Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:57

Ҳукумат қарори Абу Сахийга қўшимча даромад манбаи бўлди


Абу Сахий Ўзбекистонга олиб кирадиган товарлар божхона, санитария ва бошқа идоралар назоратидан ўтмаслигига доир иддаолар бор.
Абу Сахий Ўзбекистонга олиб кирадиган товарлар божхона, санитария ва бошқа идоралар назоратидан ўтмаслигига доир иддаолар бор.

Ўзбекистон ҳукумати йил бошида шахсий почта жўнатмаларига бож солиғини солганидан бери ўзбекистонликлар хориждан хусусий фойдаланиш учун молларни юборишда қийинчиликларга учрамоқда. Январь ойидаги ҳукумат қарори хусусий почта фирмалари фаолиятини фалаж аҳволга келтирди. Айни пайтда, Озодлик манбаларига кўра, вужудга келган вазият Ўзбекистонда карго хизматлари соҳасида монополия ҳисобланган Абу Сахий ширкати учун қўшимча даромад келтирмоқда. Озодликка маълум бўлишича, карго хизматларига ихтисослашган бу ширкат Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитойдан Ўзбекистонга посилкаларни жўнатиш хизматларини ҳам кўрсата бошлаган.

Ўзбекистонда юк ташиш соҳасида монополист мақомига эга бўлган Абу Сахий ширкати яқиндан бери почта хизматларини ҳам кўрсата бошлагани айтилмоқда. Озодликнинг Бирлашган Араб Амирликларидаги манбасига кўра, кейинги бир неча ой ичида Ўзбекистонга посилкаларни жўнатиш билан шуғулланган хусусий фирмаларнинг барчаси ёпилиб кетган. Натижада Ўзбекистонга шахсий фойдаланиш учун турли товарларни юбормоқчи бўлган ўзбекистонликлар учун Абу Сахий фирмаси хизматидан фойдаланишдан бошқа танлов қолмади, дейди манба.

“Ўзбекистонга юк юборадиган почта фирмалари ёпилиб кетди. Ундан ташқари карго компаниялари ҳам бор эди улар ҳам ёпилиб кетди. Фақат Абу Сахий қолган. Лекин улар нархларни ошириб юборишган. Уйга нарса юбориб турар эдик, ҳозир шу жуда қийинлашиб кетди. Битта Абу Сахий қолган, лекин у қимматлик қиляпти”, дейди Озодлик манбаси.

Ўзбекистон ҳукумати йил бошида мамлакатга хусусий почта-курьер хизматлари орқали олиб келинаëтган маҳсулотларга товар нархининг 100 фоизи миқдорида бож солиғи жорий қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши ортидан, бу соҳада фаолият юритган ширкатлар деярли ишсиз қолди. Мазкуро қарорга биноан, 1000 долларгача қийматдаги молларни бож тўловисиз Ўзбекистонга олиб кириш имтиёзи фақатгина “Ўзбекистон Почтаси” давлат ширкатида қолдирилди.

Каргоми, почтами?

Ҳукумат қарори чиққунига қадар Дубайдан Ўзбекистонга хусусий жўнатмаларни юбориш хизматларини кўрсатган фирма ходимига кўра, янги чеклов Абу Сахий фирмасига қўшимча даромад олиш имконини яратган.

“Битта бизнинг фирма эмас ҳаммаси ёпилиб кетди. Фақат DHL ишлаяпти. Кейин Абу Сахий орқали ҳам юбориляпти. Ўзи Абу Сахий карго ҳисобланади, лекин ҳозир посилкаларни ҳам оляпти”, дейди собиқ хусусий почта фирмасининг вакили.

Почта-курьер хизмати 29 килогача бўлган юкларни ташийди, дейди мутахассис.
Почта-курьер хизмати 29 килогача бўлган юкларни ташийди, дейди мутахассис.

Тошкентдаги DHL фирмаси вакили Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистонга посилкаларни етказиш хизматини тақдим этаётганларини тасдиқлади. Лекин бунинг учун, янги тартибга биноан, товар қийматининг 100 фоизи миқдорида бож солиғи тўлаш кераклигини билдирди.

Почта-курьерлик соҳасида Ўзбекистонда илк фирмалардан бирини ташкил қилган мутахассиснинг Озодликка айтишича, карго соҳасида фаолият юритадиган фирмалар курьерлик хизматларини кўрсатиши қонунга хилоф эканини айтади. Исмини ошкор қилмаётганимиз мутахассис Озодлик билан ўзаро суҳбатда, почта-курьерлик хизматига 29 килограммгача бўлган посилка ва бандеролларни етказиш киради, дея билдирди. “Абу Сахий фирмаси карго хизматларини тақдим этади, унинг курьерлик соҳасига аралашаётганини энди эшитяпман”, деди мутахассис.

Абу Сахий фирмасининг Дубайдаги вакили Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Исталган юкни етказамиз

Айни пайтда, Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистон президенти оиласига алоқадорлиги айтиладиган ширкат Хитойдан ҳам почта-курьерлик хизматини кўрсата бошлаган. Ширкатнинг Урумчидаги вакили Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистонга исталган юкни етказиб беришлари мумкинлигини билдирди. Абу Сахийга мижоз сифатида мурожаат қилган Озодлик мухбири Ўзбекистонга 20 килолик посилка жўнатмоқчи эканини айтиб, хизмат ҳақи неча пул бўлиши билан қизиқди.

Абу Сахий Ўзбекистонга олиб кирадиган товарлар божхона, санитария ва бошқа идоралар назоратидан ўтмаслигига доир иддаолар бор.
Абу Сахий Ўзбекистонга олиб кирадиган товарлар божхона, санитария ва бошқа идоралар назоратидан ўтмаслигига доир иддаолар бор.

“Биз юкнинг оғирлиги эмас ҳажмига кўра нарх қўямиз. Агар прессланган юк бўлса бир куб метри 920-950 доллар бўлади. Исталган юкни, кийим-кечакми, техниками, ҳаммасини юборишингиз мумкин. Фақат уни Тошкентдаги уйғур бозоридан (Абу Сахий бозори-теҳр.) олиб кетасиз”, деди суҳбатдошимиз.

Унинг яна айтишича, Абу Сахий Урумчидан Тошкентга етказиб берган товар божхона солиғига тортилмайди, лекин ширкат молни фақатгина Абу Саҳий бозоригача етказилиши учун масъулиятни ўз бўйнига олади. “Бозор ташқарисига чиққанингиздан кейин жавобгарлик ўзингизда”, деди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистондаги энг йирик улгуржи савдо бозори ва савдогарлар молларини мамлакатга олиб кириш соҳасини назорат қиладиган Абу Сахий конгломерати президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ва унинг эри Тимур Тиллаев томонидан назорат қилиниши айтилади. Бу ширкат орқали мамлакатга олиб кириладиган товарлар божхона, санитария ва бошқа идоралар назоратидан ўтмаслигига доир иддаолар бор.

Карго соҳасида монополист мақомига эга бу ширкат почта-курьерлик хизматларини тақдим этаётгани қанчалик қонун доирасида экани тўғрисидаги савол жавобини Ўзбекистон расмий идораларидан олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг 6 январ куни қабул қилган қарор мамлакатда фаолият юритадиган 20дан ортиқ хусусий потча фирмасини рақобатга бардош беролмайдиган ҳолатга келтирди. DHL, UPS, TNT, FEDEX, MEEST ASIA, AFT, ARAMEX, KATORG PVU GROUP, ALPHA EXPRESS, EXPOSER, KHAYMANS EXPRESS, ATLANTIC TRADE, POLAR EXPRESS, ASE EXPRESS, IPS, MMS, FPA, ЧФ «Абду Лутфи Пост», UАР, СП Avializing, Caravan Express Service, Xadicha~Lux Service, Shohruh каби хусусий почта-курьер ширкатлари орқали посилка қилинган товарларга 100 фоизлик бож тўлови жорий этилди. Бу фирмалар мазкур қарорни бекор қилиш сўрови билан ҳукуматга жўнатган хати уч ойдан бери жавобсиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG