Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Кичик Ислом Каримовнинг чиқиши Тошкент режасими ёхуд "тутқун она"га ёрдам?


Ўзбекистон президентининг, кутилмаганда, «Рен-ТВ» каналига интервью берган набираси – кичик Ислом Каримовнинг баёнотлари хориждаги ўзбек интеллегенцияси ўртасида турли фикрларни қўзғаб юборди. Баъзилар бу чиқишни «инқилобчига айлантирилаётган» Гулнора Каримованинг сиёсий мавқеи учун қурилган пухта режанинг бир қисми, деб кўрмоқда. Яна баъзилар эса буни ота ғазабига учраган қиз оиласининг «чорасизликдан қилган амали» демоқда.


«Бандиликда эзилган бечора қиз ҳақида эслатма»

Ўзбекистондаги сиёсий жараёнлар, айниқса, президент оиласига оид можаролардан хабардор собиқ дипломат ва мустақил журналист Алишер Таксанов Россиянинг «Рен-ТВ» канали орқали «Осиё шаҳзодаси» сифатида тақдим қилинган кичик Ислом Каримовнинг чиқишини бир жумла билан «бечорагина набиранинг бобога мурожаати" ўлароқ баҳолади.

Таҳлилчи Facebookдаги саҳифасида қолдирган шарҳида рус журналисти Марианна Максимовская тақдим қилган кўрсатувда президент қизи Гулнора Каримова ўта ижобий шахс - «меценат, дипломат, бизнесмен, медиалойиҳа ва жамоатчилик ҳаракатлари асосчиси» сифатида тақдим этилганини урғулайди.

Журналист бу улкан пиар машинани ҳаракатлантиришу, "боласини Оксфордда ўқитиш учун сарфланган маблағни Гулнора Каримова қаердан олинган?" деган саволгани ўртага ташлар экан, айни пайтда, бу кўрсатувда Швеция ва Швейцарияда президент қизининг номи тилга олинган жиноий иш тергови ҳақида сўз ҳам айтилмаганини алоҳида қайд этади.

«Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Гулнора Каримовага расман айблов эълон қилинмагани рост – бу жиҳатдан Ислом иккинчи алдаётгани йўқ. Лекин, у Швеция ва Швейцариядаги жиноий иш тергови ҳақида гапирмаяпти. Гулноранинг ўғли таъкидлаяптики, оилавий жанжал йўқ, шунчаки бу ишларнинг ҳаммаси онасининг орқасидан туриб амалга оширилаяпти... Гўёки, Ислом иккинчи унинг оиласига қарши ким курашаётганини билмайди, лекин ишончи комилки, бу одам каттагина куч ва таъсирга эга... Хуллас, Ислом Мансурович билан интервью ўхшамаган! У муаммони очмади, оиладаги бўлиниш сабабларини кўрсатмади, Гулноранинг душманларини айтмади, бу шунчаки, дунёга бандиликда эзилаётган бечорагинанинг аҳволи ҳақида ва Ислом бобога унинг ғалати ҳаракат қилаётгани ҳақида эслатишдир. Айни пайтда бу ҳаракати билан у Оксфордда ўқиётган бўлсада, ҳали сиёсий жиҳатдан етилмаганини ҳам кўрсатиб қўйди», деб ёзди Алишер Таксанов.


«Мақсад Гулнорани тоталитар режим курашчисига чиқаришдир»

Uznews.net интернет нашрига сўзлаган россиялик сиёсатчи ва МДҲ давлатлари бўйича эксперт Аркадий Дубнов фикрича, Гулнора Каримованинг яккаланишию, уй қамоғига ташланиши – Тошкентда ишланган пухта режа асосидаги сценарийнинг бир қисмидир.

Таҳлилчи бу сценарийга президентнинг алоқаси йўқ, деб ишонади ва унинг назарида, кичик Ислом Каримовнинг чиқиши ушбу сценарийга «набирани қўшиш» вақти келганидан далолатдир.

«Бу ўсмир тилга олаётган жумлалар матни танқид қилиб ўтиришга ҳам арзимайди. Чунки бу интервьюда ҳеч қанақа сенсация йўқ, бу шунчаки тарғибот кампаниясининг навбатдаги қисми, холос», деб ҳисоблайди Аркадий Дубнов.

Унинг фикрича, набиранинг бу чиқиши Гулнора Каримованинг имижини ўзгартириш, уни тоталитар режимга қарши курашчи ва янгича қиёфадаги ҳуқуқ ҳимоячиси ўлароқ Ғарбга тақдим қилишнинг бир йўлидир.

"Бунинг ҳаммаси Гулноранинг «озод қилиниши» ва happy end қабилида якунланади", дея ишонч билдирди сиёсатчи Uznews.net интернет нашрига берган интервьюсида.

Кичик Ислом Каримовнинг «чорасизликдан қилган амали»

Би-би-си ўзбек хизмати мухбири саволларига жавоб берган Лондондаги Очиқ жамият институти вакили Алишер Илҳомов эса кичик Ислом Каримовнинг чиқишини «шунчаки бир чорасизлик» деб баҳолади.

"Бу Гулнора Каримова ўғлининг чорасизликдан қилаётган бир ҳаракати холос, менимча. У оиланинг ичидаги можарони яна бир марта ташқарига олиб чиқиш билан бобосига таъсир қилмоқчи ва Гулнора Каримованинг қўйиб юборилишига эришмоқчи... Айрим кузатувчилар Каримовани шу йўл билан мухолифатчи қилиб кўрсатиш, уни тузумга қарши қўйиб, халқни ўз томонига ағдариш мақсадлари борлиги ҳақидаги фаразларни ҳам айтишади. Аммо унинг Твиттердаги чиқишларига қарасангиз, уларнинг бутунлай тайёрланмаган бир нарса эканини кўрасиз... Интервьюнинг ўзи шов-шувли бўлса ҳам, уни фавқулодда шов-шувли деб айтиш қийин. Набирасининг Англиядан туриб гапираётгани ва бошпана сўраш эҳтимоли борлиги, албатта, Каримов учун кўнгилсиз бир ҳодиса, аммо Ўзбекистондаги сиёсий вазият, меросхўрлик борасида Каримов танлаган ва фақат унинг ўзигагина маълум бўлган режага таъсир кўрсатмайди", деб ҳисоблайди Би-би-си ўзбек хизмати мухбири саволларига жавоб берган Лондондаги Очиқ жамият институти вакили Алишер Илҳомов.


Кичик Ислом Каримов: Онамни мамлакатдан чиқаришмаяпти

Ўзбекистон президентининг невараси Ислом Каримов 21 июнь куни Россиянинг "РенТВ" каналидаги “Неделя” дастурида намойиш қилинган интервьюсида онаси Гулнора Каримова “норасмий уй қамоғида” экани, у билан олти ойдан буён кўришмаганини маълум қилди.

- У (яъни Гулнора Каримова - таҳр.) билан алоқам чекланган. Кўп тафсилотлар менга номаълум, лекин аниқ биламанки, у (Гулнора Каримовани назарда тутмоқда – таҳр.) билан синглимни уйдан ҳам, мамлакатдан ҳам чиқаришмаяпти. Синглим ҳатто бу ердаги ўқишига ҳам қайтолмади, - деди кичик Ислом Каримов "РенТВ" мухбирига.

Шунингдек, у декабр ойида президент бобоси ҳузурига қўйилмаганини ҳам тасдиқлади ва бобоси ҳамда онасини кимлардир манипуляция қилишга уринаётгани, уларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга ҳаракат қилаётганини даъво қилди.

Аввалроқ Гулнора Каримова Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида қизи Иймон билан уй қамоғида экани, ўзига қарши кампания бошида онаси Татьяна Каримова ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов турганини иддао қилганди.

Шунингдек, у синглиси Лола Каримова-Тиллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев ҳақида ҳам “фош қилувчи” твитлар ёзганди.

Шу тариқа, РенТВга берган интервьюсида кичик Каримов Ислом Абдуғаниевич (ўзининг эътирофича, Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашганидан кейин бобоси унга ўз ота исмини берган - Таҳр.) шу вақтгача онаси берган твит-баёнотларни, гўёки, сўзма-сўз тасдиқлади.

Ва ҳатто, сўзи охирида ҳозир онаси, ўзи ва синглиси тушган аҳвол ёмонлиги ва унда шу аҳволга кўникишдан бошқа имкон йўқлигини эътироф этди.


GK молиявий империясининг қулаши

Гулнора Каримова ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда сиқувга олинганини иддао қилиб, Twitterдаги саҳифасидаги оламшумул чиқишларини бошлаган эди.

2012 йилда эса Европанинг бир эмас¸ балки 10 га яқин давлати прокуратураси Ўзбекистон президенти тўнғич қизининг ўз ҳудудидаги бойликлари ва уларнинг қайси йўл билан топилгани билан жиддий қизиқа бошлади.

Озодликка маълум бўлишича¸ Гулнора Каримова Швеция¸ Швейцария ва Францияда йирик миқдордаги порахўрлик ва пул ювиш амалиëтлари билан боғлиқ жиноятларда айбланиб¸ жиноий ишга тортилган.

Биргина Швецияда у TeliaSonera телеком ширкатидан 320 миллион доллар пора олганликда гумонланмоқда. Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага қарашли экани тахмин этилаëтган 910 миллион долларлик маблағнинг музлатилгани ва бунинг мамлакат яқин тарихидаги рекорд рақам эканини тан олган.

АҚШ дипломатларининг 2011 йилда WikiLeaks-га сиздирилган махфий ëзишмаларида Гулнора Каримова “Ўзбекистонда энг нафрат қилинадиган шахс”¸ рейдер ва мафия тўдабошиси сифатида тасвирланган эди.

Норасмий манбалар¸ кейинги ўн йил давомида Ўзбекистон иқтисодининг энг сердаромад соҳаларини ўз қўлига олиб¸ даромаднинг аксар қисмини оффшор ширкатлар воситасида хориж банкларига олиб чиқишга муваффақ бўлган президент кизи бойлигининг 10 миллиард АҚШ долларидан ошишини тахмин қиладилар.
XS
SM
MD
LG