Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:42

"Нархоз"дан чиққан вазир ўрнига яна "Нархоз"чи тайинланди


Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов (Gazeta.uzдан олинди)
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов (Gazeta.uzдан олинди)

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Баҳодир Ходиев бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан унинг ўрнига шу пайтгача Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети ректори лавозимида ишлаб келган Алишер Ваҳобов тайинланди. Бундан 4 йил муқаддам Баҳодир Ходиев ҳам худди шу лавозимдан вазирликка кўтарилган эди.


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбари алмашгани мазкур идора расмий сайтида акс этди. Сайтнинг "вазирлик раҳбарияти" саҳифасида янги вазир сурати берилган.

Вазир ёрдамчисининг Озодликка айтишича, Ваҳобов Алишер Восиқович бугун – 14 апрель куни ишга чиқди. Вазирликни 2010 йилнинг 1 мартидан бери бошқариб келган Баҳодир Юнусович Ходиев эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фан,таълим ва маданият масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Тилга олинган лавозимни эгаллаб келган Жаҳонгир Исмоилов Президентнинг 10 апрелдаги фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори лавозимига тайинланди.

1963 йилда туғилган Алишер Ваҳобов вазирликка Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ректори лавозимидан келди.

Бундан 4 йил муқаддам Баҳодир Ходиев ҳам худди шу лавозимдан вазирликка кўтарилган эди.

Собиқнинг ютуқ ва камчиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси профессори исмини айтмаслигимиз шарти билан вазир алмашинувини шарҳлар экан, бундай деди:

- Тасодифми, йўқми – билмадим, ҳар ҳолда Ходиев даврида ўқув юртлари учун замонавий муҳташам бинолар қурилди. Фанлар структурасида ўзгаришлар, модернизация амалга оширилди. Яхши ишласаям, ишламасаям фаолияти ҳукуматнинг, Президентнинг олий таълим соҳасидаги ислоҳотлари даврига тўғри келиб қолди. Ходиев академиямизда 10 кун ўқиган ва ўзи тўғрисида ёмон фикр қолдирмаган, деди профессор.

У 4 йилу 1 ой вазирлик қилган Ходиев фаолиятидаги камчиликларга ҳам тўхталиб, жумладан бундай деди:

- Ҳозиргача ўқув юрти билан академик фаннинг боғланишида оқсаш бор. Гап шундаки, Фанлар академияси тизимидаги кўплаб институтлар қисқартирилиб, олий ўқув юртлари билан бирлаштирилаяпти. Шу йўналишдаги ишларнинг самарасини кўрганимиз йўқ. Қолаверса, олий ўқув юртининг жамиятдаги ўз мақомини, яъни ўрнини – самарали ёки аксинча самарасизлигини аниқлаш масаласи ҳам кун тартибида долзарблигича қолмоқда, деди профессор.

Олий таълим вазирлигидаги ўзгариш OzodNazar эшиттиришида ҳам тилга олинди. Унинг меҳмони публицист Шароф Убайдуллаевнинг фикрича, мазкур идора коррупция ўчоғига айланган.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси профессоридан шу масалани ҳам сўрадик.

- Коррупция эсон-омон юрибди, аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай, деди профессор гапни ҳазилга буриб.

Янги вазир биринчи навбатда нималарга эътибор қаратиши лозим?

Бу саволни Сирдарё Давлат университетининг ўзини Бобур домла, деб таништирган ўқитувчисига бердик.

- Олий ўқув юртларининг ёш ўқитувчилари ва 10 -15 йиллик иш тажрибасига эга ўқитувчилари маошини бозор иқтисодиёти шароитига мослаб кўтаришини, шу масалани Президент олдига олиб чиқишини кутиб қоламан, деди Бобур домла.

Унинг айтишича, шу кунда илмий даражаси йўқ ўқитувчи бир ставкада ишласа, 750 – 800 минг сўм маош олади.

Бобур домла ўзининг янги вазири олдига вазифалар қўяр экан, яна бундай деди:

- Яна битта катта муаммо бор. Олий ўқув юртларида порахўрлик авж олиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг олдини олишнинг энг асосий йўли сифатида мен вазирга кекса ўқитувчиларга раҳматни айтиб, уларни пенсияга жўнатишни таклиф қилган бўлардим. Собиқ вазир даврида ёш ўқитувчиларга умуман эътибор бўлмади.

- Профессор-ўқитувчилар таркибини ёшартиришнинг порахўрликка қарши курашга нима алоқаси бор?

- Кўп йиллар ишлаган ўқитувчиларнинг пора олиш тажрибаси ҳам бойиб кетган. Ҳар ҳолда бу менинг шахсий фикрим, деди Сирдарё Давлат университетининг ўзини Бобур домла, деб таништирган ўқитувчиси.

Янги вазир эътибор бериши керак бўлган яна бир муаммо мавжуд. У ҳам бўлса, талабаларга стипендия ва ўқитувчиларга ўз вақтида маош етказиб бериш масаласидир.

Бу муаммонинг долзарблиги Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институтига оид хабаримиздан маълум бўлган эди.

XS
SM
MD
LG