Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:47

Абу Сахий олиб келаëтган маҳсулот сифатига жавобгар топилмади


Хитойдан келаëтган молларнинг асосий ташувчиси бўлган Абу Сахий ширкатига қарашли карго хизматлари орқали¸ Озодлик манбалари таъкидича¸ ўзбек бозорларида инсон саломатлигига салбий таъсир ўтказиш эҳтимоли юқори бўлган арзон ва сифатсиз кийим-кечак кўпайиб бормоқда. Сотиб олаëтган молининг аслида нима эканидан бехабар қолаëтган ўзбекистонлик истеъмолчи ҳаққини ким ҳимоя қилади¸ деган савол жавоби охир-оқибатда Абу Сахийнинг бу юкларни Ўзбекистон ичкарисига олиб кириш механизмига бориб тақалди.

Абу Сахий карго хизматлари орқали Ўзбекистон бозорларига кириб келаëтган кийим-кечак сифати учун ким жавоб беради¸ деган савол жавобини Озодлик мухбири истеъмолчилардан тушган мурожаат асосида ўрганишга қарор қилди.

Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик истеъмолчи ўз саргузашти яқинда Тошкентдаги Абу Сахий бозоридан ичига силикон гел солинган аëллар сийнабанди сотиб олганидан бошланганини билдирди.

Mana ushbu siynaband foto surati. Suratni ziyrak tadbirkor dalil sifatida Ozodlik radiosiga yubordi
Mana ushbu siynaband foto surati. Suratni ziyrak tadbirkor dalil sifatida Ozodlik radiosiga yubordi

Уйга бориб¸ сийнабанд ичидаги лиқилдоқ модданинг нима экани билан қизиқиб¸ уни очиб кўрган аëл¸ силикон гел деб аталаëтган модданинг ўта шубҳали ëпишқоқ суюқлик эканини кўриб¸ хавотирга тушган.

Кўкракка ëпишиб турадиган бу модда таркибини ўрганиб¸ хулоса чиқаришни сўраб хусусий тиббий хизматларга мурожаат қилган истеъмолчига мутахассис сийнабанд ичига токсик модда солингани ва уни кийиш кўкрак саратонига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирган.

Озодлик ихтиëрида Абу Сахийда сотилаëтган бу ичкийим ва унинг таркибига оид мутахассис расмий хулосаси ҳозирча йўқ ва шу боис мавзуга туртки бўлган бу маҳсулот сифати ҳақида ҳукм чиқаришга эрта.

Аммо "Абу Сахий орқали Ўзбекистон бозорларига кириб келаëтган маҳсулотлар сифатини ким ва қандай текширади? Бу сифат учун охир-оқибат ким жавобгар?" деган саволларга жавоб излашга туртки бўлди.

Молнинг эгаси ким?

Озодлик билан суҳбатда Абу Сахий бозорида аëллар ичкийими¸ хусусан¸ ичига лиқилдоқ модда солинган сийнабанд савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор бу моллар сифати¸ улар таркибига оид расмий сертификат йўқлигини эътироф этди:

- Биз молни Урумчидаги катта бозордан кўтарасига нақд пулда оламиз. Олаëтган молимизни ким¸ қандай шароитда ишлаб чиқарган¸ унинг материали нимаю унинг кимëвий таркиби қанақа¸ бу ҳақда бизга ҳеч қандай расмий сертификат берилмайди¸ сўрамаймиз ҳам. Бунақа сертификатланган мол бор Хитойда¸ лекин уни Пекиндан олиш керак ва нархи анча қиммат бўлади. Шунинг учун деярли ҳеч ким сертификатланган мол олмайди Урумчидан. Биз бу молни Абу Сахий каргога келтириб¸ ҳар мингта бюсгалтерни пресслатиб¸ топширамиз. Пулини тўлаймиз¸ бўлди. Абу Сахий ҳам биздан бунинг сертификати қани¸ деб сўрамайди. Молни айтилган кунда Тошкентдаги Абу Сахий бозоридан оламиз.

Бу мол Ўзбекистонга киришда божхона назоратидан ўтгангани¸ бож тўлангани ҳақида бизга ҳеч қандай ҳужжат беришмайди. Бу мол аслида контрабанда. Шунинг учун ойига 700 минг сўм патент тўлаб, уни фақат Абу Сахийнинг ўзида сотишга мажбурмиз¸ чунки солиқчи ўзиники¸ ҳужжат сўрамайди¸ босди-босдилардан ҳимояланган. Лекин Абу Сахий ҳудудидан чиқиши билан бу молни контрабанда деб босиб¸ уни мусодара қилади. У ëғига Абу Сахий гарантия бермайди¸- дейди бозор савдогарларидан бири хавфсизлик боис ўз исми очиқланмаслиги шарти билан.

Абу Сахий карго

Озодлик мавзуни ўрганиш жараëни Урумчидаги Абу Сахий карго хизмати билан боғланиб¸ Ўзбекистонга юбориладиган кийим-кечак¸ хусусан¸ силиконлик сийнабандлар учун сертификат талаб қилиниш-қилинмаслиги билан қизиқди.

- Сиз бизга фақат паспорт ва пул билан келинг¸ бўлди. Сертификатнинг кераги йўқ¸- деди карго хизмати вакили.

"Ўзбекистонга киришда божхона ходимлари бу маҳсулот учун сертификат сўрамайдими?" деган саволга ширкат ходими:

- Бундан ҳеч ҳам хавотир олманг. Сиз молни Урумчида топшириб¸ Тошкентда Абу Сахий бозоридан оласиз. У ëғини ўзимиз эплаймиз¸- деб жавоб берди.

Божхона сертификат сўрайдими?

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ мамлакатга импорт қилинадиган аксар маҳсулот учун сертификат талаб қилинишини билдирди:

- Агар сиз¸ дейлик¸ Хитойдан аëллар ички кийими¸ айниқса¸ ичига гел солинган сийнабанд жўнатсангиз¸ бу моллар божхона омборига келиб тушади. Бу ерда моллар, биринчи навбатда, хавфсизлик текширувидан ўтади¸ яъни улар ичида қурол-яроғ¸ наркотик каби ноқонуний нарсалар бор-йўқлиги текширилади. Ундан кейин¸ сиз олиб келган молнинг стандартга¸ санэпиднадзор талабларига жавоб бериш-бермаслиги текширилади. Агар улар сиз олиб келган молни саломатлик учун бехатар деб топса¸ тегишли божхона тўловлари тўлаб¸ молингизни олиб чиқишингиз мумкин¸- деди божхона қўмитаси расмийси.

Абу Сахий карго орқали Хитойдан келаëтган кийим-кечак сифати¸ унинг тегишли текширувлардан ўтиш-ўтмаслиги ҳақидаги саволга божхона ходими:

- Абу Сахий энди бутунлай бошқа масала. Бу билан бизга эмас¸ юқоридагиларга мурожаат қилинг¸- дея жавоб қилди.

Ўзбекистон санитарчилари нима дейди?

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиология бош бошқармаси мутахассиси катталар кийим-кечаги¸ хусусан¸ аëллар сийнабандининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан сертификат талаб қилинадиган импорт моллари рўйхатида йўқлигини билдирди.

- Агар Вазирлар Маҳкамаси аëллар ички кийими¸ хусусан¸ сиз тилга олган силиконли сийнабандни гигиена сертификати зарур деб топилган моллар рўйхатига киритмаган бўлса¸ биз нима қилайлик? Лекин бундай моллар¸ ҳар қандай импорт каби¸ божхона текширувидан ўтиши керак. Божхоначилар бу молларни қайси гигиеник талаблар асосида текширади¸ буниси бизга қоронғу. Бу сийнабанд ичидаги суюқлик таркибини биз аниқлай олмаймиз¸ чунки буни текшириш механизми йўқ бизда. Бу ишни Ўзбекистонда фақат тиббий экспертиза аниқлаши мумкин¸- дейди Санитария-эпидемиология бош бошқармаси мутахассиси.

Истеъмолчи ҳаққини кимдан сўрайди?

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакили¸ Урумчи бозорида сертификатсиз сотиб олиниб¸ тўғридан-тўғри Тошкентдаги Абу Сахий бозорига келиб тушаëтган маҳсулот сифати ҳақида ким қандай кафолат берадию¸ унинг саломатликка зиëни учун ким жавобгар¸ деган савол жавоби чигал эканини эътироф этди:

- Ўзбекистонга ҳар хил йўллар билан кириб келаëтган моллар кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Қонуний йўл билан кириб келадиган товар божхонада тегишли текширувдан ўтади. Ичкийим бевосита инсон саломатлигига алоқадор бўлгани боис¸ унинг талабга жавоб бериш-бермаслигини аниқлаш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли бошқармаси зиммасида. Ҳар бир божхона постида уларнинг вакиллари ўтирибди ва сертификат ва бошқа ҳужжатларни текшириши керак. Бевосита бозорда сотилаëтган мол сифати учун ким жавобгар деган савол жавоби солиқчиларга бориб тақалади. Чунки бозор ҳудудида сертификатланган ва божхона текширувидан ўтган мол сотилишини солиқ инспекцияси назорат қилади. Кўриб турганингиздек¸ битта сийнабанд сифатига оид савол жавоби божхона¸ солиқ¸ соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига бориб тақалади. Кўп ҳолларда улар бу масалани бир-бирига тўнкайди ва ким жавобгар деган саволга бир оғзи гап билан жавоб бериш қийин бўлади¸- дейди истеъмолчилар ҳаққининг ҳимоячиси.

Абу Сахий

Ўзбекистонда кўтара савдо ва савдогарлар молларини мамлакатга олиб кириш соҳасини назорат қиладиган Абу Сахий конгломерати президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ва унинг эри Тимур Тиллаев томонидан назорат қилиниши айтилади. Бу ширкат орқали мамлакатга олиб кириладиган товарлар божхона, санитария ва бошқа идоралар назоратидан ўтмаслигига доир иддаолар бор.

Хусусан, бу иддаоларни Лола Каримова-Тиллаеванинг опаси Гулнора Каримова Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида илгари сурган эди.

"...ҳар ой товар айланмаси 20 миллион долларни ташкил этадиган Абу Сахий бозорининг фаолиятидан давлат солиғи олинмайди”, дея иддао қилган эди Гулнора Каримова 2013 йилда интервьюсида.

Лола Каримова-Тиллаева ва Тимур Тиллаевлар оиласи ўтган йилнинг декабрида Гулнора Каримованинг бу иддаолари қатъий рад этиб, уни судга бериш билан таҳдид қилган эди.

"Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида диффамация, бўҳтон ва пўписалар тарқатилаётганлиги, бизга ҳуқуқшуносларимиз билан маслаҳат бошлаб, Гулнора Каримовага қарши судга даъво қилиш каби қонуний чораларни қўллаш имкониятини кўриб чиқишдан ўзга чора қолдирмаяпти”, дея баёнот эълон қилган эди Каримова-Тиллаева ўз расмий вэбсайтида.

Айни пайтда, Гулнора Каримованинг ўзи Ўзбекистон Бош прокуратураси тарафидан "уюшган жиноий гуруҳ"га аъзоликда айбланиб, уй қамоғига олинган.

Озодлик мухбири, Лола Каримова-Тиллаеванинг вакилларига Абу Сахий бозори билан боғлиқ масалалр хусусида изоҳ беришни сўраб мурожаат қилди. Лекин бу сўров ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG