Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Самарқанд Архитектура институти талабалари икки ойдан буён стипендия ололмаяпти


Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институтининг талабаларига икки ойдан буён стипендия берилмаяпти. Икки ойдан буён олийгоҳ ўқитувчилари ҳам маошсиз қолмоқда. Институт раҳбариятининг айтишича, “Парвина-банк” фаолияти тўхтатилгани ва банкда олийгоҳнинг катта миқдордаги пули қолиб кетганлиги учун шундай ҳолат содир бўлган.

Самарқанд Давлат Архитектура ва қурилиши институтининг ўқитувчи ва талабалари февраль ойидан буён маош ва стипендия олмаган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган мазкур олийгоҳ ўқитувчи ва талабаларига кўра, уларнинг олийгоҳ маъмуриятига қилган шикоятлари жавобсиз қолмоқда.

Ушбу институтнинг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири ўқитувчи ва талабаларнинг маош ва стипендиясиз қолаётганини қисман тасдиқлади:

- Март ойининг маошларини бешинчи апрелдан бошлаб беряпмиз. Бунинг сабаби фаолияти тўхтатилган “Парвина-банк”да 300 миллион сўм пулимиз қолиб кетган эди, шуни кечикиб беряпти. Шунга биз ҳам маошларни кеч беришга мажбур бўляпмиз. Лекин талабаларга стипендиялар берилди, 12 апрелгача қарзимиз қолмайди, ҳаммасини узамиз,- деди олийгоҳ мулозими.

Мулозим билан суҳбатдан сўнг, Озодлик олийгоҳда ўқийдиган талабалардан бири билан боғланди. Талаба олийгоҳ мулозими ёлғон маълумот берганини айтди:

- Бари бекор гап. Ҳали бирорта талаба ўтган икки ойга бир сўм ҳам стипендия олгани йўқ. Фақат ваъда беришади. Аввал 4-5 апрелда берамиз дейишганди. Кейин айтишдики, 10 апрелда берамиз, деб. Бу кун ҳам ўтди. Энди сўрасак 15-16 апрелда берамиз, дейишяпти. Икки ойдан буён шу аҳвол, эрта-индин деб алдаб келишяпти,- деди институт талабаларидан бири.

Шаҳардаги бошқа бир олийгоҳ, Самарқанд Давлат университетининг педагогика факультетида ишлайдиган домланинг айтишича, вилоятдаги деярли барча олий ўқув юртларида шу аҳвол:

- Маош ва стипендияларнинг икки-уч ойлаб кечиктирилиб берилиши бизда одат тусига кирди. Кўникиб ҳам қолдик бунга. Агар Самарқанддаги олийгоҳларда маоши ёки стипендиясини ўз вақтида олаётган бирорта ўқитувчи ёки студентни топсангиз, мен сизга тан бераман. Бир неча йилда буён аҳвол шу. Гоҳ банкда пул йўқ дейди, гоҳ ҳали ўтмаган дейди. Хуллас минг битта баҳона доим тайёр туради,- деди ўқитувчилардан бири.

Ўзбекистонда ўз ишчи-хизматчиларига вақтида ойлик бера олмаëтган ташкилот ва ширкатлар сони кун сайин кўпайиб бормоқда.

Пенсионерлар¸ мактаб ўқитувчилари ва давлат бюджетига қараб қолган тизимлардан ойлик, нафақа ва стипендия олувчиларнинг бундай мурожаат ва шикоятлари Озодликка ҳар куни келмоқда.

Жумладан, жорий йил давомида Сирдарё ИЭСи ишчилари олти ойдан буён, Навоий ИЭСи ишчилари уч ойдан буён маош ололмаётгани ҳақида шикоят қилган эдилар.
XS
SM
MD
LG