Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:55

Мулозим аёл: Эрим мени 24 йилдан бери хўрлайди (АУДИО)


Сурхондарё вилоят туманларидан бирида раҳбарлик лавозимида ишлайдиган 39 яшар аёл OzodMikrofonга мурожаат қилиб, эрининг зўравонлигидан шикоят қилди.

Унинг иддаосига кўра, эри уни 24 йил давомида мунтазам калтаклаб ва зўрлаб келган.

Эри 20 кун олдин уни ўласи қилиб ургач, 5 боласини ҳам ташлаб уйдан чиқиб кетганини айтган мулозим аёл ҳозирда иш кабинетида яшаяпти.

24 йил аввал холасининг ўғлига теккан сурхондарёлик 39 яшар мулозим аёл (Озодликка унинг исм-фамилияси, қаерда ва қандай лавозимда ишлаши маълум) эрининг зўравонлигидан шикоят қилди:

- Эрим ўта рашкчи. 24 йил давомида калтак еб келаяпман. Ваҳшийларча уради, чидаб бўлмайди. Сочимдан тортиб, у хонадан-бу хонага судрайди. Сочларимни юлиб ташлайди. Кўпроқ муштлаб калламга уради. 5 марта операция бўлганман. Шуни билган ҳолда уради.

Мулозим аёл иддаосига кўра, эри уни йиллар давомида жинсий зўрлаб ҳам келган:

- Мажбурлаб, зўрлаб, уриб қилган пайтлари ҳам бўлган. Хўрлар эди. Ваҳшийларча қилиқлар қилади. Менга ёқмайди. Хўрлайди... Уриб ташлайди, кийимларимни йиртиб, дабдала қилиб, уриб, азоб бериб... чидаб бўлмайди... Қўл-оёғимни боғлаб, ана шундай ифлос қилиқларни қилган... Қочиб кетганман. Ойимникига, синглимникига. Синглимникида ҳамма нарсани уриб, синдириб, сочимдан бураб, машинага тиқиб олиб кетган.

Аёлнинг айтишича, 20 кун аввал эри уни ўласи қилиб яна урган:

- 20 кун аввал ухлаб ётган еримда сочимдан бураб, турғазиб олиб, тепиб кетди. Калламга кўпроқ тепди. Ҳамма жойим кўкариб кетганди. Икки кун ўзимга кела ололмадим. Ишга инқиллаб келиб-кетдим.

Унинг айтишича, шундан кейин у 5 нафар боласини ҳам ташлаб, уйдан чиқиб кетган.

- Оиладан воз кечдим. Жонимга тегди. Ишхонада ётибман. Ўзимнинг кабинетимда ётаман. Ерда ётаман. Қоровуллар иккита кўрпача берган. Устимга одёл берди. Қоровуллардан илтимос қилдим, улар мени эримдан ҳам қўриқлайди. Аввал эрим пичоқ кўтариб, келиб, ўлдириб кетаман деганини кўришган.

Мулозим аёлнинг айтишича, у шу пайтгача эрининг устидан бирор жойга шикоят қилмаган:

- Уяламан боришга. Ўзимнинг лавозимимга ҳам, эримнинг ҳам лавозимига тўғри келмайди.

Мулозим аёл билан суҳбатни қуйида тўлиқ тингланг. Аёлнинг овози ўзгартирилган.

Сурхондарëлик мулозим аëл билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:12 0:00
Бевосита линк


-----------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG