Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:38

Мирзиёев борадиган йўлларга шошилинч асфальт босилмоқда


Ислом Каримов Самарқандга дафн қилинишидан бир кун олдин Чорраҳа масжиди атрофи ҳам шошилинч асфальт қилинган эди.
Ислом Каримов Самарқандга дафн қилинишидан бир кун олдин Чорраҳа масжиди атрофи ҳам шошилинч асфальт қилинган эди.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев бориш эҳтимоли бўлган барча туманлардаги автомобиль йўллари икки-уч кун орасида шошилинч тарзда асфальтланяпти. Мутахассис фикрича, шошма-шошарлик билан босиладиган асфальт сифатсиз бўлиб, жуда тез орада ишдан чиқади ва катта меҳнат ҳамда маблағнинг зое кетишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг қадами тегиши эҳтимоли бўлган ҳудудларда шошилинч тарзда ободончилик ишлари олиб бориляпти.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ҳам Шавкат Мирзиёевни кутиб олиш учун бир ҳафтадан буён кечаю-кундуз иш тинмаяпти.

Исми сир қолишини сўраган ургутлик манбанинг айтишича, сўнгги уч кун давомида туман ҳудудига кирувчи магистраль ва ички автомобиль йўлларига шошилинч тарзда асфальт босилди:

“Муваққат президент келиши олдидан ҳамма томонни ярқиратиб юборишди. Олти йилдан буён ремонт кўрмаган йўллар икки кун ичида асфальтланиб ташланди. Лекин бу ишлар жуда шошилинч тарзда қилиняпти. Мошинада асфальтни олиб келадида, текислаб устидан уч-тўрт марта босадида, фойдаланишга топшириб юборишади. Лекин, технологик жиҳатдан нотўғри босилган бу асфальт йўллар узоғи билан бир йидан сўнг бузила бошлайди. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ”, деди ургутлик манба.

Хоразмлик Озодлик манбасининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга келиши муносабати билан жуда қисқа вақт орасида Хива – Қўшкўпир автомобил йўлига ҳам шошилинч тарзда асфальт босилган:

“Мирзиёев келмасидан олдин вилоят ҳокими Хива – Қўшкўпир автомобиль йўлини икки кунда асфальт қилдирди”, дейди хоразмлик манба.

Ўзбекистонлик мутахассиснинг айтишича, ўз ҳудудларини муваққат президент кўзига чиройли кўрсатиш учун қилинаётган бу ишлар бюджет маблағининг бесамар сарфланишига сабаб бўляпти.

Ўзбекистондаги йўл қурилиши ташкилотларидан бирида ишлайдиган муҳандиснинг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, айни пайтда шошлилинч тарзда асфалтланаётган йўлларнинг сифати технологик талабга сира ҳам жавоб бермайди:

“Нон ёпишнинг ўз технологияси бўлгани каби, асфальт ётқизишнинг ҳам ўз тартиби бор. Автомобиль йўлига янги асфальт ётқизиш учун эски асфальт аввал махсус агрегатда чизелланади. Кейин унга сақич қуйилиб, гудернатор билан гудернация қилинади. Сақич иссиқда эриб, эски асфальт ёки тупроқ билан қоришади. Сўнг грейдер билан бир хил қилиб текисланади. Бу ҳолатда уч-тўрт кун турганидан сўнг, унинг устидан асфальт босилади. Агар асфальтнинг тагига яхши ишлов берилмаса, у қору-ёмғирлардан сўнг кўча бошлайди”, деди муҳандис.

Мутахасиссиснинг айтишича, капитал таъмирланган йўл энг камида 10 йил хизмат қилиши керак:

“Бизда капитал таъмирланган йўлларнинг умри 15 йил қилиб белгиланган. Камида 10 йил ишлаб бериши керак. Энди, президент келармиш деб, йўлларни икки-уч кун ичида асфальтлаш, бу калтабинлик ва аҳмоқликнинг ўзи. Бир-икки йилдан сўнг, бу йўлда ямалар пайдо бўлади, асфальт кўча бошлайди. Бу давлат бюджетидаги пулларнинг талон-тарож қилинишидир”, деди Ўзбекистондаги йўл қурилиши ташкилотларидан бирида ишлайдиган муҳандис.

Мирзиёевнинг Наманганга ташрифи олдидан шаҳардаги “Чорсу” меҳмонхонасининг атрофидаги йўллар белкураклар ёрдамида шошилинч асфальт қилинган эди.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоят ва туманларга сафари олдидан бюджет ташкилоти ишчилари ҳам ободонлаштириш ишларига мажбурий сафарбар қилинмоқда.

Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти Ангрен шаҳрига ташрифи арафасида шаҳардаги ташкилот ходимлари, мактаб ва коллеж ўқувчиларидан иборат минглаб одам мажбурий ҳашар ишларига жалб этилган эди.

XS
SM
MD
LG