Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Гулнора Каримова туғилган кунини Европада нишонлагани иддао қилинди


Сешанба куни Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова мамлакатни тарк этгани иддао қилинган хабар пайдо бўлди. Uzmetronom сайти ишончли манбаларига таяниб, 8 июль куни 42 ёшга кирган Каримова "туғилган кунини Болтиқбўйи давлатларидан бирида азиз дўстлари даврасида нишонлаяпти" деб ёзди.

Гулнора Каримованинг Ўзбекистонни тарк этгани ҳақида хабар қилган Uzmetronom сайти муҳаррири Сергей Ежков маълумот жуда ишончли манбадан олинганини иддао қилмоқда.

“Шу пайтгача бу манбадан олинган маълумотларнинг барчаси тўғри чиққан. Бу бизнинг жуда ишончли манбамиз”, дер экан Ежков "жуда ишончли манба"га оид маълумотларни одатдагидек яна сир сақлади.

Uzmetronom сайтида берилган хабарга кўра, Гулнора Каримова “туғилган кунининг 42 йиллигини Болтиқбўйи давлатларидан бирида ўзига энг азиз инсонлар даврасида нишонлаяпти”.

“Гулноранинг Латвияда экани”ни тахмин қилган Ежков “Каримова Ўзбекистонни анча олдин тарк этгани ва ҳатто, ҳеч қачон уй қамоғида бўлмагани”ни ҳам иддао қилади. (Озодлик бу иддаоли хабарни бошқа манбалардан тасдиқлай олгани йўқ.)

Озодликнинг бошқа бир ишончли манбасига кўра, Ўзбекистондаги хорижлик дипломатлардан бири бироз аввал Гулнора Каримовани Тошкентдаги тунги клублардан бирида кўрганини айтган.

Гулнора Каримованинг ўзи бир неча бор Twitter орқали уй қамоғида экани, “уйини кеча-кундуз қўриқлашаётгани, уйига дўстлари ва яқинларини киритишмаётгани” ҳақида ёзган эди.

Шунингдек, Озодлик каби бошқа бир қанча хориж матбуотига жўнатилган ва Гулнора Каримовага тегишли экани ишонилган мактубларда ҳам унинг уй қамоғида экани айтилганди.

31 март куни эса Uznews.net нашри 31 Каримованинг уй қамоғида эканига ишора қилувчи иккита суратни эълон қилган. Ушбу суратларда президент қизи уй кийимида, сочлари тўзиган ва пардозсиз алфозда тасвирланган.

Шунингдек, Гулноранинг Лондондаги Оксфорд университетида таҳсил олаётган ўғли 21 ёшли Ислом Каримов Россиянинг "РенТВ" каналининг “Неделя” дастурига берган интервьюсида онаси Гулнора Каримова “норасмий уй қамоғида” экани, у билан олти ойдан буён кўришмаганини иддао қилди.

Жорий йилнинг март ойида Швейцария ва Швеция прокуратуралари пул ювиш ва порахўрлик ҳолатлари бўйича очилган жиноят ишларида Гулнора Каримовани гумонланувчи, деб эълон қилди.

Бундай ҳолатда Гулнора Европа Иттифоқи ҳудудида бўлган Болтиқбўйи давлатларига бориши унинг учун терговга тортилиш эҳтимолини пайдо қилиши мумкин. Айни пайтда Гулнора агар Болтиқбўйида бўлса, бу эҳтимолни қандай бартараф қилгани ҳам номаълум.

Гулнора Каримова йирик хориж ширкатлари, хусусан Швециянинг TeliaSonera ширкатидан Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони эвазига юзлаб миллион доллар миқдорида пора олганлик ва ноқонуний йўл билан ўзлаштирилган маблағларни легаллаштиришга уринганликда гумон қилинмоқда.

Европа мамлакатларидаги терговлар доирасида Швейцария, Швеция, Франция, Ҳолландия ва Латвияда Гулнора Каримовага қарашли банк ҳисоб рақамлари ва кўчмас мулк объектлари музлатиб қўйилгани маълум.

XS
SM
MD
LG