Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:35

9 кунлик чақалоғи ўлими учун когонлик она газ идорасини айбламоқда


9 кунгина яшаган Жавлонбек Ибодуллаев.
9 кунгина яшаган Жавлонбек Ибодуллаев.

Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиëт марказида 4 мартга ўтар кечаси 9 кунлик чақалоқ Жавлонбек Ибодуллаев нобуд бўлди. Президент Мирзиëев ҳар бир гўдак ўлими учун жар солишни прокуратура зиммасига юклаганидан икки ойча ўтиб содир бўлган бу ўлим учун масъулият¸ ота-она иддаосича¸ газ идорасидан тортиб қишлоқ ва туман врачларига қадар тақсимланади. Айни пайтда¸ Бухоро вилоят прокуратурасининг бу ўлимдан умуман хабари йўқлиги маълум бўлди.

“Асосий айбдор – совуқ кунда газни узган газ идораси”

Озодлик билан суҳбатда 22 феврал куни Когон туман туғруқхонасида 35 ҳафталик туғилган чақалоқнинг ота-онаси Жавлонбекнинг касалхонадан уйга келиши билан шамоллаб¸ оқибатда нобуд бўлганини билдирди.

Жавлонбек иккинчи фарзанди бўлган Мавлуда Назарова гўдаги ўлимида соғлиқни сақлаш тизими ходимлари эмас¸ балки Когон газ идорасини айблади:

- Биз Ўбачўли маҳалласидаги намунали уйларда ижарада турамиз. 1-2 март кунлари ҳаво совуқ бўлди. 2 март куни эрталабдан кечки соат 6 гача олдиндан умуман огоҳлантирмасдан газни узиб қўйишди. Иситадиган бошқа ҳеч нарсамиз йўқ. Уй музлаб қолди¸ бачамни устма-уст адëлларга ўрадим¸ барибир бўлмади¸ шамоллади. Эртасига иситмалай бошлади¸ деди Озодлик билан суҳбатда чақалоқнинг онаси.

Жавлонбекка берилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома.
Жавлонбекка берилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома.

6 март куни бундай айбловга муносабат билдирган Когон туман газ идорасининг ўзини таништирмаган ходими Ўбачўли маҳалласига газ етказувчи Геофизика йўналишида, ҳақиқатан ҳам, 2 март куни узилиш бўлганини эътироф этди:

- 2 март куни Геофизика линиясида катта утечка бўлди ва биз дарров уни таъмирлашга мажбур бўлдик. Шунинг учун соат 3 дан 6 гача бу маҳаллага газ берилмади. Бу дастурга киритилган таъмирлаш бўлганида эди¸ аҳолини олдиндан огоҳлантирган бўлардик. Лекин бу аварийний ҳолат бўлди¸ шунга огоҳлантира олмадик. Икки кун газ узилди¸ деган гап нотўғри¸ деди Когон газ идораси расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Катта дозадаги парацетамол

3 март куни эрта тонгдан 8 кунлик чақалоқнинг иссиғи 38¸5 даражадан ошиб кетганини кўрган она соат 9.30 ларда “Ойбек” номли қишлоқ врачлик пунктига ëрдам сўраб телефон қилган:

- ҚВПда иситма туширадиган нимангиз бор¸ врач боргунча бола судороги бермасин¸ иссиғини туширинг¸ дейишди. 125 мглик парацетамол свеча бор¸ десам¸ қўйинг шуни дейишди. Мен боламга шуни тиқтим. Кейин врач келди ҳамшираси билан. Иссиғи чиқса¸ шу свечадан қўяверинг¸ зарар қилмайди¸ тушавермаса¸ больницага оборинг¸ деб кетди. 9.30 дан 3 гача боламга беш марта 125 мглик свеча тиқибман. Бунақа катта доза умуман мумкин эмас экан¸ дейди Матлуба Назарова.

“Ойбек” қишлоқ врачлик пункти мудираси Хурсанд Самадова¸ ҳақиқатан ҳам онанинг эрталаб қўнғироқ қилгани¸ унга иситмани тушириш тавсия қилинганини айта туриб¸ чақалоқни уйига бориб кўрган врач онага нима қилиш лозимлигини батафсил тушунтирганини айтади:

- Соғлом туғилган чақалоққа кўпи билан ҳар олти соатда парацетамол бериш мумкин. Уйига борган врач онасига сизнинг болангиз чала туғилган¸ ҳали кичик экан¸ шунга 8 соатдан кейин беринг¸ деб тушунтирган. Касалхонага олиб боришни ҳам айтган¸ дейди ҚВП мудираси Озодлик билан суҳбатда.

Туман касалхонаси касал чақалоқни қабул қилмади

Жавлонбекнинг иссиғи тушавермагач¸ тушдан кейинги соат 3 ларда она боласини Когон туман касалхонасининг болалар бўлимига олиб борган:

- Бу ерда навбатчи врач боламни қабул қилмади. Ҳатто текшириб¸ биринчи ëрдам ҳам кўрсатмади. Шаҳарга¸ вилоят кўп тармоқли болалар касалхонасига олиб боринг¸ деди. Кейин биз такси олиб бу ерга келдик. Келсак¸ сразу реанимацияга олишди. Шаҳло деган врач боламга ўзининг боласидан яхши қаради¸ лекин кеч бўлган экан. Болам 4 мартга ўтар кечаси жон берди¸ деди Матлуба Назарова.

Когон туман касалхонасининг 3 март куни навбатчи болалар врачи Ғайрат Ëдгоров¸ 8 кунлик Жавлонбекни нима учун қабул қилмаганини изоҳлашга уринди:

- Бизнинг касалхонамизга фақат 28 кунлик чақалоқни қабул қилиш мумкин¸ ундан кичигини вилоятдаги кўп тармоқли марказга юборишга мажбурмиз. Болачани олиб келишганда иссиғи йўқ эди¸ нафас олиши нормал¸ 40 эди¸ шунга ҳеч қанақа биринчи тиббий ëрдам кўрсатмадим. Ранги сариқлигини кўриб¸ сразу вилоятга олиб боринглар дедим. Қаерга боришни яхшилаб тушунтирдим. Такси олиб кетамиз¸ деб чиқиб кетишди. Мен қилишим керак ҳамма ишни қилдим¸ деди навбатчи врач Озодлик билан суҳбатда.

Вилоят касалхонаси – кеч олиб келдингиз!

3 март куни Жавлонбекни Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиëт марказига олиб келган Матлуба Назарова¸ бу ерда болага зудлик билан ëрдам кўрсатишганини таъкидлади:

- Реанимацияда Шаҳло деган врач бор экан¸ ўзини боласига қарагандек қаради. Лекин қилинган шунча укол-дори таъсир қилмади. Болам 4 га ўтар кечаси жон берди. Кеч олиб келдингизлар дейишди¸ дейди Назарова.

Онанинг айтишича¸ чақалоқнинг ўлимини қайд этиш учун дарҳол вилоят ички ишлар бошқармаси терговчилари касалхонага келган ва ўлим сабаби сифатида боланинг чала туғилгани ва шамоллаш билан боғлиқ мураккаблик тилга олинган.

Айни пайтда¸ чақалоқнинг ўлими сабабларига оид тиббий хулоса ота-онага берилмаган¸ боланинг соғлом туғилгани ҳақидаги хулоса ëзилган туғруқ варақаси эса¸ Жавлонбек ўлимидан сўнг онанинг қўлидан олиниб¸ ҳозиргача унга қайтарилмаган.

Жараëнга алоқадор врачлардан бири¸ Жавлонбек ўлимига ниҳоятда кучли дозада берилган парацетамол сабаб бўлган¸ деган тахминни билдирди.

“Бир ëшгача бўлган болага кўпи билан 50 мглик парацетамол свечасини 24 соат ичида икки-уч марта бериш мумкин. Бу болага қарийб беш соат ичида беш марта 125 мглик свеча берилган. Оқибатда қон ҳаддан зиëд суюлиб¸ мияга қон қуюлган бўлиши мумкин¸ дейди Жавлонбекнинг ўлими тафсилотларига яқин врачлардан бири.

Жавлонбек Ибодуллаевнинг 9 кун яшаб-яшамай нобуд бўлгани¸ Озодликка аëн бўлишича¸ Когон туман соғлиқни сақлаш бошқармасида қаттиқ муҳокама қилинмоқда¸ унга алоқадор шахслардан ҳисоб сўралмоқда.

Айни пайтда¸ врачларга даъвоси йўқлигини айтаëтган Жавлонбекнинг ота-онаси¸ чақалоқ ўлими учун газ идорасини жазолашни сўраб¸ президент Шавкат Мирзиëевга видеомурожаат билан чиқди.

Тагига етиш қийин ҳақиқат - когонлик 9 кунлик чақалоқ ўлимига ким айбдор?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00

Прокурорнинг хабари йўқ...

Прокуратура ходимлари куни, деб эълон қилинган 8 январь куни мазкур тизим намояндалари билан учрашган президент Шавкат Мирзиëев қонунчилик назорати билан боғлиқ жиддий муаммолар сирасида болалар ва оналар ўлимидаги аянчли вазиятни ҳам тилга олган эди.

"Нима учун битта гўдак ëки она ўлимини ўша район¸ ўша шаҳар ва ўша вилоятнинг прокурори жар солмайди? Нимага бунинг тагига етиб бормайди? Кимнинг айби билан ўлди бу? Патронаж нимага ўз вақтида бўлмаган? Нимага дўхтир ўз вақтида қарамаган? Шунинг учун ўйлаб¸ қалам билан ëзинглар. Жавоб берадиган вақт келди"¸ деган эди оналар ва болалар ўлими учун жавобгарликни кучайтиришни талаб қилган президент Мирзиëев.

Президентнинг кескин оҳангда билдирган бундай эътирозидан икки ойча ўтиб содир бўлган Жавлонбек Ибодулаев ўлими юзасидан на Когон туман ва на Бухоро вилоят прокуратурасининг "жар солгани" Озодликка маълум эмас.

Аксинча¸ 6 март кунги суҳбатлардан Бухоро вилоят прокуратурасидаги болалар ва оналар ўлими бўйича масъулларнинг Жавлонбек фожиасидан хабари йўқлиги аëн бўлди.

XS
SM
MD
LG