Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:45

VimpelCom Ўзбекистонда "нуфузли шахс"га пора берганини тан олди


VimpelCom, TeliaSonera ва МТС Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани гумон этилмоқда.
VimpelCom, TeliaSonera ва МТС Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани гумон этилмоқда.

АҚШ Адлия департаменти 18 февраль куни VimpelCom ширкати Ўзбекистонда фаолият юритиш лицензиясини қўлга киритиш учун Тошкентдаги “нуфузли шахс”га пора бергани тасдиқлангани ҳақида баёнот тарқатди. АҚШ расмийларига кўра, VimpelCom ва унга қарашли Unitel шуъба корхонаси 2006 йилдан 2012 йилгача Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш имкони эвазига бу мамлакат ҳукумати амалдорига 114 миллион доллар пора берганини тан олган. VimpelCom мазкур иш ёпилиши учун АҚШ ва Ҳолландия назорат идораларига 795 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашга рози бўлди.

Айни пайтда АҚШ адлия вазирлиги Швейцария, Бельгия, Люксембург ва Ирландиядаги банкларда ўзбекистонлик нуфузли шахсга тегишли ҳисоб рақамларида яширилган 850 миллион долларни мусодара қилиш учун судга мурожаат қилглани айтилади баёнотда. Мазкур ҳисоб рақамлар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага қаршли экани айтилади.​

Рекорд даражадаги жарима

VimpelCom ширкати АҚШ ва Ҳолландия назорат идораларига жами 795 миллион доллардан ортиқроқ жарима тўлашга тайёр эканини эълон қилди. АҚШ тарихида хусусий ширкатдан ундирилган иккинчи йирик жарима борасида телеком ширкати билан АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматлари ўртасида келишувга эришилгани тўғрисид АҚШ Адлия вазирлиги 18 февраль куни эълон қилди.

2008 йилда Германиянинг Siemens AG ширкати АҚШнинг коррупцияга қарши қонунларини бузганлигига иқрор бўлиб 800 миллион доллар тўлаган эди. Ўтган йили эса Франциянинг Alstom SA ширкати Индонезиядаги контрактлари билан боғлиқ қонунбузарликлар учун 772 миллион доалларга жаримага тортилган эди.

АҚШ Адлия департаменти баёнотига кўра, жиноий жарима сифатида VimpelCom тўлаши керак бўлган 460 миллион доллардан ортиқроқ маблағ АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматилари ўртасида 230 миллион доллардан бўлиб олиниши борасида келишиб олинган. Бундан ташқари VimpelCom ширкатидан АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар коммисияси ва Ҳолландия Бош прокуратураси ўртасида бўлиб олиниши кўзда тутилган 375 миллион доллар миқдорида қўшимча жарима ундириладиган бўлди.

Аввалроқ VimpelCom ширкати Ўзбекистондаги фаолиятига доир терговнинг ёпилиши эвазига қонунни бузганини тан олишга тайёрлигини билдирган эди. Ширкатнинг 17 февраль куни эълон қилган йиллик молиявий ҳисоботда бу ҳақда АҚШ Қимматбаҳо қоғозлар комиссияси, Адлия вазирлиги ҳамда Ҳолландия Бош прокуратураси билан дастлабки келишувга эришилгани айтилган.

VimpelCom ширкатининг собиқ директори ўтган йили Ўзбекистон билан боғлиқ корупция жанжали ортидан Норвегия полицияси томонидан қамоққа олинган эди.

"Йўл қўйиб бўлмайдиган қонунбузарлик"

АҚШ Адлия департаменти баёнотида айтилишича, ширкат Ўзбекистонда фаолият юритиш лицензиясини олиш учун Тошкент расмийларини сотиб олишга дахлдор бўлган.

VimpelCom Гулнора Каримовага камида 155,5 миллион АҚШ доллари тўлаган.
VimpelCom Гулнора Каримовага камида 155,5 миллион АҚШ доллари тўлаган.

Бош қароргоҳи Ҳолландиянинг Амстердам шаҳрида жойлашган VimpelCom Адлия департаменти билдирган айбловни тан олди. Ширкат Бош директори Жан Ив Шарлье “Йўл қўйиб бўлмайдиган қонунбузарлик содир этилганидан афсусдамиз”, деб билдирди.

АҚШ Адлия департаменти баёнотида айтилишича, VimpelCom 2006 йилдан 2012 йилгача ўзбекистонлик юқори нуфузли шахсларга 114 миллион доллар пора берганини тан олди. Нью Йорк Жанубий округи прокурори ёрдамчиси Жон Ким VimpelCom пора бериш ва пул ювишда айбланаётганини айтди:

- VimpelCom жаҳонда олтинчи йирик телекоммуникация ширкатидир. Қимматбаҳо қоғозлари Нью Йорк биржасида савдога қўйилган мазкур ширкат Ўзбекистондаги ўз фаолиятини 114 миллион доллардан кўпроқ миқдорда берилган поралар эвазига қурган. Пора сифатида берилган пуллар ширкат ҳисоботларида яширилган ва соҳта равишда қайд этилган, кейин бу пуллар жаҳоннинг турли банклари, жумладан Нью Йоркдаги ҳисоб рақамлари воситасида ювилган,- деди Жон Ким.

АҚШ Адлия департаменти баёнотида пора олган шахснинг исми очиқланмаган ва бу одам “юқори лавозимли ҳукумат амалдорининг яқин қариндоши” экани ҳамда “ўзбек ҳукуматининг телекоммуникация соҳасини мувофиқлаштирувчи тузилмаларига таъсир ўтказиш салоҳиятига эга бўлгани” айтилади.

- Агар сизнинг қимматбаҳо қоғозларингиз бизнинг биржаларимизда савдога қўйилган экан ва сиз пул айланмаси учун бизнинг банкларимиздан фойдаланаётган экансиз, демак сиз биз ўрнатган қоидалар асосида ўйнашга мажбурсиз. VimpelCom ва унинг шуъбаси бўлган Unitel бу қоидага амал қилмади, шунинг учун улар бугун расмий айблов билан Манхэттен судида жавобгарликка тортилмоқда, -деб билдирди Нью Йорк Жанубий округи прокурори ёрдамчиси Жон Ким.

Расмий баёнотда ҳокимиятнинг энг юқоридаги вакилининг қариндоши номи келтирилмайди. Лекин гап Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова ҳақида кетаётгани маълум. Хусусан, бу ишни тафтиш қилаётган Швеция, Швейцария ва Ҳолландия тергов идоралари вакиллари Озодликка берган интервьюларда Гулнора Каримова мазкур жиноят ишларида асосий гумонлаувчи сифатида ўтаётганини очиқлашган.

Пора олувчининг 850 миллион доллари ҳам бор

Баёнотда АҚШ Адлия вазирлиги Европа банкларида сақланаётган 850 миллион АҚШ долларини мусодара қилишни сўраб, фуқаровий ишлар бўйича судга иккита ариза топрширгани ҳам айтилади.

Аризалардан бири пора сифатида тўланган ва бу тўловлар ёрдамида олинган пулларни ювиш мақсадида сотиб олинган мулкни мусодара қилиш тўғрисидадир. Жами 550 миллион АҚШ долларига тенг бу активлар Швейцария банкларида сақланаётгани маълум.

АҚШ тергов идоралари мусодара қилмоқчи бўлган Швейцариядаги активлар Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага қарашли эканига оид маълумотларни Озодлик бундан аввал эълон қилган эди.

АҚШ Адлия вазирлиги судга киритган яна бир ариза Бельгия, Люксембург ва Ирландиядаги банкларда сақланган ва ҳозирда музлатиб қўйилган 300 миллион долларни ҳам мусодара қилиш сўралади. Мазкур активлар ҳам Гулнора Каримовага алоқадор экани тўғрисида хабар қилинган.

АҚШ Адлия вазирлиги баёнотида VimpelCom ва Ўзбекистонда фаолият юритувчи яна икки телеком ширкати номи келтирилмаган ўзбек расмийсига жами 800 миллион АҚШ долларидан ортиқ пора бергани айтилади. Ҳокимиятнинг энг юқори даражадаги вакилининг қариндоши экани айтилган бу расмийнинг шериклари кейинчалик пора сифатида олинган пулларни Латвия, Буюк Британия, Ҳонг Конг, Ирландия, Белгия, Люксембург ва Швейцарияда очилган банк ҳисоб рақамлари орқали ювган, дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси "уюшган жиноий гуруҳ аъзоси" Г. Каримовага жиноят иши очган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси "уюшган жиноий гуруҳ аъзоси" Г. Каримовага жиноят иши очган.

Ноқонуний пуллар мазкур давлатлардаги ҳисоб рақамларига жойлаштирилишидан аввал АҚШдаги молиявий муассасалар орқали ўтказилган ва айни ҳолат бу ишнинг АҚШ юрисдикциясида тергов қилинишини тақозо этади.

Озодлик иштирокида ўтган йили ўтказилган журналистик суриштирувлар натижасида Гулнора Каримовага алоқадор тузилмалар VimpelCom, TeliaSonera ва МТС ширкатларидан жами 1 миллиард доллар миқдорида пора ундиргани фош бўлган эди.

Озодлик Ўзбекистон ҳукумати, жумладан президент девони ва ташқи ишлар вазирлигига бу ҳолат юзасидан изоҳ сўраб қилган мурожаатлари ҳамон жавобсиз қолмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2014 йилнинг сентябрида Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши очган. Айрим маълумотларга кўра, президент қизи ҳозирда уй қамоғида қолмоқда.

Шу йил бошроғида Ўзбекистон ҳукумати хориж банкларида музлатилган 1 миллиард долларни мамлакатга қайтариш ҳаракатига тушгани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Қимматга тушган ўзбек телеком бозори

Айрим маълумотларга кўра, Гулнора Каримова уй қамоғида қолмоқда
Айрим маълумотларга кўра, Гулнора Каримова уй қамоғида қолмоқда

VimpelCom ва яна икки телеком ширкати – Швециянинг TeliaSonera ва Россиянинг МТС компаниялари Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага йиллар давомида жами 1 миллиард доллардан ошиқ пора бергани хусусидаги иддаолар Европа мамлакатларида 2012 йилдан бери тергов қилинмоқда. Ўшандан бери VimpelCom ва TeliaSonera раҳбариятида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Гулнора Каримовага ўртакаш фирмалар орқали пора берганликка алоқадор кўрилган мулозимлар ишдан олинди.

Ўтган йили АҚШ назорат идоралари мамлакат қимматбаҳо қоғозлар бозорида акциялари айланувчи уч ширкатнинг порахўрликка қўл ургани юзасидан тергов бошлаши ортидан VimpelCom ва TeliaSonera эҳтимолий жарималар учун юзлаб миллион доллар ажратишларини эълон қилди.

Бундан ташқари, иккала ширкат Ўзбекистон бозорини тарк этиш ниятида эканликларини билдиришди. VimpelCom ширкатининг асосий ҳақдори Норвегиянинг Telenor ширкати ўзига тегишли 2,2 миллиард долларга тенг 33 фоизлик акциялар пакетини сотишни режелаштираётганини эълон қилди.

Молиявий ҳисоботда айтилишича, 2015 йилда VimpelCom ширкатининг даромади учдан бир ҳиссага камайган.

Айни пайтда ўтган йилнинг ноябрь ойида АҚШ назорат идоралари Глунора Каримовага пора берганликда айбланаётган Швециянинг TeliaSonera ширкатидан рекорд даражадаги 1,7 миллиард доллар ундириши мумкинлиги тўғрисида хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG