Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:45

Фарғонада боғчанинг 20 га яқин боласи овқатдан оммавий заҳарланди


Болалар боғчаси (иллюстратив сурат)
Болалар боғчаси (иллюстратив сурат)

Фарғона шаҳрида овқатдан заҳарланган 20 нафарга яқин боғча тарбияланувчиси касалхонага ётқизилди. 22, 23 октябрь кунлари содир бўлган воқеа тўғрисидаги бу норасмий хабарни заҳарланган болалар қатнайдиган МТМ тарбиячиси ва касалхона врачи тасдиқлади.

Озодлик суҳбатлашган касалхона шифокори болаларнинг аҳволи ўртача оғирликда эканлигини маълум қилди.

Заҳарланиш ҳодисаси ортидан Фарғона шаҳар санитария ва эпидемиология станцияси гуруҳи болалар боғчасини дезинфекция қилган.

"Қусиш ва ич кетиш"

Фарғона шаҳридаги 9- мактабгача таълим муассасасида 22 ва 23 октябрь кунлари овқатдан заҳарланган 20 га яқин тарбияланувчи вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди.

"Сешанба ва чоршанба кунлари овқатдан захарланишган. Болаларнинг айримлари 23 октябрда, айримлари 24 октябрь куни касалхонага ётқизилди" деди боғча тарбиячиларидан бири.

Фарғона вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Султонали Боййигитов заҳарланиш ҳодисаси бўлганини Озодликдан яширишга уринди.

Аммо айнан шу касалхона даволовчи врачиларидан бири 20 нафарга яқин боғча тарбияланувчисининг ҳозир ҳам касалхонада даволанаётганини тасдиқлади.

"Уларда қусиш, ич кетиш, иситма кўтарилиши кузатилган. Бизга болаларни 23 октябрда олиб келишди. 24 октябрда ҳам 3 нафар бола келтирилди. Ҳаммаси бўлиб 20 га яқин бола келди. Заҳарланганлар алоҳида палаталарда ётишибди" деди даволовчи врачлардан бири.

Унинг қўшимча қилишича, болалар аҳволи "ўрта оғирликда". Врачнинг айтишича, заҳарланган болаларга касалхонадан қачон жавоб берилиши ҳозирча номаълум.

Айни даволовчи врач ва боғча тарбиячиларидан бири сўзларига кўра, заҳарланиш ҳодисаси ортидан Фарғона шаҳар санитария ва эпидемиология станцияси гуруҳи 9-МТМни дезинфекция қилган.

"СЭС ходимлари келиб, боғчани дезинфекция қилиб кетишди", деди боғча тарбиячиларидан бири.

Айрим ота-оналар, заҳарланиш ҳодисаси ортидан болаларни боғчага юбормаётир.

"Мани хам фарзандим шу боғчага қатнайди. Бу воқеадан кейин боламни боғчага юборишга қўрқиб, юбормаяпман" деди фарзанди 9-боғчага қатновчи оналардан бири.

"Боғча ташкилий ишларининг ота-оналар у ёқда турсин, ҳатто, давлат назорати ташкилотлари учун хам ёпиқлигига ота-оналар чидаб келаётганди. Болаларнинг овқатдан захарланиб шифохонага ётқизилгани ҳаммасидан ўтиб тушди," деди фарзанди айни боғчага қатновчи бошқа бир она.

Озодлик 24 октябрь куни Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддиларидан бу воқеага изоҳ олишга ҳаракат қилди, аммо очиқ манбаларда келтирилган вазирлик телефонларига қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Боғчаларда оммавий заҳарланишлар

Ўзбекистонда болалар боғчалари тарбияланувчилари овқатдан заҳарлангани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

9 октябрда Озодлик ​Тошкент шаҳридаги 433-сонли боғчада ўнлаб боланинг овқатдан заҳарланиш аломатлари билан юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани ҳақида хабар берганди.

11 октябрда Самарқандда битта озиқ-овқат етказиб берувчиси хизматларидан фойдаланувчи учта мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари овқатдан заҳарлангани тўғрисида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таяниб маҳаллий нашрлар хабар қилган эди.

Ўтган йил ноябрида Тошкент вилоят, Бекобод туманида музлатгич ишламагани боис, 59 бола ва 3 ходим овқатдан заҳарланган эди.

Боғчада болаларнинг овқатдан заҳарланиши билан боғлиқ энг оғир воқеа тўрт йил аввал Андижон вилоятининг Балиқчи туманида бўлган эди.

Ўшанда боғчанинг камида 30 нафар тарбияланувчиси ўткир ичакли диарея ташхиси билан касалхонага ётқизилганди.

XS
SM
MD
LG