Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:38

Мардикор-теримчи пулини бермагани учун талабани пичоқлаб ўлдирди


Пахта теримига ярамаслиги ҳақида дўхтирдан ҳужжат олган талаба ҳам бу йил ўз ўрнига мардикор ёллашга мажбур бўлди. (Суратнинг Андижондаги воқеага алоқаси йўқ)
Пахта теримига ярамаслиги ҳақида дўхтирдан ҳужжат олган талаба ҳам бу йил ўз ўрнига мардикор ёллашга мажбур бўлди. (Суратнинг Андижондаги воқеага алоқаси йўқ)
Андижон Давлат университетининг 3-босқич талабаси Зулфира Аҳмедова ва унинг онасини пахта теримига ёлланган мардикор пичоқлади.

Зулфира воқеа содир бўлган жойда ҳалок бўлди, унинг онаси эса касалхонага ётқизилди.

Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра, теримчи мардикор пахтадан қайтгандан сўнг, келишилган пулини Зулфира Аҳмедовадан ололмагач, унинг жонига қасд қилган.


Маълум бўлишича, Зулфира Аҳмедова саломатлиги ёмонлиги, бу ҳақда дўхтирдан маълумотномаси борлигига қарамай,пахта теримига чиқишга мажбурланган. Ноилож қолган талаба Жалолқудуқ туманида яшайдиган Ботир исмли йигитни ўз ўрнига ёллаган:

- Ботир пахтадан қайтгандан сўнг Зулфиранинг уйига бориб, келишган пулини талаб қилган. Иккинчи томон пулни кам берганми ёки бермаганми, ишқилиб ўртада жанжал чиққан. Натижада, Ботир она-болани пичоқлаб ташлаган, деди Озодлик манбаси.

Андижон вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси ҳам жанжал пахта пули туфайли келиб чиққанини тасдиқлади:

- Жалолқудуқ туманининг жанубий Оламушук шаҳарчасида яшовчи 25 ёшли Ботир Йўлбоев Оламушук шаҳарчасидаги Савот кўчасининг 87 уйида яшаган 21 ёшли Зулфира Аҳмедова ва унинг онаси 44 ёшли Зарифа Аҳмедовани 23 октябр куни кечқурун пичоқлаган. Зулфира воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг онаси эса касалхонада оғир аҳволда ётибди. Ботир Йўлбоев дастлабки терговда Зулфиранинг ўрнига пахта теримига чиққанини, бироқ ишлаган кунига келишилган пулни ололмагани учун, жиноятга қўл урганини тан олди, деди ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба.

Исми сир қолишини сўраган Андижон Давлат университети ўқитувчисининг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, Зулфира Аҳмедова ўтган йили саломатлиги ёмонлиги боис, ВКК ҳужжатини тақдим қилган ва пахтадан қолдирилган эди:

- Бу йил талаб қаттиқ бўлди. ВККси борларга ҳам ўрнингга одам топиб жўнатасан, деган шарт қўйилди. Зулфира ҳам ҳамшаҳари бўлган бу болани топиб жўнатган экан, деди университет ўқитувчиси.

Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари икки йилдан буён пахта теримига чиқарилмаётгани боис, бу кампанияга мажбурий сафарбар этилаётган ишчи ва хизматчилар, бемор талабалар ўз ўрнига мардикор ёллашга мажбур бўлди.

Бу йилги пахта мавсумида Озодликка маълум бўлган қурбонлар сони камида ўн нафарга етди: Андижон Давлат университетининг география факультети учинчи босқич талабаси, 21 ёшли Зулфира Аҳмедова 23-октябрь куни пахта кампаниясининг Озодлик билган ўнинчи қурбонидир.

16 ёшли Эркабой Йўлдошев 21 октябр куни Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида пахта тераётган пайтда вафот этган.

18 октябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилди. Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилган.

30 сентябр куни Наманган Давлат Университети талабалари пахта тераётган Мингбулоқ туманининг Гулбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги талабалар ётган 52-боғчада 22 ёшли 4-курс талабаси Ж.И. Уйчи туманида яшаган курсдоши Нуриддин Холдоровни калтаклаб ўлдирган.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Калламозор қишлоғида яшаган 31 яшар Хайрулла Норматов 4 октябр куни Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги пахтазорда жон таслим қилди.

Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган Ембергенова Малика Дарёбоевна 23 сентябрда Тахтакўпир туманидаги Атакўл қишлоқчасидаги ётоқда ўз жонига қасд қилди.

Дўстлик туманида фермерлик қилаётган Абдуғани Жумабоевнинг келини(исми шарифини аниқлаш имкони бўлмади - Озодлик) пахта тераётган пайтда ўлиб қолган. Бу ҳақда 28 сентябрда маълум бўлди.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябр куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди, яна бири касалхонада жон берди.

9 сентябр куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG