Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:52

Қўқонда 16 яшар ўқувчи қиз "ўғирлангани ва зўрлангани" иддао қилинмоқда. ИИБ ҳодисани шарҳламаяпти


29 апрель куни Қўқон шаҳрининг Абу Тайиб Ҳўқандий маҳалласида яшовчи 16 яшар қиз уч эркак томонидан мажбуран машинага солиб¸ ўғирлаб кетилган.

(Озодликка ўғирланган қизнинг шахси¸ яшаш манзили ва ўқиган мактаби маълум¸ аммо қизнинг шахсини ҳимоялаш мақсадида уни эълон қилмаëтир – таҳр.)

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ қизни ўғирлаган шахснинг кимлиги¸ одам ўғирлаш учун ишлатилган машина рақамлари ИИБга маълум бўлишига қарамай¸ жиноят қидирув ходимлари воқеа юзасидан бирор шошилинч чора кўрмаган.

Қизнинг онаси бир ҳафта давомида Қўқон шаҳар ва Фарғона вилоят ИИБга тинимсиз мурожаат қилгани ортидан 7 май куни қиз топилган ва оиласига қайтарилган.

16 яшар ўқувчи қизни ўғирлаган шахснинг бир ой олдин учинчи марта қамоқ жазосини ўтаб чиққан рецидивист эканини айтган қизнинг оиласига кўра¸ ўғирлаган шахс қизнинг номусига теккан. Шунга қарамай¸ ИИБ ҳозирча суд-тиббий экспертиза ўтказмаган.

Қўқон шаҳар ИИБ жиноят-қидирув бўлимининг Озодлик боғланган ходими ҳодиса юзасидан саволларга жавоб бермади.

Ифтордан кейинги қиз ўғирлаш

Ўқувчи қизнинг Озодликка мурожаат қилган яқинларига кўра¸ воқеа 29 апрель куни кечки соат 8 дан кейин содир бўлган.

"Қизим ифторликни қилиб¸ маҳалламиздаги дўконга харид учун чиққан пайтида¸ йўлда уни яқинда қамоқдан келган О.А. ва унинг икки нафар шериги мажбурлаб қора Ласеттига босиб, олиб кетишган. Буни кўрган гувоҳлар бор. О.А.нинг шерикларининг исмлари ҳам маълум. Биз дарҳол Қўқон шаҳар ички ишларига ва Фарғона вилоят ички ишларига бир неча бор хабар бердик¸ фойдаси бўлмади. Бир дона қизимнинг ҳаëти барбод бўлмай туриб¸ топинглар¸номусини ҳимоя қилинглар десам¸ ҳеч нима қилишмади”¸ - дейди қизнинг онаси Озодлик билан суҳбатда.

Ўғирланган 10-синф ўқувчиси нафақат ўша куни¸ балки орадан бир ҳафта ўтиб ҳам топилмаган.

Машина номерини айтдик¸ ўғрининг қаерга бориши мумкинлигини айтдик. Ҳеч нарса қилишмади. Бир ҳафта ички ишлар эшигида йиғлаб туриб олганимдан кейин¸ бугун (7 май) топиб¸ бўлимга олиб келишди. Ҳозир тилхат ëзиб¸ уйга олиб келдим”¸ - дейди қизнинг онаси.

Қўқонлик онага кўра¸ қизини ўғирлаган шахс ҳозиргача ўғрилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун уч марта судланган. Охирги жинояти учун жазони ўтаб¸ бир ой олдин қамоқдан чиққан.

Чиққанидан бери қизимнинг йўлини пойлаган. 29 апрель куни икки ўртоғи билан куч ишлатиб олиб қочганидан кейин¸ Наманганнинг Чодак деган жойга опкетиб¸ номусига теккан. У бола қўрқинчли жиноятчи¸ оғзига лезвие солиб юради. Шартта сўйиб ташлашдан ҳам тап тортмайдиган безори. Шунга қарамай¸ ҳалиям очиқда юрипти”¸ - дейди ўғирланган қизнинг онаси.

Яқинларининг иддао қилишича¸ Қўқон шаҳар ИИБсида ўғирланган қизга “номусимга тегмади¸ у йигит билан ўз хоҳишим билан кетдим”¸ деган тилхат ëздирилган¸ аммо ҳозиргача суд-тиббий экспертиза тайинланмаган.

Онанинг сўзларига кўра¸ қиз бир томондан ўзини ўғирлаб кетган шахс ва яқинларининг бир ҳафталик қўрқитув ва босими¸ бошқа томондан эса¸ ишни бости-бости қилишга уринаëтган Қўқон шаҳар ИИБ ходимлари қистови остида шундай тилхат ëзиб берган.

Қўқон шаҳар ИИБси жиноят-қидирув бўлимининг Озодлик боғланган ходими¸ 10-синф ўқувчисининг ўғирланиши ва зўрланганлик эҳтимолига оид саволни эшитиб¸ алоқани узиб қўйди.

“Мактабнинг алоқаси йўқ...”

Озодлик воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида ўғирлаб кетилган ўқувчи қиз ўқийдиган мактаб маъмурияти билан боғланди.

Коронавирус учун 1-2 чорак дарслар онлайн бўлди. Хабарлашиб турардик. 3-чоракдан мактаб очилди¸ лекин бу қиз ўқишга бир келиб¸ кўпда келмай юрди. Онасига телефон қилсак¸ қизимни ўғирлаб кетишлари мумкин¸ шунга уйдан ўқисин¸ деди. Яқинда онасини боласини мактабга юбормагани учун 600 минг сўмлик жаримага тортмоқчи бўп тургандик”¸ - дейди ўқитувчилардан бири.

Мактаб вакиласи¸ уни “оғир-босиқ¸ чиройли ва ўзига тўқ оиланинг фарзанди” деб таърифлади.

Бу маҳаллада яшовчиларнинг (лўлилар ) ўз анъаналари бор. Кўпинча қизларини мактабга қўйишмайди. Улар орасида камбағал йигитлар бойроқ оиланинг қизини ўғирлайди¸ кейин икки оила ўзаро келишиб¸ тўй қилади. Орага мактаб¸ ëки ИИБ тушса¸ “қизим ўзи рози бўлди¸ ҳеч ким мажбурламади”¸ деб ëзиб беришади¸ орага тушган бебурд бўлиб қолади”¸ дейди мактаб вакили.

29 апрель куни ўғирланган 16 яшар ўқувчи қизнинг яқинлари бундай келишувга бормаслигини айтади.

16 яшар бола бўлса¸ бўлимда ким нима деб қўрқитган¸ ўргатган бўлса¸ шуни ëзиб берган-да! Мен унинг онаси сифатида бу ишни шундай қўймайман¸ охиригача жиноятчи жазоланишини талаб қиламан. Номус деб бериб юборсам¸ биттаю битта қизимни ўлдириб юборади-ку у! Керак бўлса¸ президентгача бораман”¸ - дейди она.

Озодлик билан суҳбатда она¸ Қўқон шаҳар ИИБ¸ хусусан¸ Абу Тайиб Ҳўқандий маҳалласига масъул участка нозирларини ўз ишини бажармаëтганликда айблади.

Участковойга неча марта бордим¸ қизимнинг йўлини пойлаяпти¸ олиб қочмоқчи¸ деб. Бизда ҳар олти ойда участковой алмашади¸ бунақа нарсаларга эътибор ҳам беришмайди”.

Қонун нима дейди?

Озодлик Қўқондаги мазкур воқеага ҳуқуқий жиҳатдан шарҳ беришни сўраб¸ тошкентлик адвокатлардан бирига боғланди.

Вояга етмаган қизни ўғирлаб кетиб¸ унинг номусига тегиш қандай жазоланади¸ деган саволга ҳуқуқшунос¸ “Жиноят кодекси бўйича жавоб берайми¸ ëки реал ҳаëт бўйича”¸ деган савол билан гап бошлади.

Жиноят кодексида одам ўғирлаш¸ вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш учун бир қатор жазо кўзда тутилган. Бу жиноятлар рецидивист томонидан амалга оширилса¸ жазо янада оғирлашади. Лекин амалда ўзбекми¸ тожикми¸ лўлими¸ кўпчилик оилалар қизимни бадном қилди¸ оиламиз шарманда бўлди¸ деб қизини ўғирлаб¸ унинг номусига теккан шахс билан келишув қилади. Тўй қилиб, олиш шартига кўнса¸ ИИБга “даъвоим йўқ¸ мажбурлаш бўлмаган¸ зўрлаш бўлмаган” деб ëзиб беради. Бундай вазиятда ўғри ва зўравон жазосиз қолади”.

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшунос¸ оилаларнинг пул ва тўй эвазига олиб қочилган ва зўрланган қизни олиб қочган зўравонга никоҳлаб беришга рози бўлишига қарамай¸ ҳодисага давлат аралашиши шартлигини айтади.

Олиб қочилиб¸ номусига тегилган қизлар “ўзим хоҳладим” деб¸ ота-онаси “даъвоим йўқ” деб ëзиб берган тақдирда ҳам жиноят иши қўзғатилиб¸ давлат аралашиши шарт. Вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш бу оғир жиноятлар сирасига киради. Айниқса¸ бу ишни аввал ҳам жиноят содир қилган шахс қилган бўлса¸у дарҳол қамоққа олиниши керак”.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг “Одам ўғрилаш” деб номланган 137-моддасига кўра¸ бу жиноят уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу ҳаракат вояга етмаган шахсга нисбатан; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; ëки такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда” номусга тегиш жинояти эса¸ Жиноят кодексининг 118-моддасига мувофиқ¸ ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

XS
SM
MD
LG