Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:51

Мирзиёев келиши олдидан Бешкентда тиббиёт ходимлари кўча тозалашга чиқарилди


Бешкент марказий шифохонаси ҳамширалари ёнтоқ чопаяпти
Бешкент марказий шифохонаси ҳамширалари ёнтоқ чопаяпти

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев юриши эҳтимоли бўлган Қашқадарё вилояти Қарши тумани маркази - Бешкент шаҳридан Қарши аэрпортигача бўлган бир неча километр йўл бўйида шошилинч тарзда ободончилик ишлари олиб борилди.

Озодлик мобиль мухбирининг хабар беришича, бир неча юз киши 12 октябргача "бир ҳафта мобайнида" Қарши-Бешкент автомобиль йўлининг бўйи ёнтоқлардан тозаланди.

Мобиль мухбир Бешкент ДАН постидан Қарши аэропортига яқин Мирмирон маҳалласига қадар бўлган "ёнтоқ чопиш" ишларига фақат аёллар - ҳамшира ва санитаркалар жалб қилинганини айтди.

Мобиль мухбирнинг бу хабарини тасдиқлаган Бешкент Марказий поликлиникасининг исми сир қолишини истаган ҳамшираси шахсан ўзи "уч кун эрталабдан кечгача" ёнтоқ чопганини билдирди.

"Йўл бўйидаги ёнтоқларни тозалаб чиқдик. Ҳозирам белим оғрияпти. Эркак врачлар чопиққа чиққани йўқ. Улар касал кўришди. Бизни ишимиз касалларга қараш бўлиши керак, лекин, катталар қиласан дегандан кейин, мажбурмиз, чиқиб ишладик," деди бешкентлик ҳамшира.

Мобиль мухбирга кўра, ҳашарга фақат ҳамшира ва санитаркалар чиқарилди
Мобиль мухбирга кўра, ҳашарга фақат ҳамшира ва санитаркалар чиқарилди

Бешкент Марказий поликлиникасидаги врачлардан бирининг айтишича, тозалаш ишлари Қарши туман ҳокимиятининг топшириғи билан амалга оширилди.

У Бешкентдаги дарахтлар ҳам оҳаклаб чиқилганини билдирди.

Мобиль мухбир ҳамшираларга бепул тушлик ташкил қилинганини айтди.

"Обедни "Нуроний" номли чойхона ўз зиммасига олди. Фақат ош берилди. Ҳашар бир ҳафта давом этди," дея хабар берди мобиль мухбир.

Одатда, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг бирор вилоятга ташрифи олдидан ҳамма жойда ободонлаштириш ишлари олиб борилади.

Озодлик Мирзиёевнинг Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Сурхандарё вилоятларига ташрифи арафасида бюджет ташкилоти ишчилари кўчаларни тозалашга, деворларни оқлаш ва ранг беришга сафарбар этилгани, у бориши эҳтимоли бўлган кўчаларга шошилинч тарзда асфальт ётқизилгани ҳамда бозорларда нархлар атайлабдан туширилгани ҳақида бир хабар берганди.

Президентликка номзоди илгари сурилган Мирзиёевнинг вилоятларга ташрифи унинг сайловолди тадбири ўлароқ кўрилаётир.

XS
SM
MD
LG