Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Ҳукумат коронавирусга чалинганлар сони ошиш эҳтимолига жиддий ҳозирлик кўрмоқда; вилоят касалхоналари шунга мосланмоқда


Самарқанддаги клиника
Самарқанддаги клиника

Самарқанд шаҳридаги Травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиëт марказидан беморлар чиқариб юборилиб¸ яқин келажакда коронавирус юқтириш эҳтимоли борларни даволайдиган махус касалхонага айлантирилди.

Айни кунларда¸ Ўзбекистоннинг аҳоли зич яшовчи бошқа катта шаҳарларида ҳам коронавирусга чалинганларни қабул қилиш учун тайëргарлик кўрилмоқда.

Озодлик гаплашган Тошкент мулозими¸ мамлакат ҳукуматининг вазиятга жиддий ëндашаëтгани ва энг ëмон вазиятда 200 мингга яқин одамнинг вирусга чалиниш эҳтимолига ҳозирлик кўраëтганини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ҳозирча бу маълумотга расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Бу ҳақда хабар берган Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ходимига кўра¸ “касалхона вирус юқтирганларни даволашга зарур бўлган барча ускунналар¸ хусусан¸ дезокамера ва сунъий нафас олдириш аппаратлари билан жиҳозланган”.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис шахси очиқланмаслигини сўраган мулозимга кўра¸ Самарқандаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳам “фақат короновирус юқтирганларни даволашга мўлжалланмоқда”.

Ўзбек шифокорлари мужодалага тайëр.
Ўзбек шифокорлари мужодалага тайëр.

Самарқандлик олий тоифали врач Сунбула Орифхонованинг Озодликка 3 апрель куни билдиришича¸ травма олган касаллар ва сурункали ортопедик муаммоси бўлганлар вилоят Шошилинч тиббий ëрдам марказида даволанади.

- Коронавирусдан бошқа касалларни Шошилинч тиббий ëрдам марказида тезда кўриб¸ ташхис қўйиш шакллантирилди. Самарқанд Тиббиëт институти магистратурасида ўқиëтганлар ва юқори курс студентлари клиникаларда ишлаяпти. Вазиятга қараб¸ пастки курс талабаларидан ҳам кўнгиллилар гуруҳлари ташкил қилинади.

Бутун республика бўйлаб ëмон сценарийга тайëргарлик бормоқда

Республиканинг бошқа вилоятларида ҳам короновирусни даволаш марказлари шакллантирилган.

Хоразм вилоят Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умрбек Матëқубовнинг 3 апрель куни Озодликка билдиришича¸ вилоят юқумли касалликлар шифохонаси коронавирусга чалиниши мумкин эҳтимолий касалларни қабул қилишга ҳозир қилиб қўйилган.

- Бундан ташқари¸ ногиронлар саломатлигини тиклаш шифохонаси резерв касалхона сифатида тайëрлаб қўйилган. Вилоятдаги врач ва касалхоналар коронавирус билан курашга жиддий ҳозирланмоқда¸ деди Матëқубов.

Олий тоифали врач Бахтиëр Қурбоновнинг 3 апрель куни Озодликка айтишича¸ Андижон вилоятдаги юқумли касаллар шифохонаси зудлик билан қайта жиҳозланиб¸ коронавирус билан курашишга мослаштирилган.

- Врачлар ҳар доимги каби энг ëмон аҳвол учун ҳозирланмоқда. Касал юқтирганлар бирдан кўпайиб эскалация бошланса¸ вилоятдаги 200 дан зиёд хусусий тиббиёт муассасаси пандемия даври тақозосига кўра¸ ўз биносини короновирусга чалинганларга бўшатиб беришга мажбур. Шунингдек¸ касал кўпайган тақдирда¸ вилоятдаги коллеж ва мактаблар ҳам шифохонага айлантирилади. Ҳозирги вазиятда СССРдан қолган шифохоналар биносини сотиб юборган вилоят раҳбарлари ўз қилмишининг бугунга келиб нима оқибат касб қилаëтганидан сабоқ чиқарса бўларди¸ дейди суҳбатдош.

200 минг эҳтимолий бемор учун ҳозирлик

Ўзбекистон вазирликларидан бирининг пандемия тарқалиши олдини олишга бағишланган ҳукумат мажлисида қатнашган мулозими исми сир қолиши шарти билан¸ аксар дунëдаги каби Ўзбекистонда ҳам¸ ëмон сценарийларга ҳозирлик бораëтганини тасдиқлади.

Мулозимга кўра¸ республика раҳбарияти пандемия билан боғлиқ вазиятнинг яқин келажакда энг ëмон тус олиш эҳтимолига жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Мулозим иддаосига кўра¸ бу ҳозирлик доирасида республиканинг барча худудларида резерв касалхоналар белгилаб қўйилиши ва короновирусга чалинганлар учун 200 минг койка ҳозирланиши лозим.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига бу рақамларни изоҳлашни сўраб қилинган мурожаатга 3 апрель куни жавоб келмади.

Коронавирусга чалинганлар сони аксар мамлакатларда кун сайин ошиб бораëтган айни кунларда¸дунëнинг аксар ҳукуматлари "энг ëмон сценарий"га ҳозирлик кўрмоқда.

Масалан¸ 18 март куни АҚШ телеканаллари мамлакат ҳукуматининг жорий вазиятнинг бир ярим йилга чўзилиши ва юз минглаб одамнинг бу вирус юқтириши эҳтимолига ҳозирлик кўраëтганини билдирган бўлса¸ 11 март куни Германия канцлери Ангела Меркель ўз ҳукумати ва жамоатчиликни 70 фоиз аҳолининг коронавирус юқтириш эҳтимолига тайëр бўлишга чақирган эди.

Муҳими вирус юқтирганлар "за бортом" қолмасин...

Олий тоифали врач Бахтиëр Қурбонов айни пайтда касалхоналарда бошқа турдаги касалга йўлиққанларни даволаш учун врач ва ресурс йўқлиги билан боғлиқ муаммога ҳам эътибор қаратди

- Барча врачлар қисқа курсларда таълим олиб¸ вирусни тест ëрдамида аниқлаш ва ўпкасида яллиғланиш бошланган беморларга ëрдам кўрсатишга сафарбар қилинмоқда. За бортом колган касаллар бўлади¸ албатта. Чунки тизим мукаммал эмас. АҚШда¸ масалан¸ гинекологлар ҳам вирус юқтирганларни даволашга сафарбар қилингани боис ¸ монастирдаги доялик малакасига эга роҳибалар туғруқ жараëнига жалб қилинди. Врач сифатида реалликка тўғри қараш лозим. Энг муҳими¸ коронавирус билан оғриган одам за бортом қолмаслиги керак. Агар у қаровсиз қолиб¸ минглаб одамга касал юқтирса¸ бу фожиа. Травма олган ëки бели оғриган касал бўлса¸ бошқа жойда ҳам даволанаверади.

Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирусга чалинганлар сони кескин ошган тақдирда¸ уларни қабул қилишга тайëргарлик кўраëтгани ҳақида расмий маълумот бериб борилмоқда.

Хусусан¸ Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида қуриладиган 20 минг ўринли тиббий шаҳарча учун «контейнер-палата»ларнинг биринчи партияси тайёр бўлгани ҳақида ўтган ҳафта Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берган эди.

Бундан ташқари Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ ва Зангиота туманларидаги муваққат шифохоналар қурилиши якунига етгани ҳам билдирилди.

Ҳозирча вирус юқтирганларнинг аксари¸ расмий маълумотга кўра¸ Тошкентдаги республика Вирусология илмий-текшириш институтида даволанмоқда.

Жаҳон банки молиявий кўмак беради

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати вакилининг Озодликка билдиришича¸ вазирлик 3 апрель куни Жаҳон банки вакиллари билан онлайн мулоқот ўтказган.

Вазирлик вакилига кўра¸ онлайн мулоқотда Ўзбекистонда Covid-19 вирусига қарши кураш ва унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган лойиҳаларни молиялаш масаласи муҳокама этилган.

Вилоятларда кoронавирусга қарши марказлар фаолиятини молиялаш¸ 20 апрелгача бўлган муддатда маҳаллий шароитда 50 минг дона тест ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш ҳам онлайн мулоқотда таъкидланган.

XS
SM
MD
LG