Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:34

“Қора ниқобли”лар кимлар?


Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг турли жойларидаги савдо шаҳобчаларига уюштирилган рейдларнинг асосий ижрочиси қора ниқобли шахслар бўлмоқда.

Қора ниқобли "сирли кучларнинг" сўнгги рейди Урганч шаҳридаги савдо уйига бўлди.

Тайёр кийим-кечак, пойабзал ва заргарлик буюмлари билан савдо қилувчи, марказий аҳоли тилида “ЦУМ” деб аталувчи савдо уйи 16 июль куни эрталаб соат ўнда милиция ходимлари томонидан қуршаб олинди. Воқеа гувоҳларидан бирига кўра, қуролланган қора ниқоблилар бир зумда савдо уйига бостириб кирган:

- Кеча ЦУМ магазинида “олтинчи”ларни (заргарлик буюмлари билан савдо қилувчи тадбиркорлар - таҳр.) босишади. Соат 8 эрталаб ниқоб кийган кишилар бориб, штурмоват қилиб, соат 6 гача халқни ўша ерга қамаб, ҳеч нарса едирмайди. Икки қиз ёмон бўлиб, касалхонага тушиб қолади. Ҳозир шу икки одам ёмон бўлиб, болницада оғир аҳволда ётибди. У қизлар “террористлар келиб, босди” деб қўрқиб, ёмон бўлиб қолади. Бу Ўзбекистон органларининг қилган иши,- дейди урганчлик суҳбатдош.

Шу йилнинг 2 март куни Тошкентда қора ниқоблилар Божхона, Солиқ қўмитаси¸ Ўзстандарт агентлиги билан бирга, "Туркуаз" ширкатига қарашли дўконлар жойлашган савдо уйини босган эди. Тошкентлик Абдулла Хошимовнинг қизи ўша дўконлардан бирида ишлаган:

- Авваламбор маскачилар кирган экан автоматларда. Одамларни бир чеккага қўйишган. Нарсаларни тахлашган коробкаларга. Маскачилар нима хоҳлашса, шуни қилишган. У ерда кўп аëллар бўлган-ку. 80-90 фоизи аëллар бўлган у ерда. Улар қўрққан-да. Кўрмаган-ку бунақа нарсани. Кинода бўладиган нарса буларнинг ўнгида бўлган,- дейди Абдулла Хошимов.

Янгийўллик Парпи Соҳибов ҳам қора ниқоблилар 16-17 июн кунлари шаҳардаги ресторанлар ва буюм бозорини босганини айтади:

- Кечаси қора "Жип" машиналарида келишган. Кечаси булар ресторан-кафеларни "бомбит" қилишни бошлаган. Менинг укам бозор олдида туради-да. Бозордан 50-60 метр. Булар "спецназмиз" деб, маскада, юзи танимайдиган ҳолатда, толко кўзи кўринади, кундузи эрталабдан бозорда уюштириб, ҳамма бозорни ташлаб қочиб, магазинларга кириб уриб, шунақа ишлар бўлган,- дейди янгийўллик Парпи Соҳибов.

Қора ниқобли махсус гуруҳлардан вилоятларда тадбиркорларнинг норозилик акцияларини бостириш учун ҳам фойдаланилаяпти.

23 июнь куни Самарқанд вилояти Ургут шаҳар буюм бозоридаги тадбиркорларнинг ўзларининг янги бозорга кўчирилишига қарши билдирган норозилиги ҳам қора ниқобли махсус кучларнинг ёрдами билан бостирилган эди.

Қора ниқобли махсус гуруҳларнинг қайси куч ишлатар идорасига қарашли экани сир бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматидан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Лекин мустақил кузатувчиларнинг бу борада бир неча тахминлари бор.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳонгир Шосалимов фикрича, қора ниқобли махсус гуруҳлар миллий хавфсизлик хизматига тегишли:

- Бу одамларнинг кимлиги миллий хавфсизликка бориб тақалади. Мен чинни бозорни босганда ўша ердаги ўзимга энг яқим одамлардан билдим. Улар асосан вилоят хавфсизлик бошқармасининг махсус бўлимларини айтишган. Мен мана шу гаплардан келиб чиқиб айтаманки, Урганчда Хоразм вилояти МХХнинг махсус қўшинлари, Тошкент шаҳрида бозорларда ҳам миллий хавфсизликнинг махсус қўшинлари қилаяпти деган фикрга тўла асосим бор,- дейди Жаҳонгир Шосалимов.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Ички ишлар вазирлиги таркибидаги ички қўшинлар Миллий хавфсизлик хизмати тасарруфига ўтказилгани тадбиркорнинг тахминларида жон бор дейишга асос бўла олади.

Бироқ Ўзбекистон Экспертлар ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов бу тахминларга қўшилмайди. Ҳуқуқшуносга кўра, бу гуруҳлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг махсус отрядлари бўлиб, улар Бош прокуратуранинг Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши кураш бўлими бошқаруви остида фаолият олиб боради:

- Бу ерда асосий бўйсуниш прокуратура органларига тегишли бўлади. Прокуратура органлари шу ҳаракатларни бошқариб туришади. Қора маскадаги гуруҳлар булар ИИВга тегишли гуруҳлар ҳисобланади,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқшунос қора ниқобли гуруҳлар ўтказаётган амалиётлар тадбиркорларнинг ҳуқуқларини поймол қилмоқда дейди:

- Буни битта нарса билан боғласа бўлади. Ўзбекистонда бошқа кўпгина собиқ СССР мамлакатларидаги каби жиноят ҳуқуқи ва жиноят ишлари доирасидаги ҳамма ҳаракатлар битта қонун билан бошқарилади. Бу ҳам бўлса Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодекслари. Мана шу кодексларда ҳаракатлар қанақа амалга оширилиши, хусусан гумонланувчининг объекти ëки уйида турли хил ҳаракатларни олиб бориш, ундан ташқари, қидурув ишларини олиб бориш ҳаракатлари ҳам етарлича ëритилган.

Агар мана шу ҳолатларда маска кийган гуруҳлар билан босиб олиб, куч ҳам ишлатиб, мажбурлаб ушлаб турилиш ҳолатлари бўлаëтган бўлса, биз уни бемалол қонунчиликка, хусусан, жиноят-процессуал қонунчилигига қарши бўлаëтган ҳаракатлар, деб ҳисоблашимиз мумкин. Чунки бу ердаги энг асосий принциплардан бири - ҳар қанақа куч ишлатиш пропорционал равишда амалга оширилиши керак. Агар маска билан қуролланган шахслар орқали ушлашни таъминлаш пропорционал ҳисобланмаса, демак, бу қонунларда белгиланган меъëрларнинг бузилишига бемалол киритилиши мумкин.

Шунинг учун биз ҳозир Урганчда, Янгийўлда бўлган ҳолатларни назарда тутсак, ўша объектларга боғлиқ шахслар, тадбиркорларни барибир жиноятчи, ўта хавфли жиноятчи эмаслигини орган ходимлари ҳам яхши билишади. Албатта меъëрдан ортиқ куч ишлатаëтган бўлса, демак, Ўзбекистонда ўрнатилган қонунлар бузилаяпти, деб хулоса қилишимиз мумкин,- дейди Ўзбекистон Экспертлар ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG