Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

Қибрайлик мелиса пахтадан қайтаётиб трактор тагига тушиб ўлди


Сурат Анвар Абдуллаевнинг жанозасида олинган.
Сурат Анвар Абдуллаевнинг жанозасида олинган.

20 сентябрь куни Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими 25 яшар Анвар Абдуллаев пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди. Ҳалокат Анвар ўтирган Матиз машинаси пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашуви натижасида содир бўлган. Ҳозирда машина ҳайдовчиси оғир аҳволда шифохонада ётибди.

Воқеа якшанба куни тунда соат 23лардан кейин Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани Қорасув қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Тошкент вилояти ИИБ кадрлар бўлими ходими Анвар Абдуллаев Оққўрғон тумани Маданият фермерлар уюшмасида пахта теримчиларига назоратчи сифатида бириктирилган ва ўша куни тунда уйига қайтаётган бўлган.

“Прицеп уланган трактор катта тезликда кетаётган бўлган. Трактор қайрилган пайти, прицеп узилиб кетиб орқада келаётган Анвар ўтирган машинага урилган. Анвар машинанинг олдида, ҳайдовчининг ёнида ўтирган бўлган. Анвар воқеа жойида ўлган. Уни Тўйтепа моргида 16 соат ушлаб туриб, кейин уйига беришди. Ҳайдовчи эса реанимацияга ётқизилган”, деди воқеа тафсилотларидан хабардор манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Қибрай тумани Ишбилармонлар маҳалласида яшаган Анвар Абдуллаевнинг жасади 21 сентябрь куни дафн қилинди. Дафн маросимида иштирок этган Озодлик манбасига кўра, жанозага 1500га яқин одам келган:

“Анвар пахтанинг илк қурбони бўлди. Жанозага келган ҳамма пахтани лаънатлаяпти. Пахта сиёсати ҳеч кимга ёқмай қолди. Энди 25 га кирганди. Бир ўғли етим қолди. Жанозага роса кўп милиционерлар келди. Ҳамма ёқда формалилар эди”, деган манба жанозадан олинган суратларни Озодликка йўллади.

Манбаларга кўра, Анвар Абдуллаев ўтирган машинанинг ҳайдовчиси ҳозирда Тўйтепадаги шифохонанинг жонлантириш бўлимида оғир аҳволда ётибди. (Озодлик бу шахснинг аҳволи ҳақида маълумот топишга ҳаракат қилмоқда.- таҳр.)

Воқеа бўйича жиноий иш очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Милиция ходими Анвар Абдуллаевнинг ҳалокати жорий пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган илк пахта қурбонидир.

Ўтган йилги пахта фронтида Озодлик йигирмага яқин пахта қурбони ҳақида аниқлаган эди.

XS
SM
MD
LG