Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:57

Ўзбекистонда МТС мулкига харидор топилмади


Россиянинг МТС мобил алоқа ширкати юз фоиз эгалик қиладиган “Ўздунробита” шўъба корхонасига қарашли мулк Тошкентда душанба куни кимошди савдосига қўйилиши керак эди. Лекин инвесторлар тарафидан “Ўздунробита” мулкига қизиқиш бўлмагани боис кимошди бошқа кунга қолдирилди.


Кимошди савдоси бугун Тошкентдаги Республика Кўчмас мулк биржасида ўтказилиши керак эди.

РИА Новости агентлиги Ўзбекистон кўчмас мулк биржаси расмийларидан "Кимошди савдосига ариза келиб тушмади. Аукционнинг кейинги санасини кредиторлар ва ликвидация комиссияси белгилайди", дея иқтибос келтирмоқда.

Ўтган ой бошларида МТС уяли алоқа операторининг Ўзбекистондаги шўъбаси “Ўздунробита” Хусусий корхонаси масъулияти чекланган жамияти кредиторлар қўмитаси корхона мулкини кимошди савдосига чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Ширкат активларининг бошланғич нархи 600 миллиард сўм (Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курс бўйича 288 миллион АҚШ доллари) қилиб белгиланган эди.

Айрим ахборот нашрлари Жанубий Кореянинг KT Corporation (Korea Telecom) ширкати "МТС-Ўзбекистон" мулкини сотиб олишга қизиқиш билдиргани ва бу борада ҳаракатларни бошлаб юборгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўтган йилнинг июлида фаолияти тўхтатилгунига қадар Ўзбекистонда етакчи уяли алоқа оператори саналган “Ўздунробита”нинг 10 миллионга яқин мижози бўлган.

Ўзбекистон расмийлари 2012 йилнинг июлида “Ўздунробита”ни қатор иқтисодий жиноятларда айблаб, лицензиясини қайтариб олган ҳамда ширкатни 600 миллион доллардан зиёд моддий зарар келтирганликда айблаган эди.

МТС ўзбек расмийларининг бу эътирозлари асоссизлигини айтиб келади.

Россия ширкатига кўра, Ўзбекистон ҳукумати қонунга хилоф тарзда “Ўздунробита”нинг лицензияси ва мулкини тортиб олиб, унинг фаолиятини тўхтатиб қўйган ҳамда жарима санкцияларини қўллаган. МТС бу борада халқаро арбитражга шикоят қилган.

Ўтган ой Ҳиндистонга қарашли Spentex Industries ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган Spentex Toshkent To’ytepa мулки кимошди савдоси ҳам инвесторлар тарафидан қизиқиш бўлмагани боис барбод бўлган эди.

Spentex Toshkent To’ytepa корхонаси кредиторларининг ўтган ойги мажлиси протоколи ҳамда Тошкент вилоят судининг қарори асосида ширкатнинг мол-мулки 17 июн куни кимошди савдосига чиқарилиши керак эди.

Ширкат жойлашган объектнинг бошланғич нархи 142,92 миллиард сўм (қарийб 70 миллион АҚШ доллари) қилиб белгиланганди.

Аммо, ҳеч бир инвестор тарафидан бунга қизиқиш бўлмаган.

Эслатамиз Ҳиндистон сармояси асосида ташкил этилган корхона 28 май куни Тошкент вилояти хўжалик суди томонидан банкрот, деб эълон қилинган эди.
XS
SM
MD
LG