Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:32

"Гулнора Каримова яқинларини қамаган Тошкент бир ўқ билан икки қуëнни урди"


Гулнора Каримованинг жиноий шериги деб кўрилган Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаровнинг қамалиши Европадаги терговларни боши берк кўчага киритиб қўйди, демоқда таҳлилчилар.
Гулнора Каримованинг жиноий шериги деб кўрилган Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаровнинг қамалиши Европадаги терговларни боши берк кўчага киритиб қўйди, демоқда таҳлилчилар.

Швеция Бош прокуратураси шу йилинг май ойида қамоққа ҳукм қилинган Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаровлар тўғрисида маълумот тақдим қилишни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилди. Авакян ва Мадумаров Швеция ва Европанинг бошқа қатор мамлакатларида пул ювиш ва коррупцияга доир жиноят ишларида Гулнора Каримова билан биргаликда гумонланувчи сифатида ўтмоқда. Швеция прокурорининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон расмийлари президент қизининг жиноий шериклари деб кўрилаётган бу шахсларга оид маълумотларни очиқлашга шошилаётгани йўқ. Айни пайтда, кузатувчилар асосий фигурантларнинг Ўзбекистонда панжара ортига ташлангани Европадаги терговларни боши берк кўчага киритиб қўйиши эҳтимолидан гапирмоқда.

Швеция Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер ўзи тергов қилаётган жиноят ишининг асосий фигурантлари Ўзбекистонда қамоққа ҳукум қилингани тўғрисидаги хабарлар июль ойида пайдо бўлиши ортидан Тошкентга мурожаатнома юборган эди.

Швед терговчисининг Озодликка айтишича, Ўзбекистон расмийлари унинг сўровига жавоб беришганича йўқ:

- Ўзбекистон расмийларидан Гаянэ Авакян ҳақида маълумот беришларини сўраб мурожаат қилдик. Улар сўровимизга жавоб беришадими, йўқми айтиш қийин. Уларга Авакяннинг ишида яна кимлар бўлгани, уларга қандай айбловлар қўйилганига доир саволларимизни юбордик. Сўровномани август ойида юбордик, лекин ҳозирча жавоб олганимиз йўқ. Балки бироз кутишимиз керакдир. Чунки ўзаро ҳуқуқий ёрдам канали бўйича юбориладиган сўровларга жавоб олиш учун вақт талаб қилинишини тушунамиз, дейди Гуннар Стетлер.

Ўзбекистон Бош прокуратураси июль ойида Европа тергов идоралари президент Каримов қизининг жиноий шериклари деб кўраётган Авакян ва Мадумаров 24 май куни Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан “узоқ йиллик қамоқ жазоларига” ҳукм қилингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаган эди.

Расмий хабарномада, Авакян ва Мадумаров билан “бошқалар (жами13 киши)” қамалгани қайд этилган, лекин бошқаларнинг шахслари, қандай жиноятларда айбдор деб топилгани очиқланмаган.

Авакян ва Мадумаров Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан биргаликда Швециядан ташқари Швейцария, Франция, Латвия ва Ҳолландияда тергов қилаётган жиноят ишларининг фигурантлари ҳамдир.

Швеция прокурори Гулнора Каримовадан кўрсатма олиш тўғрисида Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилганми, йўқми, буни ошкор қилмади.

Европадаги “ўзбеклар ишини” кузатиб келаётган ўзбекистонлик шарҳловчи Алишер Илҳомов Тошкент Авакян ва Мадумаров дохил гуруҳни қамоққа ташлаб, бир ўқ билан икки қуённи уришга муваффақ бўлди, деган фикрда:

- Бу шахсларнинг тездагина суд қилиниб қамоққа ташланишининг Швеция, Швейцария ва бошқа мамлакатлардаги терговларга таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда Тошкент режими учун иккита мақсадга эришилганини айтишимиз мумкин. Бу шахслар Гулнора Каримованинг топшириқларини бажаргани кундек равшан, демак уларнинг саҳнадан олиб ташлангани¸ биринчидан, президент қизини бу иш билан боғлиқ таҳликалардан ҳимоя қилади. Иккинчидан, Европа тергов идораларининг бу шахслардан кўрсатма олиш имкониятини йўққа чиқаради, дейди Алишер Илҳомов.

Швеция прокуратураси терговчиси Стетлер, Ўзбекистонда чиқарилган ҳукм Швециядаги терговнинг ёпилишига асос бўлмаслигини таъкидлади. Лекин Швециянинг TeliaSonera телеком ширкати Ўзбекистонга кириш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаоларни судда исботлай олиши ҳақида прокурор ҳозирча бир нарса дея олмаслигини эътироф этди:

- Ҳозир мавжуд вазиятда терговни ёпиш учун асосларни кўрмаяпман. Судга тақдим қилгани далил исботларни қўлга киритамиз, деган умиддамиз. Лекин ҳозирча буни аниқ ишонч билан айта олмайман, дейди Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлер.

Озодлик билан бундан икки ой аввалги суҳбатда швед терговчиси Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон президентининг қизи билан ноқонуний олди-берди қилганини судда исботлай олишини комил ишонч билан айтган эди.

Алишер Илҳомов швед терговчисининг ишончи сусайгани Европа тергов идоралари “ўзбек ишида” боши берк кўчага кириб қолиши эҳтимолидан даракдир, дейди:

- Ғарб суд тизимида ҳукмлар сиртдан чиқарилгани, яъни асосий гумонланувчи ва гувоҳларнинг йўқлиги вазиятида қарор чиқарилиши ҳақида эшитмаганман. Бу ишда эса Гулнора Каримова ва Гаянэ Авакян каби унинг яқин шериклари ҳамда Беҳзод Аҳмедов тергов учун асосий гумонланувчи ва гувоҳлардир. Суднинг улар иштирокисиз ҳукм чиқара олиши амри маҳолдир. Менимча, бу жиноят ишларининг боши берк кўчага кириб қолиши эҳтимоли жуда юқоридир, дейди сиёсатшунос Алишер Илҳомов.

Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони учун бу мамлакат президентининг қизига 350 миллион АҚШ доллари мидорида пора берганини исботлашга уринаётган бир пайтда 4 сентябрь куни катта қисми Швеция ҳукуматига қарши бу ширкат мулозими Тошкентга сафар қилди.

Ўзбекистон расмий нашрларининг хабар қилишича, TeliaSonera ширкатининг Евроосиё бўйича ижрочи вице-президенти Эрик Халберг бошчилигидагни делегация пайшанба куни Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасида қабул қилинган. Учрашувда ширкатнинг Ўзбекистондаги янги бош директори Тону Грюнберг тақдим этилган.

Ўзбекистонда UCell брэнди остида фаолият юритадиган TeliaSonera мобил алоқа бозорида муваффақиятга эришгани қайд этилган бу учрашувда Европадаги жиноят терговлари масаласи кўтарилдими, йўқми, бу ҳақда расмий нашрлар хабар қилмади.

XS
SM
MD
LG