Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:00

Чорсудаги заргарлик дўконларини қора ниқоблилар босди


Тошкентнинг Чорсу бозоридаги заргарлик буюмлари дўконларини 24 сентябрь куни қора ниқоблилар босди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган Чорсу бозоридаги манбага кўра, ниқоблилар билан дўконларга кирган солиқ инспекцияси ходимлари дўконлардаги барча заргарлик ва тилла буюмларни рўйхат қилмасдан олиб чиқиб кетган.

Тошкентдаги энг гавжум Чорсу бозоридаги заргарлик дўконида сотувчи бўлиб ишлайдиган манбанинг айтишича, қора маскаликлар қўққисдан бостириб кирган:

“Кеча одатдагидек, ишлаб тургандик. Бирданига қора ниқобда, автоматли одамлар кириб келиб харидорларни ҳайдаб чиқарди. Кейин гражданский формадаги бир одам келиб товарларнинг ҳужжатларини сўради. Ҳужжатлар дўконнинг эгасида деганимизга қарамасдан¸ ҳамма молларни йиғиштириб, олиб чиқиб кетишди”, деди сотувчилардан бири.

Чорсу бозоридаги бошқа бир дўкондор эса чоршанба куни қора ниқоблилар заргарлик буюмлари дўконларини босгандан сўнг зудлик билан дўконини ёпиб қочиб кетганини айтади:

“Кечадан буён Чорсуда нотинчлик. Барча тилла магазинларни қора маскаликлар босибди. Шунга биз ҳам қўрқиб ишга чиқмай турибмиз”, деди Чорсудаги тилла дўконлардан бирининг сотувчиси.

Озодлик Чорсудаги "DIAMONDS FOREVER", "ELEN-GOLD", "NODIM GOLD" каби бир неча заргарлик буюмлари дўконлари билан боғланди. Бу дўконларнинг сотувчилари ҳам дўконлар ишламаётганини билдирди.

Чорсуда рейд ўтказган қора ниқобли бу махсус гуруҳнинг қайси куч ишлатар идорасига қарашли эканига оид аниқ маълумот йўқ.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Тошкентдаги аудио-видео маҳсулотлари билан савдо қилувчи "Нирвана" (ҳозирда оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтган Рустам Мадумаровга қарашли экани айтилади - таҳр.) дўконлар тармоғини қора маскалилар босганида¸ тахминларга кўра¸ президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова "босқинчи"лардан ҳужжат талаб қилгани акс этган видеотасвир Интернетга тарқалган эди.

Бу видеодаги сўроқ-жавобдан қора маскалиларнинг прокуратура¸ солиқ инспекцияси ва ИИВ ходимларидан тузилган махсус гуруҳ экани англашилади.

Қора ниқоблилар кимлар?

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган манбанинг айтишича, қора ниқоблилар ҳар бир куч ишлатар тузилманинг таркибида бор:

"Қора ниқоблилар бу МХХнинг вамилициянинг таркибида мавжуд махсус амалиёт гуруҳи ҳисобланади. ИИВ таркибида ушбу кўринишда учта отряд мавжуд:

1.Уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бошқармасига қарашли махсус амалиёт гуруҳи, тўғридан тўғри ички ишлар вазирига бўйсунади.

2. ИИВ 7-бошқармасига қарашли махсус амалиёт гуруҳи, де факто ИИВ разведка ва опер установка бошқармаси, тўғридан тўғри ички ишлар вазирига бўйсунади.

3. Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги ОМОН махсус амалиёт гуруҳи.

МХХ таркибидаги қора ниқоблилар:

1. Президент хавфсизлигини таъминлаш бўйича МХХ махсус ва мустақил бошқармаси - СБР, тўғридан тўғри президентга бўйсунади. СБР раҳбарининг ҳарбий унвони генерал майор ва айни пайтда МХХ раисининг ўринбосари ҳисобланади.

2. Уюшган жиноятчилик, терроризм, опер установка, неглазка каби махсус амалиётларга мўлжалланган махсус армия, тўғридан тўғри МХХ раисига бўйсунади.

3. МХХ чегара қўшинларига қарашли махсус амалиёт гуруҳи.

Қора ниқоблилар рейдлари тарихи

Ўтган йиллар давомида қора ниқоблилар бир қанча савдо ва маиший объектларга бостириб киргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Жумладан, ўтган йилнинг 20 июнь куни ҳуқуқ-тартибот идораларининг "қора ниқобли"лар махсус гуруҳи Тошкентдаги "Drujba Burger" тармоғининг ўнга яқин кафеларига бир пайтнинг ўзида рейд уюштирган эди.

2013 йилнинг мартида Ўзбекистонда “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган тадбиркор Баҳодир Каримжоновга тегишли Тошкентнинг “Бўстон” маҳалласида жойлашган ҳашаматли уйни “қора ниқоблилар” босган эди.

2012 йилнинг январ ойида "қора ниқоблилар", Тошкентдаги Чинни бозорини босган эди.

2011 йилнинг 16 сентябр куни Тошкентдаги "Малика" савдо марказида "қора ниқоблилар" гуруҳи рейд ўтказиб, "Чиго" ва "Метро" дўконларининг ҳамма товарини мусодара қилган эди.

2011 йилнинг 17 июл куни қора ниқобли "сирли кучлар" Урганч шаҳридаги савдо уйида рейд ўтказган эди.

"Қора ниқоблилар" 2011 йилнинг 16-17 июн кунлари Янгийўл шаҳридаги ресторанлар ва буюм бозорини босган.

2011 йилнинг 2 март куни Тошкентда бу гуруҳ Божхона, Солиқ қўмитаси, Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйига рейд уюштирган эди.

XS
SM
MD
LG