Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:02

Боғчада бўëқсуюлтиргич ичиб қўйган 5 яшар бола оғир аҳволда реанимацияда қолмоқда


Разбавител - бўёқ аралаштиришда фойдаланиладиган инсон организми учун заҳарли кимёвий суюқлик ҳисобланади.
Разбавител - бўёқ аралаштиришда фойдаланиладиган инсон организми учун заҳарли кимёвий суюқлик ҳисобланади.

Хоразм вилояти Хонқа туманидаги болалар боғчасида 5 яшар бола билмасдан разбавитель (бўёқ аралаштиришда фойдаланиладиган заҳарли кимёвий суюқлик) ичиб қўйгани оқибатида оғир аҳволда туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

Воқеа 23 август куни Хонқа туманининг Мадир қишлоғидаги 32-сонли “Қалдирғоч” болалар боғчасида рўй берди.

...Бола чанқаган, баклажкада турган разбовителни чой деб ўйлаб ичиб қўйган.

Боланинг отаси Жасур Шариповнинг Озодликка айтишича, тарбиячи назоратсиз қолдирган Лочинбек боғча ҳовлисида ўйнаб, ремонт бўлаëтган жойда бўëққа солинадиган кимëвий суюлтиргични чой деб ўйлаб ичиб қўйган.

- Ўша куни усталар боғча зинапоясини бўяшаётган бўлган. Бола чанқаган, баклажкада турган разбавителни чой деб ўйлаб¸ ичиб қўйган. Боғча тарбиячилари қарамаган, бола ҳалигини ичиб ҳушидан кетиб қолган. "Тез ёрдам" чақиртириб зўрға ҳаётини сақлаб қолдик. Уч кун докторлар вливание қилиб, болани ичини тозалашди, - деди Жасур Шарипов.

32-сонли “Қалдирғоч” болалар боғчаси директори Азиза Отабоева Озодлик билан суҳбатда бўлиб ўтган воқеани шундай изоҳлади:

- Бу ҳолат соат кечки 5 дан кейин бўлаяпти, ота-онаси болани олиб кетгани келмаган, қоровул болалар кетиб бўлди, деб ўйлаб ишни бошлаб турганида бола шу ерга келиб разбавителни оғзига олгану туфлаб ташлаган, - деди Азиза Отабоева.

Разбавитель - бўёқ аралаштиришда фойдаланиладиган инсон организми учун заҳарли кимёвий суюқлик ҳисобланади.

Хонқа тумани болалар касалхонаси шифокорларидан бири Лочинбек Шариповнинг умумий қон, сийдик, ахлат анализи текширилганда заҳарли кимёвий модда бола организмига тушганини кўрсатганини айтди.

- Разбавителни туфлаб ташлаган бўлса ҳам¸ маълум қисми ичига кетган, анализлари таркибида заҳарли кимёвий модда юқори чиқди. Вливание қилиб тозаладик, лекин аҳволи яхши деб бўлмайди. Буйрак, жигар ва бошқа органлари алоҳида текширилиши керак. Чунки разбавитель эритиш хусусиятига эга кимёвий суюқлик ҳисобланади, шунинг учун болани органларига шикаст етказмаганми, деган хавотир бор, - деди Хонқа тумани болалар касалхонаси шифокорларидан бири.

Хонқа тумани Ички ишлар бўлими ходими 32-сонли боғчада боланинг бўëқсуюлтиргичдан заҳарлангани ҳақида расмий шикоят тушмаганини билдирди.

Боғча директори Азиза Отабоевага кўра, боланинг отаси "боғча тарбиячиларига даъвойим йўқ", деб тилхат ёзиб берган.

Жасур Шарипов шундай тилхат ёзиб берганини тасдиқлади.

- Ёзиб бер, деб илтимос қилишди, ёзиб бердим. Тарбиячиси қўшним бўлади, шунинг учун даъвойим йўқ, деб шуни ёзиб бердим. Ҳозир мени ўйлантираётган масала боламнинг соғлиги, тузалиб кетса бўлди, - дейди Шарипов.

Ўзбекистонда болалар боғчалари ёки мактабларида заҳарланиш ҳолатлари ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

XS
SM
MD
LG