбоши тумани, Избоскан тумани, Қўрғонтепа тумани, Марҳамат тумани, Улуғнор тумани, Хўжаобод тумани, Жалақудуқ тумани, Шаҳрихон тумани, Олтинкўл тумани, Пахтаобод тумани, Асака тумани.

Бухоро

Барча туманлар «яшил» ҳудуд: Когон шаҳри, Бухоро тумани, Вобкент тумани, Когон тумани, Қоровулбозор тумани, Пешку тумани, Ромитан тумани, Шофиркон тумани, Жондор тумани, Ғиждувон тумани, Олот тумани, Қоракўл тумани, Бухоро шаҳри.

Жиззах

Барча туманлар «яшил» ҳудуд: Жиззах шаҳри, Арнасой тумани, Бахмал тумани, Ғаллаорол тумани, Шароф Рашидов тумани, Дўстлик тумани, Зомин тумани, Зарбдор тумани, Зафаробод тумани, Мирзачўл тумани, Пахтакор тумани, Фориш тумани, Янгиобод тумани.

Қашқадарё

Барча туманлар «яшил» ҳудуд: Қарши шаҳри, Шаҳрисабз шаҳри, Деҳқонобод тумани, Қамаши тумани, Қарши тумани, Косон тумани, Касби тумани, Китоб тумани, Миришкор тумани, Муборак тумани, Нишон тумани, Чироқчи тумани, Шаҳрисабз тумани, Ғузор тумани, Яккабоғ тумани.

Навоий

  • «Қизил» ҳудуд: Зарафшон шаҳри.
  • «Сариқ» ҳудуд: Конимех тумани, Хатирчи тумани.
  • «Яшил» ҳудуд: Навоий шаҳри, Кармана тумани, Қизилтепа тумани, Навбаҳор тумани, Нурота тумани, Томди тумани, Учқудуқ тумани.

Наманган

  • «Қизил» ҳудуд: Наманган шаҳри, Наманган тумани, Уйчи тумани.
  • «Сариқ» ҳудуд: Норин тумани.
  • «Яшил» ҳудуд: Косонсой тумани, Мингбулоқ тумани, Тўрақўрғон тумани,Чортоқ тумани, Поп тумани, Чуст тумани, Учқўрғон тумани, Янгиқўрғон тумани.

Сирдарё

Барча туманлар «яшил» ҳудуд: Ширин шаҳри, Боёвут тумани, Гулистон тумани, Сайхунобод тумани, Сирдарё тумани, Гулистон шаҳри, Мирзаобод тумани, Оқолтин тумани, Сардоба тумани, Янгиер шаҳри, Ховос тумани.

Самарқанд

  • «Қизил» ҳудуд: Самарқанд шаҳри, Оқдарё тумани, Иштихон тумани, Пайариқ тумани, Пастдарғом тумани, Самарқанд тумани, Тойлоқ тумани, Ургут тумани.
  • «Сариқ» ҳудуд: Жомбой тумани.
  • «Яшил» ҳудуд: Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон тумани, Нарпай тумани, Қўшработ тумани, Нуробод тумани, Булунғур тумани, Пахтачи тумани.

Сурхондарё

  • «Қизил» ҳудуд: Сариосиё тумани.
  • «Сариқ» ҳудуд: Термиз шаҳри.
  • «Яшил» ҳудуд: Қизириқ тумани, Музробод тумани, Узун тумани, Бандихон тумани, Термиз тумани, Ангор тумани, Денов тумани, Олтинсой тумани, Бойсун тумани, Жарқўрғон тумани, Қумқўрғон тумани, Шеробод тумани, Шўрчи тумани.

Фарғона

Барча туманлар «яшил» ҳудуд: Фарғона шаҳри, Қўқон шаҳри, Қўштепа тумани, Боғдод тумани, Бешариқ тумани, Сўх тумани, Бувайда тумани, Қувасой шаҳри, Данғара тумани, Ўзбекистон тумани, Риштон тумани, Учкўприк тумани, Фарғона тумани, Фурқат тумани, Тошлоқ тумани, Ёзёвон тумани, Марғилон шаҳри, Қува тумани, Олтиариқ тумани.

Хоразм

Барча туманлар «яшил» ҳудуд: Тупроққалъа тумани, Хива шаҳри, Боғот тумани, Хонқа тумани, Қўшкўпир тумани, Янгиариқ тумани, Хива тумани, Шовот тумани, Янгибозор тумани, Гурлан тумани, Урганч тумани, Хазорасп тумани, Урганч шаҳри.

Аввалроқ Ўзбекистонда карантин 15 июнгача узайтирилгани, «яшил» ҳудудларга тўй-маърака ўтказишга рухсат берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Ўзбекистонда карантин 15 июнгача узайтирилди. "Яшил" ҳудудларда тўйларга рухсат берилади

Бу ҳақда коронавирусга қарши махсус ҳукумат комиссияси маълум қилди.

Махсус комиссия қарори билан амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди.

Шу билан бирга 2020 йил 1 июндан бошлаб риэлторлик, реклама ва маркетинг фаолиятига рухсат берилади.

Сариқ ҳудудларда автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолияти санитария талабларига қатъий риоя қилган, шу жумладан, тиббий ниқоб, тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳамда автотранспорт воситаларини дезинфекция қилган ҳолда ташкил қилиниши лозимлиги айтилган.

Яшил ҳудудларда санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолияти (ҳостеллар бундан мустасно), спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолияти; оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилади.

Бунда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади.

Қизил ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, «яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши айтилган.

Шофирконга кириш ва чиқиш тўхтатилди. Бир оиланинг 7 аъзосида коронавирус топилди

Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани “қизил” ҳудуд тоифасига киритилди. Шу муносабат билан туманга кириш ва чиқиш тўхтатилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 май куни Шофиркон туманидаги битта оиланинг 7 аъзосида коронавирус аниқлангани тўғрисида хабар берганди. Шу муносабат билан туманга кириб-чиқиш 28 майидан бошлаб тўхтатилган ва коронавирусга қарши кураш тезкор штаби тузилган.

Одамларнинг бемақсад кўчада юриши ва тўпланишининг олдини олиш, жамоат жойларида тиббиёт ниқобида юриш, COVID-19 вирусини юқтириб олишдан сақланиш учун назорат кучайтирилган.

Балиқчи ва Избосканда ҳайдовчи юз одамнинг карантинга олинишига сабабчи бўлди

Избоскан ва Балиқчи туманида коронавирусда гумонланган юк автомашинаси ҳайдовчиси билан мулоқотда бўлган юзга яқин одам 14 кунлик карантинга олинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 май куни хабар берди.

Маълумотда айтилишича, 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р., Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ., билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган.

Шу куннинг ўзида ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ., да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган.

Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган.

“Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчининг ҳам ўз уйларидан топилган. Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган”, - дейилади хабарда.

Эпидемиологик суруштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р., ва Б.Қ., билан мулоқотда бўлган 100 нафарга яқин фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар сони 3463 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3463 нафарга етганини билдирди. Бу 28 май соат 23:00даги кўрсаткичдан 19 киишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 2 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, яна 2 нафари Сирдарё вилоятида Қозоғистон орқали келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида аниқланган. 15 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган бўлиб, шундан 10 нафари Шаржадан, 3 нафари Новосибирскдан чартер рейс билан келган, қолган 2 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган”, дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусдан соғайганлар сони 2694 нафарга етди. Коронавирусдан соғайиш даражаси эса 77 фоизни ташкил қилмоқда.

Касалхоналарда эса коронавирус юққан 755 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 6 нафари оғир аҳволда, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Самарқанддаги ҳарбий шаҳарчада 1000 ўринли карантин мажмуаси қурилади

Самарқанддаги ҳарбий шаҳарчадаги 9 гектар майдонда 1000 ўринли карантин комплекси қурилиши бошланди. ЎзА хабарига кўра, ҳозирда бу ерга “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти томонидан контейнерлар келтирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса мажмуа учун зарур тиббий ускуналар, диагностика ва даволаш жиҳозлари етказиб беряпти.

Айни пайтда мазкур ҳарбий қисмнинг бўш турган 18 гектар ер майдонида шифохона мажмуаси қурилиши бошланган.

100 ўринли шифо маскани турли хасталиклар, жумладан юқумли касалликларга чалинган беморларни даволашга мўлжалланиши, унинг таркибида даволаш ва реанимация бўлимлари ташкил этилиши айтилмоқда. Бу ерда тиббиёт ходимлари учун турар жойлар ҳам қурилади.

Бош пудратчиси “Бунёдкор обод Пастдарғом” давлат унитар корхонаси бўлган мажмуани бир ой давомида қуриб, фойдаланишга топшириш режаланган.

Мазкур тиббий муассасалар келгусида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилиши белгиланган.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар сони 3396 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 28 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3396 нафарни ташкил этмоқда. Бу 27 май соат 23:30даги маълумотда келтирилган кўрсаткичдан 27 киишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 16 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 7 нафар аҳоли орасида, Самарқанд вилоятида 1 нафар аҳоли орасида, Тошкент вилоятида эса 1 нафар аҳоли орасида, 2 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида коронавирус инфекцияси аниқланган”, дейилади хабарда.

Вазирлик Ўзбекистонда коронавирус бўйича илк ҳолат аниқланган 15 мартдан то шу кунгача 2668 нафар бемор бутунлай соғайганини ҳам маълум қилди.

Расман билдирилишича, ҳозирда коронавирусга чалинган 714 нафар бемор касалхонада қолмоқда. Улардан 1 нафари ўта оғир аҳволда, 3 нафари эса оғир аҳволда.

Тошкент вилоятида «яшил», «қизил» ва «сариқ» ҳудудлар рўйхати янгиланди

Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда тоифалаштирилган туман(шаҳар)лар рўйхати янгиланди.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг 27 майда билдиришича, Бекобод, Янгийўл, Нурафшон шаҳарлари, Қибрай, Оққўрғон, Зангиота, Паркент, Тошкент, Юқори Чирчиқ, Янгийўл туманлари «қизил» ҳудудларга кирди.

Aнгрен, Чирчиқ шаҳарлари, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Ўрта Чирчиқ туманлари "сариқ" ҳудудлар сифатида белгиланди.

"Яшил" ҳудудлар – Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Оҳангарон, Бўка, Бўстонлиқ, Пискент туманлари.

Бухоро яна коронавирусли ҳудудга айланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Ўзбекистонда 27 май соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3369 нафарни ташкил этмоқда. Бу соат 16:00даги маълумотга қараганда 14 кишига кўпроқдир.

Янги касалланиш ҳолатларининг 7 таси Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги битта оила аъзолари орасида аниқланган. Мазкур ҳолат ушбу вилоятга коронавирус инфекцияси қайтганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, янги беморларнинг 5 нафари Тошкент шаҳрида аҳоли орасида аниқланган. 2 таси эса Тошкент вилоятидан (халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида ва 1 ҳолат аҳоли орасидан аниқланган).

Айни пайтда 687 нафар бемор даволанишда. Беморлардан бири ўта оғир аҳволда, 3 нафари эса оғир аҳволда.

Ҳозирда Ўзбекистон бўйича коронавирусдан 2668 нафар бемор бутунлай соғайган, 14 киши эса вафот этган.

Россияда оғир аҳволда қолган 786 ўзбекистонликка молиявий ёрдам кўрсатилди

Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси ва бошқа дипломатик ваколатхоналари таъсис этган “Меҳр” хайрия лойиҳаси Россияда оғир аҳволга тушиб қолган 786 нафар ўзбекистонликка 4 миллион 900 минг рубль миқдорида бир марталик молиявий ёрдам кўрсатилди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 14 майдан 22 майгача молиявий ёрдам олганларнинг 493 нафари Россия олий ўқув юртлари кундузги бўлимида таълим олаётган талаба.

Ёрдам олганлар орасида 5 нафар ногирон, қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган ҳамда ҳомиласи 7 ойликдан ошган 32 нафар аёл, COVID-19 инфекцияси тасдиқланган 13 киши ҳам бор.

Бундан ташқари Санкт-Петербургдаги консулхонаси 41 нафар ўзбекистонликнинг хостелда истиқомат қилиш ҳақини ҳам тўлаб берган.

18 майдан 23 майга қадар 202 та эҳтиёжманд оилага икки ҳафталик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.

“Келиб тушаётган мурожаатлар билан самарали ишлаш ва маблағларни тенг миқдорда тақсимлаш, шунингдек, «мехр.рф» портали барқарор ишлаши учун кунига 1000 (минг) та мурожаат қабул қилиш чеклови ўрнатилди”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон элчихонаси Россияда оғир вазиятга тушиб қолган ватандошларга 2020 йил 14 майдан моддий ёрдам берилишини эълон қилган эди.

“Меҳр” хайрия лойиҳаси доирасида кўрсатиладиган молиявий ёрдам бир марталик экани билдирилган.

“Мазкур ёрдам Россияда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (12130 рубль) келиб чиққан ҳолда бир марталик пул маблағини фуқаронинг банк картасига ўтказиб бериш шаклида амалга оширилади”, дейилган баёнотда.

"Меҳр" хайрия акцияси қатор ҳомийлар ва ҳамкорлар кўмагида амалга оширилмоқда.

Хоразмда коронавирусга чалинган беморларнинг барчаси соғайди

Хоразмда 26 май куни коронавирусга чалинган сўнгги 3 киши тузалди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, бу билан вилоятда коронавирус инфекцияси қайд этилган жами 233 нафар беморнинг барчаси соғайди. Хоразм вилояти эса “яшил” ҳудудга айланди.

Бундан ташқари 26 май куни Наманган вилоятида 7 нафар ҳамда Самарқанд вилоятида 2 нафар, жами 12 нафар бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

“Наманганда шифо топганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (5 нафари Наманган шаҳри, Уйчи ва Наманган туманларидан 1 нафардан) бўлиб, 5 нафари эркак, 2 нафар аёл. Улар орасида ёши каттаси 75 ёшли онахон бўлса, ёши кичига 17 ёшда. Вилоятдан ани пайтга қадар 240 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда 247 нафарга етиб, даволанаётганлар 3 нафарни ташкил этмоқда. Ушбу вилоят ҳам коронавирусдан ҳоли ҳудуд бўлишга яқин турибди”, дейилади расмий хабарда.

Самарқандда тузалганлар ҳам (30 ёшли ва 24 ёшли эркак) ушбу вилоятдан бўлиб, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан. Эндиликда вилоятда соғайганлар 249 нафарга етиб, даволанаётганлар 89 нафарни ташкил қилмоқда.

26 май ҳолатига кўра, 29 нафар бемор тузалиб, коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2636 нафарни ташкил этмоқда.

Сўнгги 14 кунда 734 кишида коронавирус топилди, улардан 185 нафари хориждан келганлар

Сўнгги 14 кунда Ўзбекистонда 734 кишида коронавирус аниқланди, 17та чартер рейс билан олиб келинган 4056 нафар, чегара ўтказиш постлари орқали кириб келган 11 216 нафар ҳамда мулоқотда бўлганлар билан биргаликда ҳисобланганда жами 20 035 нафаро фуқаро стационар карантинга олинди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳромжон Игамбердиев берган маълумотларни вазирлик матбуот хизмати эълон қилди.

Таҳлилларга кўра, хориждан чартер рейслар билан олиб келинганлар орасида энг кўп касалланганлар 14 май куни Санкт-Петербург шаҳридан олиб келинган ўзбекистонликлар орасида аниқланиб, 86 нафарни ташкил этди.

Қозоғистоннинг “Ғишткўприк” чегара постидан кириб келган фуқаролар орасида эса 99 нафари коронавирусга чалингани аниқланган.

Баҳромжон Игамбердиевнинг айтишича, айни пайтда давлат бюджетидан стационар шароитда тиббий кузатувда бўлган ҳар бир фуқаронинг бир куни учун ўртача 153 минг 700 сўм сарфланмоқда.

Стационар ва уй карантинига олиш тадбирлари бошланган илк кунлардан айни пайтга қадар карантинга олинган жами 394 181 нафар фуқародан 348 292 нафари карантиндан чиқарилган. Шундан, уй карантинига олинган 305 044 нафар фуқародан 280 006 нафари чиқарилган. Стационар карантинга олинган 89 137 нафар фуқародан эса 68 286 нафари чиқарилган.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар сони 3333 кишига етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 27 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 3333 нафарни ташкил этмоқда. Бу 26 май соат 23:00даги ҳолатдан 43 кишига кўпдир.

“Янги аниқланган касалланиш ҳолатларининг 31 нафари Навоий вилоятидан, 6 нафари Тошкент вилоятидан, 4 нафари Тошкент шаҳридан ҳамда 2 нафари Наманган вилоятидан. Уларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлгани учун гумонланиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган”, дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 2636 нафар бутунлай соғайган. Касалхоналарда 683 нафар бемор даволанмоқда, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир. 14 бемор вафот этди.

Яна 46 кишида коронавирус аниқланди. Уларнинг барчаси Россиядан келганлардир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 26 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3261 нафарни ташкил этмоқда. Бу 25 май соат 23даги ҳолатга нисбатан беморлар сони 46 нафарга кўпайганини англатади.

Янги аниқланган беморларнинг асосий қисми хориждан қайтганида карантинга олинганлар орасида аниқланган. Жумладан, уларнинг 44 нафари Россиядан Қозоғистон орқали ватанига қайтган мухожир, қолган икки нафари Россиядан кириб келган халқаро юк ташувчи автомашинаси ҳайдовчисидир. Уларнинг 1 нафари Сирдарё вилоятига, яна 1 нафари Тошкент вилоятига кириб келган.

Вазирликнинг қайд этишича, шу кунгача 2607 нафар бемор соғайди. Касалхонада 641 нафар бемор қолмоқда. Улардан 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи эса ўта оғир.

Самарада Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган муҳожирлар тўпланишда давом этмоқда

Россиядан Қозоғистон орқали уйига қайтиш истагида бўлган ўзбекистонликлар Россия—Қозоғистон чегараси яқинида, Самара вилоятида тўпланиши давом этмоқда. Бу ҳақда 25 май куни Ташқи ишлар вазирлиги Телеграм каналида маълум қилинди.

Расмий хабарда айтилишича, Самара вилояти Большая Черниговка тумани ҳудудида 280 нафарга яқин ўзбекистонлик тўпланган. Қозон шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонасининг билдиришича, Самара вилояти маъмурияти чегарада тўпланган ўзбекистонликларни иш, ётоқ жой ва озиқ-овқат билан таъминлашга тайёрлигини билдирган. Бироқ улардан 25 нафаригина бу таклифни қабул қилган, қолганлари эса турган жойларини тарк этишни истамаган.

“Ишга жойлашишни истамаган ва чегара яқинида қолаётган ватандошларимизни ўзларининг вақтинча/доимий яшаш жойларига қайтишларини ҳамда чартер рейсларни кутишларини, Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан Россия—Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш нуқталарига боришга уринмасликларини, яшаш жойларида қолишларини ва карантин чораларига қатъий амал қилишларини сўраймиз”, — дейилган элчихона ва консулхонанинг ахборотида.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси ҳамда Қозон шаҳридаги бош консулхонаси 2020 йилнинг 18 ва 19 май кунлари Россия—Қозоғистон чегараси орқали фуқароларнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналарнинг аввалдан шакллантирган рўйхати асносида икки давлат билан билан келишилган ҳолда амалга оширилганини эслатиб, қўшимча рўйхатлар тузилиши кўзда тутилмаганини маълум қилди.

18-19 май кунлари Россия- Қозоғистон чегарасининг Оренбург вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмида тўпланиб турган 1100 нафар ўзбекистонлик автобусларда ватанига олиб кетилган эди.

Қозоғистон чегарада икки ҳафтадан буён уйига қайтиш учун тўпланиб турган ўзбекистонликлар учун истисно тариқасида транзит йўлаги очиб берган эди.

Коронавирусни даволаш ва карантиндагиларга 209 миллиард сўм сарфланди

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлик бўйича илк ҳолат аниқланган 15 мартдан 23 майгача мазкур вирусни юқтирганларни даволаш ва карантинга жойлаштирилганларни таъминлаш учун 209 миллиард сўмдан кўпроқ пул сарфқланди. Бу ҳақда 25 май куни АОКАда ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилди.

Унинг айтишича, беморлар даволаниб чиқиши учун 109 миллиард сўмдан ортиқ ва карантинга жойлаштирилганлар учун 100 миллиард сўмдан ортиқ харажат қилинган. Нурмат Отабеков бу маблағларнинг айнан нималарга сарфланганини қуйидаги тарзда ифодалаб берди.

Расмий 23 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус юққан 2492 нафар бемор даволаниб чиққанини ва ҳар бир даволаниб чиққан бемор учун давлат бюджетидан 32 миллион 300 минг сўмдан пул сарфланганини билдирди. Отабековнинг қайд этишича, бунинг учун 80 миллиард сўмдан ошиқ маблағ кетган.

Айни пайтда, 23 май ҳолатига кўра, аҳволи ўта оғир бўлган 50 беморнинг ҳар бирига 64 миллион 400 минг сўмдан, жами 3,2 миллиард сўм сарфланган.

Реаблитацияга ўтказилган 2492 беморнинг ҳар бирига яна 2 миллиард 800 минг сўмдан, жами 6 миллиард 977 миллион сўм маблағ ажратилган.

Отабеков ҳозирда карантинда сақланаётган 45 455 кишининг ҳар бири учун 2 миллион 200 минг сўмдан ажратилганини айтди. Унга кўра умумий ҳисобда бу маблағ 100 миллиард сўмдан ортади.

Коронавирусга чалинганлар 3215 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 25 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3215 нафарни ташкил этмоқда.

Янги беморларнинг 25 нафари Карантин марказида аниқланган: 23 нафари Россиядан (Қозоғистон орқали) келган. 2 нафари эса — Тошкент шаҳридан, коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтирган.

1 нафари Тошкент вилоятида — Қозоғистондан келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида коронавирус инфекцияси аниқланган.

Соғайганлар — 2607 нафар.

Даволанмоқда — 595 нафар.

Бош санитар врач қатъий карантин чоралари қайта жорий этилиши мумкинлигини айтди

Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш кўрсаткичи пасаймаса, қатъий карантин чоралари яна қайта тикланади. Бу ҳақда “Кун уз”га 24 май куни интервью берган Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – вазирлик ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш бўйича кунига 30-40та, айрим ҳолатларда 60та ҳолат тасдиқланмоқда. Баҳодир Юсупалиев бу вазиятда аҳоли карантин талаблари ва санитария қоидаларига риоя қилмаса, вазият мураккаблашиб кетиши мумкинлигини таъкидлади.

“Президент томонидан сўнгги йиғилишда айнан шу масалаларда топшириқ ҳам берилди. Бу бўйича биз талаб ишлаб чиқдик. Махсус комиссияга киритяпмиз. Aгар касалланиш ҳолатлари шу тарзда давом этса, албатта, қатъий карантин чоралари қайтарилади”, деб билдирди Баҳодир Юсупалиев.

Коронавирусга чалинганлар сони камида 3180 кишига етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 3180 кишига етганини билдирди. Бу 24 май соат 23:00даги ҳолатдан 16 кишига кўпдир.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аниқланиб, улардан 3 нафари хориждан келган халқаро юк ташувчи автомобил ҳайдовчилари (улардан 2 нафари украиналик), 1 нафари чегара божхона пости ходими. 5 нафари эса Самарқанд вилоятида аниқланган. Уларнинг 4 нафари касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлиб юқтирган. 1 нафари эса аҳоли орасидан аниқланган. Ҳозирда эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда. Яна 1 нафар Тошкент вилоятида чегара божхона пости ходимида аниқланган. Қолган 6 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида қайд этилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Хабарда таъкидланишича,беморларнинг 2565 нафари бутунлай соғайган. Ҳозирда касалхоналарда 602 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 3 нафарининг аҳволи оғир. 13 бемор вафот этди.

Транспорт вазирлиги четдан ўзбек ватандошларини олиб келиш учун 17та чартер ташкил этди

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ўзбек ватандошларини олиб келиш учун чартер рейслар жадвалини эълон қилди.

Унга кўра 25 майидан 7 июнь кунлари давомида 17 та рейс орқали хориждаги фуқаролар эвакуация қилинади.

25-31 май кунларига белгиланган рейслар жадвали:

25 май. Тошкент - Екатеринбург - Тошкент
26 май. Тошкент - Москва – Тошкент
27 май. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент
28 май. Тошкент - Ростов-Дон – Тошкент
28 май. Тошкент - Истанбул – Тошкент
29 май. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент
29 май. Тошкент - Москва – Тошкент
30 май. Тошкент - Москва – Тошкент

1 – 7 июнь кунларига белгиланган рейслар жадвали:

1 июнь. Тошкент - Истанбул – Тошкент
2 июнь. Тошкент - Москва – Тошкент
3 июнь. Тошкент - Шаржа - Тошкент
3 июнь. Тошкент - Москва – Тошкент
4 июнь. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент
5 июнь. Тошкент - Москва – Тошкент
6 июнь. Тошкент – Қоҳира – Тошкент
6 июнь. Тошкент - Новосибирск – Тошкент
7 июнь. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар камида 3150 нафар

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазиргигига кўра, 24 май соат 16:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони сўнгги олти соат ичида 18 кишига ошиб 3132 нафарга етган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 5 таси хориждан келган, яна 4 таси карантин марказидаги фуқаролар орасида қайд этилган. Касаллик қолган 9 ҳолатда, жумладан, 8 ҳолатда Тошкентда, 1 ҳолатда эса Наманган вилоятида аҳоли орасидан аниқланди.

Ўзбекистонда 23 май, шанба куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 79 та ҳолат: 70 таси хориждан келиб, карантинга олинганларда, тўққизтаси эса аҳоли орасида аниқланган.

Бошқирдистонда 53 нафар ўзбек муҳожирида коронавирус аниқланди

Бошқирдистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги республиканинг Салават туманида жойлашган Малояз қишлоғида 53 нафар ўзбекистонликда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди. Касаллик "Горний" иссиқхона комплексида ишлаш учун келган 68 нафар ўзбекистонлик орасида аниқланган.Меҳмонхонада 60 киши изоляцияга олинган.

Карантин сабаб ҳайит намози ўрнига нафл намози ўқилди

Мамлакатда эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолаётгани сабаб Ийд намози жамоат бўлиб ўқилмайди.

23 май куни АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брифингда иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбековга кўра, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги нуқтаи назаридан мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни адо этиш соқит бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан ватандошларга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намозини ўқиш тавсия этилди:

“Ижтимоий тармоқларда бу йилги Рамазон ҳайити намозини уйда ўқишга рухсат берилгани ҳақида хабарлар тарқамоқда. Бироқ ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намози ўқилишига умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак. Ҳайит намози уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди. Бунинг натижасида намоз дуруст бўлмайди. Демак, бу йил карантин сабабли уйда ҳайит намози ўрнига нафл намоз ўқилади".

Одатда ҳайит кунлари одамлар яқинларини йўқлаб, меҳмондорчиликка боришар, янги тушган келинлар эса 3 кун давомида "Ҳайит салом" тадбирларини қилишар эди. Шунингдек, яқинлари ўтган оилаларда дастурхон ёзилиб, марҳумлар ҳақига дуо қилинарди.

Жорий йилда карантин сабаб буларнинг барчаси чекланган кўринишда амалга оширилади:

"Рамазон ҳайити арафасида ва ҳайит кунлари ўтган марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда хонадонларда, оила даврасида бажаришлари, ёши улуғ кексаларимиз ва беморлар ҳолидан хабар олиш ҳамда ҳайит билан табриклаш ва бошқа миллий урф-одатларимиз билан боғлиқ анъаналаримизни карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда бажаришлари тавсия этилган", дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида.

Карантинда Рамазон: ифторликсиз рўза, намозсиз Ҳайит ва Қурбон байрамидан умидлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:38 0:00

Хориждаги ватандошлар учун яна 17та чартер рейси ташкил қилинди

Хориждаги ватандошларни Ўзбекистонга олиб келиш учун навбатдаги чартер рейсларининг жадвали тасдиқланди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 25 майидан 7 июнь кунлари давомида 17 та рейс орқали хориждаги ватандошлар эвакуация қилинади.

25-31 май кунларига белгиланган рейслар жадвали:

25 май. Тошкент - Екатеринбург - Тошкент
26 май. Тошкент - Москва – Тошкент
27 май. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент
28 май. Тошкент - Ростов-Дон – Тошкент
28 май. Тошкент - Истанбул – Тошкент
29 май. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент
29 май. Тошкент - Москва – Тошкент
30 май. Тошкент - Москва – Тошкент

1 – 7 июнь кунларига белгиланган рейслар жадвали:

1 июнь. Тошкент - Истанбул – Тошкент
2 июнь. Тошкент - Москва – Тошкент
3 июнь. Тошкент - Шаржа - Тошкент
3 июнь. Тошкент - Москва – Тошкент
4 июнь. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент
5 июнь. Тошкент - Москва – Тошкент
6 июнь. Тошкент – Қоҳира – Тошкент
6 июнь. Тошкент - Новосибирск – Тошкент
7 июнь. Тошкент - Санкт-Петербург – Тошкент

Карантин сабаб уйига қайта олмаган, хориждаги ватандошлардан Озодликка кўплаб мурожаатлар бўляпти. Айниқса, Россия ва Туркияда қолган ватандошлар мушкул вазиятларда тушиб қолганидан шикоят қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май кунги селектор йиғилишида хориждан Ўзбекистонга қайтарилишини кутаётган 11 мингга яқин ватандош олиб келиниши режаланаётганини айтган эди.

Шундан сўнг, 11 майдан 24 майгача «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг 12та чартер рейси орқали хориждаги ватандошлар олиб келинди. Уларнинг барчаси икки ҳафталик карантинга жойлаштирилган.

"Элчихона ходимлари саволларимизга жавоб берса, бас!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:48 0:00

Яна 11 кишида касаллик аниқланди

Жорий йил 23 май соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3089 нафарни ташкил қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, янги беморларнинг 1 нафари Дубай-Тошкент йўналишидаги чартер рейсда келган, яна 1 нафари Қозоғистон орқали Ўзбекистонга келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси.

Касаллик қолган 2 ҳолатда — Тошкентда, 7 ҳолатда эса Самарқандда аҳоли орасидан аниқланди. Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар қатъий карантинга олинган.

Кеча Тошкент вилоятида ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалинган бир шахс аниқланганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Навоий вилоятида касаллик аниқланган 66 нафар беморларнинг барчаси аҳоли орасидан бўлиб, уларнинг орасида хорижга чиққан ёки касаллик аниқланган беморлар билан алоқада бўлган навоийликлар йўқ.

“Ўрикзор” бозоридаги сотувчида коронавирус аниқланди. Бозор карантинга ёпилди

Тошкентдаги “Ўрикзор” савдо мажмуасида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирининг сотувчисида коронавирус аниқланди.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Малика Қудратхўжаевага кўра, ушбу ҳолат "Ўрикзор" бозорида ўтказилган тиббий текширув пайти аниқланган бўлиб, ҳозирда сотувчи билан билан мулоқотда бўлганлар карантинга олинган.

Расмий хабарга кўра, “Ўрикзор” бозори ҳозирда вақтинча ёпилган:

“Ўрикзор” савдо мажмуасида эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиш ҳамда касаллик тарқалишининг олдини олиш, бозорда эпидемияга қарши ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш ҳамда таъмирлаш, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш ишларини ўтказиш мақсадида туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда, бозор маъмурияти томонидан савдо мажмуаси фаолияти вақтинча тўхтатилди”.

Бозорда эпидемиологик суриштирув ишлари якунланиб, санитар тозалаш ва зарарсизлантириш тадбирлари амалга оширилгач, мажмуа яна ўз фаолиятини давом эттиради.

ССВ Навоийда аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортаётганидан огоҳлантирди

Ҳозирда Навоий вилоятида 66 нафар коронавирусга чалинган бемор қайд этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, беморларнинг барчаси вилоятда яшовчилар яъни уларнинг орасида хорижга бориб келган навоийликлар йўқ.

Вазирлик беморларнинг соғайиши бўйича ҳам Навоийда вазият яхши эмаслигини таъкидлаган:

«Навоийда коронавирус аниқланган беморлардан 2 нафари соғайган бўлса, қолган 64 нафари даволанмоқда.Навоий вилояти бор йўғи 3 фоиз соғайиш кўрсаткичи билан касалликдан даволаниш бўйича мамлакатимизда энг сўнгги ўринда бормоқда. Ваҳоланки, юртимизда соғайиш кўрсаткичи 81 фоиздан ошган”.

Карантин қоидаларига қатъий риоя этилмаганлиги оқибатида вилоятда сўнгги икки ҳафтада касалликка чалинганлар сони кескин ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Касаллик тарқалишининг асосий ўчоғи Зарафшон шаҳри бўлиб турибди.

Вазирлик навоийликларни ҳушёр бўлишга чақирган.

Санкт-Петербургдан келганларнинг 38 нафарида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда яна 42 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 38 нафари Санкт-Петербургдан чартер рейс билан келганлардир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 май куни маълум қилди.

Вазирликка кўра, 23 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3078 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси чет элдан келган фуқароларда аниқланган, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.

"Жумладан, 38 нафар Санкт-Петербургдан чартер рейс билан, 2 нафар Тожикистондан келган ва карантин марказига жойлаштирилган фуқароларда ҳамда 2 нафар Қозоғистон орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида инфекция қайд этилган", деб билдирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2525 нафарни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда даволанаётганлар сони 573 нафар бемор, улардан 4 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилади.

Вафот этганлар сони 13 киши.

Коронавирусга қарши кураш доирасида АҚШ Ўзбекистонга яна 3 миллион доллар ажратади

COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати Тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, шу билан АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда кўрсатган бевосита ёрдами 5,92 миллион долларга етади. бунинг тахминан 3,8 миллиони эса USAID ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этилишича, USAID ушбу қўшимча маблағни коронавирусга қарши кураш ва уни назорат қилишда лабораториялар ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари имкониятини кенгайтиришни давом эттиришга сарфлайди.

USAIDнинг Ўзбекистондаги дастурлари кенг кўламли тест ўтказиш учун лаборатория тизимларини тайёрлаш ҳамда вирус юқтириб олган беморларга оид ҳолатни яхшилашга ҳам ёрдам беряпти.

“Бундан ташқари, USAID дастурлари коронавирус тарқалишини тўхтатишга кўмаклашиш ва дезинформация ёйилишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг заиф қатламларига аниқ ва тўғри маълумот етказиш орқали маҳаллий жамоалар билан муносабатларда ҳамкорлик қилмоқда”, дейилади элчихона хабарномасида.

Туркия Ўзбекистонга 50 та ўпка сунъий вентиляцияси аппарати тақдим қилди

Туркия томонидан тақдим этилган инсонпарварлик юки ортилган "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясига қарашли учоқ 22 май куни Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилади.

Қайд этилишича, ёрдам юки Туркияда ишлаб чиқарилган 50 та ўпка сунъий вентиляцияси аппаратидан иборат. Мазкур аппарат, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бош бошқармаси раҳбари Селами Қиличга кўра, Arçelik, Aselsan, Baykar Makine ва Biosys каби йирик ширкатларнинг 120 нафар етакчи муҳандиси томонидан яратилган. Мулозим бу каби аппаратларга Туркиянинг ўзида ҳам талаб юқори эканига қарамасдан Анқара қардош Ўзбекистонга зарур тиббий ускуналарни тақдим этишга қарор қилганини урғулаган.

Тиббий ускуналар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига Covid-19 коронавирусига қарши курашишда фойдаланиш учун топширилади.

Коронавирус тарқалиши ортидан дунё бўйлаб ўпка сунъий вентиляцияси аппаратига эҳтиёж кучайиб кетган.
Коронавирус тарқалиши ортидан дунё бўйлаб ўпка сунъий вентиляцияси аппаратига эҳтиёж кучайиб кетган.

Коронавирусга чалинганлар сони уч мингдан ошди. Бир кунда 39 бемор аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 22 май соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 39 киши коронавирусга чалингани аниқланди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони камида 3006 кишига етди.

“Аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 5 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 6 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 28 нафари эса аҳоли орасидан қайд этилди. Аҳоли орасидан аниқланган ҳолатларнинг 13 нафари Самарқанд, 15 нафари эса Навоий вилоятларига тўғри келади. Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган”, дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 2407 нафар бемор бутунлай соғайди. Ҳозирда касалхоналарда 586 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 4 нафарининг аҳволи оғир. 13 бемор вафот этган.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 5 миллион кишидан ошди

Жаҳонда коронавирусга чалинганла сони 5 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда коронавирус статистикасини олиб бораётган АҚШнинг Жон Хопкинс университети маълум қилди.

АҚШ ҳалигача вирус энг кўп тарқалган мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу ерда шу кунгача 550 мингдан кўпроқ одам коронавирус юқтирган. Иккинчи ўринда 308 мингдан кўпроқ ҳолат рўйхатга олинган Россия бормоқда. Учини ўринда Бразилия, бу ерда 291 минг бемор бор. Коронавирус энг кўп тарқалган давлатлар бешлигига Британия ва Испания ҳам кирган.

Жаҳонда коронавирусдан ўлганлар сони 328 минг кишидан ошди. Ўлимлар ҳолати бўйича ҳам АҚШ олдинда, бу ерда 93 мингдан кўпроқ бемор ўлди. Британияда иккинчи (35,5 мингдан кўпроқ) ва учинчи ўринда Италия (32 330 киши). Коронавирусдан энг кўп ўлимлар қайд этилган давлатлар бешлиги Франция ва Испания билан якунланади.

Сўнгги бир суткада 20 минг одамга коронавирус юққан Бразилияда 18 860 одам эпидемиядан ўлди. Ўтган бир суткада бу мамлакатда 889 бемор вафот этди.

Урганчда карантиндан қочмоқчи бўлаётган эркакни қўлга олиш учун ҳавога ўқ отилди

Урганчда карантин ҳудудидан қочмоқчи бўлган 44 ёшли эркакни қўлга олиш учун соқчи осмонга қарата ўқ отишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизматига таянган ҳолда “Дарё” хабар берди.

Хабарда айтилишича, 18 май куни соат 13:30 лар атрофида Хоразм вилояти ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида ташкил этилган карантин ҳудудида сақланаётган тошкентлик эркак И.Р., қочмоқчи бўлаётганини соқчи пайқаб қолган.

“Урганч гарнизонидан карантин ҳудудига соқчи этиб тайинланган кичик сержант Л.А., фуқаро И.Р.ни оғзаки огоҳлантириб, орқага қайтишни сўрайди ва бу ҳолат бўйича гуруҳ каттасига маълумот берган. Ўз навбатида гуруҳ каттаси шу заҳоти содир бўлган воқеа бўйича карантин штабига маълумотни етказган. Аммо шу куннинг ўзида соат 14:10 лар атрофида белгиланган тартиб-қоидаларга ҳамда тушунтириш ишларига амал қилмасдан фуқаро И.Р. ёпиқ карантин ҳудудидан чиқиб кетиш режасини иккинчи марта амалга оширишга уринган”, дейилади хабарда.

Иккинчи ҳолатда ҳам, соқчининг оғзаки огоҳлантиришига қарамай И.Р., темир панжарадан ошиб ўтишга ҳаракат қилган. Натижада соқчи махсус йўриқномага асосан қуролидан осмонга қарата ўқ отишга мажбур бўлган. И.Р., эса қўлга олинган.

Ўзбекистондаги ёпиқ карантин ҳудудларида кириб-чиқиш назоратини амалга ошириш ва ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш учун Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари билан бирга куч тузилмалари вакилларидан иборат қоровуллик хизматлари жорий этилган.

Коронавирус юққанлар сони уч минг кишига яқинлашди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 21 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 2950 нафарни ташкил қилмоқда.

20 май соат 23:00даги ҳолатга нисбатан, беморлар сони яна 11 кишига кўпайган.

“Аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 6 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 5 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси) орасидан қайд этилди”, дейилади хабарда.

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус юқтирган 2372 киши бутунлай соғайди. Ҳозирда касалхоналарда 565 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 5 нафарининг аҳволи оғир. 13 бемор вафот этди.

Мактабларда якуний имтиҳонлар бекор қилинди

Жорий ўқув йили якунидаги имтиҳонлар бекор қилинди. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 20 май куни Telegram’даги каналида маълум қилди.

“Президентимиз томонидан карантин вақтида аҳолига имкон борича қўшимча қулайлик яратиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда кўпчилик ота-оналарнинг илтимосларини инобатга олиб, бу ўқув йили якунидаги имтиҳонлар бекор қилинади”, деб ёзган вазир.

Унга кўра, мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида ушбу ўқув йилининг 3 та чорак баҳолари асосида чиқариш тавсия этилади.

“Шу билан биргаликда ‘kundalik.com’ тизими жорий этилган мактабларда карантин вақтида тиришқоқлик билан ўқиган ўқувчиларимизга рағбатлантириш сифатида 4-чоракдаги фақат ижобий баҳоларини ҳам йиллик баҳоларини ҳисоблашда инобатга олиш тавсия этилади”, дейилади билдирувда.

30 апрелда мактабларда имтиҳонлар бекор қилингани ҳақида айрим оммавий ахборот воситаларида хабарлар пайдо бўлган эди. Халқ таълими вазирлиги ўшанда бу хабарларни рад этган эди.

Коронавирусга чалинганлар сони 2880 кишига етди. 6 беморнинг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 20 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2880 кишига етди.

Бу билан инфекция юқтирганлар сони 19 май соат 23:00 ҳолатига қараганда 25 кишига кўпайган.

“Аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 5 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 20 нафари хориждан келган шахслар орасидан қайд этилди. 20 нафар беморнинг 5 нафари чартер рейс билан Санкт-Петербургдан, 10 нафари Қозоғистондан келган ва карантин марказига жойлаштирилган, 3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, шунингдек, 2 нафари қозоғистонлик халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси”, дейилади расмий хабарда.

Вазирликнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 2338 киши бутунлай соғайди. 13 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 529 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 6 нафарининг аҳволи оғир.

Хориждан 39 минг одам қайтарилди, яна 12 минги олиб келинади

Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилиш бошида коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйча қатор рақамларни маълум қилди.

Президентга кўра, шу кунга қадар 23 минг нафар тиббиёт ходимига жами 78 миллиард сўмдан зиёд рағбатлантириш пули тўлаб берилган:

- Ҳозирги кунгача хориждан 39 минг нафар юртдошларимизни олиб келдик. Ташқарида оғир аҳволда қолган яна 12 минг нафар фуқаромизга тегишли ёрдам кўрсатиб, уларни юртимизга олиб келиш чоралари кўрилмоқда.

Йиғилишда айтилишича, яшил, сариқ ва қизил зоналарга ажратилган вилоятларда 110 мингга яқин тадбиркорлик субъекти иш бошлаган, 600 мингдан ортиқ одам ишга қайтган.

Пандемия оқибатини юмшатиш учун 12 та фармон ва қарор қабул қилинди

Йиғилишда айтилишича, сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинган.

Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилган.

Жумладан, 18 май куни қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга биноан 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилганини урғулаган президент:

- Қанчалик оғир бўлмасин, нима шароит яратиш зарур бўлса, барчасини қилдик. Энди иқтисодиёт ва инвестиция комплекслари, сектор раҳбарлари қуйи тизимда ушбу имтиёзларнинг ҳар бир тадбиркор ва фуқарогача етиб боришини таъминлаши керак, деди.

38 та туман қизил зона бўлиб қолмоқда

Селекторда айтилишича, ҳозирги вақтда мамлакатлаги 38 та туман қизил зонада қолмоқда, шу боис карантин қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайинлигини таъкидлаган президент қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш зарурлиги, бунинг учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш кераклигини айтди.

- Барча ҳокимларни огоҳлантираман. Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмайди, балки қонун олдида жавоб беради, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент давлат идораларига тадбиркорлик муҳитини ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил ва хулоса қилиб боришни топширди.

Мулк дахлсизлигини бузган ҳокимлар ҳақида ҳукуматга маълумот киритиб туриладиган бўлди

Шунингдек, селектор йиғинида президент, Бизнес-омбудсманига тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритиб туришни тайинлади.

Ҳисобот асосида, Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқади.

Ўзини ўзи банд қилганлар даромад солиғидан озод қилинади

Йиғилишда ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди.

Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилиниши маълум қилинди.

"Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади", дейилади расмий хабарда.

Бундан ташқари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига аниқ ҳисоб-китоб асосида, хусусий секторга ўтказиш мумкин бўлган давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.

Тадбиркор оилаларга, деб яна 100 млн. доллар ресурс ажратилди

Селектор йиғинидан маълум бўлишича, пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурига ажратилган 1 триллион сўм кредит маблағларини қайтариш муддати узайтирилган.

Бу дастурни тўлиқ амалга ошириш учун эса Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион доллар ресурс ажратилган.

Президент маҳсулот, ускуна, хомашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловлар олиб ташланиши кераклигини таъкидлади.

Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берди.

Осиё тараққиёт банки коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга грант берди

Коронавирусга қарши кураш доирасида Осиё тараққиёт ва тикланиш банки Ўзбекистонга 1, 36 миллион доллар грант беради. Бу ҳақда банк расмий сайтида маълум қилинди.

Банкнинг гранти тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари, тиббий ускуналар ва буюмларни харид қилишга сарфланади.

Хабарда айтилишича, коронавирусга қарши кураш доирасидаги дастлабки 200 минг доллар миқдоридаги техник кўмак Ўзбекистонга март ойининг бошида берилган эди.

18 май куни Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши ҳам Ўзбекистонга 375 миллион доллар миқдорида имтиёзли қарз бериш қарорини маъқуллагани хабар қилинганди. Мазкур қарз Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида берилмоқда.

5 май куни ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун майга қадар Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2 триллион 250 миллиард сўм сарфланганини, хорижий халқаро молия институтларидан эса 500 миллион доллар жалб қилинганини билдирган эди.

Россиядан қайтган мухожирлардан коронавирус топилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 19 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 2802 нафарга етганини билдирди.

Хабарда беморлар сони 18 май соат 23:00 ҳолатига кўра, 11 нафарга кўпайгани қайд этилган.

“Қайд этилган янги касалланиш ҳолатларининг 10 нафари хориждан келган фуқароларда (улардан 7 нафари Россиядан келган ва 3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси) ҳамда 1 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар орасидан аниқланган”, дейилади хабарда.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 2314 бемор бутунлай соғайган. Касалхоналарда яна коронавирус юқтирган 475 нафар бемор даволанмоқда, улардан 6 нафарининг аҳволи оғир.13 бемор вафот этди.

ХВЖ коронавирус оқибатларини юмшатиш учун 375 миллион доллар қарз берди

Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши 18 май куни Ўзбекистонга 375 миллион доллар миқдорида имтиёзли қарз бериш қарорини маъқуллади. Мазкур қарз Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида берилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, қарзнинг 125 миллион доллари фоизсиз 5 йиллик имтиёз даври билан 10 йилга, 250 миллион доллари йиллик 1,05 фоиз билан 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 5 йилга берилмоқда.

“Мазкур маблағ Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши кураш жамғармасига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини молияштириш учун йўналтирилади”, дейилади хабарда.

Вазирликнинг билдиришича, мазкур қарз маблағларидан фойдаланиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган харажатлар устидан Ҳисоб палатаси томонидан мустақил аудит амалга оширилади ҳамда аудит натижалари молия йили якунидан сўнг 6 ой мобайнида эълон қилиб борилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус масаласида анжуман ўтказмоқда

Душанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бошқарув органларининг икки кунлик видеоконференцияси ўз ишини бошлади. Мазкур анжуманда COVID-19 пандемияси атрофидаги вазият муҳокама қилинмоқда.

Халқаро экспертлар жаҳон давлатларини пандемияни тўхтатиб қолиш учун БМТ тавсияларига амал қилишга чақирмоқда.

Расмий маълумотларга асосланган ҳолда билдирилишича, бугунги кунда SARS-CoV-2 коронавируси 4 миллион 730 минг одамга юқди. Беморлардан 315 мингдан кўпроғи вафот этди.

Европа Иттифоқи ва Австралия вируснинг келиб чиқиши юзасидан кенг миқёсли тергов ўтказилишини таклиф қилмоқда. Бу таклифни 122 давлат, жумладан, Россия ва Британия ҳам қўллаб-қувватлади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш пандемияни замонанинг энг жиддий чақириғи деб атади ва ҳозирча унга қарши воситалар топилмаганини таъкидлади.

Гутерришнинг айтишича, “турли давлатлар пандемияни тўхтатиб қолиш учун турлича, баъзан баҳсли чора-тадбирларни қўлламоқдалар”, Гуттериш “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларини бажармагани учун инсоният жуда катта ҳақ тўлашга мажбур бўлаётгани”ни айтди.

Самарқандда "34 одамга коронавирус юқтиргани" айтилган врачга нисбатан жиноят иши бекор қилинди

Самарқанд вилоятида “34 кишига коронавирус юқтиргани” айтилган врачга нисбатан жиноят иши бекор қилинди. Бу ҳақда 18 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, шифокор Х.Д.,га нисбатан жиноят иши асоссиз қўзғатилган, деб ҳисоблаган соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Бош прокурорга жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласининг кўриб чиқилишини сўраб мурожаат йўллаган.

“Бош прокуратура мазкур жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Х.Д.,га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, синчковлик билан ўтказилмасдан, барча ҳолатлар тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан барвақт жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини аниқлаган”, дейилади хабарда.

Шунга асосан, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура томонидан бекор қилинган.

Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизмати 14 май куни Самарқанд вилоятидаги туман касалхоналаридан бирида бўлим мудири бўлиб ишлаган шифокор 34 та одамга коронавирус юқтирганликда айбланаётганини ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилган эди.

Вилоят прокуратураси ўшанда 20 апрелдан 27 апрелга қадар уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаган врач турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 кишига вирус юқтирганини, улар орқали коронавирус яна 23 кишига юққанини иддао қилган эди.

13-бемор Самарқандда вафот этди

​Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, самарқандлик фуқаро И. (эркак) юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Бу бемор шу йилнинг 14 май куни оғир аҳволда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилганидан сўнг унда “COVID-19” инфекцияси аниқланган.

Шундан кейин беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган.

Бемор узоқ вақт давомида жигар циррози ташхиси билан даволаниб келган. Бундан ташқари, унда семизлик, анемиянинг оғир даражаси каби қатор ҳамроҳ касалликлар ҳам мавжуд бўлган.

"Вазирликнинг турли йўналишлари бўйича бош мутахассислари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ҳам ўтказилиб, доимий назорат таъминланган. Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган", дейилади ССВ хабарида.

Шу билан Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгач, вафот этганлар сони 13 нафарга етди.

Сирдарё вилоятидаги 24 бемор Тошкентга кўчирилди

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг 18 май куни маълум қилишича, Сирдарё вилоятидаги 24 бемор 15 май куни Тошкентга кўчирилган.

Беморлар Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига жойлаштирилган.

Отабеков, беморларни кўчириш сабабларини очиқламади, аммо унинг жавобидан тушунилишича, бунга беморларнинг аҳволи оғирлиги сабаб бўлмаган:

"Ҳозирда беморларнинг барчаси назорат остига олинган ва улар орасида аҳволи оғир деб баҳоланганлар йўқ", деди Отабеков.

Нурмат Отабеков
Нурмат Отабеков

Ўзбекистонда карантин қачон тугаши ҳануз номаълум

18 май кунги брифингда бош санитария инспекторининг маълум қилишича, Ўзбекистонда карантиннинг тугаш муддати ҳақида ҳануз аниқ бир нарса дейиш қийин:

"Биз коронавирус пандемияси қачонгача давом этишини аниқ билмаймиз, ҳеч ким ва ҳеч қандай давлат бу саволга аниқ жавоб бера олмаяпти. Шундай экан, карантин туфайли корхона ва ташкилотларнинг фаолиятини бутунлай тўхтатиб қўйиш ва эпидемик вазият барқарорлашувини кутиб ўтириш жиддий иқтисодий инқирозларга олиб келиши мумкин", деди Н. Отабеков.

Унинг айтишича, коронавирус касаллиги бўйича глобал пандемиянинг салбий оқибатлари чуқурлашиб кетиши олдини олиш учун ташкилот ва муассасаларнинг, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда эпидемияга қарши тадбирларни тўлиқ бажариб, фаолият юритишларига босқичма-босқич рухсат берилиши керак.

Карантиндаги аҳолига ёрдам тарқатилмоқда, апрель, 2020
Карантиндаги аҳолига ёрдам тарқатилмоқда, апрель, 2020

Чартер рейсдаги экипаж аъзолари карантинга олинмайди

11 майдан 24 майгача белгиланган чартер рейсларда хориждаги ўзбекистонликлар қайтариб келинмоқда.

Бош санитар инспекторга кўра, экипаж аъзолари 14 кунлик карантинга олинмайди.

"Ҳозирда экипаж аъзолари хориж давлатларига учиб боришда ўзларининг униформаларида бўлишади, чунки самолёт салонида йўловчилар бўлмайди. Бироқ қайтишда тўлиқ ҳимоя кийимларида бўлишади. Ушбу экипаж бир давлатдан фуқароларни олиб келгач, эртасига бошқа давлатга учиб кетиши мумкин. Улар карантинга жойлаштирилмайди, бироқ 14 кун давомида тиббий кузатув остида бўлади".

Тошкентнинг Учтепа туманидаги оилавий поликлиника ёпилди

Бош санитар инспекторнинг маълум қилишича, Тошкентнинг Учтепа туманидаги 62-оилавий поликлиника ёпилишига карантиндаги фуқаро сабаб бўлган.

Расмий маълумотга кўра, карантинда сақланаётган ватандош полклиникага борган:

"Карантиндаги фуқаро поликлиникага келгани сабабли ўша куни навбатчиликда бўлган 11 нафар шифокор Юқори-чирчиқ тумани, Ўртасарой аҳоли яшаш пунктидаги карантин зонасига юборилди, қолганлари уй шароитида карантинда қолган. Уларнинг биронтасида ҳам коронавирус аниқланмаган, фақатгина мулоқотда бўлганликлари учун 14 кун давомида карантин шароитида тиббий назорат остида бўлишади".

Шунингдек, Н. Отабековга кўра, Ўзбекистонда коронавирус учун тест бепул амалга оширилади.

Қуйида Н. Отабеков билан 18 май куни ўтган брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

Ўзбекистонда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 81 фоизга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 2762 кишига етганини маълум қилди.

Сўнгги 12 соатда коронавирус юқтирганлар 9 нафарга кўпайган. 17 май соат 23 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 2753 кишига етгани хабар қилинганди.

“Қайд этилган 9 нафар янги касалланиш ҳолатларининг 3 нафари хориждан келган фуқароларда (улардан 2 нафари чартер рейси орқали БААдан олиб келинган ва 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлиб, Россиядан Қозоғистон орқали келган) ҳамда 6 нафар (барчаси Навоий вилоятидан) олдиндан карантинда бўлган фуқаролар орасидан аниқланган”, дейилади расмий билдирувда.

Вазирликнинг таъкидлашича, шу кунгача 2247 нафар бемор соғайди. Бу билан соғайиш кўрсаткичи 81 фоизни ташкил қилди. 12 бемор вафот этди.

COVID-19: Италия ва Грецияда соҳиллар очилди, Германияда намойишлар, Янги Зеландияда бош вазирни кафега киритишмади

Коронавирусдан энг кўп зиён кўрган Осиё ва Европа давлатларида жорий қилинган карантин чоралари бирин-кетин бекор қилинмоқда.

Аксар Европа давлатида вирусга чалиниш, ўлимлар ҳамда шифохонага ётқизишлар сони озая бошлади, иқтисоднинг айрим сегментлари очилди.

Бугунга қадар Европада янги коронавирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекцияси 152 мингдан ошиқ одам умрига зомин бўлди.

Ёз ойлари яқинлашар экан, Европа ҳукуматлари туризм саноатини очиш тараддудини кўрмоқда.

Июнь ойига қадар Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида жорий қилинган чекловлар бекор қилинади.

Германия Люксембург, Швеция, Франция ва Австрияга саёҳат бўйича жорий қилинган чекловларни бекор қилди, яқин кунларда Дания билан чегарасини ҳам очмоқчи.

Франция, Италия ва Грецияда соҳиллар очилди, аммо кўплаб соҳилларда кунда тобланишга ҳали изн берилмади.

Расман: Сурхондарё яқин кунларда коронавирусдан ҳоли ҳудуд бўлади

Сурхондарё вилояти ҳам яқин кунларда коронавирусдан ҳоли ҳудуд сифатида тан олиниши мумкин. Бу ҳақда 18 майга ўтар кечаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

“Айни соатларда Сурхондарё вилоятида 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Шифо топганларнинг иккаласи ҳам Сурхондарё вилоятидан (1 нафари 60 ёшли эркак, яна 1 нафари 45 ёшли аёл) бўлиб, карантин муассасасида бўлишган, коронавирус инфекцияси аниқлангач, шифохонага ётқизилган”, - дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, вилоятда шу пайтга қадар 42 нафар бемор соғайган ва ушбу ҳудудда 1 нафар бемор даволанмоқда.

Аввалроқ Фарғонада коронавирусга чалинган беморларнинг барчаси тузалгани ва мазкур вилоят коронавирусдан ҳоли ҳудуд бўлгани эълон қилинган эди.

Москвадаги бош консул чартер рейслар ва фирибгарлар ҳақидаги саволларга жавоб берди

Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги бош консули Меҳриддин Хайриддинов юртига қайтолмай юрган минглаб ватандошлар ҳақида Kun.uz нашрига интервью берди.

Консулнинг айтишича, 16 мартдан буён 60 мингга яқин одам киритилган рўйхат шаклланган. Чартер рейс муддати маълум бўлгандан кейин биринчи навбатда ўта оғир касаллар, ҳомиладор аёллар, кексалар, ёш болалилар танлаб олинади.

Бундан ташқари, ватандошлардан келаётган мурожаатларни қабул қилиш учун телеграм-бот йўлга қўйилган. Ботдаги ҳавола орқали фуқаронинг ўзи исм-фамилия, паспорт ва бошқа маълумотларини қолдиради, бот бу маълумотларни автоматик тарзда рўйхатга киритиб боради.

Консул шунингдек, беко қилинган чипталар, Қозоғистон-Россия чегарасига йиғилган ватандошлар, Россияда карантиндан кейин муҳожирларга иш топиш эҳтимоллари каби қатор масалалардаги саволларга жавоб берган.

Озодликка маълум бўлишича, сўнгги кунларда ўнлаб одам Москвадаги Ўзбекистон элчихонасига йиғилиб, юртига қайтарилишини талаб қилмоқда.

Аксар ватандошлар элчихонадан саволларига жавоб ололмаётгани, уюштирилаётган оз сонли чартер рейсларда эса таниш-билиш орқали рўйхатга кириб олган соғлом кишилар қайтаётганини айтиб, норозилик билдирмоқда.

Озодлик бир неча кундан бери элчихона олдиган йиғилаётган ўзбекистонликлар билан гаплашиб, қуйидаги махсус лавҳани ҳозирлаган:

ССВ: Сурхондарёда коронавирусга чалинган бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Сурхондарё вилоятида коронавирус ташхиси қўйилган беморлардан бири юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Хорижга юк ташиган ҳайдовчи И. Россиядан Тожикистон орқали Сурхондарёга кириб келган. Асли сирдарёлик бўлган бу фуқарода икки томонлама пневмония оғир кечиб, 5 май куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” инфекцияси ҳам аниқланган.

Шу йилнинг 11 май куни эса аҳволи ёмонлашгач “Covid-19” инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама ўткир бронхопневмония оғир тури ташхиси билан реанимация бўлимига олинган.

Бўлимда беморга мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар асосида реанимацион ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, вазирликнинг турли йўналишлари бўйича бош мутахассислари ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ҳам ўтказилиб, доимий назорат таъминланган.

"Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган", деб билдирди ССВ.

Айни пайтда, бу марҳумнинг Ўзбекистонга қачон кириб келган, келгач карантинга олинганми, олинган бўлса, қаерда сақланган - бу ҳақда маълумот берилмади.

Ўзбекистонда вирусга чалингач, вафот этган беморлар сони 12 нафарга етди.

Самарқандда коронавируснинг 6 та ўчоғи борлиги маълум қилинди

Ўтган икки ҳафта давомида Самарқандда 156 кишида коронавирус аниқланган.

Koronavirus Info телеграм каналида берилган маълумотга кўра:

«Самарқандда 12 май куни 19 нафар, 15 май куни 23 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Бугун эса вилоятда яна 19 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси қайд этилган».

Вилоятда коронавирус асосан олтита «касаллик ўчоқлари» орқали тарқалган:

«Биринчи ўчоқ Тойлоқ туманида, иккинчи ўчоқ Оқдарё туманида, учинчи ўчоқ Пайариқ туманида, тўртинчи ўчоқ Иштихон туманида, бешинчи ўчоқ Самарқанд шаҳри ва олтинчи ўчоқ халқаро юк ташиш автомашинаси ҳайдовчиси билан боғлиқ".

Ўзбекистонликлар Москвадаги элчихона олдига йиғилиб, чартер рейс талаб қилди

Facebook тармоғида 15 май куни Москвадаги элчихона олдига йиғилган ватандошлар ва элчихона ходимининг қарийб 2 соат давом этган мулоқоти тарқалди.

Рупор Москвы гуруҳида жонли узатилган видеода акс этишича, ўша куни ўнлаб одам элчихона биноси олдига йиғилган.

Улар чартер рейслар озлиги, саноқли рейсларда ҳам хасталар, ҳомиладор аёллар ёки ёш болали оилалар ўрнига соғлом кишилар кетаётганини айтиб, норозолик билдирган.

Сўнгра бу оломонга ўртачилик қилаётган йигит элчихона биносига киритилади ва у элчихона ходимини чақириб чиқади.

Россия қуролли кучлари назорати остида йиғилган ватандошлар саволларига жавоб берган ходимнинг кимлиги видеода очиқланмаган.

Юзига ниқоб таққан ходим берган маълумотга кўра, Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб рўйхатга турганлар сони 70 минг кишидан ошган, буларнинг 5 минги хасталардир. Шунингдек, бу ходим элчихона эълон қилган телефон рақамларига бир вақтнинг ўзида 400-500га қадар кириш қўнғироқлари бўлганини айтган.

Элчихона ходими жавобларидан қониқмаган ватандошлар бир неча бор шовқин-сурон қилиб бақиришган, аммо қуролли кучлар уларнинг шовқинини бостирганини кўриш мумкин.​

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Call-марказ телефон рақамлари ҳам эълон қилинди:

+74992300076; +74992383620; 74992300715

Тожикистондан борган 12 кишида вирус аниқланди

16 май тунги соат 23:00 берилган маълумотга кўра, Ўзбекистонда аниқланган янги касалланиш ҳолатларидан 12 таси Тожикистондан борган шахсларга тегишлидир.

ССВ тарқатган расмий хабарда вирусни юқтириб олганлар Ўзбекистонга Тожикистондан қайси йўл билан олиб келингани айтилмаган.

Шунингдек, 16 май ҳолатига кўра, 4 нафар ватандош Москва-Тошкент йўналиши бўйича чартер рейси билан олиб келинган. Бундан ташқари, касаллик олдиндан карантинда бўлган 3 наманганликда ҳам аниқланган.

Тошкент ҳайвонот боғи эшикларини очди

Карантин даврида ёпиб қўйилган Тошкент ҳайвонот боғи 16 майдан очилди.

Ҳайвонот боғига кириш 2 кишидан ошмайдиган гуруҳларда амалга оширилмоқда.

Боғга тиббий ниқобларсиз, тиббий кўриксиз кириш тақиқланади.

Ташриф буюрувчиларнинг бир жойда тўпланиши тақиқланади, 2 метрлик масофани сақлаш лозимлиги айтилган.

Агар дастлабки тиббий кўрик пайтида ташриф буюрувчининг тана ҳарорати 36,8 даражадан ошса (баҳсли вазият юзага келса, ўлчов такрорланади), ташриф буюрувчига ҳайвонот боғига кириш тақиқланади, шахсий маълумотлар ёзиб олинади ва тиббий муассасаларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ҳайвонот боғи ҳудудида аттракционлар, кўнгилочар жойлар ва тез овқатланиш нуқталари фаолияти тақиқланади.​

Саратовда ўзбекистонлик муҳожирлар учун лагерь-обсерватор ташкил қилинди

Самара вилояти Большечернигов туманида Ўзбекистонга қайтиш учун чегаралар очилишини кутиб турган 600дан ортиқ ўзбекистонлик учун лагерь-обсерватор ташкил этилди.

ТАССнинг хабар беришича, лагерь мухожирлар орасида коронавируснинг олдини олиш ва уларнинг ўзини яккалаш тартибига риоя қилишларига шароит яратиб бериш мақсадида ташкил этилган.

Самара вилоят ҳокимияти Ўзбекистон фуқаролари бу ерга чегаралар очилгани тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалгани ортидан келганини билдирган.

30 апрель куни Россиянинг турли минтақаларида гуруҳ бўлиб тўпланган муҳожирлар енгил машина ва автобусларда Россия-Қозоғистон чегараси томон колонна бўлиб йўлга чиққан эди. Аммо чегаралар очилмагани ортидан улар чегараолди ҳудудларига тўпланиб қолган.

Ўзбекистонлик муҳожирлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳукуматга мурожаат қилиб, Қозоғистон орқали ватанларига қайтишлари учун коридор очиб беришни илтимос қилмоқдалар.

Айни пайтда¸ Қозоғистон чегара хизмати ўз ҳудуди фақат халқаро юклар транзити учунгина очиқлигини билдирмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиядаги ўзбекистонликларни олиб келиш учун Москва, Санкт-Петербург, Ростов-Дон, Қозон ва Новосибирскка чартер рейслар ташкил этилишини билдирган.

Аввалроқ Оренбург вилоятида ҳам бир неча юз ўзбекистонлик мухожир чегарадан ўтолмай тургани ҳақида хабарлар берилган эди.

Касперский: Карантин даврида жаҳонда кибержиноятлар кескин кўпайди

“Касперский лабораторияси” асосчиси Евгений Касперский коронавирус пандемиясидан карантин даврида кибержиноятлар сони мисли кўрилмаган даржада кўпайганини билдирди.

14 май куни ТАССга берган интервьюсида Касперский: “Биз ҳар куни зарарли деб гумон қилинган бир неча миллион файлни аниқламоқдамиз. Бундан ташқари ҳар куни бундан аввал бизга номаълум бўлган 300 мингдан кўпроқ янги зарарли намуналарни топаяпмиз”,-деди Касперский.

Унга кўра, одамлар карантин пайтида кўпроқ уйда қолишга мажбур бўлаётгани ортидан тармоқларга кўпроқ вақт сарфлай бошлаган. Интернет фойдаланувчиларидан айримлари тақиқланган зоналарга ҳам кириб кетмоқда ва бунинг оқибатида жаҳонда киберҳужумлар сони 25 фоизга кўпайган.

Коронавирусга чалинганлар 7 нафарга кўпайди. 505 бемордан 8 нафарининг аҳволи оғир

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 15 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 2652 кишини ташкил қилди. Беморлар сони сўнгги 12 соатда 7 нафарга кўпайган.

7 нафар янги касалланиш ҳолатининг 3 нафари хориждан келиб, карантинга олинган, қолган 4 нафари ҳам олдиндан карантин муассасаларида кузатувда бўлган фуқаролар орасидан аниқланди.

Хориждан келиб, касалланиш қайд этилган 3 нафар фуқаро 9 ва 13 май кунларида Тожикистондан келган ва карантинга олинган.

Вазирликнинг билдиришича, шу кунгача 2136 нафар бемор коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайди.

Айни пайтда касалхоналарда 505 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 8 нафари оғир аҳволда.

Ички авиа ва темир йўл қатновлари 18 майдан тикланади

Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларига ички авиа ва темир йўл қатновлари 18 майдан тикланади. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига бориш ва қайтиш авиақатновлари тикланади.

Бундан ташқари Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатновини қайта йўлга қўйиш назарда тутилган.

Авиа ва темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Мазкур тартибни бузганлар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Автомобиллар ҳаракати бўйича чекловлар 18 майдан босқичма-босқич бекор қилинади

Республика махсус комиссияси шахсий автомобилларнинг ҳаракати бўйича чекловларни 18 майдан бошлаб босқичма-босқич бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Қарорга асосан қуйидаги тартиб белгиланди:

“яшил” тоифадаги ҳудудларда ➖ Республика махсус комиссияси йиғилишининг 2020 йил 6 майдаги 21-сон баёни билан автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилган;

“сариқ” тоифадаги ҳудудларда ➖ соат 06.00дан – 22.00 га қадар бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилади. Бунда автотранспорт воситаларининг салонида 4 кишидан ортиқ бўлмаслиги лозим;

“қизил” тоифадаги ҳудудларда ➖ автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.

Карантин 1 июнгача узайтирилди. 15 майдан айрим соҳаларнинг ишлашига рухсат берилди

Ўзбекистонда карантин талаблари 2020 йил 1 июнга қадар узайтирилди. Бу борада Республика махсус комиссияси 14 майда қарор қабул қилди.

Қарорга асосан 15 майдан бошлаб қуйидаги фаолият турларига ҳам рухсат берилмоқда:

“Қизил” тоифадаги ҳудудларда:

-якка тартибдаги ҳунармандчилик;

- автомобилларга ва қишлоқ хўжалик машиналарига техник хизмат кўрсатиш;

- электрон қурилмаларни (компьютер ва маиший техника воситалари) ва алоқа воситаларини таъмирлаш;

- ижара ва лизинг хизматлари;

- бухгалтерия соҳасига оид хизматлар (аудиторлик, солиқ маслаҳати ва бошқалар) кўрсатиш;

“Сариқ” тоифадаги ҳудудларда “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:

- риэлторлик фаолияти;

- реклама ва маркетинг фаолияти;

-хусусий бандлик агентликлари фаолияти;

- меҳмонхоналарга ўз ошхоналарида овқат пишириш ҳамда хоналарга етказиб бериш;

-парк ва истироҳат боғлари (аттракционалар, кўнгилочар объектлар ҳамда тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти бундан мустасно) фаолияти.

Бунда парк ва истироҳат боғларига кириш карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда соат 09-00 дан 20-00 га қадар 2 нафар шахсдан кўп бўлмаган гуруҳларда (оилавий гуруҳлар бундан мустасно) амалга оширилади;

“Яшил” тоифадаги ҳудудларда “сариқ” ва “қизил” тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:

- очиқ сунъий қопламали спорт ўйингохлари (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш шарти билан, ечиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);

-компьютер (сканер, нусха кўчириш, матн териш, чоп этиш) ва полиграфия хизматлари;

- музейлар фаолияти (ташриф буюрувчилар сонини чеклаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);

- ветеринария хизматлари;

- биноларга хизмат кўрсатиш ва ландшафтни ободонлаштириш фаолияти.

Тошкентдаги "Улуғбек" маҳалласи тўлиқ карантинга олинди

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги "Улуғбек" маҳалла фуқаролар йиғини - пойтахтликлар орасида эса "Улуғбек" шаҳарчаси - ҳудудида коронавирусга чалинган ва улар билан мулоқотда бўлган сони кескин ортгани учун шаҳарча ёпиб қўйилди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, маҳалла ҳудудидаги барча кириш ва чиқиш йўлларига блок постлар қўйилган.

Шаҳарча аҳлига уйдан чиқмаслик, фақатгина зарур ҳолларда - тиббий дори воситалари, зарур озиқ-овқат маҳсулотлар харид қилиш учун чиқишига рухсат берилади.

8 майдан вилоятлар, 11 майдан эса мамлакатдаги туман ва шаҳарлар, Тошкентда эса ҳатто маҳаллалар ҳам эпидемиологик вазиятга кўра, қизил, сариқ ва яшил зоналарга ажратила бошлади.

Тошкент шаҳри сариқ ҳудуд қилиб белгиланган.

Самарқандда врач 34 одамга коронавирус юқтиргани аниқланди

Самарқанд вилоятидаги туман касалхоналаридан бирида бўлим мудири бўлиб ишлаган шифокор 34 та одамга коронавирус юқтирганликда айбланмоқда. Самарқанд вилояти прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, мазкур шахсга нисбатан жиноят иши очилган.

Прокуратуранинг маълум қилишича, айбдор Х.Д., 20 апрелда ўзини ёмон ҳис қилган. У врач сифатида ўзининг коронавирусга чалинганини гумон қилган бўлса-да, санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ўтмасдан уй шароитида даволанган.

27 апрелга қадар уй шароитида яширинча ўзини ўзи даволаган врач турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 кишига вирус юқтирган. Улар орқали коронавирус яна 23 кишига юққан.

Жиноят иши Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1- қисми («Санитарияга оид қонун ҳужжатлари ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш») билан қўзғатилган. Ушбу модда асосида беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Агар бу ҳолат ождам ўлимига сабаб бўлса, у ҳолда 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

ССВ: Соғайиш кўрсаткичи 79 фоизга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 14 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8 кишига кўпайиб, 2620 нафарни ташкил қилмоқда.

“8 нафар янги касалланиш ҳолатининг 4 нафари хориждан келиб, карантинга олинган, қолган 4 нафари ҳам олдиндан карантин муассасаларида кузатувда бўлган фуқаролар орасидан аниқланди”, дейилади расмий билдирувда.

Хориждан келиб, касалланиш қайд этилган фуқароларнинг 3 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари эса Қозоғистондан келган.

Ўзбекистонда коронавирус илк маротаба қайд этилган 15 мартдан бери то шу кунгача 2076 бемор коронавирусдан бутунлай соғайган. Вазирлик бу билан соғайиш кўрсаткичи 79 фоизга етганини билдирди.

Айни пайтда даволанаётган 533 нафар бемордан 11 нафари оғир аҳволда. 11 бемор вафот этган.

Пенсия ва ойликлар нақд пулда бериладиган бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев 13 май куни карантин талабларини янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишга солиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда карантин талабларини "ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш", аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.

​"Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда ҳокимлар бутун масъулиятни ўзига олиб, чуқур ўйлаб, одамлар билан маслаҳатлашиб, иш олиб бораётган бўлса, ўша жойда яхши натижа бермоқда.

Лекин баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда".

"Умуман, коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак".

"Бир ҳақиқатни барчамиз аниқ тушуниб олишимиз шарт: пандемия шароитида биз жорий этган янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ", деган Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда айтилишича, пандемияга қарши курашиш ҳамда карантин шароитида аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3 триллион сўм йўналтирилган.

Селекторда аҳоли, айниқса, пенсионерларнинг мурожаатларини ҳисобга олиб, иш ҳақи, нафақа ва пенсиялар, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, нақд пулда тарқатилиши белгилангани айтилди.

Олис ҳудудларнинг пойтахт билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб масала эканлиги таъкидланган ва Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига «Афросиёб» тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режаланаётгани маълум қилинган.

Шунингдек, иқтисодий фаолликни таъминлаш учун умумий қиймати 1 триллион сўмдан зиёд бўлган янги инвестиция лойиҳалари бошланган.

Шунингдек, эҳтиёт чоралари таъминланган ҳолда, карантин даврида иши тўхтаган 14 мингта саноат корхонасидан 10 мингтаси қайта иш бошлагани айтилди. Уларнинг 178 минг ходими ўз иш жойига қайтган.

Хабарда айтилишича, апрель-май ойларида 1 мингдан зиёд тадбиркорнинг ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган 80 миллиард сўм тўловлари кечиб юборилади.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилингани, бу ҳужжат билан Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилгани айтилди.

Бу лавозимга шу кунгача Давлат солиқ қўмитаси раиси вазифасида ишлаб келган Бекзод Мусаев тайинланди.

Давлат солиқ қўмитаси раҳбарлигига Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Қудбиев тайинлангани маълум қилинди.

ССВ: Самарқандда бир бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, шу йилнинг 9 май куни бурнидан қон кетиши ва умумий аҳволи оғирлашиб, шифохонага тушган тойлоқлик Ў. вафот этган.

Диагностик таҳлиллардан сўнг бу беморда “Covid-19” инфекцияси ҳам аниқланган.

Ушбу бемор (эркак) сурункали бўйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташхиси билан диспансер назоратида бўлган. Унга иккинчи гуруҳ ногиронлик ҳам белгиланган.

Шу йилнинг 28 апрелидан 5 майигача у юқорида келтирилган ташхис билан тиббиёт муассасасида даволанган, мунтазам режали диализ сеансларини олиб келган.

"Бироқ мутахассисларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди", дейилади хабарда.​

Шу билан Ўзбекистонда коронавирус аниқлангач, вафот этган беморлар сони 11 нафарга етди.

Фарғонада коронавирусга чалинган беморлардан бир нафаригина касалхонада қолмоқда. Қолган беморларнинг барчаси соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 13 майда Фарғона вилоятида коронавирусга чалинган 6 нафар киши соғайиб чиқди. Соғайганлар реабилитацияга кузатилди.

“Тузалиб чиққанларнинг 3 нафари Туркиядан, 1 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач шифохонага ётқизилган. Қолган 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 2 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, 3 нафари Фарғона вилоятидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Наманган вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 23 ёш”, дейилади хабарда.

Вилоятда шу пайтга қадар 156 нафар бемор соғайган. Коронавирусга чалинган 1 нафар бемор касалхонада қолмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2046 нафарни ташкил этмоқда.

Хориждан келган яна 15 кишида 13 май куни коронавирус аниқланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича,13 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2568 нафарга етди. Сўнгги 12 соат ичида беморлар сони 21 нафарга кўпайди.

“Янгидан касалланиш ҳолатларининг 15 нафари хориждан келиб, карантинга олинган, қолган 6 нафари ҳам олдиндан карантин муассасаларида кузатувда бўлган фуқаролар орасидан аниқланди”, дейилади расмий билдирувда.

Вазирликнинг маълум қилишича, айни пайтда коронавирусдан 518 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 12 нафарининг аҳволи оғир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони 2547, тузалганлар 2040 киши деб хабар берганди. Шу кунгача 10 бемор вафот этди.

Хориждагиларни қайтариш учун қўйилган чартер рейслар жадвали эълон қилинди

11 майдан 24 майга қадар фуқароларни хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар ташкиллаштирилади.

Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматовнинг 11 май кунги брифингда маълум қилишича, амалга ошириладиган парвозларга дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасалари томонидан фуқаролар рўйхатга олинади.

Рўйхатлар Uzbekistan Airways авиакомпаниясига тақдим этилади ва фуқаролар ушбу рўйхат асосида ҳаво кемаси бортига киритилади.

Рейслар жадвали қуйидагича:

13 май, 07:40 — Тошкент — Истанбул — Тошкент

14 май, 08:35 — Тошкент — Санкт-Петербург — Тошкент

15 май, 12:00 — Тошкент — Деҳли — Тошкент

16 май, 11:00 — Тошкент — Ростов-Дон — Тошкент

17 май, 11:00 — Тошкент — Қозон — Тошкент

18 май, 07:20 — Тошкент — Москва — Тошкент

19 май, 08:35 — Тошкент — Санкт-Петербург — Тошкент

20 май, 07:20 — Тошкент — Москва — Тошкент

21 май, 07:40 — Тошкент — Истанбул — Тошкент

22 май, 14:00 — Тошкент — Лондон — Тошкент

23 май, 13:00 — Тошкент — Новосибирск — Тошкент

24 май, 11:00 — Тошкент — Шаржа — Тошкент

Жадвалда самолётнинг Тошкентдан учиб кетиш вақти берилган.

Рўйхатга биринчи навбатда касал ёки бемор фуқаролар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳамда кекса ёшдаги фуқаролар, шунингдек бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқаролар қўйилади.

"Чипталарни фуқаролар парвоздан 4 соат олдин хорижий мамлакатларнинг халқаро аэропортларидаги Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг кассаларидан олишлари мумкин бўлади", дея маълум қилди Ашурматов.

Ўзбекистонга қайтган барча фуқаролар 14 кундан кам бўлмаган муддатга карантин марказига жойлаштирилади.

ДТМ: ОТМга кириш имтиҳонлари 2 та фандан бўлиши мумкин

Давлат тест маркази (ДТМ) фақат 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирмоқда.

Таъкидланишича, инфекция бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринлик биноларда 3-4 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди.

ДТМнинг хабар қилишича, мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади.

Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилинади. Буларнинг бари тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.

Самарқанд шаҳрида 13 майдан карантин қоидалари кучайтирилади

Самарқанд шаҳар ҳокими, прокурори ва ИИБ бошлиғи иштирокида ўтказилган брифингда шу ҳақда маълум қилинди.

«Самарқанд шаҳри эпидемиологик нуқтаи назаридан „қизил“ ҳудудга кирган. Охирги вақтларда карантин қоидаларининг бир оз юмшатилиши айрим фуқароларимиз томонидан суиистеъмол қилинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, коронавируснинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин. Шу мақсадда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг 12 май кунги қарорига кўра, Самарқанд шаҳрида карантин қоидаларига амал қилиш кучайтирилади», — дея маълум қилди шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов.

Эндиликда, вилоят комиссиясининг қарори билан, кучайтирилган карантин қоидалари 13 май соат 6:00 дан бошлаб амал қилинади.

Жумладан, соат 7:00 дан 10:00гача ва 17:00 дан 20:00 гача шаҳарда транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши чекланади. Энди фақатгина белгиланган рухсатномага (стикер) эга транспорт воситаларига ҳаракатланишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, шаҳарда фақат озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар ва деҳқон бозорлари фаолиятига рухсат берилади. Бундан бошқа барча хизмат турлари чекланади.

Шаҳарга киришга ўрнатилган 25 та блокпостлар фаолияти ҳам кучайтирилади. Шаҳарга мақсадсиз кириш ҳамда шаҳарда мақсадсиз ва стикерларсиз ҳаракатланиш чекланади.

Шаҳардаги барча ташкилот, муассаса ва органларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, бегона шахслар киритилмайди. Ҳар бир ташкилотнинг кириш эшигида доимий навбатчилик ташкил этилади.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида СЭС, ИИБ ЙҲХБ, миллий гвардия ходимларидан иборат 10 та мобил назорат гуруҳи ишламоқда. Яна 15 та шундай гуруҳ ташкил қилинади ва кунлик назорат ишлари давом эттирилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 6 май куни вилоят эпидемиологик жиҳатдан «қизил» (юқори хавфли) ҳудудга кириши, шу боис Самарқандда карантин қоидалари ҳозирча юмшатилмаслигини маълум қилганди.

Qanotchi ресторанининг иши судга оширилди

Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси Qanotchi ресторани карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик йўли билан фаолият юритган, дея баёнот берди.

ЎзА агентлигининг маълум қилишича, бу иш Маъмурий судга оширилган.

Хабарда айтилишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекциясининг буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар вакилининг 10 майдаги келишуви асосида текширув амалга оширилган.

Олдинроқ Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ресторан фаолияти синов тариқасида амалга оширилаётганлиги ҳақида маълумот берган эди.

ССВ: Фарҳод бозорида коронавирусга гумон қилинган фуқарода COVID-19 чиқмади​

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган Фарҳод автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори 11 май куни ичидаги барча ходимлари билан ёпилганига ойдинлик киритди.

11 май куни тадбиркорлардан бирида юқори тана ҳарорати кузатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

ССВ баёнотига кўра, шу куни бозор худудига кираверишда ўрнатилган тиббий текширувлар давомида бир нафар фуқарода юқори ҳарорат аниқланган ва у дарҳол изоляцияга олинган. Коронавирусга гумон қилинган фуқаро бозор худудига киришга улгурмаган.

11 майнинг ўзида 1989 йилда туғилган (эркак) ушбу фуқародан коронавирусга ўтказилган диагностик таҳлил унда “Covid-19” инфекцияси аниқланмаганини кўрсатган.

Маълумотларга қараганда, шу кунларда мазкур бозорда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда ва уларнинг якунига кўра бозор ишга тушиши режалаштирилган.

ИИББ: Qanotchi ресторанида карантиндан чиқиш йўли синалди

Тошкент шаҳар ИИББ 10 майдан очилишига рухсат берилган Qanotchi ресторани синов тарзида очилганини маълум қилди.

Бу ресторан хўррандаларни қабул қилишни бошлаганини маълум қилган ва Facebook саҳифасида эълон берганди. Карантин шароитида фақат шу ресторанга рухсат берилгани тармоқларда баҳс бўлган бўлган эди.

ИИББ хабарича, умумий овқатланиш муассасаларида карантинни босқичма-босқич юмшатиш чорасини синаш учун Тошкентда шу ресторан танлаб олинган:

"Умумий овқатланиш жойи дезинфекция мосламаси, мижозлар столларини ажратиб турувчи ҳимоя экранлари билан жиҳозланиб, СЭОМ бош шифокори М. Қутратходжаеванинг шарҳида қайд этилганидек, “...ишлаб чиқилган хавфсизлик чоралари режасига риоя қилаётган эди”.

Синов натижалари Коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан маълум қилиниб, умумий овқатланиш жойлари фаолиятини тиклаш масаласи ўрганилади ва узил-кесил қарор қабул қилинади".

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, ресторан синов тарқасида очилгани ҳақидаги гап ИИББ баёноти берилгунга қадар айтилмаган, тармоқда муҳокама бошлангач, ҳатто очилиш ҳақидаги дастлабки хабар ўчирилган.

Сўнгги расмий хабарда айтилишича, Qanotchi ресторани СЭОМ қўйган махсус талабларни бажарган ҳолда очилган.

Унда мижозлар ва уларга хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳимояланган.

Шифохоналарда 531 бемор қолди, 7 нафарининг аҳволи оғир

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 531 бемордан 7 нафарининг аҳволи оғир, 5 нафарида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти.

9 май куни яна 71 фуқаро тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Айни пайтга қадар 1846 нафар, яъни 79 фоиз бемор тўлиқ соғайган.

Ҳозирги вақтда 42 мингдан ортиқроқ фуқаро карантинда бўлиб турибди.

Германиядаги коронавирус чекловларига қарши норозиликлар содир бўлмоқда

Германия полицияси мамлакатнинг бир неча шаҳрида ўнлаб киши коронавирус пандемияси чекловларига қарши норозилик билдиргани учун ҳибсга олинганини маълум қилди.

Бунга 9 майдаги айрим намойишлар чоғида зўравонликлар қилингани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Берлин полицияси хабар беришича, собиқ Шарқий Берлиндаги энг йирик марказий майдон – Александрплацдаги намойиш вақтида полиция ходимларига шиша ирғитгани учун 86 киши ҳибсга олинган. Камида бир ходим яраланган.

Беларусдан 150 нафар ўзбекистонлик қайтарилди

Беларуснинг Минск шаҳрига йиғилган 150 ўзбекистонлик чартер рейс орқали ватанига қайтарилди.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Беларусдаги ваколатхонаси тарқатган хабарга кўра, 10 май куни яна 2 чартер рейс белгиланган.

"10 май куни Uzbekistan Airways томонидан Тошкент–Деҳли–Тошкент ҳаво йўналиши орқали чартер рейс ташкил этилади. Шунингдек, 10 май куни Тошкент—Сеул—Тошкент йўналишида чартер рейс қўйилиши кутилмоқда", дейилади Ассоциация матбуот котиби Телеграм каналида берилган хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май кунги селектор йиғилишида хорижда Ўзбекистонга қайтарилишини кутаётган 11 мингга яқин ватандош олиб келиниши режаланаётганини айтган эди.

Чартер рейслар Россия, Туркия, Дубай ва бошқа давлатлардан уюштирилиши айтилган эди.

Хориждан қайтишни истаётган ўзбекистонликлардан эса консуллик ва элчихоналарда рўйхатдан ўтиш сўралган эди.

Сеулда карантин яна кучайди, АҚШда 3 бола ўлди, Германия кушхоналарида вирус тарқала бошлади

9 май куни Жанубий Корея пойтахти Сеулда коронавирус қайтадан тарқала бошлагани учун 2100 дан ошиқ бар, дискотека ва клубни ёпилди.

Сабаби вирусга чалиниш ҳоллари асосан ўтган ҳафта дам олиш кунлари сайр қилган шахсларда қайд этилган.

Германияда эса кушхоналарда вирус кенг тарқала бошлади. Хабарларга кўра, мамлакатдаги кушхоналарнинг бирида 180 нафар ходим вирусни юқтирган.

АҚШда пандемия ўчоғига айланган Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо штатда шишиб кетган қон томирлари ва юрак хасталиги туфайли икки нафар ёш бола ва бир нафар ўсмир ҳалок бўлганини билдирди. Бу ҳолатлар коронавирус туфайли юзага келган бўлиши мумкин.

Штат бўйлаб камида 73 нафар ёш болада Кавасаки касаллиги аломатлари аниқланди. Камдан-кам учрайдиган бу яллиғланиш касаллиги коронавирус туфайли юзага келаётгани ҳали тасдиқлангани йўқ.

Президент топшириғи билан туман ва шаҳарлар ҳам зоналарга ажратилди

Республика махсус комиссиясининг 9 май куни тарқатган ахборотига кўра, ҳудудлар туман ва шаҳарлар даражасида тоифаларга ажратилган.

Шу йил 7 май куни президент раислигида ўтган селектор йиғилишида шундай вазифа қўйилган эди.

Республика махсус комиссияси 8 майдаги йиғилишида буни муҳокама қилган ва 11 майидан эътиборан туман ва шаҳарлар эпидемиологик аҳволга кўра, 3 тоифага ажратилади:

- сариқ ва қизил тоифадаги вилоятларда коронавирус инфекцияси умуман аниқланмаган туманлар (шаҳарлар) яшил тоифага киритилади;

- яшил ёки сариқ тоифадаги вилоятнинг бирор-бир туманида (шаҳрида) коронавирус инфекцияси аниқланадиган бўлса, бутун вилоятнинг тоифасини ўзгартирмаган ҳолда тегишли туманнинг (шаҳарнинг) ўзи қизил тоифага ўтказилади.

Тошкент шаҳрида эса маҳалла, даҳа ва мавзеларни ҳам 3 тоифага ажратишга қарор қилинди.

Бунинг учун Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳар бир вилоят, туман, шаҳар ва Тошкент мисолида ҳар бир маҳллада коронавирус инфекцияси тарқалиши бўйича ҳисобот бериши лозим.

Мирзиёев Ғалаба боғига борди, ёдгорлик пойига гул қўйди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Тошкентнинг Олмазор туманида 12 гектар майдонда янги очилган "Ғалаба боғи"га борди.

Мирзиёев боғдаги "Матонат мадҳияси" ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди.

"Ғалаба боғи" президент Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилди.

Ғалаба боғи, Тошкент, 9 май, 2020 йил.
Ғалаба боғи, Тошкент, 9 май, 2020 йил.

Бунга қадар Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг асосий ёдгорлиги Мустақиллик майдонидаги "Мотамсаро она" ҳайкали саналган ва Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислом Каримов 9 май кунги тадбирларда ўша ҳайкал пойига гул қўйган.

Ғалаба боғи, Тошкент, 9 май, 2020 йил.
Ғалаба боғи, Тошкент, 9 май, 2020 йил.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май кунги видеоселектор йиғилишида тиббий ниқобни ечишни тақиқлаган эса-да 9 май кунги тадбирда унинг ўзи ва саф тортган аскарларнинг ниқобсиз турганини кўриш мумкин.

Коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, карантин даражаси қандай бўлишидан қатъий назар, 9 май, Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқлаб қўйилган.

Бундан ташқари, 1941−45 йиллардаги уруш қатнашчиларининг хонадонларини зиёрат қилиш ҳам тақиқланди.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича республика комиссияси байрамни фақатгина оила даврасида нишонлашни тавсия қилмоқда.

Хабарда жамоат жойларида 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш, шунингдек, уч кишидан кўп шахсларнинг тўпланиши бўйича талаблар сақланиб қолгани эслатиб ўтилган.

Коронавирус юқтирганлар 2336 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда яна 11 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида хабар берди.

"2020 йил 9 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2336 нафарни ташкил қилмоқда", дейилади вазирлик хабарида.

Ўзи ниқоб тақмаган президент ниқобни ечишни тақиқлади

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май кунги видеоселектор йиғилишида тиббий ниқобни ечишни тақиқлади:

«Ҳозирча ниқобни ечиш мумкин эмас. Биз ушбу шароитларда ишлаш ва яшашни ўрганишимиз керак».

Мирзиёевнинг ўзи ҳукумат йиғилишлари, одамлар билан учрашувлари пайти тиббий ниқобсиз юрганини кўриш мумкин. Бу расмийлар эълон қилаётган фото ва видеоларда ҳам акс этган.

Мамлакатда ниқобсиз юриш тақиқланганидан буён Мирзиёевнинг бирор марта жамоат олдига ниқобда чиққани кузатилмади.

25 мартдан бошлаб Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланди ва жарима белгиланди:

  • Базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида
  • Мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилади.

Яна 10 кишида Covid-19 аниқланди. Жами беморлар камида 2324, тўққиз бемор оғир аҳволда

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони сўнгги 12 соатда 26 нафарга кўпайиб, 8 май соат 15:00 ҳолатига кўра, 2324 нафарни ташкил қилмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, ҳозирда 648 бемор шифохонада, улардан 9 нафарининг аҳволи оғир.

Касалликдан яна 92 бемор тузалди, жами тузалганлар сони 1748 нафарга етди. Коронавирус сабаб 10 киши оламдан ўтди.

Тошкент Тожикистонга гуманитар ёрдам жўнатди. Айни пайтда Ўзбекистонга халқаро ёрдам келишда давом этмоқда

8 май куни тожикистонликларга коронавирус инфекциясига қарши курашишга кўмаклашиш мақсадида 8 нафар ўзбекистонлик шифокор учиб кетди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 8 нафар шифокорнинг барчаси катта тажриба ва малакага эга ходимлардир.

Шунингдек, бугун 144 та мобил тиббий контейнер гуманитар ёрдам сифатида Тожикистонга темир йўл орқали жўнатилди.

“Азия-Плюс” ахборот агентлиги хабарига кўра, мобил контейнерлар Душанбедаги муваққат шифохона барпо этиладиган “Бофанда” стадионига жойлаштирилади.

Контейнерларда кўрпа-тўшакли кроватлар ва кондиционер ўрнатилган бўлиб, душ ва ҳожатхонага ҳам эга.

Бундан ташқари, Мирзиёев Тожикистонга Мудофаа вазирлиги учоғи билан инсонпарварлик ёрдами йўллашни ҳам буюрган. Учоқ 8 май куни қўшни мамлакатга ўнта ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати, дори-дармон, тиббий ҳимоя халатлари, қўлқоплар ва респираторларни етказиб берди.

Ушбу ёрдам Шавкат Мирзиёевнинг Имомали Раҳмон билан 5 май кунги телефон мулоқотидан сўнг амалга оширилди.

Ўзбекистон Тожикистонга апрель ойида ҳам инсонпарварлик ёрдами йўллаган. Ўшанда Сурхондарё вилоятидан Душанбега 18 вагонда ун, тозалаш воситалари, тиббий халатлар, қўлқоплар, ниқоблар, кўзойнаклар, респиратор ва пирометрлар жўнатилганди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзига коронавирусга қарши кураш учун ҳалқаро ёрдам келишда давом этмоқда.

Жумладан, икки кун аввал АҚШнинг CDC ташкилоти Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш учун $2 млн ажратгани хабар қилинди.

Аввалроқ Ислом тараққиёт банки коронавирусга қарши курашиш учун Ўзбекистонга $17 млн ажратди.

Америка ҳукуматининг Халқаро ëрдам дастури – USAID ҳам коронавирус пандемияси тарқалишини тўхтатишга ëрдам учун Ўзбекистон маблағ ажратди.

Тожикистонга жўнатилган ўзбекистонлик 8 шифокор
Тожикистонга жўнатилган ўзбекистонлик 8 шифокор

Мирзиёев хорижда қолиб кетган 11 минг ўзбекистонлик қайтарилишини айтди

Ўзбекистон Россия, Туркия, Дубай ва бошқа хориж мамлакатларидан қийналиб қолган 11 минг нафар фуқаросини ватанига қайтариш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда 7 май куни бўлган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Ҳаммаларингнинг хабарларинг бор, кўп давлатларда Ўзбекистон фуқаролари бор. Биз ҳозир тизимли равишда, имкониятимизга қараб уларни барибир олиб келишимиз керак. Улар орасида анча қийналганлари бор. 11 мингга яқини анча қийналган. Режа қилиб, биринчи навбатда уларни олиб келиш бўйича чоралар кўряпмиз”, деб айтган президент.

Мирзиёев чартер рейслар орқали хориждан Ўзбекистонга қайтарилганлар орасида коронавирусга чалинганлар оз эмаслигини эсда тутган ҳолда, эҳтиёт чоралари кўриш зарурлигини таъкидлади.

Президентнинг билдиришича, бугунги кунда Ўзбекистонда 45 минг киши карантинда сақланмоқда.

Коронавирус сабаб жорий қилинган карантин чоралари ортидан дунё бўйлаб авиа рейслар тўхтатилди ва кўплаб ўзбекистонликлар хорижда қолиб кетди.

Шу пайтгача хорижда қолган ўзбекистонликларнинг аниқ сони маълум эмас.

Куни кеча карантин тадбирлари боис Германияда қолиб кетган ўзбекистонликлар президент Ш.Мирзиёевга мурожаат қилиб, ундан ватанга қайтиш учун чартер рейси ташкил қилиб беришни сўради.

Мурожаатчиларга кўра, март ойи ўрталарида чекловлар киритилганидан бери ЕИ мамлакатларида қанча ўзбекистонлик қолиб кетгани маълум эмас, бироқ биргина Германиянинг ўзида бундайлар сони 150 кишидан ошади.

Президент 7 май куни эълон қилган хориждаги ўзбекистонликларни қайтариш рўйхатида Германия қайд этилмаган.

Марказий Осиёда коронавирусдан ўлганлар сони бўйича Қозоғистон биринчи ўринда: Бугун яна 1 бемор ўлди

Қозоғистонда коронавирусдан ўлганлар сони 31 кишига етди. Расмий маълумотга қараганда, сўнгги ўлим ҳолати Павлодар вилоятида қайд этилди.

Хабарда айтилишича, 23 апрелда COVID-19га чалингани аниқланган павлодарлик 57 ёшли фуқаро вафот этган.

8 май куни Қозоғистонда коронавирус юқтирган яна 112 нафар бемор аниқланди. Улардан 72 нафари Олмаотада. Мазкур шаҳарда 1,5 минг киши коронавирусга чалинган. Бу эса Қозоғистонда коронавирус юққанларнинг учдан бирини ташкил қилади.

Қозоғистонда шу кунгача 4690 одам коронавирусга чалинган.

Қозоғистон коронавирусдан ўлганлар сони бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Қирғизистонда 12, Тожикистонда 12, Ўзбекистонда 10 нафар коронавирусга чалинган бемор оламдан ўтди. Туркманистон шу пайтгача расман коронавирус қайд этилмаган давлатлар рўйхатида қолмоқда.

Коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2314 кишига етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 8 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2314 нафарни ташкил қилмоқда.

7 май соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус юқтирган беморлар сони 2298 тани ташкил этгани хабар қилинганди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор 15 март куни аниқланган эди. Ўшандан бери 1656 киши касалликдан соғайди, 10 нафар бемор вафот этди.

Самарқандда кучайтирилган рейдлар бошланди

7 май соат 08:00дан бошлаб, Самарқандда вилоят ИИБ, карантин қоидаларига риоя этилаётганини назорат қилиш учун кучайтирилган рейдларни бошлади.

Самарқанд вилоят ИИБнинг телеграм канали орқали фуқароларни заруратсиз кўчага чиқмасликдан огоҳлантирди.

Жумладан, заруратсиз уйдан чиқмаслик, 65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бор фуқаролар ташқарига қатъиян чиқмаслик талаб қилинмоқда.

Такси ҳайдовчиларига йўловчи ташиш қатъиян таъқиқланган. Фуқароларга бир жойда икки ва ундан ортиқ киши тўпланиши мумкин эмас.

"Ушбу талабларни бузган шахслар қатъий жавобгарликка тортиладилар", дейилган ИИБ баёнотида.

Самарқанд эпидемиологик вазият хавфли бўлиб қолаётган вилоят сифатида қизил зона қилиб белгиланган. Самарқандда 150 кишида коронавирус аниқланган ва 37 киши соғайган.

6 май куни вилоятда 10та янги ҳолат қайд этилди.

Қизил ҳудудларда нималарга рухсат берилади?

Республика махсус комиссияси карантин чекловлари даражаси бўйича ҳудудларни қизил, сариқ ва яшилга ажратди. 8 майдан бошлаб мазкур учта тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чоралари босқичма босқич бекор қилиб борилади.

Навоий вилояти, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари яшил ҳудуд деб ҳисобланади.

Тошкент шаҳри, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари сариқ ҳудуд қилиб белгиланди.

Республиканинг қолган барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси қизил ҳудуд деб эътироф этилди.

Қизил, сариқ, яшил ҳудудлардаги ўзаро фарқ ҳақидаги маълумотлар қуйидаги мақолада:

Н.Отабеков: 70 фоиздан ортиқ бемор вирусдан фориғ бўлди​

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекциясига чалинган 2266 фуқаро рўйхатга олинган. Беморларни даволашда ижобий натижалар қайд этиляпти. 6 май куни 76 фуқаро тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган. Айни пайтга қадар 1577 нафар, яъни 70 фоиздан ортиқ бемор вирусдан фориғ бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 679 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Британия коронавирусдан ўлим сони бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринга чиқди

Британия жаҳонда коронавирусдан ўлим ҳолати бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринга чиқди. Бу мамлакатда коронавирусга чалинган беморлардан камида 30 минг нафари вафот этди.

Сўнгги бир сутка давомида Британияда 6 минг кишига коронавирус юққан, 649 киши ўлган. Британияда коронавирусга чалинганлар сони 201 мингдан ошиб кетди. Беморлардан 30 минг 76 нафари ўлди.

Сўнгги кунларда Британия ҳукумати аҳолини коронавирус тестидан ўтказиш амалиётини кучайтирди. Ҳукумат кунига камида юз минг киши тестдан ўтказилишини ваъда қилмоқда. Лекин бунга ҳалигача эришилгани йўқ. Тиббиёт ходимлари кунига 70 минг одамни текширишга улгурмоқда.

Қашқадарё яшил, Самарқанд ва Наманган қизил зона бўлди

5 май куни бўлган селекторда Ўзбекистонда карантин секин аста юмшатилиши ва бунда мамлакатдаги вилоят ва туманлар 3 тоифага ажратилиши айтилганди.

6 майга келиб, Қашқадарё ҳокими бу вилояти яшил зонага айлангани ва карантин чоралари юмаштилганини маълум қилди.

Ҳокимлик ахборот хизматининг хабар қилишича, вилоятда йўналишсиз таксиларнинг 3 йўловчи билан қатнашига рухсат берилган. Аҳоли карантин қоидаларига амал қилган ҳолда мотоцикл, скутер ва велосипедлардан ҳам чекловсиз, аммо мақсадли фойдаланиши мумкин.

Бундан ташқари, вилоятда савдо дўконлари, меҳмонхона, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ишлашига ҳам рузсат берилди.

Ҳозир Қашқадарё коронавирусдан ҳоли ҳудуд бўлгани учун, яшил зона мақомини олди.

6 май куни Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари ўз ҳудуди хавфлилик даражаси юқори бўлган қизил зона, деб белгиланганини маълум қилди.

Шу боис, бу вилоятларда карантин қоидалари ҳозирча юмшатилмайди.

Хар икки вилоятда, 5 май соат 23:00 ҳолатига кўра, камида вирусга чалинган 370 бемор бор.

Томда дарс ўтаётган ўқитувчилар

Телеграм тармоғидаги Alimoff каналида томда ўтириб дарс ўтаётган ўқитувчи аёлнинг видеоси эълон қилинди.

Видеода бир эркак, ўқитувчи бўлган турмуш ўртоғи пастда Интернет алоқаси яхши бўлмагани учун томга чиқиб дарс ўтаётганини ҳикоя қилган.

Шамол ва қуёш тиғидан ўзини пана қилиш учун соябон тутиб олган аёл, вазият бу ҳолда давом этса, хасталаниб қолишидан хавотир қилган.

Ўзбекистонда 16 мартдан мактаблар ёпилган, мактабларда дарслар онлайн шаклга ўтказилган. Ўқитувчилар ва ўқувчилар чекка туман ва қишлоқларда Интернет алоқаси пастлиги ва қимматлиги учун, онлайн дарс жараёни жуда оғир кечаётганини айтишмоқда.

"НГМК ишчиларининг ойлик маоши 15-20 фоизи карантин учун ушлаб қолинмоқда"

Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги Навоий тоғ-кон металлургия комбинати (халқ орасида НГМК - таҳр.) ишчиларидан бирининг хотини комбинатда ишчилар маошидан мажбурий тарзда ушлаб қолинаётганидан шикоят қилди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз аёлнинг Озодликка айтишича, ҳар бир ишчига карантин ва хайр-эҳсон учун президент ташаббуси билан очилган "Саховат ва кўмак" жамғармасига ойлик маошининг каттагина қисмини ихтиёрий равишда бериши ҳақидаги қоғозга мажбуран қўл қўйдирилган:

"Менинг эрим ўз ихтёрим билан 1 миллион сўм ойликни ўтказиб бераман, деб қўл қўйиб берибди. 10 миллиондан 20 миллион сўмгача ойлик оладиганлар бор экан, улардан 3 миллион сўмдан ўтказиб берасизлар, дейишибди. Аслида мажбурий, ҳамма ўтказиши шарт, дейишибди катталари. Марказий Кон бошқармасидан кўрсатма келибди. Сизлар катта комбинатда ишлайсизлар, ойликларинг катта, шунинг учун 1 миллиондан 3 миллион сўмгача пул ўтказасизлар, деб мажбурлашибди", деди бу аёл.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда аёлнинг айтишича, айни комбинат ишчилари март ойлигидан ҳам 1 кунлик иш ҳақини Наврўз ҳашари учун, яна бир кунлик ҳақини карантиндан қийналганлар учун мажбурий-ихтиёрий равишда эҳсон қилишган:

"Энди эса 1 миллион сўмга чиқди. Яна раҳбарлари айтишибдики: "Мамлакатда вазият оғир, бу ҳозирча бошланиши, яна йиғимлар бўлиши мумкин, юртга шу кунда ёрдам бермасанглар, қачон ёрдам берасизлар?" деган гапларни қилишибди. Норози бўлганларни муаммо топиб, ойлигини кесиш билан қўрқитишган. Бу энди инсофсизлик! Телевизорда айтяптику, жабрланганларга ёрдамни давлат ўзи қоплаяпти, деб. Бу комбинатда эртадан кечгача чанг ютиб ишлаган ишчиларнинг пулини нега йиғишяпти, қайси ҳақ билан йиғяпти? Бу саволларга ҳеч ким жавоб бермайди", деди зарафшонлик аёл.

Суҳбат якунида бу аёл Ўзбекистоннинг бошига келган оғир кунда ёрдамга ҳозирлигини, аммо хайриянинг мажбурий тарзда, қўрқитишлар билан, бунинг устига манзили тўлиқ очиқланмаган тарзда ёппасига йиғиб олишини асло маъқулламаслигини алоҳида қўшимча қилди. ​

1958 йилда Учқудуқда топилган уран захираларини қазиб олиш ва қайта ишлаш учун Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилган.

Расмий сайтида қайд этилишича, ҳозирда комбинатда 10 мингдан ортиқ олий маълумотли ходим ишлайди.

Маошнинг 20 фоизини мажбурий-ихтиёрий ушлаб қолиниши борасида корхонадан бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, республикадаги давлат ва жамоат ташкилотлари ишчиларидан карантин сабаб оғирлашиб қолган иқтисодиётни кўтариш ва қийналган оилаларга ёрдам бериш важи билан очилган "Саховат ва кўмак" жамғармасига мажбурий пул йиғимлари кўпаяётгани ҳақида Озодликка шикоятлар келиши кўпайган.

Ташклотлар раҳбарлари эса бундай йиғимлар ортидан расмий тармоқларда "Ишчиларимиз ўз ихтиёри билан бир кунлик ойлигини ўтказиб берди", деган ҳисоботларни тақдим қилмоқда.

Беморлар сони ва даволаниш динамикасига кўра ҳудудлар 3 категорияга бўлинади

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги 5 май кунги селекторда карантин чораларини, ҳудудлардаги санитария-эпидемиологик вазиятга кўра юмшатилишини маълум қилди.

Президент ҳудудларни беморлар сон ва уларнинг даволаниш динамикасини ўрганиб, санитария-эпидемиологик вазиятни баҳолаб, шунга кўра, туман ва шаҳарлар "қизил", "сариқ" ва "яшил" ҳудудларга ажратиб чиқилади.

Президент Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳарда карантин даражасини белгилаб чиқиш, жойлардаги вазиятнинг ўзгаришига қараб тезкорлик билан уларни ўзгартириб туришни топширди.

Жумладан, эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, ноозиқ-овқат дўконлари, тиббий диагностика, такси хизмати, таъмирлаш, тикувчилик, маиший техника ва пойабзал тузатиш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат бериш кераклиги қайд этилди.

Айни пайтда, қайта бошлаган корхоналарда санитария қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатишни топширилди.

Шунингдек, хабарда, стикерлар бекор қилиниб, шахсий автомобиллардан фойдаланиш мумкин бўлиши ҳам айтилди.

Лекин, одамлар кўп тўпланадиган объектлар, жумладан, театр, концерт ва спорт заллари, тўйхоналар, жамоат транспорти бўйича чекловлар маълум муддатгача сақланиб қолади.

Республика комиссиясига хизмат кўрсатиш турларини қайси ҳудудларда ва қандай шартлар асосида йўлга қўйишни белгилаш топширилди.

– Эпидемиологик вазият яхшилангани сари чекловларни бекор қилишни давом эттирамиз. Аксинча, вазият ёмонлашса, карантин чораларини қайта тиклаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Блогер фикри: Ҳукумат комиссияси қарорларига ҳуқуқий баҳо берилиши лозим

Ўзбекистонлик таниқли журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Телеграм тармоғидаги блогида Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланаётган карантин чораларининг қанчалик легитимлиги масаласини кўтарди.

Шахсий автомашиналарга рухсат берилиши ёки берилмаслиги ҳақидаги турли хабарлар фонидан ёзган блогида журналист ушбу комиссиянинг ўзи қанчалик легитим, деган масалани ўртага қўяди:

"Кейин, ҳалиги Махсус комиссия нима ўзи? Қонунийми у? Унинг қарорлари-чи? Қарор чиқаряптими ўзи у ё фақат йиғилиш протоколи? Улар ҳам қонунийми? Қайси қонун бўйича қонуний? Қонунга кўра, бажарилиши ҳамма учун мажбурий ҳужжатлар расмий манбаларда, масалан, “Лекс.уз”да ё “Халқ сўзи”да эълон қилиниши керак, ярим тунда қанақадир Телеграм-каналда эмас, тўғрими? Ё ўша Телеграм-канал мақоми энди “Лекс.уз” билан бирми?"

Аъзамхўжаев Ўзбекистонда қарийб сўнгги 2 ойдаги барча меъёру тартиб-қоидаларни белгилаб келаётган Ҳукумат махсус комиссияси мақоми, унга берилган кафолатлару бу тузилманинг фаолиятини сўроққа тутган илк журналист бўлди.

Фарғонада шаҳарга кириш-чиқиш тақиқи ва ички постлар олиб ташланди

Фарғона вилоятида ташкил қилинган ички карантин постлари 4 майдан бекор қилинди.

Карантин сабаб фаолиятини вақтинча тўхтатган Фарғона вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари иш фаолиятини давом эттиришни бошлади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларида маъмурий амалиёт инспекторлари аҳолини қабул қилишни бошлади.

Аммо, ватандошлардан ҳануз карантин қоидаларига қатъий амал қилиш сўралмоқда.

Айни пайтда, Андижонда карантин тартиби юмшатилган, 4 мингга яқин тадбиркорга иш бошлаши учун рухсат берилган.

Андижон ҳокими 3750 та тадбиркорнинг ишлашига рухсат берди

Андижон вилоятида 3750 та тадбиркорга, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ишлашига рухсат берилди.

Булар меҳмонхона, такси йўналишлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари бўлган тадбиркорлардир.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, 4 май куни Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ўзи ўтказган селектор йиғилишда шу ҳақда маълум қилган.

Вилоят ҳокимининг топшириғи билан 4 майдан:

- лицензияга эга бўлган 4 минг 700 дан ортиқ енгил автомобилга, кунлик санитария талабларига амал қилган ҳолда, иш бошлашига;

- 3 минг 643 таси аёллар ва эркаклар учун сартарошхона ҳамда гўзаллик салонлари оралиқ масофани сақлаган ҳолда фаолиятини давом эттиришига;

- 25 та меҳмонхонанинг ҳар бирига санитар врачларни жалб этган ҳолда хоналарни дезинфекция қилиш ва меҳмонларни кунлик тиббий назоратдан ўтказиш орқали фаолиятини тиклашга рухсат берилди.

Маълумот учун, вилоятда карантин эълон қилинган кунга қадар жами 29811 та хўжалик юритувчи субъекти фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Н. Отабеков: санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлар қайта кўриб чиқилади

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Атабековнинг маълум қилишича, ҳозирда карантиндан кейин ўрнатиладиган янги тартиб-қоидалар ўрганилмоқда.

Хусусан, туризим, халқаро юк ташиш, қатновлар, шунингдек автомобил, поезд ва самолёт аҳоли қатнови нафақат Ўзбекистон, балки дунёда карантиндан сўнг бошқача бўлиши аниқ.

Нурматовга кўра, ҳозир мамлакатдаги ва хориждаги тажриба асосида, ушбу инфекциянинг мамлакатга кириб келиши олдини олувчи чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ҳозирлик кўрилмоқда:

- Мавжуд меъёрий хужжатлар, жумладан санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирлар, санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлар қайта кўриб чиқилади. Албатта халқаро тажрибалар ҳам ўрганиб чиқилади. Балки, дастлабки даврда фақат коронавирус йўқлигини тасдиқловчи хужжати бўлсагина, виза бериш тизими жорий қилинар. Буни эса вақт ва эпидемик вазият кўрсатади.

Шунингдек, Н. Отабеков мамлакатда 10 майдан карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган режа ҳақида ҳам қўшимча маълумот берди.

Санитар инспекторга кўра, карантин вирусдан ҳоли ҳудудларда юмшатила бошлайди:

- Бугунги кунда республикамизда касаллик умуман қайд этилмаган қишлоқлар, туманлар анча кўп, ҳатто Жиззах ва Қашқадарё (Навоий вилояти сўнгги соатларда бу рўйхатга қўшилди - таҳр.) вилоятларида аниқланган беморларнинг барчаси соғайган.

Айни пайтда, Ўзбекистонда жойлардаги вирусология лабораториялари аҳоли орасида беморларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда.

Отабековга кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг вирусология лабораторияси вилоятлардан жўнатилган шубҳали ва мусбат намуналарни тасдиқлаш ва якуний ташхис қўйиш билан шуғулланмоқда.

Бошқа тафсилотлар билан қуйидаги видеода танишишингиз мумкин:

Бухорода 18-20 кунлаб карантинда ушланганлар, жанжал қилганидан сўнг, уйига юборилди

Бухоро вилояти Жондор тумани шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида карантинга олинган ватандошлар, 18-20 кундан сўнг ҳам уйига рухсат берилмаганидан сўнг, жанжал кўтарди.

Озодликка йўланган видеода акс этишича, 1 май куни 20 га яқин киши шифохона раҳбарининг келишини талаб қилиб, шифохона ҳовлисига йиғилган.

Бу ҳодисага гувоҳ бўлган бухороликлардан бирининг Озодликка айтишича, шундан сўнггина уларга уйларига кетиши учун рухсат берилган:

"Шифокорлар келишди, Тошкентдан таҳлил натижалари келса, кейин чиқарамиз деди, яна. Кейин ўша куннинг эртасига намозшом пайтида бизга рухсат беришди. 21 кун қолган кишиям уйига кетди, биз 18 кун қолгандик - бизга ҳам рухсат беришди. 17 кишига рухсат беришди. Нимага 14 кундан ортиқ ушлаб турибсизлар, деганимизда, агар шифокорлар лозим топса, 28 кунгача карантинда сақлаши мумкин, дейишди. Лекин, бизнинг анализларимиздан коронавирус бирор марта чимаган, биз вирусни юқтирган билан мулоқотда бўлмаганмиз ҳам", деди исмини ошкор қилмаётганимиз бухоролик 4 май куни Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка йўлланган видеода 1 май куни шифохона ҳовлисига йиғилганлар билан шифокорларнинг мулоқоти акс этган:

Бухорода карантинга олинганлар 18-20 кунлаб ушлаб турилганидан норози бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:41 0:00

Озодлик бу ҳодиса юзасидан Жондор тумани тиббиёт бирлашмасига боғланди.

Бирлашманинг ўзини таништирмаган ходими шифохонада карантинда сақланаётган ватандошлар борлигини тасдиқлади, аммо бошқа саволларга жавоб беришни истамади.

Озодликка республиканинг баъзи вилоятларида ватандошлар 14 кунлик карантинга олиниб, муддат битгач, уйига рухсат берилмагани ҳақида шикоятлар бунга қадар ҳам келган.

Навоий вилояти коронавирус инфекциясидан ҳоли ҳудудга айланди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, 4 май куни бу вилоятнинг юқумли касалликлар шифохонасида қолаётган охирги бемор соғайган.

Соғайган бемор 45 яшар тошкентлик аёл коронавирусга чалинган бемор билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Ҳозир 3 вилоят - Навоий, Жиззах ва Қашқадарё коронавирусдан ҳоли ҳудудга айланди.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 1328 нафарга етди.

ИИВ аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади

Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, 2020 йил 4 майдан бошлаб:

- Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (паспорт, прописка, виза),

- йўл ҳаракати хавфсизлиги (рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш, маъмурий амалиёт, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш)

бўлинмалари фуқароларга хизмат кўрсатиш фаолиятини бошлайди.

Шу йилнинг 24 мартидан ҳудудий Ички ишлар органларининг фуқароларни қабул қилиш фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.

Эндиликда бу хизмат тикланди, аммо фуқаролар карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда қабул қилиниши айтилди.

Марказий банк: 2020 йилда ЯИМнинг ўсиши 1,5 фоизга тушади

Марказий банк (МБ) коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати аввалдан кўзланган 5,2−5,5 фоиздан 1,5−2,5 фоизгача пасайиши кутилаётганини маълум қилди.

МБ томонидан эълон қилинган "2020 йилнинг I чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи"да қайд этилишича, хориждан келадиган пул жўнатмалари ҳам ўтган йилгига нисбатан 30−35 фоизга қисқариши кутилмоқда.

МБ прогнозига кўра, Ўзбекистонда кўпроқ туризм, меҳмонхона бизнеси, халқаро транспорт, кўнгилочар соҳалар, спорт, эксклюзив хизматлар ва бошқа соҳаларда ўсиш суръатларининг сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда.

Айни пайтда, МБ Инқирозга қарши жамғарма жалб қилинган маблағлар ёрдамида пандемия оқибатларини юмшатиш мумкинлигини қайд этган.

Бироқ, коронавирус пандемияси ортидан эълон қилинган карантиннинг иқтисодиётга таъсир кўлами ва давомийлиги ҳануз ноаниқ бўлиб қолмоқда. Бу эса Ўзбекистонга хориждаги миллионлаб муҳожирлар йўллайдиган пул оқимини ҳам 30-35 фоизга қадар қисқаришига олиб келиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ўтган йили четдан 6,01 миллиард АҚШ долдлари миқдорида пул мамлакатга кирган. МБ прогнозича, пандемия туфайли 2020 йилда пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард долларгача пасайиши мумкин.

Н.Отабеков: 42 мингдан ортиқ одам уйда карантинда сақланмоқда

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 830 бемордан 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Ҳозирги вақтга келиб, 56 мингдан ортиқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 13 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, 42 мингдан ортиқроғи уй шароитида карантин тадбирлари билан қамраб олинган.

Куни кеча 7300 дан кўпроқ вирусологик текширишлар ўтказилди. Эпидемик вазият мураккаблашгандан буён 325 мингдан кўпроқ коронавирус касаллигига лаборатория текширувлари ўтказилган.

ССВ: Наманганда 29 йил ётоқда ётган ногирон бемор вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, наманганлик М. шу йилнинг 20 апрелида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали реанимация бўлимига юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси билан ётқизилган.

Ёндош касалликлари ҳисобига у қарийб икки ҳафта давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” инфекцияси ҳам аниқланган.

Бундан аввал эса ушбу бемор (эркак) бош мия фалажи, иккиламчи камқонлик оғир даражаси, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби қатор ташхислари билан даволанган.

29 йилдан буён ётоқдаги бемор бўлиши билан бирга биринчи гуруҳ ногиронлиги ҳам белгиланган.

"Пульмонолог, терапевт, кардиолог, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди", дейилади расмий хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси

СЭОА: 59 мингга яқин одам ҳануз тиббий назорат остида қолмоқда

Cанитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг маълум қилишича, 3 майга келиб, Ўзбекистонда 59 мингга яқин одам тиббий назорат остида қолмоқда.

Эпидемик вазият нохуш бўлган ҳудудлардан келган ва COVID-19 коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморлар билан мулоқотда бўлган 58,759 фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда.

Улардан, 44,689 нафар фуқаролар уй шароитида, 14,070 нафар фуқаролар стационар шароитда карантинга олинган.

Шу вақтга қадар 252,162 нафар фуқаролар, жумладан, уй карантинидан 208,442 нафар, стационар шароитдаги карантиндан 43,720 нафар фуқаро чиқарилган.

Қозоғистонда коронавирус юққанлар 4 мингга яқинлашди

Қозоғистонда сўнгги бир суткада коронавирусга чалинганлар сони яна 44 кишига кўпайди. Бу билан мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони расман 3 964 кишини ташкил қилди.

Беморларнинг 1190 нафари тузалди, 27 нафари вафот этди. Расман билдирилишича, Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг 50 фоизга яқини, яъни 1989 нафари Олмаотада, 698 нафари пойтахт Нур-Султонда.

Қирғизистонда коронавирусдан шифокор вафот этди

Қирғизистонда эса 4 май ҳолатига кўра, коронавирус яна 35 кишида аниқланиб, беморлар сони 830 кишига етди.

Қирғизистонда ебморлардан 575 нафари тузалди, ўн нафари вафот этди. Вафот этганлардан бири Бишкекдаги 3-сонили поликлиника бош шифокоридир.

Беларусда коронавирусга қарамай, Ғалаба паради бекор қилинмайдиган бўлди

Беларус президенти Александр Лукашенка 3 май куни Минскда Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган парад бекор қилинмаслигини ва ўз вақтида ўтказилишини билдирди.

“Коронавирус пандемиясига қарамай, бир неча минг одам Ғалаба паради ўтказилишини хоҳлаяпти”, деди Лукашенка.

Президентнинг айтишича, у парадни ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласида узоқ ўйланган, аммо Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари “ундан ўзларини парадга биринчи бўлиб олиб келишни талаб қилган”.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG