Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:55

Тўрткўллик фермер қамалишдан қўрқиб, ўзини осди


18 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилди. Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилган.


Тўрткўлнинг Ёнбошқалъа массиви Жўлим жамоасидаги “Каримов Сафарбой” фермер хўжалиги раҳбари Сафарбой Каримов 17 октябрь куни ўзига қарашли дала четидаги тўронғи дарахтига ўзини осган.

Озодликка бу ҳақда хабар қилган ёнбошқалъалик манбага кўра, фермер Сафарбой Каримов уч кун олдинги йиғилишда мутасаддилар томонидан ҳақорат қилиниб, қўрқитилгани учун ўзини осган.

“Уч кун аввал прокуратура ва Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидан келган вакил иштирокида ўтган йиғилишда Сафарбойни ёмон ҳақорат қилишди. У бу йилги буғдой режасини бажара олмаган. Пахтаси ҳам ҳали 40 фоизга етмаган. Унга “Буғдойни бажармадинг. Пахтани ҳам бажара олмасанг, осилиб ўл! Бўлмаса барибир қамалиб кетасан”, дейишган. Сафарбой қамалиб кетишдан қўрққан шекилли ўзини осибди”, деди Озодлик манбаси.

Тўрткўл ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Сафарбой Каримовнинг ўлиги 18 октябрь куни эрталаб соат ўнда топилган ва ўша куни Каримовнинг жасадини тиббий экспертиза қилиш учун Тўрткўл шаҳрига олиб келишган.

Озодлик манбасига кўра, фермерни пайшанба куни тушдан кейин ҳеч ким топа олмаган.

“Ҳар кун пахта зўравонлиги давом этаяпти. Ҳар кун мажлис, ҳақорат. Кеча обедда ҳам 3 соатлик мажлис бўлди. Мажлисга Сафарбой келмади. Уйига одам жўнатилди. Барибир келмади. Кейин бугун эрталаб ўлигини топишди”, дейди исмини очиқламаётганимиз ёнбошқалъалик манба.

1975 йилда туғилган, тўрт фарзанднинг отаси Сафарбой Каримовнинг ўлими бўйича очилган жиноий ишни Тўрткўл туман прокуратураси ходимлари ўрганаяпти.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида кузатилаётгани каби Тўрткўлда ҳам масабдор шахслар томонидан фермерларга нисбатан зўравонликлар давом этаяпти.

Жумладан, бир ҳафта аввал тўрткўллик уч фермер ҳокимият зўравонлигидан безиб, мамлакатни тарк этган. Учала фермер ҳам пахта топшириш режасини бажаришга кўзи етмай, қамалиб кетишидан қўрқиб, Ўзбекистондан қочган.
Ўзбекистонда фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ходимларининг маҳаллий ҳокимлар томонидан калтакланиши ҳолатлари кўп кузатилади.

Жорий йилнинг июл ойи охирида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов йиғилишда туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтакланганидан сўнг уйига келиб ўзини осган эди.

Шу йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан вафот этган эди.

Орадан бир ой ўтмасдан, Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманининг Бўстон қишлоғида ўтказган йиғилишида фермерларни ва туман ер ресурслари кадастр бўлими мутахассисини калтаклаган эди.

2012 йилда Жиззах вилояти, Зарбдор тумани ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

2011 йилнинг август ойида Жиззах вилоят Зарбдор туман прокурори Дадажон Мубиев Бўстон ғишт заводи директори Бронислав Тагайни дўппослагани учун ишдан бўшатилган эди.

2010 йилда қизириқлик фермерлар пахта режасини бажаролмаётганлиги учун прокурордан калтак еган эди.
XS
SM
MD
LG