Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Москвада ушланган ўзбекистонлик Валентина Чупик ким?


Валентина Чупик ва унинг жамоаси кунига юзлаб ва ҳар йили минглаб одамларга ёрдам кўрсатади.
Валентина Чупик ва унинг жамоаси кунига юзлаб ва ҳар йили минглаб одамларга ёрдам кўрсатади.

25 сентябрь куни таниқли ҳуқуқбон, мигрантларнинг бепул юристи ва “Тонг жаҳони” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Валентина Чупик Россияга киритилмади. Ундан қочқинлик гувоҳномаси олиб қўйилди ва 30 йилга – 2051 йилга қадар Россияга кириши тақиқланди.

Валентина Чупик бешинчи суткадан бери Москвадаги Шереметьево аэропорти транзит ҳудудида сақланмоқда. Унинг Ўзбекистонга депортация қилиниши хавфи бор.

Ўтган жума куни Чупик Арманистон сафаридан қайтган эди. ФХХ Чегара хизмати ходимлари Шереметьевода уни паспорт назоратидан ўтиш чоғида тўхтатиб, ИИВ Москва шаҳар Бош бошқармасининг миграция масалалари бошқармаси хабарномасини топширишди. Ҳужжатда Чупик “қасддан ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжатлар тақдим этгани” учун қочқинлик мақомидан маҳрум этилгани билдирилган. Чегарачилар аёлга унинг Россияга кириши 2051 йилгача тақиқланганини маълум қилганлар ва қочқинлик гувоҳномасини олиб қўйганлар.

Чупикнинг ёнига адвокатлар қўйилмаяпти, унинг ёрдамчиси Александр Ким эса Озодлик радиоси рус хизматига ҳуқуқбондан пул товлаб олишаётгани ҳақида сўзлаб берди. Юристлар вазиятга аралашиш ва уларни аэропортнинг транзит ҳудудига киритиш талаби билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига (ИҲбЕС) сўров жўнатишган.

“Мигрантларга кўмакдош бўлгани учун унга ҳамиша носоғлом қизиқиш билан қараганлар”

Валентинанинг ёрдамчиси Александр Ким, Чупик айнан ҳуқуқбонлик фаолияти туфайли Россия ҳукумати ташаббуси билан таъқибга олинганига ишончи комиллигини айтади.

– Мигрантларга ёрдам бергани учун унга ҳар доим носоғлом қизиқиш билан қараганлар. Чупик ўз ватандошларига, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари ва умуман исталган хорижликка кўмаклашади. Бизга дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан мурожаатлар бўлади. Бир пайтлар, 2006 йилда у Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган эди, чунки қийноқ ва таъқибларга йўлиққан, – дейди Алекандр Ким.

Мигрантлар ҳимоячиси Валентина Чупик Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:44 0:00

Валентина Чупик 48 ёшда. У 2005 йили Андижонда халқ норозилиги бостирилганидан сўнг Ўзбекистонни тарк этган эди. Аёлнинг айтишича, махсус хизматлар ходимлари ундан пул талаб қилганлар. 2009 йилда Чупик Россияда қочқинлик мақомини олди: бу ҳуқуқбонга Россияда доимий яшаш ва ватинча бошқа мамлакатларга чиқиб келиш имконини берди. Шундан сўнг у Марказий Осиё минтақаси ва бошқа давлатлардан келган мигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи “Тонг жаҳони” ташкилотини таъсис қилди.

Онаси: “Қайси айби учун Россияда унга бундай муносабатда бўлишаётганини билмайман”

Душанба куни ОАВлар Валентина Чупикнинг Москва вилоятидаги уйига полициячилар боргани ҳақида хабар берди. “ОВД-Инфо” маълум қилишича, улар ҳуқуқбоннинг 84 ёшли онасига (у ҳам Ўзбекистон фуқароси) расмий қайддан ўтмаган манзилида яшагани учун протокол тузиш билан таҳдид қилганлар. Любовь Николаевна ҳужжатларни топа олмай, қизининг ҳамкасбларига қўнғироқ қилган. Ҳуқуқбонлик ташкилоти ходимларига кўра, полициячилар улардан: “Кампир масаласида қандай режаларингиз бор? У қаровсиз қолиб кетган-ку?” – деб сўрашган.

“Вазият енгил эмас, анчагина жиддий”, – деган полициячилардан бири. Чупикнинг ҳамкасблари кекса аёлга қараб туриш учун бир киши вақтинча уникига кўчиб боришига келишганлар. Шанбадан бери улар кунига икки марта Любовь Николаевнадан хабар олишяпти. Унинг қизидан бошқа қаровчиси йўқ – икки ой олдин ўғли, Валентинанинг укаси Тошкентда коронавирусдан қазо қилган.

Любовь Чупик Озодлик радиоси билан суҳбат чоғида қизи Ўзбекистонга депортация қилинган тақдирда унинг ҳаётидан хавотир олишини айтди.

– Билмадим нима айб қилганки, Россияда унга бунақа муносабатда бўлишяпти. У ҳамма ишни қонуний бажарар, мигрантларин ҳам шунга тарғиб қиларди: “Сиз бегона мамлакатга келдингиз, бу ернинг ўз қонун-қоидалари бор ва сиз уларга риоя қилишга мажбурсиз. Агар ҳуқуқларингиз бузилса, сизни ноқонуний ҳибсга олишса ёки ҳаққингизни беришмаса, мен ҳамиша сизларга кўмакчи бўламан”, деб айтарди. Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганмиз, чунки у ерда қизимга таҳдид қилишган. Мамлакатни аввал у тарк этди. Шундан сўнг эшигимизга даҳшатли гаплар ёзилган хатларни қистириб қўядиган, мени қистовга оладиган бўлишди. “Нима деб ўйласиз, қизингиз трамвай ёки машина тагида қолиб кетса, яхши иш бўладими?” – деб сўрашарди. “У бу ерда эмас”, десам. “Ундай бўлса, сизни қамаб қўямиз. Агар қизингиз онасини яхши кўрса, ўзи қайтиб келади”, – деб очиқча таҳдид қилишарди. Шу воқеалардан кейин мен ҳам Россияга кўчиб келдим.

“Бизнинг давлатимиз – фалокат”

Москвадаги “Фуқаролик кўмаги” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина ИИВнинг Валентина Чупик ҳужжатларига нисбатан эътирозлари ҳануз номаълум қолаётганини таъкилайди.

– Мансабдор шахснинг ҳар қандай қарори устидан судга арз қилиш мумкин. Уни мақомдан маҳрум этишган экан, нега мамлакатга киришига ва бу қарор устидан шикоят қилишига имкон беришмади? Боз устига бу ерда унинг қари онаси бор-ку. Аэропортнинг транзит зонасида одамлар расво шароитда сақланишини яхши биламиз. Эсимда, бир ўзбек аёлини қамашганди ўша ерга, аёлнинг тўрт яшар боласи бор эди. Ҳожатга чиқиб келишига рухсат беришмагани учун бола бечора ҳамманинг олдида, хонанинг бир бучагида деворга қарата пешоб қилишга мажбур бўлган. Бу бориб турган аблаҳлик! – дейди ҳуқуқбон Светлана Ганнушкина.

Меҳнаткаш мигрантлар касаба уюшмаси бошлиғи Ренат Каримов кенг жамоатчилик воқиф бўлгани сабабли Валентина Чупик билан юз берган воқеа хайрли якун топишига умид қилмоқда.

– Ушбу вазиятда мен Валентина тарафидаман, полиция давлати томонида эмас. Менимча, ваҳима қилмаслик керак. Унинг қўлга олинишига доир инернетда эълон қилинган ҳужжатларни кўрдим. Қонунга биноан, қарор устидан шикоят қилиш учун унинг бир ой вақти бор. Чупик билимдон юрист ва ҳуқуқбон, ҳукумат идоралари қарорини бекор қилиш учун асос топа олади. Гарчи ҳозирги Россия давлатида биллурдай тоза одамни ҳам таъқиб қилиш мумкин бўлса-да, – мулоҳаза қилади Ренат Каримов.

Валентина Чупик: "Меҳнат мигрантларининг муаммолари юзага келишида Ўзбекистон қонунчилигининг катта айби бор"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00

“Тонг жаҳони” нима билан шуғулланади?

Валентина Чупик ва унинг жамоаси кунига юзлаб ва ҳар йили минглаб одамларга ёрдам кўрсатади. “Тонг жаҳони” ходимлари маълумотига кўра, ташкилот 2021 йилнинг ўзида тахминан 50 минг кишига кўмаклашган. Булар фақат режали юридик хизмат кўрсатиладиган оғир ҳолатлар эмас, қанчадан-қанча мигрантларга телефон орқали шошилинч маслаҳат берилган. Чупик қўлга олинганини эшитган мигрантлар ижтимоий тармоқлардаги у ҳақидаги хабарлар остига кўнгил сўраб ва унга миннатдорлик билдириб изоҳлар қолдиришмоқда. Чет элликлар эса унга қандай ёрдамлари тегиши мумкинлигини қайта-қайта сўрамоқдалар.

Танқидчилар Чупикни “русофобия”да айблашганида у: “Менҳеч қачон ва ҳеч кимни россияликларга қарши курашишга ўргатганим йўқ – мен нацизм ва коррупция билан курашишга ўргатдим”, – деб жавоб берди.

Валентина мигрантларни полиция маҳкамаларидан чиқариб олган, ноқонуний жарималар ва депортациялар устидан судларга шикоят ёзиб берган, молиявий пирамидаларни фош этган, мигрантларга иш ҳақлари бўйича миллионлаб қарзларини ундириб берган, уларни меҳнат қуллигидан қутқариб олган. Ҳуқуқбон мунтазам равишда шахсан олиб борган “Мигрантлар учун бепул юрист мактаби” машғулотлари ва чет элликлар учун мўлжалланган ўнлаб тренингларда тингловчиларга ўзи шуғулланадиган юмушларни – ҳужатларни тўлдириш, иш топиш, иш ҳақини талаб қилиш, энг асосийси – полиция билан учрашувларда ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишни ўргатарди.

“Бу - Россия кучишлатар идораларининг қасоси”

Валентина Чупик Шереметьевода қўлга олинганидан хабар топган “Фергана” нашри собиқ бош муҳаррири Мария Яновская ҳуқуқбон миграцияга оид мавзуларни ёритишда журналистларга ҳамиша ёрдам бергани, хусусан, маслаҳатини аямагани ва зарур одамларнинг алоқа рақамларини топиб бергани ҳақида ёзди. Ва, инсон ҳуқуқлари бузилган ҳар бир ҳолатни ўрганаркан, Чупик ҳеч қачон олдиндан бир тарафнинг позициясини тутмаганини урғулади.

“Унинг ўткир ва донишманд нигоҳи ҳамиша бизнинг вазиятга қарашимизни тузатишга ёрдам берарди, у ҳеч қачон кўр-кўрона мигрантлар ёнини олмас, ҳар бир ҳолатни ўрганар, чунки бирон фалокат ёки кўнгилсизликка дучор бўлган одамлар орасида муғамбирлар ҳам учраб туришини яхши биларди. У кўмаклашган, ҳимоя қилган, Россия отли баҳайбат ҳиссиз махлуқнинг чангалларидан халос қилган одамларни санаб саноғига ета олмайсиз. Унинг ёрдами ҳамиша бепул ва бебаҳо эди. Мигрантлар унинг телефон рақамини “эҳтиёт шарт” деб бир-бирларига улашарди, уни барча Марказий Осиё мамлакатларининг элчихоналарида танишарди, уни ҳурмат қилишар ва ундан ҳайиқишарди – бир жаҳли чиқса, тутақиб кетарди-да. У мутлақо ҳеч нимадан қўрқмасди. Қўрқмайди ҳам. Бинобарин, Россия кучишлатар идоралари РФга киришини тақиқлаш билан унждан пасткашларча ўч олишяпти. Аммо бу бир ёки бир неча идоранинг мураккаб режали ҳаракати, яъни мигрантларга қарши ялпи ҳаракат бошлаш олдидан ҳуқуқбонларнинг пайини қирқишга уриниш эмас... Бу кўпроқ органлардаги Валентина ўз мурожаатлари билан безор қилган бирон қорни катта амалдорнинг тубан қасосига ўхшаяпти”.

“Бир ярим ой давомида ҳар куни мени сўроққа олиб боришди”

Чупик ўз ватани Ўзбекистонда ҳам ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланган ва махсус хизматлар ходимларининг таҳдидларига йўлиққани туфайли мамлакатдан чиқиб кетишдан бошқа чораси қолмаганди.

27 сентябрь куни Валентина Чупик Ўзбекистондан қочишга уни нима мажбур қилганини “Настояшчее время” телеканалига сўзлаб берди:

“Мендан дастлаб халқаро грантлардан 50 фоиз “чўтал” беришимни талаб қилишган. Мен пора бермайман, бир чақа ҳам берганим йўқ, бермайман, деб айтдим. Сўнгра мендан ташкилотни тугатишимни ёки уларга топширишимни, бухгалтерликка уларнинг одамини тайинлашимни талаб қилишди. Мен бунга оддийгина жавоб бердим: "Йўқ, ташкилот бунинг учун тузилмаган. Мен бу ишни қила олмайман". Қарийб бир ярим ой мобайнида ҳар куни сўроққа олиб боришди – кечқурун машина келар ва мен унга ўтириб сўроқ бергани борардим. Тун яримдан оғгач, соат 1-2 ларда жавоб беришар ва мен пиёда узоқ йўл босиб уйимга етиб олардим, чунки бу пайтда кўчада транспорт бўлмасди.

2006 йил февралда хизмат сафаридан қайтишим билан кутиб олиб, ертўлага тиқиб қўйишди. 38 соат тик оёқда турдим. Уришгани йўқ, лекин мени қандай ўлдиришлари, танамни қандай тилка-пора қилишлари ёки номусимга қандай тажовуз қилишлари ҳақида гапириб ўтиришди. Қариндошларингни ҳам ўлдирамиз, сенинг кўз олдингда ўлдирамиз, дейишди. Бу иш қўлларидан келарди, чунки шунақа қийноқ ҳолатлар бўлган, улар оз эмас. Бироқ бу 2006 йилда бўлган гаплар”.

Россияда шунча йил яшаб туриб нега мамлакат фуқаролигини олмагани ҳақида Валентина Чупикдан ўнлаб маротаба сўрашган. Бироқ у ҳар сафар бунга жавобан, бир кун келиб Ўзбекистонга қайтишдан умидворлигини айтган.

“Россия фуқаролигини олишни хоҳламайман – мен фуқаролик масаласида жуда талабчан одамман, Россия ўз фуқаролари, мигрантлар, қолаверса қўшни мамлакатлар бошига солаётган кулфатлар учун жавобгар бўлишга тайёр эмасман. Боз устига, Россия фуқаролигини менга шунчаки таклиф этишгани йўқ – олишга кўндирмоқчи бўлишди. Ҳар хил депутатлик лавозимларига номзодимни қўйишимни таклиф қилишди. Ҳолбуки фуқаролик олишим учун асосларим керагидан ҳам ортиқ: Россия ОТМларида учта қизил диплом олганман, русийзабонман, қочқин мақомидаман – аммо мен бу мамлакат фуқароси бўлсам, уни ўзгартиришга ҳаракат қилмасдан туролмайман. Россияни эса ўзгартириш амри маҳол. Бунинг учун аввало россияликларнинг ўзлари ниманидир ўзгартиришга уриниб кўриши лозим”, – деб ёзган эди Валентина Чупик миграция мавзусидаги телеграм-гуруҳлардан бирида (иқтибос гуруҳ аъзоларининг рухсати билан келтирилмоқда).

“У чет эл фуқароларининг ҳақларини керагидан ортиқ ғайрат билан ҳимоя қиларди”

Валентина Чупикнинг ҳамкасблари ва яқинлари сўнгги ярим йил давомида у таҳдидли сўзлар битилган SMS-хабарлар олганини билишади. Шунингдек, ярим йилча муқаддам “Фейсбук”да кимдир унинг саҳифаси устидан тинимсиз шикоят қила бошлади: ҳуқуқбоннингсаҳифаси бир неча марта блоклаб қўйилди, блоклаш муддати тугаши билан янги шикоят борарди. “Тонг жаҳони” ташкилоти офиси жойлашган бино соҳибининг ҳузурига нақ жиноят-қидирув бўлимидан ходимлар келишибди – аммо, рост, бу Чупикнинг фолияти билан боғлиқми ёки ижарадорнинг шартномаларида бирон ишкал борми, ҳуқуқбоннинг ҳамкасблари бундан бехабар.

Ҳуқуқбон хорижга тез-тез чиқиб турар, турли конференцияларга қатнарди. Августда Чупик иш юзасидан Арманистонга учди, шунингдек у ерда COVID-19 га қарши эмдорининг биринчи дозасини олди. Сентябрь ойи охирида иккинчи дозани олиш учун борди. Ҳуқуқбоннинг ҳамкасблари кучишлатар ходимлар у жўнаб кетганини қайд қилиб, қайтишига шай туришганини тахмин қиладилар. Қолаверса, Чупикнинг 25 сентябрь куни тортиб олинган қочқин гувоҳномаси муддати ҳар йили узайтирилади – охирги марта 2021 йил майда уни узайтириш учун борганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг унга ҳеч бир эътирози бўлмаганди.

Валентина Чупикнинг таъқиб қилиниши сабаблари хусусида ҳуқуқбонлар ҳамжамиятида ҳозирча фақат умумий фараз бор: у чет эл фуқароларининг ҳақларини керагидан ортиқ ғайрат билан ҳимоя қиларди. “Новая газета ёзишича, “ҳуқуқбон, жумладан, мамлакатда қабул қилинаётган меҳнат мигрантлари билан боғлиқ қонун лойиҳаларини, айниқса устида ҳукумат иш олиб бораётган миграция тўғрисидаги федерал қонун лойиҳаси янги талқинини кескин танқид қилган”.

Валентинанинг ўзи ҳамкасблари билан телефон орқали суҳбатида ҳужжатлари нега олиб қўйилгани борасида иккита талқин борлигини айтган: бири – расмий, иккинчиси эса унга полициячилар билан юзма-юз сўзлашганида тилга олинган талқин.

Биринчиси протоколда ёзиб қўйилган, яъни Чупик “кўра-била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этгани учун” қочқинлик мақомидан мосуво этилмоқда.

“Мени танийдиганлар кўнгилни оздирар даражада ҳақиқатпарастлигимни, ёлғон гапириш тугул бирор-нимани яшира олмаслигимни яхши билишади. Мен сохта ҳужжатлардан нафратланаман, умр бўйи шуларга қарши курашиб келдим, шу боис, ўйлайманки, бу иддаолари ғирт бўҳтон, – дея изоҳ берган Валентина. – Ўз оғизлари билан айтганлари норасмий ва асл сабаб шуки, мени ИИВдаги тизимли коррупция ҳақида жуда кўп гапирганим ва мигрантларнинг қўлга олиниши бўйича ниҳоятда кўп шикоят қилганим учун жазолашди. Гўё, Москва ҳамда Петербургнинг барча полициячилари устимдан арз қилишганмиш, шу боис мени қочқин мақомидан маҳрум этишган эмиш.

XS
SM
MD
LG