Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Элликқаълада ҳашарчи-ўқувчи ўзини жийдага осиб қўйди


Мансурнинг мурдаси дала четидаги жийда дарахтига осилган ҳолда топилган.
Мансурнинг мурдаси дала четидаги жийда дарахтига осилган ҳолда топилган.

Қорақалпоғистондаги Элликқаъла академик лицейининг 3-курс ўқувчиси Мансур Матёқубов пахта даласида ўзини жийда дарахтига осиб қўйди. Элликқаъла ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, 18 яшар ўқувчи йигитнинг ўз жонига қасд қилиши сабаблари ҳозирча номаълум.

2 октябрь куни содир бўлган ушбу воқеадан Озодлик 19 октябрь куни хабар топди. Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг айтишича, Мансур Матёқубов лицей ўқувчилари пахта тераётган дала четидаги жийда дарахтига осилган ҳолда топилган.

Воқеа Элликқаъла тумани Гулистон овул фуқаролари йиғини ҳудудида содир бўлган. Элликқаъла ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, тергов-суриштирув ишлари ва тиббий экспертиза натижасида 18 яшар Мансур Матёқубовнинг ўзи жонига суиқасд қилгани аниқланган.

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида туғилиб, ўсган Мансур Матёқубов Элликқаъла академик лицейининг битирувчиси бўлган.

Мансурни таниганлар унинг яхши ўқигани, тартиб-интизомли ўқувчи бўлгани ҳақида гапиришди. Тенгдошлари орасида энг аълочи ўқувчи бўлгани боис Мансур гуруҳ сардори бўлган.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбага кўра, Мансурнинг соғлиги пахта теримига боришига умуман тўғри келмаган. Лекин у ҳам бошқа курсдошлари қатори пахтага ҳайдалган.

Мансур Матёқубовнинг кўриш қобилияти паст бўлгани айтилаяпти. Буни уни таниганлар ҳам Озодликка тасдиқлашди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, Мансурнинг ўз хоҳишига кўра пахтага бориш ҳақида ёзган тушунтириш хати мавжуд ва у пахта теримида иштирок этмай, ошпазлик қилган.

Воқеа содир бўлган куни Мансур ҳашарчи-курсдошлари учун тушлик овқатни даланинг ўзида пиширган.

"Ўша куни обедни далада пиширган. Овқатдан кейин ҳамма нарсани йиғиштириб, соат учларда кечги овқатни пишириш учун ётоққа кетишган. Унинг ёнида қозонга ўт ёқадиган ёрдамчиси ҳам бўлган. Улар ётоққа боргач, ёрдамчиси кийимларини алмаштириб, морозильникдан гўшт олиб келиш учун кетган. Мансур эса ҳеч кимга ҳеч нарса демай, кўчага чиқиб кетган ва дала четидаги жийдага ўзини осган", деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, Мансур Матёқубов курсдошлари билан яхши муносабатда бўлган ва ўша куни ҳам ҳеч ким билан келишмовчиликка бормагани аниқланган:

"1997 йил 28 январда туғилган Мансур Матёқубов ўша куни ҳеч ким билан тортишмаган, айтишмаган. Гуруҳдошлари билан ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган. Ўқитувчилари билан ҳам келишмовчилик бўлмаган. Гуруҳдошлари ва ўқитувчилари билан гаплашилди. Гуруҳдаги қизлар билан ҳам гаплашилди. Унақа севги-муҳаббат деган нарса ҳам бўлмагани аниқланди", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги исмини очиқламаётганимиз манба.

Мансурнинг танишларига кўра, у кейинги йил лицейни битириб олий ўқув юртига киришга тайёргарлик кўраётган экан. Ҳатто пахта даласига ҳам китобларини олиб келиб, бўш пайтлари шуғулланиб келган.

Элликқаъла ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Мансур Матёқубовнинг ўз жонига қасд қилгани юзасидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда, лекин ҳозирча жиноий иш қўзғатилмаган.

Жорий йил пахта мавсумида ҳашарчилар билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳақида Озодликка ўнга яқин воқеа маълум.

Жумладан, 11 октябрь куни Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг Каттақўрғон туманида пахта тераётган тўртинчи курс талабаси Фируз Рофиев автоҳалокат қурбони бўлди.

20 сентябрь куни эса Тошкент вилоятида 25 ёшли милиция ҳодими Анвар Абдуллаев пахтадан машинасида қайтаётиб пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашув натижасида нобуд бўлди.

Ўзбекистон Халқаро ташкилотлар томонидан мажбурий меҳнатдан фойдаланганлиги учун танқид қилиб келинади.

Бироқ расмийлар мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнат ҳолатлари йўқлигини, пахта кампанияси ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъкидлашади.

XS
SM
MD
LG